ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА
АМПИЦИЛЛИН
AMPICILLIN
Препаратнинг савдо номи: Ампициллин
Таъсир этувчи модда (ХПН): ампициллин тригидрати
Дори шакли: таблетка.
Таркиби:
1 таблетка қуйидагиларни сақлайди:
фаол модда: ампициллин тригидрати кўринишида (қуруқ моддага қайта ҳисобланганда) – 0,5 г.
ёрдамчи моддалар: картошка крахмали, магний стеарати ёки кальций стеарати ёки стеарин кислотаси, тальк.
Таърифи: оқ рангли таблеткалар.
Фармакотерапевтик гуруҳи: Антибиотиклар.
Код АТХ: J01CA01
Фармакологик хусусиятлари
Ампициллин – кенг таъсир доирасига эга бўлган ярим синтетик пенициллинлар гуруҳига мансуб антибиотикдир. Микроорганизмлар ҳужайраси девори синтезини тўхтатиб бактерицид таъсир қилади. Пенициллиназа таъсирида парчаланади. Кислотага чидамли.
Препаратга пенициллиназа ишлаб чиқармайдиган Streptococci A, B, C, F, G: Str. pneumoniae ва қуйидаги микроорганизмлар: L.monocytogenes, Corynebacterium diphtheriae, Erysipelothrix rhusopathiae, Eikenella corrodens, N.meningitidis, Bordetella pertussis, Clostridium spp., Propioniobacterium acnes, Peptostreptococcus spp., Actinomyces spp., Leptospria spp., Treponema доимо сезгир; Enterococcus faecalis, E.coli, Proteus mirabilis, Salmonella spp., Vibrio cholerae, H.influenzae, N.gonorrhoeae, Fusobacterium spp., Prevotella spp. лар ҳар доим хам сезгир эмас.
Препаратга чидамли микроорганизмлар: Staphylococcus spp., B.catarrhalis, Klebsiella spp., Enterobacter spp., C.diversus, C.freundii, Proteus vulgaris, Providencia rettgeri, Morganella morganii, Y.enterocolitica, Pseudomonas spp., Acinetobacter spp., Xanthomonas spp., Flavobacterium spp., Alcaligenes spp., Nocardia spp., Campylobacter spp., Legionella pneumophila, Mycobacterium spp., Bacteriodes spp., Mycoplasma spp., Chlamydia spp.
Фармакокинетикаси
Препарат ичга қабул қилинганида меъданинг кислотали муҳити таъсирида парчаланмайди, қонга яхши сўрилади. Плазмадаги энг юқори концентрациясига қабул қилинганидан сўнг тахминан 1,5-2 соатдан кейин эришилади. Организмнинг тўқима ва суюқликларига ўтади, терапевтик дозаларда плеврал, перитонеал ва синовиал суюқликларида, сафрода аниқланган. Препарат йўлдош тўсиғидан ўта олади, она сути билан ажралади. Ярим чиқарилиш даври тахминан 1 соат, анурияда бу давр 12-20 соатгача узаяди. Препаратнинг асосий қисми организмдан буйраклар орқали чиқарилади, шунинг учун сийдикда антибиотикнинг жуда юқори концентрацияси аниқланади. Препарат такроран юборилганда, организмда тўпланиб қолмайди, бу уни катта дозаларда ва узоқ вақт қабул қилиш имконини беради.
Қўлланилиши
Бактериал инфекциялар: бронхит, пневмония, дизентерия, сальмонеллёз, сальмонеллаларни узоқ вақт ташувчанликда, холецистит, кўкйўтал, пиелонефрит, уретрит, эндокардит, тери ва юмшоқ тўқималар инфекцияси, гинекологик инфекциялар, қулоқ, бурун, томоқ инфекциялари, одонтоген инфекциялар, менингит, сепсис ва препаратга таъсирчан микроорганизмлар томонидан чақирилган бошқа инфекцияларда қўлланади.
Қўллаш усули ва дозалари
Ўртача оғирликда кечувчи инфекцияларда, кунлик дозаси катталар учун 2-3 г, оғир инфекцияларда – 10 г, менингитда – 14 г. Препаратни болаларга тана вазнига суткалик 50-100 мг/кг дозада буюрилади. 1 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар учун бу суткада – 0,75-1,5 г ни, 6 ёшдан 15 ёшгача суткада – 1,5-2 г ни ташкил қилади. Суткалик дозани 2-4 марта қабул қилишга бўлинади, менингитда 6-8 марта қабул қилишга буюрилади.
Гонококкли уретрит истисно ҳисобланади – 3,5 г препаратни бир мартада ичиш тавсия этилади. Препаратни овқатдан 0,5-1 соат олдин қабул қилинади. Даволаш муддати одатда 5-10 кун, ўткир пиелонефритда 2-3 ҳафта, сурункали пиелонефритда 6 ойдан ортиқ давом этади.
Ножўя таъсирлари
Аллергик реакциялар (эшакеми, эритема, Квинке шиши, ринит, конъюнктивит; кам ҳолларда иситмалаш, бўғимларда оғриқлар, эозинофилия; жуда кам ҳолларда анафилактик шок). Марказий нерв тизимига токсик таъсир кўрсатиши (буйрак етишмовчилиги бор беморларга жуда катта дозаларда қўлланилганда), диспепсик ҳолатлар (диарея, кўнгил айниши, қайт қилиш), кандидоз, ичак дисбактериози кузатилиши мумкин.
Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар
Мутлақ қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар: пенициллин қатори антибиотикларига ўта сезувчанлик. Жигар фаолиятини оғир бузилишлари. Миастения. Бир ёшгача бўлган болалар. Препаратга сезгир бўлмаган микроорганизм штаммлари, айниқса псевдомонада ва стафилококклар чақирган юқумли касалликларда қўллаш мумкин эмас.
Нисбий қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар: цефалоспоринларга юқори сезувчанлик, анамнезида аллергия, бронхиал астма, узоқ вақт давом этган иситмалаш ёки эшакеми бор бўлганида, юқумли мононуклеоздаги иккиламчи инфекциялар, лимфолейкоз, лактация даври, ҳомиладорлик.
Дорилар билан ўзаро таъсири
Бактериостатик антибиотиклар (тетрациклин, хлорамфеникол, эритромицин ва б.) билан бир вақтда қўлланилганда ўзаро зиддият юзага келади.
Аминогликозид антибиотиклар билан бирга қўлланганда, препаратнинг микробларга қарши таъсирини кучайиши кузатилади.
Пробеницид билан қўлланилганда, у препаратни пешоб билан ажралишини камайтиради, натижада унинг миқдори қон зардобида ошади, аллопуринол билан қўлланганда, у препартнинг метаболизмини секинлатиб, тери тошмасини пайдо бўлиш тезлигини оширади. Кам ҳолларда препарат перорал контрацептивларнинг таъсирини сусайтиради.
Махсус кўрсатмалар
Аллергик реакциялар юз берганида, препаратни қабул қилишни тўхтатиб, десенсибилизация даволаш чораларини қўллаш лозим. Препаратни сепсиси бўлган беморларда қўлланганда бактериолиз реакцияси (Яриш-Герсгемцер реакцияси) ривожланиши мумкин. Ҳолсизланган беморларда узоқ вақт даволанганда, препаратга чидамли микроорганизмлар (ачитқисимон замбуруғлар, грамманфий микроблар) томонидан суперинфекцияни чақириши мумкин. Бу гуруҳ беморларга даволаш даврида В гуруҳи ва С витаминларини, керак бўлганда, нистатин ва леворин дори воситаларини тавсия қилиш зарур. Бронхиал астма, узоқ вақт иситмалаш ва бошқа аллергик касалликларда, препарат билан бир вақтда десенсибилизацияловчи воситаларни бирга қўллаш тавсия этилади.
Ҳомиладор ва эмизикли аёлларга эҳтиёткорлик билан буюрилади. Препаратни қабул қилаётганда, буйрак, жигар фаолияти ва қон манзарасини доимо назорат қилиб бориш лозим. Буйрак етишмовчилиги бўлган беморларга препарат жуда эҳтиёткорлик билан буюрилади.
Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.
Чиқарилиш шакли
Таблеткалар 0,5 гдан. 10 та ёки 6 та таблеткадан контур уяли ёки контур-уясиз ўрамларда.
Сақлаш шароити
Қуруқ жойда, 25 0С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.
Яроқлилик муддати
2 йил.
Дорихоналардан бериш тартиби
Рецепт бўйича.