Мустақил Ўзбекистоннинг стратегик мақсади – бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуришдан иборатдир. Бунинг учун ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, аввало, шахсий фаоллик, билимдонлик, Ватанга меҳр-муҳаббат, инсонпарварлик каби олижаноб фазилатлар соҳиби бўлиши лозимки, бу жараён халқимиз маънавий ва маърифий мероси, қадриятларидан унумли ва самарали фойдаланишни тақозо этади. Миллий мустақиллик мафкурасини шакллантириш ва комил инсонни тарбиялаш илмий, тарихий ва ижтимоий долзарб мавзулардан эканлиги, бу борада халқимизнинг маънавий, фалсафий меросини, шу жумладан тасаввуфий қадриятларни ҳам ҳар томонлама ўрганишни тақозо қилади.