📜 Инструкция по применению триомбраст
💊 Состав препарата триомбраст
✅ Применение препарата триомбраст
📅 Условия хранения триомбраст
⏳ Срок годности триомбраст

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА 

ТРИОМБРАСТ

TRIOMBRAST®

 

Препаратнинг савдо номи: Триомбраст

Дори шакли: инъекция учун эритма.

Таркиби: 

1 мл 60% эритма қуйидагиларни сақлайди: 

Фаол моддалар: 100% сувсиз моддага қайта ҳисобланганда 471,6 мг диатризой кислотасининг дигидрати; 100% қуруқ моддага ҳисобланганда 125,7 мг N-метилглюкамин; 

1 мл 76% эритма қуйидагиларни сақлайди: 

Фаол моддалар: 100% сувсиз моддага қайта ҳисобланганда 597,3 мг диатризой кислотасининг дигидрати; 100% қуруқ моддага ҳисобланганда 159,0 мг N-метилглюкамин;

Ёрдамчи моддалар: натрий гидроксиди, динатрий эдетати, инъекция учун сув.

Таърифи: тиниқ рангсиз ёки оч-сариқ рангли, бироз қовушқоқ суюқлик;

Фармакотерапевтик гуруҳи: йод сақловчи рентгенконтраст воситалар. 

АТХ коди: V08А A01.

 

Фармакологик хусусиятлари. 

Фармакодинамикаси 

Рентгенконтраст восита. Амидотриозатнинг таркибига кирувчи йод билан рентген нурларининг ютилиши ҳисобига тасвирнинг контрастлиги ошади. 

Фармакокинетикаси

Перорал қабул қилинганида амидотриозатнинг сўрилиши амалда нолга тенг. Томир ичига юборилганида ҳужайралараро моддада тезда тақсимланади Шикастланмаган гематоэнцефалик тўсиқ орқали ўтмайди. Препарат вена ичига юборилганида унинг қон плазмаси оқсиллари билан боғланиши 10% ни ташкил қилади. Амидотриозат эритроцитларга кирмайди. 

Триомбраст 60% тана вазнининг кг га 1 мл дозада вена ичига болюсли юборилганидан кейин 5 минут ўтгач плазмада препаратнинг 1 литрда 2-3 г йодга мувофиқ келувчи концентрациясига эришилади. Юборилганидан кейинги 3 соат давомида 30 минут ичида концентрацияни нисбатан тез пасайиши, кейин 1-2 соатлик яримчиқарилиш даври билан аста-секин пасайиши кузатилади. Диагностик дозаларда юборилганида амидотриозат буйракларда гломеруляр фильтрацияга учрайди. Юборилган препаратнинг деярли 15%, юборилганидан кейин 30 минут давомида сийдик билан ўзгармаган ҳолда чиқарилади, 50% дан кўпроғи эса – 3 соат давомида чиқарилади. Тақсимланиши ва организмдан чиқарилишининг кинетик сифатлари клиник аҳамиятли диапазон чегарасида дозага боғлиқ эмас. 

Буйраклар фаолиятини бузилишлари бўлган беморларда амидотриозат, гарчи кичик миқдорларда бўлсада, жигар орқали чиқарилиши хам мумкин. Препарат фақат минимал миқдорларда кўкрак сутига ўтади. Юбориш жойидан қатъий назар қисқа вақт давомида хатто тўқималардан тўлиқ элиминацияси амалга оширилади.

 

Қўлланилиши

Вена ички ва ретроград урография. Ангиография, артрография, интраоперацион холангиография, эндоскопик ретроград холангиопанкреатография (ЭРХПГ), сиалография, фистулография, гистеросальпингография ва бошқалар.

 

Қўллаш усули ва дозалари  

Беморни текширишга тайёрлаш. Текширишдан олдин 2 кун давомида метеоризм чақирувчи овқатлардан сақланиш керак. Бу энг аввало дуккаклилар, салатлар, мевалар, қора ёки янги ёпилган нонга таалуқлидир. Охирги овқат истеъмол қилиш текшириш олдидан 1800 дан кеч бўлмаслиги лозим. Бундан ташқари, кечқурун сурги воситасини қабул қилиш мақсадга мувофиқдир. Янги туғилган чақалоқлар ва кичик ёшдаги болаларга овқат қабул қилишлар орасида катта интерваллар қилиш ва уларга сурги воситалари бериш мумкин эмас.

Контраст моддани томир ичига ва интратекал қўллашдан олдин ва кейин организмнинг мувофиқ гидратациясини таъминлаш лозим. Бу айниқса янги туғилган чақалоқларга, эмизикли болаларга, кичик ёшдаги болаларга, кекса ёшдаги шахсларга, қандли диабети, кўпсонли миеломаси, полиурияси, олигурияси, гиперурикемияси бўлган беморларга тааллуқли.

Янги туғилган чақалоқлар ва 2 ёшгача бўлган болалар. 

2 ёшгача бўлган болалар ва айниқса янги туғилган чақалоқлар электролит дисбалансига ва гемодинамик ўзгаришларга мойилдирлар. Юборилиши лозим бўлган контраст модданинг дозасига, радиологик муолажанинг техник бажарилишига ва пациентнинг ҳолатига эътибор бериш керак.

Оғриқ, қўзғалиш, хавотирлик ножўя таъсирларни қўзғатиши мумкин, шунинг учун беморларга бундай ҳолатларда тинчлантирувчи восита буюриш мумкин. 

Препаратни ўзлаштираолинишига синамани ўтказиш тавсия қилинмайди, чунки у прогностик аҳамиятга эга эмас. Боз устига, ўзлаштираолиниш синамаси баъзан, хатто ўлим билан якунланадиган оғир даражадаги ўта юқори сезувчанлик реакцияларини пайдо бўлишига олиб келган.

Текширишни ўтказиш.

Контраст моддани шприцга бевосита текширишни бошлашдан олдин олиш лозим. Контраст модданинг эритмаси фақат бир марта қўллаш учун мўлжалланган. 

Текширишда ишлатилмаган контраст модданинг қолдиқлари ишлатилмайди. 

Рентгенконтраст модда томир ичига юборилганида пациент ётиши лозим.

Инъекциядан кейин беморни камида 30 минут кузатиш керак, чунки кўпчилик оғир асоратлар инъекциядан кейинги биринчи ярим соат давомида юз беради.

Интерстициал суюқликни томир ҳавзасига қуйилиши ҳисобига қон плазмасининг осмолярлигини ошишини компенсация қилиши учун организмга имкон бериш учун инъекциялар орасидаги интервал 10-15 минутни ташкил қилиши лозим. Бир текшириш учун 300 мл дан ортиқ контраст суюқлик лозим бўлган ҳолларда, сув-электролит эритмаларни вена ичига юбориш буюрилади.

Препаратнинг дозаси беморнинг ёши, тана вазни, юракнинг минутлик ҳажми ва умумий ҳолатига боғлиқ.

Оғир буйрак ва юрак-томир етишмовчилиги бўлган беморларга ва умумий ҳолати оғир беморларга контраст модданинг кичикроқ дозасини қўллаш керак. Бундай беморларда текширишдан кейин 3 кун давомида буйраклар фаолиятии назорат қилиш лозим.

Вена ичига урография.

Вена ичига юбориш тезлиги минутига 20 мл ни ташкил қилади. 100 мл ёки ундан ортиқ доза буюрилган юрак етишмовчилиги бўлган беморлар учун, юборишлар вақтини 20-30 минутгача ошириш тавсия қилинади.

Дозалаш. Катталар учун: 76% Триомбрастнинг дозаси – 20 мл, 60% Триомбрастнинг дозаси – 50 мл. 76% Триомбрастнинг дозасини 50 мл гача ошириш аниқроқ ташҳис қўйиш эҳтимолини аҳамиятли оширади. Агарда бу алоҳида кўрсатмалар туфайли зарур бўлса, дозани кейинчалик ошириш мумкин.

Болалар учун: буйракларнинг ҳали етук бўлмаган нефронининг физиологик концентрацион қобилиятини пасайиши туфайли 76% Триомбрастнинг нисбатан юқорироқ дозалари зарур;

1 ёшгача бўлган болаларга: 7-10 мл; 1 ёшдан 2 ёшгача 10-12 мл; 2 ёшдан 6 ёшгача: 12-
15 мл; 6 ёшдан 15 ёшгача 15-20 мл; 12 ёшдан катталарга: катталарникидек.

Суратларни бажариш вақти. Буйрак паренхимасини яхшироқ акс эттириш учун суратларни контраст воситани юбориш тугагандан кейин дарҳол олиш керак. Буйрак жоми ва сийдик чиқариш йўлларининг тасвири учун биринчи сурат контраст моддани юборгандан кейин 3-5 минутдан сўнг, иккинчиси эса – 10-12 минутдан кейин олинади, ёш беморлар учун кўрсатилган вақт диапозонининг паст чегарасига, кекса беморлар учун эса – юқори чегарасига мўлжаллаш лозим. Эмизикли ва кичик ёшдаги болалар учун биринчи суратни контраст воситани юборгандан сўнг 2 минутдан кейиноқ қилиш тавсия қилинади.

Ангиография.

Триомбрастни ангиографик текширишлар учун хам қўллаш мумкин. 76% эритмага, айниқса йоднинг юқори концентрацияси муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолларда, масалан, аортография, ангиокардиография ёки коронарография учун афзаллик берилади.

Доза ёшга, вазнга, юракнинг минутлик ҳажмига, умумий ҳолатга, ангиографик текшириш усулига, текширилаётган томир соҳасининг тури ва ҳажмига қараб белгиланади.

Ретроград урография.

Триомбраст 60% ни қўллаш мумкин. Унинг юқори концентрациясига қарамасдан, таъсирланиш симптомлари жуда кам кузатилади. Сийдик йўлларининг спазмини чақирадиган совуқ билан таъсирланишни олдини олиш мақсадида, контраст воситани тана ҳароратигача илитиш тавсия қилинади.

 

Ножўя таъсирлари

Томир ичига юбориладиган йод сақловчи контраст воситаларни қўллаш билан боғлиқ пайдо бўладиган ножўя таъсирлар одатда, ўтиб кетади ва гарчи оғир ва ҳаёт учун хавфли реакциялар, шу жумладан хаттоки ўлим билан якунланган ҳолатлар кузатилган бўлсада, енгил ва ўртача оғирликдаги тоифага киради.

Аллергик реакциялар: тез-тез – қичишиш, эшакеми, ангионевротик шиш, конъюнктивит, ринит, аксириш, йўтал. Юбориладиган миқдоридан ва уни юбориш усулидан қатъий назар пайдо бўладиган бу реакциялар, шокнинг бошланғич босқичининг биринчи белгилари бўлиши мумкин. Контраст моддани юборишни дарҳол тўхтатиш ва зарурати бўлса, вена томирлари орқали мақсадга йўналтирилган даволашни ўтказиш керак. Баъзида – бронхоспазм, хиқилдоқнинг спазми ёки шиши ёки артериал гипотензия. Контраст моддаларни юбориш билан боғлиқ анча кейинги реакциялар якка ҳолатларда учрайди.

Тери томонидан реакциялар: тез-тез – эритематоз тошмалар, қичишувчи экзантемалар. Якка ҳолларда – токсик тери реакциялари (масалан, Стивенс-Джонсон ёки Лайелл синдроми).

Нерв тизими томонидан: контраст модда юқори концентрацияларда артериал қон билан мияга тушганида, бош айланиши, бош оғриғи, қўзғалиш, онгни чалкашиши, амнезия, нутқни, кўришни ва эшитишни бузилиши, ёруғликдан қўрқиш, кўришни вақтинчалик йўқотиш, тремор, тиришишлар, парезлар/фалаж, кома, уйқучанлик. Якка ҳолларда – оғир, айрим ҳолларда эса – инсультга олиб келувчи фатал тромбоэмболик ҳолатлар.

Юрак-қон томир тизими томонидан: тез-тез эмас – артериал босимни ошиши ёки пасайиши, асистолия, аритмиялар. Гистеросальпингография ўтказилганидан кейин вазовагал реакциялар кузатилади. Шошилинч даволашни талаб этадиган оғир реакциялар, қон айланишининг бузилишлари кўринишига эга, бу кейинчалик артериал босимни пасайиши ва рефлектор тахикардия, ҳансираш, қўзғалган ҳолат, онгни чалкашиши ва ҳушдан кетишгача ривожланувчи цианоз билан кечувчи периферик томирларнинг кенгайиши билан намоён бўлади. Якка ҳолларда – миокард инфарктига олиб келувчи оғир тромбоэмболик ҳолатлар.

Нафас тизими томонидан: тез-тез – нафас тез-тезлигини транзитор бузилиши, ҳансираш, ташқи нафасни бузилишлари ва йўтал; кам ҳолларда – нафасни тўхташи, ўпка шиши. 

Меъда-ичак йўллари томонидан: тез-тез – кўнгил айниши, қусиш, амилазанинг даражасини аҳамиятсиз ошиши (ЭРХПГ дан кейин); тез-тез эмас – қоринда оғриқ; якка ҳолларда – панкреатит ва некрозланувчи панкреатит (ЭРХПГ дан кейин).

Сийдик чиқариш тизими томонидан: якка ҳолларда – бироз вақтдан кейин ўтиб кетувчи буйраклар фаолиятини бузилиши ёки буйрак етишмовчилиги.

Маҳаллий реакциялар: периферик ангиографияда инъекция жойида оғриқ пайдо бўлади. Препаратни томир ташқарисига тушиши инъекция жойида оғриқ ва шишни чақиради, улар одатда изсиз ўтиб кетади, жуда кам ҳолларда яллиғланиш ва хаттоки тўқималарнинг некрози кузатилган. Якка ҳолларда – веналарнинг тромбофлебити ва тромбози.

Бошқа реакциялар: тез-тез – бош оғриғи, қизиш ҳисси; тез-тез эмас  – ҳолсизлик, иситма, терлаш, вазовагал реакциялар; якка ҳолларда – тана ҳароратини ошиши, сўлак безларини шиши.

 

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар 

Триомбрастни нейротоксик ҳолатлар бўлиши мумкинлиги туфайли, миелография, вентрикулография ва цистернографияни ўтказиш учун қўллаш мумкин эмас. Яққол гипертиреоз. Декомпенсацияланган юрак етишмовчилиги. Ҳомиладорлик вақтида ва чаноқ бўшлиғидаги ўткир яллиғланиш жараёнларида гистеросальпингографияни ўтказиш мумкин эмас. Ўткир панкреатитда ЭРХПГ ни ўтказиш мумкин эмас. Препаратнинг компонентларига ва йод сақловчи воситаларга юқори сезувчанлик.

 

Дориларнинг ўзаро таъсири

Қандли диабетни даволаш учун бигуанидларни қаубл қилаётган беморларда, лактатацидозни пайдо бўлиш хавфи туфайли, уларни текшириш бошланишидан 48 соат  олдин бекор қилиш лозим. Текширишдан кейин препаратни қабул қилишни фақат буйракларнинг фаолияти тикланганидан кейин бошлаш керак.

Бета-блокаторларни қабул қилаётган беморларда ўта юқори сезувчанлик реакциялари яққолроқ ифодаланади.

Интерлейкин қабул қилинганида кейинги реакцияларнинг (ҳароратни ошиши, тошма, гриппга ўхшаш синдром, бўғимларда оғриқ ва қичишиш) имконияти ошади.

Диагностик тестлар билан ўзаро таъсири. Йод сақловчи контраст воситалар томир ичига юборилганидан кейин қалқонсимон безнинг тўқималарини, қалқонсимон безнинг касалликларини диагностика қилиш учун радиоизотопларни ютиш қобилияти икки ҳафтагача бўлган даврга, айрим ҳолларда эса хатто узоқроқ давргача пасаяди.

 

Махсус кўрсатмалар

Юрак-қон томир касалликлари. Юрак клапанларининг патологияси ва ўпка гипертензияси бўлган беморларда контраст моддаларни юбориш яққол гемодинамик ўзгаришларга олиб келиши мумкин. ЭКГ даги ишемик ўзгаришларни ўз ичига олувчи реакциялар ва оғир аритмия кекса ёшдаги шахсларда ва анамнезида юрак касалликлари бўлган беморларда кўпроқ тарқалган. Юрак етишмовчилиги бўлган беморларда контраст моддани вена ичига юбориш ўпка шишига олиб келиши мумкин. 

МНТ бузилишлари. Контраст моддани вена ичига юборишда ўткир ишемик инсульти, ўткир бош суяги ички қон кетиши ва гематоэнцефалик тўсиқни бузилиши, мия шиши ёки ўткир демиелинизацияни ўз ичига олувчи бошқа ҳолатлари бўлган беморларга махсус эътибор қаратиш лозим. Бош суяги ички ўсмалари ёки метастазлари ва анамнездаги тутқаноқлар йод сақловчи контраст модда юборилганидан кейин тиришишларнинг пайдо бўлиш эҳтимолини оширади. 

Контраст модда юборилганида цереброваскуляр касаллик туфайли неврологик симптомлар, бош суяги ички ўсмалари ёки метастазлари, дегенератив ва яллиғланиш патологиялари зўрайиши мумкин. Контраст моддани артерия ичига юбориш томирларнинг спазмини, ва бунинг оқибатида бош миянинг ишемиясини чақириши мумкин. Симптоматик цереброваскуляр касалликлари, яқинда ўтказилган инсульти ёки тез-тез транзитор ишемик ҳуружлари бўлган беморлар, неврологик асоратларни пайдо бўлишининг юқори хавф гуруҳига кирадилар. 

Жигар фаолиятини оғир даражадаги бузилиши. Бир вақтнинг ўзида жигар фаолиятини оғир даражадаги бузилиши бўлган оғир даражадаги буйрак етишмовчилигида, контраст модданинг экскрецияси аҳамиятли даражада тутилиб қолиши мумкин, бу эҳтимол гемодиализни талаб қилиши мумкин.

Миелома ёки парапротеинемия контраст модда юборилганидан кейин буйрак етишмовчилигининг ривожланишига шароит яратиб бериши мумкин. Тегишли гидратацияни ўтказиш мажбурийдир.

Феохромоцитомаси бўлган беморларда контраст модда вена ичига қўлланганидан кейин оғир даражадаги (баъзида назорат қилиб бўлмайдиган) гипертоник криз ривожланиши мумкин. Альфа-адренорецепторларнинг блокаторлари билан премедикация қилиш тавсия қилинади.

Аутоиммун бузилишлари бўлган пациентлар. Анамнезида аутоиммун бузилишлари бўлган пациентларда оғир васкулитлар ёки Стивенс-Джонсон синдромига ўхшаш синдромларнинг пайдо бўлиш ҳоллари тўғрисида хабар берилган. 

Бульбоспинал фалаж (miastenia gravis). Йод сақловчи контраст моддаларни юбориш бульбоспинал фалажнинг симптомларини кучайтириши мумкин.

Ўткир ёки сурункали алкоголизм гематоэнцефалик тўсиқнинг ўтказувчанлигини ошириши мумкин. Бу контраст моддани мия тўқимасига ўтишини енгиллаштиради, бу МНТ томонидан реакцияларга олиб келиши мумкин. Тиришиш фаоллигининг бўсағасини пасайганлиги туфайли, алкогол ва наркотик қарамлиги бўлган беморларга махсус эътибор қаратиш лозим.

Буйрак етишмовчилиги. Якка ҳолларда яққол буйрак етишмовчилиги кузатилиши мумкин. Контраст моддани юборгандан кейин ўткир буйрак етишмовчилигини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • юқори хавфи бўлган беморлар, масалан, анамнезда буйрак касалликлари, контраст модда юборилганидан кейин буйрак етишмовчилиги, нефропатия билан қандли диабети, айланаётган қон ҳажми камайган, кўпсонли миеломаси бўлган беморларни, 60 ёшдан ошган шахсларни, томир касалликларининг ўтказиб юборилган босқичи, парапротеинемияси, оғир даражадаги артериал гипертензияси, подаграси бўлган беморларни, препаратнинг катта ёки такрорий дозаларини олаётган беморларни аниқлаш;
  • контраст моддани юборишдан олдин хавф гуруҳига мансуб бўлган беморларда, муолажадан олдин ва кейин ва контраст моддани буйраклар орқали чиқарилишигача, яхшиси вена ичига инфузияни тутиб туриш йўли билан мувофиқ гидратацияни таъминлаш;
  • нефротоксик препаратлар, перорал холецистографик воситалар артерияни сиқиш, буйракнинг артериал ангиопластикаси, радикал жарроҳлик аралашуви ва ҳоказолар кўринишидаги буйракка қўшимча юкламадан контраст модда буйраклар орқали чиқарилмагунича сақланиш керак;
  • буйраклар фаолиятининг кўрсаткичларини дастлабки даражаларига қайтгунича контраст модда билан янги текширишларни ўтказиш муддатини бошқа вақтга ўтказиш.

Диализдаги беморлар радиологик текширишлар учун контраст моддаларни олишлари мумкин, чунки йод сақловчи моддалар диализ жараёнида чиқарилади.

Қалқонсимон безнинг фаолиятини бузилиши. Йод сақловчи контраст моддадаги эркин анорганик йодиднинг озгина миқдори қалқонсимон безнинг фаолиятига таъсир қилиши мумкин. Шунин учун латент гипертиреози ёки буқоғи бўлган беморларда, мумкин бўлган хавфни ҳисобга олиб, текришларни ўтказишга айниқса синчковлик билан ёндошиш лозим.

Ўта юқори сезувчанлик. Вақти-вақти билан рентгенкотраст воситалар ишлатилганидан кейин аллергик реакциялар кузатилади (“Ножўя таъсирлари” бўлимига қаранг). Улар одатда ташқи нафасни енгил даражадаги бузилишлари, терини қизариши (эритема), эшакеми, қичишиш ёки юзни шиши каби жиддий бўлмаган респиратор ёки тери симптомлари билан намоён бўлади. Ангионевротик, субхордал шиш, бронхоспазм ва аллергик шок каби жиддий ножўя реакциялар пайдо бўлиши мумкин. Одатда бундай реакциялар контраст модда юборилганидан кейин бир соат давомида кузатилади. Бироқ якка ҳолларда кейинчалик (юборилгандан кейин бирнеча соат ёки кундан сўнг) юз берадиган реакциялар бўлиши мумкин.

Йод сақловчи рентгенконтраст воситаларга юқори сезувчанлиги ёки реакцияси бўлган беморлар жиддий асоратларни пайдо бўлишини катта хавфига эга.

Гиперэргик реакция аллергияга (масалан, денгиз маҳсулотларига аллергия, пичан иситмаси, эшакеми, йодга ёки радиографик контраст моддаларга юқори сезувчанлик ёки анамнездаги бронхиал астма) мойил беморларда кўпроқ учрайди. Профилактика мақсадида антигистамин воситалар ва/ёки глюкокортикоидларни юбориш мумкин. Бронхиал астмаси бўлган беморлар бронхоспазм ёки ўта юқори сезувчанликни пайдо бўлишини алоҳида хавф гуруҳига кирадилар.

Ўта юқори сезувчанлик реакциялари бета-блокаторларни қабул қилаётган беморларда, айниқса бронхиал астма бўлганида зўрайиши мумкин. Бундан ташқари, бета-блокаторларни қабул қилаётган беморлар ўта юқори сезувчанлик реакциясини бета-агонистлар билан стандарт даволашга сезгир бўлмасликлари мумкин.

Ўта юқори сезувчанлик реакциясида контраст моддани юборишини дарҳол тўхтатиш ва агарда зарурати бўлса, вена ичига специфик даволашни ўтказиш лозим. Шунинг учун  контраст моддани вена ичига юбориш учун эгилувчан доимий канюлалар (катетерлар) ни ишлатиш тавсия қилинади. Контраст восита юборилганида асоратлар пайдо бўлган ҳолларда барча чора-тадбирларни олдиндан кўриб чиқиш ва таъминлаш, айнан – шошилинч ёрдамни кўрсатиш учун барча зарур медикаментлар ва асбоблар тайёр бўлиши, шунингдек бундай турдаги шошилинч чораларни амалга ошириш учун амалий кўникмаларга эга бўлиш лозим.

Кекса ёшли беморлар. Кекса ёшли одамларда кузатиладиган томирларнинг патологияси ва неврологик бузилишлар, йод сақловчи контраст воситаларга жиддий реакцияларни пайдо бўлишини юқори хавфини ташкил қилади. 

Ионли йод сақловчи контраст воситалар in vitro шароитида, ионсиз контраст воситаларга нисбатан юқорироқ антикоагулянт фаолликка эга. Шунинг учун муолажани ўтказишда ангиографияни бажариш техникасини синчковлик билан кузатиш, физиологик эритма билан (агарда иложи бўлса, гепарин билан) катетерни тез-тез ювиш ва муолажа билан боғлиқ тромбозлар ва эмболияларни пайдо бўлиши хавфини минимумга камайтириш учун муолажанинг муддатини қисқартириш лозим.

Шиша шприцларнинг ўрнига пластик шприцларни ишлатилиши in vitro шароитида қоннинг ивиши эҳтимолини пасайтириши тўғрисида хабар берилган.

Тромбоз ва эмболияларни пайдо бўлишининг юқори хавфи туфайли, гемоцистинурияси бўлган беморларга айниқса эътиборли бўлиш тавсия қилинади.

Қандли диабетни даволаш учун бигуанидларни қабул қилаётган беморларда, лактатацидозни пайдо бўлишини хавфи туфайли, уларни текшириш бошланишидан 48 соат олдин бекор қилиш лозим. Текширишдан кейин препаратни қабул қилишни фақат буйракларнинг фаолияти тикланганидан кейин бошлаш керак.

Ҳомиладорлик ва эмизиш даврида қўлланиши.

Препаратни ҳомиладорлик даврида қўллаш мумкин эмас. Препарат кўкрак сутига аҳамиятсиз  миқдорда киради, шунинг учун болага зарар келтириш эҳтимоли паст, лекин препаратни эмизиш даврида буюришдан олдин бола учун бўлиши мумкин бўлган хавфни ҳисобга олиш лозим.

Болалар. Болалардаги ҳали етук бўлмаган нефроннинг физиологик пасайган концентрацион қобилияти туфайли, препаратнинг нисбатан юқорироқ дозаларини қўллаш керак. Шунинг учун болаларга Триомбраст 76%  қўлланади.

Автотранспортни бошқаришда ва бошқа механизмлар билан ишлашда реакция тезлигига таъсир қилиш қобилияти. Йод сақловчи контраст воситаларни юборилишига муддати узайтирилган реакциялар кам учрайди, аммо автомобилни ҳайдаш ёки ҳаракатланувчи механизмлар билан ишлаш текшириш ўтказилганидан кейинги биринчи 24 соат давомида маъқул эмас.

Препарат болалар олаолмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин. 

 

Дозани ошириб юборилиши

Доза тасодифан ошириб юборилганида сув ва электролитларнинг йўқотилишини эритмаларни вена ичига инфузия йўли билан компенсация қилиш лозим. Кейинги 3 сутка давомида буйраклар фаолиятини назорат қилиш лозим. Триомбрастни организмдан гемодиализ билан йўқотиш мумкин.

 

Чиқарилиш шакли

20 мл дан ампулаларда. 5 ампуладан қутига жойланган.

 

Умумий характеристикаси:

 

Сақлаш шароити 

Ёруғликдан ҳимояланган жойда, 15°С дан 25оС гача ҳароратда сақланади. 

Препарат сақланганида кристаллар чўкмага тушиши мумкин. Бундай ҳолларда ампулани қайнаётган сув ҳаммомида қиздириш керак. Агарда кристаллар йўқолса ва эритма тиниқ бўлса, 33оС-36оС гача совутилганида эса кристаллар яна чўкмага тушмаса, эритма қўллашга яроқли ҳисобланади. 

 

Яроқлилик муддати 

3 йил.

 

Дорихоналардан бериш тартиби 

Рецепт бўйича.

ИМЕЮТСЯ ПРОТИВОКАЗАНИЯ. НЕОБХОДИМО ОЗНАКОМИТЬСЯ С ИНСТРУКЦИЕЙ
ПО ПРИМЕНЕНИЮ ИЛИ ПОЛУЧИТЬ КОНСУЛЬТАЦИЮ СПЕЦИАЛИСТА

Лекарственные средства, информация о которых представлена на сайте, могут иметь противопоказания к их применению и использованию. Перед использованием необходимо ознакомиться с инструкцией по применению или получить консультацию у специалистов.