Тадқиқотнинг мақсади. “Оққўюнли мухлислар девони” мисолида Алишер Навоий ижодига қизиқишнинг ҳудудий кенглиги, девонга киритилган шеърлар хронологияси, яратилиш тарихи ва санасини аниқлаш, шоирнинг турли девонларидаги тафовутларни девон матни асосида қиёсий текшириш, Навоий ижодининг ўз даврида давлатлараро сиёсий-ижтимоий муносабатлардаги ўрни ва аҳамиятини ёритиш мақсад қилиб олинди. Шунингдек, девондаги лирик шеърлар мисолида Навоий ижодхонасини, шоирнинг тахминан 26-30 ёш оралиғидаги (“Илк девон”га киритилмаган, аммо “Оққўюнли мухлислар девони”да учровчи) лирикасининг мазмун-моҳияти ҳамда бадиий маҳоратини тадқиқ қилиш ишнинг асосий мақсади ҳисобланади.