📜 Инструкция по применению Мофлакса таблетка
💊 Состав препарата Мофлакса таблетка
✅ Применение препарата Мофлакса таблетка
📅 Условия хранения Мофлакса таблетка
⏳ Срок годности Мофлакса таблетка

Илова-варақа: Пациент учун маълумот

Мофлакса® плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар, 400 мг

Моксифлоксацин

 

Ушбу дори препаратини қўллашни бошлашдан олдин илова-варақани ҳаммасини диққат билан ўқиб чиқинг, чунки у Сиз учун муҳим маълумот сақлайди.

  • Ушбу илова-варақани сақлаб қўйинг. Эҳтимол, Сиз уни яна ўқиб чиқишингиз учун керак бўлиши мумкин.
  • Агар Сизда қўшимча саволлар юзага келса, даволовчи шифокорингиз ёки фармацевт билан маслаҳатлашинг.
  • Ушбу препарат фақат Сиз учун буюрилган. Уни бошқа шахсларга берманг. Бу, ҳатто уларда Сиздаги каби айнан шундай касаллик белгилари қайд этилса ҳам, уларнинг соғлиғига зарар келтириши мумкин.
  • Агар Сизда ножўя самаралар ривожланса, шифокор ёки фармацевт билан маслаҳатлашинг. Бу ушбу илова-варақада кўрсатилмаган ножўя таъсирларга ҳам тааллуқлидир. 4-бўлимга қаранг.

 

Мазкур илова-варақада қандай маълумот мавжуд

  1. Мофлакса® препарати нима ва у нима учун қўлланади
  2. Мофлакса® препаратини қўллашдан олдин Сиз нималарни билишингиз керак
  3. Мофлакса® препарати қандай қўлланилади
  4. Бўлиши мумкин бўлган ножўя самаралари
  5. Мофлакса® қандай сақланади
  6. Ўрам ичидагиси ва бошқа маълумот

 

  1. Мофлакса® препарати нима ва у нима учун қўлланади

Мофлакса® препарати фторхинолонлар деб номладиган антибиотиклар гуруҳига мансуб бўлган моксифлоксацин таъсир этувчи моддасини сақлайди. Мофлакса® препарати инфекциялар келтириб чиқарадиган бактерияларни нобуд қилиб, таъсир кўрсатади.

Мофлакса® препарати моксифлоксацин фаол бўлган бактериялар келтириб чиқарадиган қуйидаги бактериал инфекцияларни даволаш учун 18 ёшдан катта бўлган пациентларда қўлланилади. Мофлакса® препаратини одатдаги антибиотиклар қўлланилиши мумкин бўлмаган ёки самарасиз бўлган ҳолларда мазкур инфекцияларни даволаш учун қўллаш зарур:

Бурун бўшлиғи инфекциялари (ўткир синуситлар), нафас йўлларининг узоқ муддатли яллиғланишининг тўсатдан ёмонлашиши (сурункали бронхитни зўрайиши) ёки касалхона ташқарида орттирилган ўпка инфекцияларида (пневмонияда) (оғир ҳолатлар бундан мустасно).

Енгил ёки ўрта даражада аёллар юқори жинсий йўллари инфекцияларида (кичик чаноқ аъзоларининг яллиғланиши касалликларида), шу жумладан фаллопий найчалари инфекциялари ва бачадон шиллиқ қавати инфекцияларида.

Мофлакса® таблеткаларининг ўзи ушбу типдаги инфекцияларни даволаш учун етарли эмас. Шу сабабли, аёллар юқори жинсий йўллари инфекцияларини даволаш учун шифокор Мофлакса® таблеткаларига қўшимча равишда Сизга бошқа антибиотикни буюриши мумкин («2. Мофлакса® препаратини қўллашдан олдин Сиз нималарни билишингиз керак» бўлимининг Махсус кўрсатмалар, Мофлакса® препаратини қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашинг қисмига қаранг).

Агар Мофлакса® инфузиялар учун эритма билан дастлабки даволаш вақтида қуйида келтирилган бактериал инфекциялар билан боғлиқ ҳолат яхшиланиши қайд этилса, шифокорингиз даволаш курсини якунлаш учун шунингдек Мофлакса® таблеткаларини буюриши мумкин:

Касалхонадан ташқарида орттирилган ўпка инфекциялари (пневмония), тери ва юмшоқ тўқималар инфекциялари. Мофлакса® таблеткаларини тери ва юмшоқ тўқималар инфекцияларининг ҳар қандай типини даволаш бошланишида ёки ўпканинг оғир инфекцияларида қўллаш мумкин эмас.

  1. Мофлакса® препаратини қўллашдан олдин Сиз нималарни билишингиз керак

Агар Сиз қуйида таърифланган пациентлар гуруҳига тааллуқли бўлсангиз, шифокорга мурожаат қилинг.

Мофлакса® препаратини қабул қилманг

  • Агар Сизда моксифлоксацин ва бошқа хинолонли антибиотикларга ёки ушбу дори препаратининг бошқа компонентларига аллергия бўлса (6-бўлимга қаранг).
  • Агар Сиз ҳомиладор ёки эмизаётган бўлсангиз.
  • Агар Сиз 18 ёшдан кичик бўлсангиз.
  • Агар Сизда илгари хинолон антибиотиклар билан боғлиқ пайлар билан муаммолар бўлса («2. Мофлакса® препаратини қўллашдан олдин Сиз нималарни билишингиз керак» бўлимининг Махсус кўрсатмалар қисмига ва «4. Бўлиши мумкин бўлган ножўя самаралари» бўлимига қаранг).
  • Агар Сизда қуйидаги туғма ёки орттирилган ҳолатлар бўлса:
  • юрак ритми бузилган ҳолда ҳар қандай ҳолатлар (ЭКГ да, юрак электр фаоллигини қайд этишда кузатиладиган);
  • қонда туз мувозантини бузилиши (айниқса калий ёки магнийнинг паст даражада бўлиши);
  • юрак ритмининг жуда ҳам пастлиги («брадикардия» деб номланувчи);
  • юрак заифлиги (юрак етишмовчилиги);
  • анамнезда юрак ритмининг бузилиши

ёки

  • агар Сиз ЭКГ ни нормадан оғишига олиб келувчи препаратларни қабул қилсангиз («2. Мофлакса® препаратини қўллашдан олдин Сиз нималарни билишингиз керак» бўлимининг Бошқа дори препаратлари ва Мофлакса® қисмига қаранг). Бу шу билан изоҳланадики, Мофлакса® ЭКГ да QT интервалининг узайиши, яъни электр сигналлари ўтказилишининг секинлашиши каби ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин.
  • Агар Сизда оғир жигар касалликлари ёки жигар ферментлари (трансаминазалар) даражаси норманинг юқори чегарасидан 5 мартадан ортиқ бўлса.

 

Махсус кўрсатмалар

Мофлакса® препаратини қўллашдан олдин шифокор ёки фармацевт билан маслаҳатлашинг.

  • Мофлакса® Сизда, айниқса, агар Сиз аёл киши ёки кекса ёшда бўлсангиз, юрак ЭКГсини ўзгартириши мумкин. Агар Сиз ҳозирги вақтда қонда калий даражасини пасайтирадиган бирон-бир дори препаратларини қабул қилаётган бўлсангиз, Мофлакса® ни қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашинг («2. Мофлакса® препаратини қўллашдан олдин Сиз нималарни билишингиз керак» бўлимининг Мофлакса® препаратини қабул қилманг, Бошқа дори препаратлари ва Мофлакса® қисмларига қаранг).
  • Агар Сизда тутқаноқ ёки Сизда тиришишлар ривожланиши хавфига олиб келувчи ҳолатлар бўлса, Мофлакса® ни қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашинг.
  • Агар қачонлардир Сизнинг руҳий саломатлигингизда муаммолар мавжуд бўлган тақдирда, Мофлакса® ни қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашинг.
  • Агар Сизда миастения гравис (заифликка ва жиддий фалажлик ҳолатларига олиб келувчи мушакларнинг патологик толиқиши) бўлса, Мофлакса® ни қабул қилиниши касаллик симптомларини ёмонлаштириши мумкин. Агар Сиз бу сизга тааллуқли деб ҳисобласангиз, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.
  • Агар Сизда ёки оила аъзоларингизда глюкозо-6-фосфатдегидрогеназа танқислиги (кам учрайдиган наслий касаллик) мавжуд бўлса, бу ҳақда шифокорга хабар қилинг ва у Мофлакса® тўғри келиш-келмаслиги масаласини ҳал этади.
  • Агар Сизда аёллар юқори жинсий йўлларининг асоратланган инфекцияси (масалан , фаллопий найчалари ва тухумдонлари ёки кичик чаноқ абсцесси билан боғлиқ инфекция) ва шифокор фикрига кўра уни вена ичига юбориладиган препаратлар билан даволаш талаб қилиниши мумкин бўлса, Мофлакса® таблеткалари билан даволаш тўғри келмайди.
  • Аёллар юқори жинсий йўлларининг енгил ёки ўрта даражадаги инфекциясини даволаш учун шифокор Сизга Мофлакса® га қўшимча равишда бошқа антибиотикни буюриши лозим. 3 кунлик даволашдан кейин симптомлар енгиллашмаса, шифокорга мурожаат қилинг.

Мофлакса® қабул қилинганида

  • Агар Сиз даволаш вақтида юрак уриб кетиши ёки номунтазам юрак ритмини ҳис этаётган бўлсангиз, Сиз бу ҳақида дарҳол шифокорга хабар беришингиз лозим. У юрак ритмини ўлчаш учун ЭКГ ни ўтказиши мумкин.
  • Доза оширилганида юрак билан боғлиқ муаммолар ривожланиши хавфи ошиши мумкин. Шундай қилиб, тавсия этилган дозага риоя қилиш зарур.
  • Сизда ҳатто биринчи доза қўлланилганидаёқ тўсатдан оғир аллергик реакция (анафилактик реакция/шок) ривожланиши эҳтимоли мавжуд. Симптомлар кўкракда сиқилиш ҳисси, бош айланиши, кўнгил айниши ёки ҳушдан кетиш ёки ўрнингиздан турганингизда бош айланиши ўз ичига олади. Бундай ҳолларда Мофлакса® препарати қўлланилишини тўхтатинг ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг.
  • Мофлакса® жигарнинг тезда юз берадиган ва оғир яллиғланишини келтириб чиқариши мумкин бўлиб, у ҳаётга хавф соладиган жигар етишмовчилигига (шу жумладан ўлим билан якунланувчи) олиб келиши мумкин (« Бўлиши мумкин бўлган ножўя самаралари» бўлимига қаранг). Агар Сиз тўсатдан ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз ва/ёки кўнглингиз айниса, шунингдек Сизда жигардаги ўзгаришлар (жигар функциясини сусайиши ёки жигарнинг тезда юз берадиган ва оғир яллиғланиши симптомлари) келтириб чиқарадиган кўзлар оқини сарғайиши, сийдикнинг қорамтир рангда бўлиши, тери қичишиши, қон кетишларга ёки бош мия касаллиги ривожланишига мойиллик қайд этилса, таблеткаларни бундан кейин қабул қилишдан олдин шифокорга мурожаат қилинг.
  • Агар Сизда тери реакцияси ёки терида қавариқлар/кепакланиш ва/ёки шиллиқ қаватлар томонидан реакциялар ривожланса (« Бўлиши мумкин бўлган ножўя самаралари» бўлимига қаранг), даволашни давом эттиришдан олдин дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.
  • Хинолон антибиотиклари, шу жумладан Мофлакса® тиришишларни келтириб чиқариши мумкин. Улар юзага келганида Мофлакса® препаратини қабул қилишни тўхтатинг ва дарҳол шифокор билан боғланинг.
  • Сизда оғриқ, ачишиш ҳисси, санчиш ҳисси, увишиш ва/ёки холсизлик каби нейропатия симптомлари юзага келиши мумкин. Улар юзага келганида Мофлакса® билан даволашни давом эттиришдан олдин дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.
  • Агар ҳатто хинолон антибиотикларини, шу жумладан Мофлакса® препаратини биринчи марта қабул қилаётган бўлсангиз ҳам, Сизда руҳий саломатлигингиз билан муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Жуда кам ҳолларда депрессия ёки руҳий саломатлик билан муаммолар ўз жонига қасд қилиш фикрлари ва ўзига зиён етказиш, шу жумладан ўз жонига қасд қилишга уринишга олиб келган (« Бўлиши мумкин бўлган ножўя самаралари» бўлимига қаранг). Агар Сизда бундай реакциялар ривожланса, Мофлакса® препарати қўлланилишини тўхтатинг ва дарҳол шифокорга хабар беринг.
  • Антибиотиклар, шу жумладан Мофлакса® қўлланилганида ёки ундан кейин Сизда диарея ривожланиши мумкин. Агар у оғир ёки доимий кечса, ёхуд ахлатингизда қон ёки шиллиқлар борлигини сезган бўлсангиз, дарҳол Мофлакса® қўлланилишини тўхтатишингиз ва шифокорга мурожаат қилишингиз лозим. Сиз ичак моторикасини тўхтатадиган ёки секинлаштирадиган дори препаратларини қабул қилишингиз мумкин эмас.
  • Мофлакса® ҳатто у билан даволаш бошланганидан кейин 48 соат давомида ва бекор қилинганидан кейин бир неча ой давомида ҳам пайларда оғриқ ва яллиғланишни келтириб чиқариши мумкин. Агар Сиз кекса ёшда бўлсангиз ёхуд Сиз шунингдек кортикостероидларни қабул қилаётган бўлсангиз ҳам пайларнинг яллиғланиши ва узилишининг ривожланиши хавфи ошади. Оғриқ ёки яллиғланишнинг биринчи белгиларидаёқ Мофлакса® қўлланилишини тўхтатинг, шикастланган қўл-оёқларни тинч ҳолатда бўлишини таъминланг ва дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Ҳар қандай жисмоний зўриқишлардан сақланинг, чунки у пайлар узилиши хавфини ошириши мумкин (« Мофлакса® препаратини қўллашдан олдин Сиз нималарни билишингиз керак» бўлимининг Мофлакса® препаратини қабул қилманг қисмига ва «4. Бўлиши мумкин бўлган ножўя самаралари» бўлимига қаранг).
  • Агар Сиз кекса ёшда бўлсангиз ва Сизда буйраклар билан боғлиқ муаммолар бўлса, Мофлакса®ни қабул қилиш вақтида етарли миқдорда сув истеъмол қилаётганлигингизга ишонч ҳосил қилинг. Агар Сизда сувсизланиш юзага келса, бу буйрак етишмовчилиги ривожланиши хавфини ошириши мумкин.
  • Агар сизда Мофлакса®ни қўллаш вақтида кўриш қобилияти ёмонлашса ёхуд кўзлар томонидан бошқа бузилишлар пайдо бўлса, дарҳол окулистга мурожаат қилинг (« Мофлакса® препарати қандай қўлланилади» бўлимининг Транспорт воситаларини бошқариш ва бошқа механизмлар билан ишлаш қобилиятига таъсири қисмига ва «4. Бўлиши мумкин бўлган ножўя самаралари» бўлимига қаранг).
  • Хинолон антибиотиклари терининг қуёш нури ёки УБ нурига сезувчанлигини ошириши мумкин. Сиз Мофлакса® препарати қўлланилиши вақтида узоқ муддат қуёш нури ёки кучли қуёш нури таъсири остида бўлишдан, шунингдек солярий ёки бошқа УБ лампалардан фойдаланишдан сақланишингиз лозим.
  • Оғир куйишлар, чуқур тўқималар инфекциялари ва диабетик оёқ кафти фонида ривожланган инфекциялар, остеомиелитли инфекциялар (суяк илиги инфекциялари)ни даволашда моксифлоксациннинг самарадорлиги аниқланмаган.

 

Болалар ва ўсмирларда қўлланилиши

Ушбу дори препаратини 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларга берманг, чунки мазкур ёш гуруҳида препаратнинг самарадорлиги ва хавфсизлиги аниқланмаган («2. Мофлакса® препаратини қўллашдан олдин Сиз нималарни билишингиз керак» бўлимининг Мофлакса® препаратини қабул қилманг қисмига қаранг).

 

Бошқа дори препаратлари ва Мофлакса®

Агар Сиз бошқа препаратларни қабул қилаётган бўлсангиз, яқин орада қабул қилган бўлсангиз ёки бошқа препаратларни қабул қилишни режалаштираётган бўлсангиз, бу ҳақда шифокорингиз ёки фармацевтни хабардор қилинг.

Мофлакса® препаратига нисбатан қуйидагиларни билиш зарур:

  • Агар Сиз Мофлакса®ни ва юракка таъсир кўрсатувчи бошқа дори препаратларини қабул қилаётган бўлсангиз, юрак ритми ўзгаришлари хавфи ошади. Шундай қилиб, Мофлакса®ни қуйидаги дори препаратлари билан бирга қабул қилманг:
  • аритмияга қарши препаратлар гуруҳига мансуб бўлган дори препаратлари (масалан, хинидин, гидрохинидин, дизопирамид, амиодарон, соталол, дофетилид, ибутилид);
  • нейролептиклар (масалан, фенобарбитал, пимозид, сертиндол, галоперидол, сультоприд);
  • трициклик антидепрессантлар;
  • айрим антимикроб воситалар (масалан, саквинавир, спарфлоксацин, вена ичига юбориш учун эритромицин, пентамидин, безгакка қарши препаратлар, хусусан, галофантрин);
  • айрим антигистамин воситалар (масалан, терфенадин, астемизол, мизоластин);
  • бошқа дори препаратлари (масалан, цизаприд, вена ичига юбориш учун винкамин, бепридил ва дифеманил).
    • Агар Сиз қонда калий даражасини пасайтириши мумкин бўлган бошқа дори препаратларини (масалан, айрим диуретиклар, айрим сурги воситалари ва хўқна [юқори дозалари] ёхуд кортикостероидлар [яллиғланишга қарши дори препаратлари], В амфотерицин) ёки юрак қисқаришлари тез-тезлигини секинлаштиришни келтириб чиқарувчи дори препаратларини қабул қилаётган бўлсангиз, бу ҳақда шифокорни хабардор қилишингиз зарур, чунки бу Мофлакса®ни қўллаш вақтида ҳам юрак ритмининг жиддий бузилишлари ривожланиши хавфини ошириши мумкин.
    • Магний ёки алюминийни (овқат ҳазм қилиш бузилишларини даволаш учун антацидлар каби), темир, рух ёки диданозинни сақлайдиган ҳар қандай дори препаратлари ёки сукральфатни (меъдада бузилишларни даволаш учун) сақлайдиган ҳар қандай дори препаратлари Мофлакса® таблеткалари таъсирини пасайтириши мумкин. Мофлакса® таблеткаларини бошқа дори препаратини қўллашдан 6 соат олдин ёки ундан кейин қабул қилинг.
    • Фаоллаштирилган кўмирни сақловчи ҳар қандай дори препаратини Мофлакса® таблеткалари билан бир вақтда қўлланилиши Мофлакса® таъсирини пасайтиради. Ушбу дори препаратларини бир вақтда қўлламаслик тавсия этилган.
    • Агар ҳозирги вақтда Сиз қонни суюлтирувчи дори препаратларини (варфарин каби ичга қабул қилиш учун антикоагулянтларни) қабул қилаётган бўлсангиз, шифокорга қон ивиши вақтини назорат қилиш талаб қилиниши мумкин.

 

Мофлакса®ни овқат ва ичимликлар билан қўллаш

Мофлакса®ни овқатланишга (шу жумладан сутли маҳсулотларга) боғлиқ бўлмаган ҳолда қабул қилиш мумкин.

 

Ҳомиладорлик ва лактация даврида қўлланилиши, фертилликка таъсири

Агар Сиз ҳомиладор ёки эмизаётган бўлсангиз, Мофлакса®ни қабул қилманг.

Агар Сиз ҳомиладор ёки эмизаётган бўлсангиз, ҳомиладорман деб тахмин қилаётган ёки ҳомиладорликни режалаштираётган бўлсангиз, ушбу дори препаратини қабул қилишдан олдин шифокор ёки фармацевт билан маслаҳатлашинг.

Ҳайвонларда ўтказилган тадқиқотларда Сизнинг фертиллигингиз ушбу дори препарати қўлланилганида ёмонлашиши кўрсатилмаган.

 

Транспорт воситаларини бошқариш ва бошқа механизмлар билан ишлаш қобилиятига таъсири

Мофлакса® Сизда бош айланишини ёки ҳушдан кетишдан олдинги ҳолатни келтириб чиқариши мумкин, Сиз тўсатдан юз берадиган вақтинча кўриш қобилиятини йўқотишни бошдан ўтказишингиз ёки қисқа муддатга ҳушдан кетишингиз мумкин. Агар Сизда бундай белгилар қайд этилса, транспорт воситаларини бошқарманг ва механизмлар билан ишламанг.

 

  1. Мофлакса® препарати қандай қўлланилади

Препаратни ҳар доим шифокор ёки фармацевт буюрганидек аниқ қўллаш зарур. Агар Сизда шубҳа пайдо бўлса, шифокорингиз ёки фармацевт билан маслаҳатлашинг.

Катталар учун тавсия этилган доза суткада бир марта, плёнка билан қопланган, 400 мг ли таблеткани ташкил этади.

Ичга қабул қилиш учун Мофлакса® таблеткалари. Таблеткани бутунлигича (аччиқ таъмни сезмаслик учун), етарлича миқдордаги сув билан ичинг. Мофлакса®ни овқат билан бирга ёки усиз қабул қилиш мумкин. Таблеткаларни ҳар куни тахминан бир вақтда қабул қилишга ҳаракат қилинг.

Кекса ёшдаги пациентларда, тана вазни кам бўлган пациентларда ёки буйракларида муаммолар бўлган пациентларда бир хил дозада қўллаш мумкин.

Мофлакса®ни қўллаш давомийлиги Сиздаги инфекцияга боғлиқ бўлади. Агар шифокор Сизга бошқа тартибни буюрмаса, Сизни даволаш қуйидагича бўлади:

  • сурункали бронхит тўсатдан ёмонлашган (кучайган) ҳолатда 5-10 кун;
  • ўпка инфекцияларида (пневмонияда), касалхонада бўлган даврда ривожланадиган пневмония бундан мустасно 10 кун;
  • бурун бўшлиқларининг ўткир инфекциясида (ўткир бактериал синусит) 7 кун;
  • аёллар юқори жинсий йўлларининг енгил-ўртача даражадаги инфекцияларида (кичик чаноқ аъзоларининг яллиғланиш касалликларида), шу жумладан фаллопий найчалари инфекцияси ва бачадон шиллиқ қавати инфекциясида 14 кун.

Плёнка қобиқ билан қопланган Мофлакса® таблеткалари Мофлакса® инфузиялар учун эритмадан бошланадиган тўлиқ даволаш курси сифатида қўлланилганида, қуйидаги даврлар тавсия этилган:

  • касалхонада орттирилган ўпка инфекцияси (пневмония) 7-14 кун.

Пневмонияси бўлган пациентларнинг кўпчилиги ичга қабул қилиш учун қобиқ билан қопланган таблеткалар орқали 4 кун давомида моксифлоксацин билан даволашга ўтказилган.

  • Тери ва юмшоқ тўқималарнинг инфекциялари 7-21 кун.

Тери ва юмшоқ тўқималарнинг инфекциялари бўлган пациентларнинг кўпчилиги ичга қабул қилиш учун қобиқ билан қопланган таблеткалар орқали 6 кун давомида моксифлоксацин билан даволашга ўтказилган.

Агар Сиз ҳатто ўзингизни бир неча кун ўтгач яхшироқ ҳис қилсангиз ҳам, даволаш курсини якунлаш муҳимдир. Агар Сиз Мофлакса® қўлланилишини ҳаддан ташқари эрта тўхтатсангиз, сизнинг инфекциянгиз тўлиқ даволанмаслиги мумкин, инфекция симптомлари эса яна қайталаниши мумкин ёки Сизнинг аҳволингиз ёмонлашиши мумкин. Сизда инфекцияни келтириб чиқарган бактериялар Мофлакса®га нисбатан чидамли бўлиб қолиши мумкин.

Тавсия этилган дозани ва даволаш давомийлигини ошириш мумкин эмас («2. Мофлакса® препаратини қўллашдан олдин Сиз нималарни билишингиз керак» бўлимининг Махсус кўрсатмалар қисмига қаранг).

 

Агар Сиз Мофлакса® препаратининг керагидан ортиқ катта миқдорда қабул қилган бўлсангиз

Агар Сиз суткада битта таблетка буюрилган дозадан ошадиган дозани қабул қилган бўлсангиз, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Шифокор ёки фармацевтга Сиз нимани қабул қилганингизни кўрсатиш учун қолган таблеткаларни, ўрамини ёки ушбу илова-варақани ўзингиз билан олишга ҳаракат қилинг.

 

Мофлакса® препарати дозасини ўтказиб юборилиши

Агар Сиз таблеткани қабул қилишни унутган бўлсангиз, уни эслаган заҳотингиз дарҳол шу куни қабул қилинг. Агар Сиз уни шу куни қабул қилишингизни эсдан чиқарсангиз, кейинги куни одатдаги дозани (битта таблеткани) қабул қилинг. Ўтказиб юборилган дозани ўрнини тўлдириш учун дозани икки марта қабул қилиш мумкин эмас.

Агар Сизда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида ишонч бўлмаса, шифокорингиз ёки фармацевт билан маслаҳатлашинг.

 

Мофлакса® препаратини қабул қилишни тўхтатган бўлсангиз

Агар Сиз яқин орада ушбу дори препарати қўлланилишини тўхтатган бўлсангиз, инфекция тўлиқ даволанмаслиги мумкин. Агар Сиз даволаш курси якунланишигача таблеткалар қўлланилишини тўхтатмоқчи бўлсангиз, шифокор билан маслаҳатлашинг.

Агар Сизда мазкур препаратни қўллаш юзасидан қўшимча саволлар юзага келса, шифокорингиз ёки фармацевт билан маслаҳатлашинг.

 

  1. Бўлиши мумкин бўлган ножўя самаралари

Барча дори препаратларидаги каби мазкур препарат ножўя самараларни келтириб чиқариши мумкин, гарчи улар ҳаммада ҳам юзага келавермайди. Моксифлоксацин билан даволаш вақтида қуйидаги ножўя самаралар қайд этилган.

Тез-тез учрайдиган ножўя самаралар: 10 одамдан 1 нафарида юзага келиши мумкин

  • Чидамли бактериялар ёки замбуруғлар келтириб чиқарадиган инфекциялар, масалан оғиз бўшлиғи инфекциялари ёки Candida келтириб чиқарадиган вагинал инфекциялар (кандидоз)
  • Бош оғриғи
  • Бош айланиши
  • Қонда калий даражаси паст бўлган пациентларда юрак ритмини (ЭКГ) ўзгариши (« Мофлакса® препаратини қўллашдан олдин Сиз нималарни билишингиз керак» бўлимига қаранг)
  • Кўнгил айниши
  • Қусиш
  • Қоринда оғриқ
  • Диарея
  • Қонда айрим ферментлар (трансаминазалар) даражасини ошиши.

Тез-тез учрамайдиган ножўя самаралар: 100 одамдан 1 нафарида юзага келиши мумкин

  • Аллергик реакция
  • Эритроцитлар сонининг пастлиги (анемия)
  • Лейкоцитлар сонининг пастлиги
  • Лейкоцитларнинг айрим типи (нейтрофиллар) сонининг пастлиги
  • Қон ивиши учун зарур бўлган қоннинг айрим ҳужайралари даражасини пасайиши ёки ошиши
  • Лейкоцитларнинг айрим типи (эозинофиллар) даражасини ошиши
  • Қон ивишини пасайиши
  • Қонда липидларлар (ёғлар) даражасини ошиши
  • Безовталик, ҳавотирлик ёки қўзғалувчанлик ҳисси
  • Оёқ-қўлларда санчиш (ачишиш) ва/ёки увишиши ҳисси
  • Таъм сезишни ўзгариши (жуда кам ҳолларда таъм сезишни йўқолиши)
  • Онгни хиралашиши ва ориентацияни бузилиши ҳисси
  • Уйқу билан боғлиқ муаммолар (масалан, уйқусизлик ёки уйқучанлик)
  • Титроқ
  • Бош айланиши (айланиш ёки йиқилиш) ҳисси
  • Кўриш билан боғлиқ муаммолар (шу жумладан кўзларда иккиланиш ва кўришнинг ноаниқлиги)
  • Юрак ритмини (ЭКГ) ўзгариши, юрак уриб кетиши ҳисси, юракнинг номунтазам ва тез уриши, юрак ритмини оғир бузилишлари, кўкракда оғриқ (стенокардия) (« Мофлакса® препаратини қўллашдан олдин Сиз нималарни билишингиз керак» бўлимига қаранг)
  • Қон томирларини кенгайиши (қуйилишлар)
  • Нафас олишни қийинлашиши (шу жумладан астма)
  • Иштаҳани пасайиши ва овқатланишни камайиши
  • Метеоризм ва қабзият
  • Меъда томонидан бузилишлар (овқат ҳазм қилишни бузилиши ёки жиғилдон қайнаши)
  • Меъдани яллиғланиши
  • Қонда махсус овқат ҳазм қилиш ферменти (амилаза) даражасини ошиши
  • Жигар функциясини бузилиши (шу жумладан қонда махсус жигар ферменти (ЛДГ) даражасини ошиши), қонда билирубин даражасини ошиши, қонда махсус жигар ферменти (гамма-глутамилтрансфераза ва/ёки ишқорий фосфатаза) даражасини ошиши
  • Қичишиш, тошма, эшакеми, терини қуриши
  • Бўғимларда оғриқ, мушакларда оғриқ
  • Сувсизланиш
  • Ўзини ёмон ҳис қилиш (одатда, ҳолсизлик ёки толиқиш), оғриқ, масалан, белда, кўкракда оғриқ, чаноқ соҳасида оғриқ ва қўл-оёқларда оғриқ
  • Терлаш

Кам ҳолларда учрайдиган ножўя самаралар: 1000 одамдан 1 нафарида юзага келиши мумкин

  • Тўсатдан юзага келадиган оғир аллергик реакция, у жуда кам ҳолларда ҳаётга хавф соладиган шокни (масалан, нафас олишни қийинлашиши, артериал босимни ҳаддан ташқари пасайиши, пульсни тезлашиши), шишни (шу жумладан нафас йўлларининг ҳаётга хавф соладиган шиши) ичга олади.
  • Қон ва/ёки шиллиқ сақлайдиган оғир диарея (антибиотикларни қўллаш билан боғлиқ колит, шу жумладан сохтамембраноз колит), улар жуда кам ҳолларда ҳаётга хавф соладиган асоратларга ўтиши мумкин.
  • Сариқлик (кўз оқсиллари ёки терининг сарғайиши), жигарни яллиғланиши
  • Пайларда оғриқ ёки уларни шиши (тендинит)
  • Қонда қанд даражасини ошиши
  • Қонда сийдик кислотаси даражасини ошиши
  • Юқори эмоционаллик
  • Депрессия (жуда кам ҳолларда ўз жонига қасд қилиш фикри ёки ўз жонига қасд қилишга уринишлар каби ўзига зарар келтиришга олиб келиши мумкин)
  • Галлюцинациялар
  • Терининг сезувчанлиги билан боғлиқ муаммолар
  • Ҳид билишни ўзгариши (шу жумладан ҳид билиш сезгисини йўқотиш)
  • Ноодатий тушлар кўриш
  • Мувозанат ва ҳаракатларнинг ўзаро бир-бирига мослиги (бош айланишидан келиб чиқадиган) билан боғлиқ муаммолар
  • Конвульсиялар
  • Диққатни жамлашни бузилиши
  • Нутқ билан боғлиқ муаммолар
  • Хотирани қисман ёки тўлиқ йўқотилиши
  • Қўл-оёқларда оғриқ, ачишиш ҳисси, санчиш ҳисси, увишиши ва/ёки кучсизлиги каби нерв тизими билан боғлиқ муаммолар
  • Қулоқларда шовқин, эшитишни ёмонлашиши, шу жумладан карлик (одатда қайтувчан)
  • Юрак ритмининг ноодатий тезлиги, ҳушдан кетиш (« Мофлакса® препаратини қўллашдан олдин Сиз нималарни билишингиз керак» бўлимига қаранг)
  • Юқори ёки паст артериал босим
  • Ютишда қийинчилик сезиш
  • Оғиз бўшлиғини яллиғланиши
  • Мушак спазмлари ёки қисқаришлари
  • Мушак заифлиги
  • Буйрак билан боғлиқ муаммолар (шу жумладан буйрак функциясининг мочевина ва креатинин каби махсус кўрсаткичлари даражасини ошиши), буйрак етишмовчилиги
  • Шиши (қўл панжаси, оёқ кафти, тўпиқлар, лаблар, оғиз ёки томоқ соҳасида).

Жуда кам ҳолларда учрайдиган ножўя таъсирлар: 10000 одамдан 1 нафарида юзага келиши мумкин

  • Ҳаётга хавф солувчи жигар етишмовчилигига потенциал олиб келадиган жигарнинг оғир яллиғланиши (шу жумладан ўлим билан якунланувчи ҳоллар)
  • Ҳаётга потенциал хавф солувчи тери ва шиллиқ қаватларда ўзгаришлар (оғизда/бурунда ёки жинсий олатда/қинда оғриқли пўрсилдоқлар) мавжудлиги (Стивенс-Джонсон синдроми, токсик эпидермал некролиз)
  • Пайларнинг узилиши
  • Қон ивишининг ошиши, айрим типдаги лейкоцитлар сонининг сезиларли равишда пасайиши (агранулоцитоз)
  • Бегоналик ҳисси (ўзига ўхшамаслик)
  • Руҳий саломатликнинг бузилиши (ўз жонига қасд қилиш фикри ёки ўз жонига қасд қилишга уринишлар каби ўзига зарар келтиришга потенциал олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар)
  • Вақтинча кўриш қобилиятини йўқотилиши
  • Терининг юқори даражада сезувчанлиги
  • Юрак ритмининг бузилиши, юракнинг ҳаётга хавф соладиган номунтазам уриши, юракнинг тўхтатб қолиши («2. Мофлакса® препаратини қўллашдан олдин Сиз нималарни билишингиз керак» бўлимига қаранг)
  • Бўғимларнинг яллиғланиши
  • Мушакларнинг танглиги
  • Миастения гравис симптомларининг ёмонлашиши (заифликка ва жиддий фалажлик ҳолларига олиб келувчи мушакнинг патологик толиқиши).

Шунингдек бошқа хинолон антибиотиклари билан даволашдан кейин Мофлакса® препарати билан даволаш вақтида эҳтимол юзага келиши мумкин бўлган. Жуда кам ҳолларда учрайдиган қуйидаги ножўя самараларнинг ривожланиши ҳам қайд этилган:

  • Қонда натрий даражасини ошиши
  • Қонда кальций даражасини ошиши
  • Эритроцитлар сони пасайишининг махсус типи (гемолитик анемия)
  • Мушак ҳужайралари шикастланган ҳолда мушак реакциялари
  • Терининг қуёш нури ёки УБ нурига юқори сезувчанлиги.

 

  1. Мофлакса® қандай сақланади

Ушбу препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин.

Ушбу препарат блистерда ва картон қутида кўрсатилган яроқлилик муддати тугаганидан кейин қўлланилмасин. Яроқлилик муддати кўрсатилган ойнинг сўнгги кунига тўғри келади.

30°C дан юқори бўлмаган ҳароратда, намликдан ҳимоя қилинган жойда сақлансин.

Дори препаратларини оқова сувларга ёки маиший чиқиндилар билан бирга ташланмаслиги лозим. Сиз бошқа қўлламайдиган дори препаратларини қандай утилизация қилиш кераклигини фармациевтдан сўранг. Мазкур чоралар атроф-муҳитни ҳимоя қилишга ёрдам беради.

  1. Ўрам ичидагиси ва бошқа маълумот

Мофлакса® препарати таркибида нимани сақлайди

  • Фаол модда: моксифлоксацин.

       Плёнка қобиқ билан қопланган ҳар бир таблетка 400 мг моксифлоксацин (гидрохлориди кўринишида) сақлайди.

  • Ёрдамчи моддалар: микрокристалл целлюлоза, натрий кроскармеллоза ва магний стеарати таблетка ядросида ва гипромеллоза, макрогол, титан диоксиди (E171) ва темир оксиди қизил (E172) плёнка қобиқда.

 

 

Мофлакса® препарати қандай кўринишга эга ва ўрам ичидагиси

Плёнка қобиқ билан қопланган 400 мг ли Мофлакса® таблеткалари: капсуласимон, икки томонлама қавариқ, тўқ пушти рангли плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар.

5, 7 ёки 10 таблеткадан ОПА/Ал/ПВХ фольгали ва алюмин фольгали мажмуавий материалли блистерда.

1 ёки 2 блистер (5 таблеткадан блистер) ёки 1 ёки 2 блистер (7 таблеткадан блистер) ёки 1 блистер (10 таблеткадан блистер) илова-варақа билан бирга картон қутида.

 

Дорихоналардан бериш тартиби

Фақат шифокор рецепти бўйича.

ИМЕЮТСЯ ПРОТИВОКАЗАНИЯ. НЕОБХОДИМО ОЗНАКОМИТЬСЯ С ИНСТРУКЦИЕЙ
ПО ПРИМЕНЕНИЮ ИЛИ ПОЛУЧИТЬ КОНСУЛЬТАЦИЮ СПЕЦИАЛИСТА

Лекарственные средства, информация о которых представлена на сайте, могут иметь противопоказания к их применению и использованию. Перед использованием необходимо ознакомиться с инструкцией по применению или получить консультацию у специалистов.