Мавзунинг долзарблиги. Давлатнинг буюк келажаги, албатта, ёшларни чуқур билимли ва баркамол шахс тақдири билан боғлиқлигини унутмаган ҳолда, ушбу муаммони маҳоратли, билимли педагоглар фаолиятига таяниб ечиш мумкинлигини унутмаслигимиз лозим. Ўқитувчи жамиятнинг ижтимоий топшириғини бажаради, шундай экан, баркамол авлодни ҳар томонлама етук мутахассис қилиб тайёрлашда, педагогик жараённи бошқаришда ўқитувчи муайян ижтимоий, сиёсий, педагогик ва шахсий талабларга жавоб бериши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек: «…ҳаётимизнинг тараққиёти ва истиқболи амалга ошираётган ислоҳотларимиз, режаларимизнинг самараси, тақдири буларнинг барчаси, авваломбор, замон талабларига жавоб берадиган юқори малакали, онгли мутахассис кадрлар тайёрлаш муаммоси билан чамбарчас боғлиқлигини барчамиз англаб етмоқдамиз».
«Таълим тўғрисида»ги Қонун, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури», «Баркамол авлод йили» давлат дастури таълим соҳасида амалга ошириладиган ишларнинг мақсади, вазифалари ва йўналишларини белгилаб берди. Бу вазифаларни амалга ошириш, аввало ўқитувчига, унинг билими ва касб маҳоратининг шаклланганлик даражасига боғлиқ. Зеро, ўқитувчи зиммасига юклатилган вазифаларни нечоғлик виждон, ақл ва педагогик маҳорат билан бажарилиши жамият келажагини таъминловчи муҳим омилдир.
Бугунги кунда мустақил республикамиз дунё ҳамжамияти томонидан тан олинаётган экан, унинг келгусидаги ривожи, гуллаб-яшнаши бугунги кун ёшларига боғлиқдир. Демак, бугунги ёшлар ҳар томонлама ривожланган ўзига, бошқа инсонга, жамиятга, табиатга ва меҳнатга ўз тўғри муносабатини билдира оладиган, мустақил фаолият кўрсата оладиган, ижодкор, ташаббускор ва тадбиркор бўлмоғи лозим. Ўқувчида ана шу хусусиятларнинг ривожланиши сўзсиз ўқитувчига, унинг ўқув-тарбия жараёнини тўғри бошқара олишига ва ўқувчилар билан ўрната оладиган муомала ва муносабатларига боғлиқдир.
Шу нуқтаи назардан мазкур муаммони ёритилиши педагогика соҳасининг долзарб масалаларидан бири бўлиб ҳисобланади.