📜 Инструкция по применению Флунол®
💊 Состав препарата Флунол®
✅ Применение препарата Флунол®
📅 Условия хранения Флунол®
⏳ Срок годности Флунол®

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

ФЛУНОЛ®

FLUNOLUM

 

Препаратнинг савдо номи: Флунол® 

Таъсир этувчи модда (ХПН): Флуконазол

Дори шакли: Капсулалар  

Таркиби: 

Фаол модда: Флуконазол 50 мг ёки 150 мг.

Ёрдамчи моддалар: сувсиз лактоза, маккажўхори крахмали, аэросил, магний стеарати, натрий лаурилсульфати.

Таърифи:

50 мг – оқ/кўк рангли, оқ кукун сақловчи, №3 қаттиқ желатинли капсулалар.

150 мг – оқ/пушти рангли, оқ кукун сақловчи, №1 қаттиқ желатинли капсулалар.

Фармакотерапевтик гуруҳи: Замбуруғларга қарши восита.

АТХ коди: J02AC01

 

Фармакологик хусусиятлари

Препарат триазол унумлари гуруҳига мансуб. Замбуруғларга қарши таъсир механизми, цитохроми Р450 га боғлиқ бўлган замбуруғ ферментлари синтезини юқори танлаб ингибиция қилиши билан боғлиқ бўлиб, бу ўз навбатида ҳужайра томонидан стероллар синтезини камайишига олиб келиши ва натижада хужайра деворини ўтказувчанлиги бузилишига олиб келади. 

Антиандроген фаолликка эга эмас.

Оппортунистик микозларда, шу жумладан Candida spp. чақирган (шу жумладан иммунодепрессия фонидаги кандидознинг ёйилган шакллари), Cryptococcus neoformans ва Coccidioides immitis (шу жумладан бош мия ички инфекциялари), Micosporum spp. ва Trichophyton spp.; Blastomyces dermatidis, Histoplasma capsulatum чақирган эндемик микозларда (шу жумладан иммунодепрессиядаги) фаолдир.

 

Фармакокинетикаси

Оғиз орқали қабул қилинганда меъда-ичак йўлларидан яхши сўрилади (кабул қилинган дозанинг 90% гача). Овқат билан бирга қабул қилиш сўрилиш миқдорига таъсир қилмайди. Қабул қилингандан 0,5-1,5 соат ўтганидан сўнг плазмадаги концентрациясининг энг юқори чўққисига эришилади, плазмадан ярим чиқарилиш даври (Т1/2) тахминан 30 соатни ташкил қилади. Қондаги концентрациясининг катталиги қабул қилинган препаратнинг миқдорига бевосита боғлиқ. Препарат 3-5 кун қабул қилингандан сўнг қон плазмасида миқдорини турғунлигига эришилади ва доим қабул қилинганда, бир йилдан кейин ҳам тахминан шу миқдорда қолади. Плазма оқсиллари билан кам даражада боғланиши (11-12%) ва гидрофил хусусиятлари препаратни организмда тез ва бир текис тақсимланишини таъминлайди. Сўлак ва балғамдаги концентрацияси унинг плазмадаги миқдори кабидир, орқа мия суюқлигидаги концентрацияси плазмадаги миқдорининг 80% ни ташкил қилади. Терининг шох қавати, эпидермис, дерма ва тер суюқлигидаги концентрацияси плазмадагидан ортиқ бўлади. Препаратнинг метаболитлари периферик қонда топилмаган. Асосан буйрак орқали (тахминан 80% ўзгармаган холда) чиқарилади. Клиренси креатинин клиренси (КК) билан пропорционалдир.

Қўлланилиши

  • Cryptococcus замбуруғлари томонидан чақирилган тизимли шикастланишлар, шу жумладан, менингит, сепсис, ўпка ва тери инфекциялари, нормал иммун жавоби бўлган беморларда ҳам, иммунодепрессиянинг турли шаклларида ҳам (шу жумладан ОИТС бўлган беморларда, аъзолар кўчириб ўтказилган реципиентлар); ОИТС бўлган беморларда криптококкли инфекцияни олдини олиш мақсадидаги бир маромда ушлаб турувчи даволаш.
  • Ёйилган кандидоз: кандидемия, диссеминацияланган кандидоз (кўзлар, эндокард, қорин бўшлиғи аъзолари, нафас аъзолари ва сийдик-жинсий аъзоларининг шикастланиши билан).
  • Даволаш цитотоксик ёки иммунодепрессив даволаш курси олаётган хавфли ўсмалари бўлган беморларда, шунингдек уларни ривожланишига мойиллик қилувчи бошқа омиллар бўлганида ҳам ўтказилиши мумкин – даволаш ва олдини олишда.
  • Шиллиқ қаватларнинг кандидози: оғиз бўшлиғи, томоқ, қизилўнгач, ноинвазив бронх-ўпка кандидозлари, кандидурия, тери-шиллиқ қавати ва сурункали перорал атрофик кандидоз (тиш протезларини тақиш билан боғлиқ бўлган).
  • Генитал кандидоз: вагинал (ўткир ва қайталанувчи). Кандидоз баланит. Вагинал кандидозни қайталанишлари тез-тезлигини (йилига уч ва кўпроқ эпизодлар) камайтириш мақсадида профилактик қўллаш.
  • Хавфли ўсмалари бўлган беморларда химио- ва нурли даволаш фонида замбуруғли инфекцияларни олдини олиш; ОИТС бўлган беморларда орофарингеал кандидознинг қайталанишларини олдини олиш.
  • Тери микозлари: оёқ панжалари, тана, чов соҳаси, онихомикоз, кепаксимон темиратки, терининг кандидозли инфекциялари.
  • Иммунитети нормал бўлган беморлардаги чуқур эндемик микозлар (кокцидиомикоз, паракокцидиомикоз, споротрихоз ва гистоплазмоз) да қўлланади.

 

Қўллаш усули ва дозалари

Ичга. Капсулалар чайналмайди, сув ёки бошқа суюқлик билан бирга ичилади. Доза инфекциянинг оғирлиги ва қўзғатувчининг табиатига қараб, шахсий равишда белгиланади. 

Катталарга криптококкли менингитда ва бошқа локализацияли криптококкли инфекцияларда биринчи кун одатда 400 мг буюрилади, сўнгра эса даволаш суткада 1 марта 200 мг – 400 мг дозада давом эттирилади. Криптококкли инфекцияларда даволаш давомийлиги микологик текшириш билан тасдиқланган клиник самарадорликка боғлиқ; криптококкли менингитда у одатда камида 6-8 ҳафта давом эттирилади.

ОИТС бўлган беморларда криптококкли менингитни қайталанишини олдини олиш учун, бирламчи даволаш курси тўлиқ якунланганидан кейин, флуконазол суткада 200 мг дозада узоқ вақт даври давомида буюрилади.

Кандидемия, диссеминацияланган кандидоз ва бошқа инвазив кандидозли инфекцияларда одатдаги доза биринчи суткада 400 мг ни ташкил қилади, сўнгра эса – 200 мг дан. Етарли клиник самарадорлик бўлмаганида препаратнинг дозаси суткада 400 мг гача оширилиши мумкин. Даволаш давомийлиги клиник самарадорликка боғлиқ.

Орофаренгиал кандидозда препарат одатда 50-100 мг дан суткада 1 марта буюрилади; даволаш давомийлиги – 7-14 кун. Зарурати бўлганида, иммунитетни яққол пасайиши бўлган беморларда даволаш давомлироқ бўлиши мумкин. ОИТС бўлган беморларда орофаренгиал кандидознинг қайталанишларини олдини олиш учун, бирламчи тўлиқ даволаш курси якунланганидан кейин, препарат 150 мг дан ҳафтада 1 марта буюрилиши мумкин.

Тиш протезларини тақиш билан боғлиқ бўлган оғиз бўшлиғининг атрофик кандидозида, флуконазол одатда 50 мг дан суткада 1 марта протезга ишлов бериш учун маҳаллий антисептик воситалар билан бирга буюрилади.

Кандидознинг бошқа локализацияларида (генитал кандидоздан ташқари), масалан эзофагитда, ноинвазив бронх-ўпка шикастланишида, кандидурияда, тери ва шиллиқ қаватларнинг кандидозида ва х.к., самарали доза одатда даволашни 14-30 кун давомийлигида суткада 50-100 мг ни ташкил қилади.

Вагинал кандидозда флуконазол бир марта ичга 150 мг дозада қабул қилинади. Вагинал кандидознинг қайталанишлари тез-тезлигини пасайтириш учун препарат 150 мг дозада ойда 1 марта ишлатилиши мумкин. Даволаш давомийлиги шахсий равишда белгиланади; у 4 дан 12 ойгача ўзгаради. Айрим беморларга тез-тезроқ қўллаш талаб қилиниши мумкин.

Candida spp. чақирган баланитда, флуконазол ичга бир марта 150 мг дозада буюрилади.

Кандидозни олдини олиш учун замбуруғли инфекцияни ривожланиш хавфини даражасига қараб, флуконазолнинг тавсия этиладиган дозаси суткада 1 марта 50-400 мг ни ташкил қилади. Тарқалган инфекциянинг юқори хавфи бўлганида, масалан кутилаётган яққол ёки узоқ муддат сақланаётган нейтропенияли беморларда, тавсия этилган доза суткада 1 марта 400 мг ни ташкил қилади. Флуконазол кутилаётган нейтропениядан бир неча кун олдин; нейтрофиллар сони 1000/мм3 дан кўпроққа ошганидан кейин яна 7 сутка давомида буюрилади.

Тери микозларида, шу жумладан, оёқ панжалари, чов соҳасининг териси микозлари ва терининг кандидозларида  тавсия этиладиган доза 150 мг ҳафтада 1 марта ёки 50 мг суткада 1 мартани ташкил қилади. Даволаш давомийлиги одатдаги холларда 2-4 ҳафтани ташкил қилади, лекин оёқ панжаларининг микозларида давомлироқ (6 ҳафтагача) даволаш талаб қилиниши мумкин.

Кепаксимон темираткида – 300 мг ҳафтада 1 марта 2 ҳафта давомида, айрим беморларга ҳафтада 300 мг учинчи доза талаб қилиниши мумкин, шу вақтнинг ўзида бир қисм ҳолларда 300 мг – 400 мг бир марта қабул қилиш етарли бўлади; даволашнинг муқобил тартиби 50 мг дан кунига 1 марта 2-4 ҳафта давомида қўллаш ҳисобланади.

Онихомикозда тавсия қилинган доза 150 мг ҳафтада 1 мартани ташкил қилади. Даволашни инфекцияланган тирноқ алмашгунича (инфекцияланмаган тирноқ ўсиб чиқкунича) давом эттириш керак.  Қўллар ва оёқ панжаси бармоқларида тирноқларни такрорий ўсиши учун мувофиқ 3-6 ойлар ва 6-12 ойлар талаб қилинади. Лекин ўсиш тезлиги турли одамларда, шунингдек ёшга қараб кенг чегараларда ўзгариши мумкин.

Чуқур эндемик микозларда препаратни суткада 200-400 мг дозада 2 йилгача қўллаш талаб қилиниши мумкин. Даволаш давомийлиги шахсий равишда белгиланади; кокцидиомикозда у 11-24 ойларни; паракокцидиомикозда 2-17 ойларни; споротрихозда 1-16 ойларни ва гистоплазмозда 3-17 ойларни ташкил қилиши мумкин.

Болаларда катталардаги ўхшаш инфекцияларда бўлгани каби, даволаш давомийлиги клиник ва микологик самарага боғлиқ. Болаларда препаратни катталардагидан, яъни суткада 400 мг дан кўп бўлмаган юқори суткалик дозаларда қўллаш мумкин эмас. Препарат ҳар куни суткада 1 марта қўлланади.

Қизилўнгач кандидозида болаларда флуконазол бир марта 3 мг/кг суткалик дозада, қуйидаги ўртача дозаларда буюрилади: 3-6 ёшда (тана вазни 15-20 кг) – 50 мг; 7-9 ёшда (тана вазни 21-29 кг) – 50-100 мг; 10-12 ёшда (тана вазни 30-40 кг) – 100-150 мг; 12-15 ёшда (тана вазни 40-50 кг) – 100-150 мг. Даволаш давомийлиги – камида 3 ҳафта ва симптомлар регресиясидан кейин яна 2 ҳафта давомида.

Шиллиқ қаватларнинг кандидозида болаларда флуконазол бир марта 3 мг/кг суткалик дозада, қуйидаги ўртача дозаларда буюрилади: 3-6 ёшда (тана вазни 15-20 кг) – 1-нчи куни 100-150 мг, кейин – 50 мг дан; 7-9 ёшда (тана вазни 21-29 кг) – 1-нчи куни -100-200 мг, кейин – 100 мг дан; 10-12 ёшда (тана вазни 30-40 кг) – 1-нчи куни – 100-150 мг, кейин – 100 мг дан; 12-15 ёшда (тана вазни 40-50 кг) – 1-нчи куни – 250-300 мг, кейин – 100-150 мг дан. Даволаш давомийлиги – камида 3 ҳафта.

Ёйилган кандидозда ва криптококкли инфекцияда (шу жумладан менингитда) болаларда флуконазол бир марта 6-12 мг/кг суткалик дозада, қуйидаги ўртача дозаларда буюрилади: 3-6 ёшда (тана вазни 15-20 кг) – 100-250 мг; 7-9 ёшда (тана вазни 21-29 кг) – 100-300 мг; 10-12 ёшда (тана вазни 30-40 кг) – 200-350 мг; 12-15 ёшда (тана вазни 40-50 кг) – 250-400 мг. Даволаш давомийлиги – 10-12 ҳафта давомида (ликворда қўзғатувчиларнинг йўқлиги лабораторияда тасдиқланмагунича) давом этади.

Иммунитети пасайган болаларда замбуруғли инфекцияларни олдини олиш учун, уларда инфекцияни ривожланиш хавфи цитотоксик химиотерапия ёки нур билан даволаш натижасида ривожланаётган нейтропения билан боғлиқ, флуконазол индукцияланган нейтропениянинг яққоллиги ва сақланишини давомийлигига қараб, қуйидаги ўртача дозаларда буюрилади: 3-6 ёшда (тана вазни 15-20 кг) – 50-250 мг; 7-9 ёшда (тана вазни 21-29 кг) – 50-300 мг; 10-12 ёшда (тана вазни 30-40 кг) – 100-350 мг; 12-15 ёшда (тана вазни 40-50 кг) – 100-400 мг. Даволаш давомийлиги – индукцияланган нейтропения бартараф қилингунича давом этади.

Буйрак фаолиятини бузилишлари бўлган болаларда препаратнинг суткалик дозасини, буйрак етишмовчилигининг яққоллик даражасига мувофиқ камайтириш керак (катталардаги каби пропорционал боғлиқликда).

Кекса ёшли беморларда буйрак фаолиятини бузилишлари бўлмаганида, препаратни дозалашни одатдаги тартибига амал қилиш керак. Буйрак етишмовчилиги (креатинин клиренси минутига 50 мл дан кам) бўлган беморларда, дозалаш тартибини қуйида кўрсатилгандек тўғрилаш керак.

Буйрак фаолиятини бузилиши бўлган беморларда препаратни қўллаш. Флуконазол асосан сийдик билан ўзгармаган ҳолда чиқарилади. У бир марта қабул қилинганида дозани ўзгартириш талаб қилинмайди. Буйрак фаолияти бузилган беморларга препарат такрор буюрилганида, дастлаб 50 мг дан 400 мг гача бўлган “зарб” дозани юбориш керак. Агар креатинин клиренси (КК) минутига 50 мл ни ташкил қилса, препаратнинг одатдаги дозаси (тавсия этилган дозанинг 100%) суткада бир марта қўлланади. КК минутига 11 дан 50 мл гача бўлса, тавсия этилган дозанинг 50% га тенг дозаси қўлланади. Мунтазам диализда бўлган беморларда препаратнинг бир дозаси ҳар бир гемодиализ сеансидан кейин қўлланади.

 

Ножўя таъсирлари

Препарат одатда жуда яхши ўзлаштирилади. Айрим ҳолларда қуйидагилар кузатилиши мумкин: 

Овқат ҳазм қилиш тизими томонидан: таъмни ўзгариши, қусиш, кўнгил айниши, диарея, метеоризм, қорин оғриғи, жигар фаолиятини бузилиши (сариқлик, гипербилирубинемия, аланинаминотрансфераза, аспартатаминотрансфераза, ишқорий фосфатаза фаоллигини ошиши, гепатит, гепатоцеллюляр некроз), шу жумладан ўлим билан якунланувчи.

Нерв тизими томонидан: бош оғриғи, бош айланиши, тиришишлар.

Юрак-қон томир тизими томонидан: QT интервали давомийлигини ошиши, юрак қоринчаларини хилпиллаши/титраши.

Қон яратиш аъзолари томонидан: лейкопения, тромбоцитопения, нейтропения, агранулоцитоз.

Аллергик реакциялар: тери тошмаси, кўп шаклли экссудатив эритема (шу жумладан Стивенс-Джонсон синдроми), токсик эпидермал некролиз (Лайелл синдроми), анафилактоид реакциялар (шу жумладан ангионевротик шиш, юзнинг шиши, эшакеми, терини қичишиши).

Бошқалар: буйрак фаолиятини бузилиши, алопеция, гиперхолестеринемия, гипертриглицеридемия, гипокалиемия. 

 

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Ҳомиладорлик, лактация (даволаш зарурати туғилган ҳолларда эмизиш тўхтатилади), 1 ёшгача бўлган болалар, терфенадинни бир вақтда қабул қилиш, препаратга ёки азол структурасига яқин бўлган бирикмаларга бўлган юқори сезувчанликда қўллаш мумкин эмас.

 

Дориларнинг ўзаро таъсири

Кумарин антикоагулянтлари билан бир вақтда қўлланганида протромбин вақтини узайтиради; перорал гипогликемик воситалар – сульфонилмочевина ҳосилалари билан – уларнинг Т1/2 ошиши натижасида гипогликемия ривожланишининг хавфи ошади; рифампицин билан – туберкулёзга қарши препаратни организмдан чиқарилиш тезлашади, бу унинг дозасини оширишни талаб қилади; терфенадин билан-терфенадинни организмдан чиқарилиши секинлашади, бу ножўя таъсирлари (ҳатто хавфли) ривожланиш имкониятини яратиши мумкин; фенитоин билан – плазмада фенитоин миқдори ошади ва унинг таъсири кучаяди, бу дозани коррекция қилишни талаб қилиши мумкин; циклоспорин билан – плазмада циклоспорин миқдорини ортиши мумкин. Препарат цизапирид, астемизол, рифабутин, такролимус ва бошқа Р450 цитохром тизими иштирокида метаболизмга учрайдиган препаратлар билан бирга қўлланилганда эҳтиёткорлик чораларини кўриш керак.

 

Махсус кўрсатмалар

Жигар фаолияти яққол бузилган беморларда эҳтиёткорлик билан қўлланилади, унинг фаолиятини янада ёмонлашув белгилари пайдо бўлса препаратни тўхтатиш керак. Даволаш бошида жигар фаолияти меъёрида бўлган беморларда, жигарни шикастланиш белгилари пайдо бўлганда ҳам шундай йўл тутиш керак. Буйрак фаолияти бузилган беморларда препарат бир марта қўлланганда дозани тўғирлаш талаб қилинмайди. Қайта қўлланганда КК қараб мўлжалланади. Агар КК 50 мл/минутдан кўп бўлса, дозани тўғирлаш керак бўлмайди; КК 11 дан 20 мл/минутгача бўлганда одатдаги дозани 33% қабул қилинади 72 соат интервали билан; КК 21 дан 40 мл/минут ўтгача бўлганда одатдаги дозани ярми қабул қилинади, 48 соат интервали билан. Диализда бўлган беморларда, ҳар бир сеанс диализдан сўнг бир доза қабул қилинади. Инвазив/тизимли замбуруғ инфекцияси бўлган беморларда тошмалар пайдо бўлганида, уларни синчковлик билан кузатиш ва буллёз ўзгаришлар ёки кўп шаклли эритемалар пайдо бўлса препаратни тўхтатиш керак. Даволашни экишга намуна олишдан олдин бошлаш мумкин, лекин натижалари маълум бўлгач, уни албатта тўғирлаш керак.

Препарат болалар олаолмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтганидан кейин ишлатилмасин.

 

Дозанинг ошириб юборилиши

Симптомлари: кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши, оғир ҳолатларда  — тиришишлар, галлюцинациялар, параноидал ҳолат. 

Даволаш: белгиларга мувофиқ (меъдани ювиш, тезлаштирилган диурез). Гемодиализ дастлабки 3 соат ичида плазмадаги флуконазол миқдорини  50% га камайтиради.

 

Чиқарилиш шакли

«Флунол® 50», капсулалар 50 мг дан, №7.

«Флунол® 150», капсулалар 150 мг дан, №1, №2.

 

Сақлаш шароити

Қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган жойда, 25°С юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

 

Яроқлилик муддати

4 йил.

 

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича – Флунол® 50 №7, Флунол® 150 №2.

Рецептсиз – Флунол® 150 №1.

ИМЕЮТСЯ ПРОТИВОКАЗАНИЯ. НЕОБХОДИМО ОЗНАКОМИТЬСЯ С ИНСТРУКЦИЕЙ
ПО ПРИМЕНЕНИЮ ИЛИ ПОЛУЧИТЬ КОНСУЛЬТАЦИЮ СПЕЦИАЛИСТА

Лекарственные средства, информация о которых представлена на сайте, могут иметь противопоказания к их применению и использованию. Перед использованием необходимо ознакомиться с инструкцией по применению или получить консультацию у специалистов.