ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА
«MR Calcii chloridi» solutio pro injectionibus 10%
«MR Kalsiy xlorid» inyeksiya uchun eritma 10%
«MR Кальций хлорид» раствор для инъекций 10%
Препаратнинг савдо номи: «MR Кальций хлорид» раствор для инъекций 10%.
Халқаро патентланмаган номи (ХПН): Кальций хлориди.
Чиқарилиш шакли: 10% инъекция учун эритма 10 мл дан ампулаларда.
Таркиби: 1 мл эритма сақлайди:
Фаол моддалар: кальций хлориди 100 мг.
Ёрдамчи модда: инъекция учун сув.
Таърифи: рангсиз ёки деярли рангсиз, тиниқ суюқлик.
Фармакотерапевтик гуруҳи: Минерал препаратлар.
АТХ коди: B05XA07.
Фармакологик хусусиятлари
Кальций ионлари манбаси скелет ва силлиқ мушакларининг қисқаришида, юрак мушагининг фаолиятида, нерв импульсларининг ўтказиш жараёнида, суяк тўқимасининг шаклланишида, қон томир девори ўтказувчанлигини назоратида, қон ивишида муҳим роль ўйнайди.
Аллергияга қарши таъсир кўрсатади. Аллергияга қарши таъсир механизми маълум эмас, аммо кальций тузлари вена ичига (в/и) юборилганида симпатик нерв тизимини қўзғатади ва буйрак усти безлари томонидан адреналинни чиқарилишини кучайтиради.
Фармакокинетикаси
Препарат парентерал юборганидан кейин қон оқими билан бирга барча аъзо ва тўқималарга бир текис тақсимланади. Қон плазмасида кальций ионлашган шаклда бўлади. Йўлдош тўсиғи орқали ўтади, кўкрак сутига ўтади. Организмдан асосан буйраклар орқали чиқарилади.
Қўлланилиши
Аллергик касалликларда (зардоб касаллиги, эшакеми, ангионевротик шиш, пичан иситмаси ва бошқалар) ва дориларни қабул қилиш билан боғлиқ бўлган аллергик асоратларда организмдан кальцийни чиқарилишини кучайишида, (буни беморларни узоқ вақт иммобилизация ҳолатида, ҳомиладорликда алоҳида ўрни бор), геморрагик васкулитда, нурланиш касаллигининг кўринишларида, яллиғланиш ва экссудатив жараёнларида (пневмонияда, плевритда, плекситда, эндометритда ва бошқаларда); тери касалликларида (қичима, экзема, псориаз ва бошқаларда), рахитда (спазмофилияда), қалқонсимон бези олди безларининг етишмовчилигида (тетанияда); паренхиматоз гепатитда, жигарнинг токсик шикастланишларида, нефритда, эклампсияда, пароксизмал миоплегиянинг гиперкалиемик шаклида.
Шунингдек қон кетишини тўхтатувчи восита сифатида ўпка, меъда-ичак, бурун, бачадондан қон кетишларида; қон ивишини ошириш мақсадида оператив аралашувлар олдидан ҳам қўланилади.
Заҳарланишга қарши восита сифатида магний тузлари, шовул кислотаси ва унинг эрувчи тузлари, ҳамда фтор кислотасининг эрувчи тузлари билан заҳарланганда қўлланади (кальций хлорид билан ўзаро таъсирлашганда диссоциацияланмайдиган ва заҳарли бўлмаган оксалат ва кальций фториди ҳосил бўлади).
Туғиш фаолиятини рағбатлантириш мақсадида бошқа усуллар ва воситалар билан бирга қўлланади.
Қўллаш усули ва дозалари
Препаратни в/и томчилаб ёки оқимли (жуда-секин!) буюрилади.
Препаратни 5-10 мл 10% ли эритмасини 100-200 мл натрий хлориднинг изотоник ёки 5% ли глюкоза эритмасида суюлтириб, в/и томчилаб минутига 6 та томчидан юборилади.
В/и оқимли 5 мл 10% ли эритмани (3-5 минут давомида) юборилади.
Кальций каналлари блокаторалари билан заҳарланганда в/и оқимли 2-4 мг/кг ҳисобидан юборилади.
Ножўя таъсирлари
В/и юборилганида дастлаб оғиз бўшлиғида, сўнгра бутун танада қизиш ҳисси пайдо бўлади. Тери остига(т/о) ёки мушак ичига(м/и) юбориш мумкин эмас, чунки у инъекция жойида тўқималарнинг кучли таъсирланишига ва некрозига олиб келади.
Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар
Тромбозларга мойилликда, оғир атеросклерозда ва гиперкальциемияда, юрак қоринчаларининг фибрилляциясида, препаратга юқори сезувчанликда қўллаш мумкин эмас.
Саркоидозда, буйрак ёки юрак етишмовчилигида, юрак гликозидларини қабул қилаётган беморларда, ҳамда нафас етишмовчилигида (кальций хлориднинг ацидоз чақириш қобилиятини ҳисобга олиб) эҳтиёткорлик билан қўллаш лозим.
Дориларнинг ўзаро таъсири
Бошқа дори препаратлари билан бир шприцда юбориш мумкин эмас. Кальций хлоридини юрак гликозидларини инъекциясидан ёки қабул қилгандан кейин, аритмиянинг ривожланишидан сақланиши учун, дарҳол юбориш мумкин эмас, чунки бу препаратларнинг инотроп ва заҳарли самаралари синергик.
Кальций хлориди бирга қўлланганида тетрациклин қатори антибиотиклари билан комплекслар ҳосил қилади, шу билан уларнинг антибактериал самарасини нейтраллайди.
Махсус кўрсатмалар
Препаратни т/о ёки м/и юбориш мумкин эмас, чунки у инъекция жойида тўқималарнинг кучли таъсирланишини ва некрозини чақиради. Тери остига ёки мушакка тушган ҳолларда кальций хлоридини иложи борича шприц ёрдамида сўриб олиш, инъекция қилинган жойга 10 мл 25% ли натрий сульфати ёки 5-10 мл 25% ли магний сульфати эритмасини юбориш керак. Резорбтив таъсирини йўқотиш учун дифенгидрамин (димедрол), гиперкальциемияда-этилендиаминтетрасирка кислотаси буюрилади.
Эритма юрак мушагига тушганида коронар артерияларнинг шикастланиши, юрак тампонадаси ёки пневматорокс ривожланиши мумкин.
Кальцийнинг қон зардобидаги концентрациясини тез ошишидан ва уни атрофидаги тўқималарга ўтиб кейин уларни некрозга учрашидан сақланиш учун препаратни йирик венага ингичка игна ёрдамида юбориш тавсия қилинади.
В/и тез юборилганида қоринчаларнинг фибрилляцияси ва юракни тўхтаб қолиши пайдо бўлиши мумкин.
Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.
Дозани ошириб юборилиши
Препарат дозаси ошириб юборилганида гиперкальциемия ривожланиши мумкин. Бундай ҳолда антидот сифатида кальцитонин қўлланилади, уни вена ичига кунига тананинг 1 кг вазнига 5-10 ХБ ҳисобидан юборилади (препарат 500 мл натрий хлориднинг изотоник эритмасида суюлтирилади, 6 соат давомида, 2-4 қабулда томчилаб юборилади).
Сақлаш шароити
Қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган жойда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда.
Яроқлилик муддати
3 йил
Дорихоналардан бериш тартиби
Рецепт бўйича