📜 Инструкция по применению Зидеформ
💊 Состав препарата Зидеформ
✅ Применение препарата Зидеформ
📅 Условия хранения Зидеформ
⏳ Срок годности Зидеформ

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

ЗИДЕФОРМ

ZIDEFORM

 

Препаратнинг савдо номи: Зидеформ

Таъсир этувчи моддалар (ХПН): гликлазид, метформин

Дори шакли: таблеткалар

Таркиби:

1 таблетка қуйидагиларни сақлайди:

фаол моддалар: гликлазид – 40 мг, 80 мг; метформин гидрохлориди – 500 мг;

ёрдамчи моддалар: коллоид кремний диоксиди – 4,0/4,0 мг, магний стеарати – 8,0/8,0 мг, повидон К30 – 24,0/24,0 мг, полисорбат 80 – 1,5/1,5 мг, микрокристалл целлюлоза – 222,5/182,5 мг.

Таърифи: капсуласимон шаклли, бир томонидан Z 40 ёки Z80 белгиси босиб туширилган ва бошқа томонида рискали, оқ ёки деярли оқ рангли таблеткалар.

Фармакотерапевтик гуруҳи: перорал қўллаш учун гипогликемик восита (II авлод сульфонилмочевина ҳосилалари + бигуанид).

АТХ коди: А10BD02

Фармакологик хусусиятлари

Фармакодинамикаси

Гликлазид сульфонилмочевина ҳосиласи бўлиб, эндоциклик боғли N сақловчи гетероциклик ҳалқа сақловчи шунга ўхшаш препаратлардан фарқ қилувчи гипогликемик перорал препаратдир.

Гликлазид Лангерганс оролчаларидаги β-хужайралар томонидан инсулин секрециясини рағбатлантириб, қонда глюкоза концентрациясини пасайтиради. 2 йил даволагандан кейин кўпчилик пациентларда препаратга кўникиш ривожланмайди (постпрандиал инсулин концентрациясини ошиши ва С-пептид секрецияси сақланиб қолади).

Қандли диабетнинг 2 типида препарат глюкозани тушишига жавобан инсулин секрециясининг эрта чўққисини тиклайди ва инсулин секрециясининг иккинчи фазасини кучайтиради. Овқат қабул қилиш ва глюкозани юбориш билан боғлиқ рағбатлантиришга инсулин секрециясини аҳамиятли ошиши кузатилади.

Гликлазид яққол экстрапанкреатик таъсирга эга, яъни периферик тўқималарни инсулинга сезгирлигини оширади.

Мушак тўқимасида периферик тўқималарнинг инсулинга сезгирлигини яхшиланиши билан боғлиқ бўлган глюкозани ўзлаштирилишига инсулиннинг таъсири сезиларли даражада ошади (+35%), бу қандли диабетни назорат қилишни имкониятини аҳамиятли даражада яхшилайди. Гликлазиднинг ушбу самараси асосан инсулиннинг мушак гликогенсинтазасига таъсирига олиб келади ва глюкозага нисбатан GLUT4 посттранскрипцион ўзгаришларини чақиради. Гликлазид жигарда глюкоза ҳосил бўлишини камайтиради, шу орқали оч қоринга қондаги глюкозанинг концентрациясини пасайтиради.

Углевод алмашинувига таъсиридан ташқари гликлазид микроциркуляцияни яхшилайди. Қандли диабетда асоратлар ривожланишига олиб келиши мумкин бўлган иккита механизмлар: тромбоцитлар агрегацияси ва адгезиясини ингибиция қилиш ва тромбоцитларни фаоллаштирувчи факторлар (бета-тромбоглобулин, тромбоксан В2) концентрациясини камайиши, шунингдек қон томир эндотелийсининг фибринолитик фаоллигини тикланиши ва плазминогенни тўқима активатори фаоллигини ошишига таъсир кўрсатиб, майда қон томирлар тромбози хавфини камайтиради.

Гликлазид антиоксидант хусусиятларга эга: плазмада липид пероксидлари концентрациясини камайтиради, эритроцитар супероксиддисмутаза фаоллигини оширади.

Метформин жигарда глюконеогенезни сусайтиради, глюкозани меъда-ичак йўлларидан сўрилишини камайтиради ва уни тўқималарда утилизациясини оширади; қон зардобида триглицеридлар ва холестерин даражасини камайтиради. Инсулинни рецепторлар боғланишини оширади (қонда инсулин бўлмаганида терапевтик самараси намоён бўлмайди). Гипогликемик реакциялар чақирмайди.

Фармакокинетикаси

Гликлазид. Ичга қабул қилингандан кейин меъда-ичак йўлларида тез сўрилади. Сўрилиши – юқори. 80 мг перорал қабул қилингандан кейин қондаги максимал концентрациясига (2,2-8 мкг/мл) тахминан 4 соатдан кейин, 40 мг қабул қилингандан кейин қондаги максимал концентрациясига (2-3 мкг/мл) – 2-3 соатдан кейин эришилади. Плазма оқсиллари билан боғланиши – 85-97%, тақсимланиш ҳажми – 0,35 л/кг. Қондаги мувозанат концентрациясига 2 суткадан кейин эришилади. Жигарда метаболизмга учрайди, бунда 8 метаболитлар ҳосил бўлади. Қонда учрайдиган асосий метаболитларнинг миқдори қабул қилинган препаратнинг умумий миқдорининг 2-3% ни ташкил қилади, у гипогликемик таъсир кўрсатмайди, лекин микроциркуляцияни яхшилайди. Буйраклар орқали чиқарилади – 70% метаболитлари кўринишида, 1% дан камроғи ўзгармаган кўринишда; ичак орқали – 12% метаболитлари кўринишида чиқарилади.

Ярим чиқарилиш даври 8-20 соатни ташкил қилади.

Кекса ёшдаги шахсларда фармакокинетик кўрсаткичларни клиник аҳамиятли ўзгаришлари кузатилмайди.

Метформин қабул қилингандан кейин меъда-ичак йўлларидан (МИЙ) деярли тўлиқ сўрилади, Сmax га 2,5 соат давомида эришилади. Мутлоқ биокираолишлиги 50% дан 60% гачани ташкил қилади. Овқат билан бирга қабул қилинганда метформинни сўрилиши секинлашади ва тутилади.

Метформин тўқималарда тез тақсимланади, плазма оқсиллари билан деярли боғланмайди. Жуда суст даражада метаболизмга учрайди ва буйраклар орқали чиқарилади. Метформиннинг тахминан 20-30% ўзгармаган кўринишда ичак орқали чиқарилади. Т1/2 тахминан 6,5 соатни ташкил қилади.

Қўлланилиши

Катталарда қандли диабетнинг 2 типи:

  • диетотерапия, жисмоний машқлар ва аввалги метформин ёки гликлазид билан даволаш самарасизлигида;
  • гликемия даражаси барқарор ва яхши назоратланган беморларда иккила препаратлар (метформин ва гликлазид) билан аввалги даволашни алмаштириш учун қўлланади.

Қўллаш усули ва дозалари

Препарат ичга қабул қилинади. Катталар учун суткалик доза овқатланиш вақтида 1-2 таблетка кунига 1-2 мартани ташкил этади. Максимал суткалик дозаси 4 таблеткани ташкил қилади.

Даволаш давомийлиги шифокор томонидан индивидуал равишда белгиланади.

Ножўя таъсирлари

Гликлазид билан боғлиқ:

Гипогликемия (дозалаш тартиби бузилганда ва ноадекват парҳезда): бош оғриғи, юқори толиқиш, очлик ҳисси, кўп терлаш, тўсатдан ҳолсизлик, юрак уриб кетиши ҳисси, аритмия, артериал босимни ошиши, уйқучанлик, уйқусизлик, ажитация, тажавузкорлик, ҳавотирлик, таъсирчанлик, диққатсизлик, диққатни жамлайолмаслик ва реакцияни секинлашиши, депрессия, кўришни бузилиши, афазия, тремор, парезлар, сенсор бузилишлар, бош айланиши, нажотсизлик ҳисси. Гипогликемия авж олганда бемор ўзини назорат қилишини йўқолиши, делирий, тиришишлар, юзаки нафас, брадикардия, ҳушдан кетиш, кома.

Овқат ҳазм қилиш тизими томонидан: кўнгил айниши, қусиш, диарея, абдоминал оғриқ, қабзият (овқатланиш вақтида қабул қилганда бу симптомларни яққоллиги камаяди); кам ҳолларда – жигар функциясини бузилиши (гепатит, холестатик сариқлик – препаратни бекор қилишни талаб этади, “жигар” трансаминазалари, ишқорий фосфотаза фаоллигини ошиши).

Қон яратиш тизими томонидан: суяк кўмигида қон яратишни сусайиши (анемия, тромбоцитопения, лейкопения, гранулоцитопения).

Аллергик реакциялар: тери қичишиши, эшакеми, тери тошмаси, (шу жумладан макулопапулёз ва буллёз), эритема.

Бошқалар: кўришни бузилиши.

Сульфонилмочевина ҳосилаларининг умумий ножўя самаралари: эритропения, агранулоцитоз, гемолитик анемия, панцитопения, аллергик васкулит; хаётга хавф солувчи жигар етишмовчилиги, гипонатриемия.

Метформин билан боғлиқ:

Марказий нерв тизими томонидан: таъм билишни бузилиши (оғизда “металл” таъми).

Овқат ҳазм қилиш тизими томонидан: кўнгил айниши, қусиш, диарея, қоринда оғриқ ва иштаҳани йўқлиги.

Даволашни бошланғич даврида ножўя самараларни ривожланиш эҳтимоли юқори ва кўпгина ҳолларда ўз-ўзидан ўтиб кетади. Дозани аста-секин ошириш меъда-ичак йўллари томонидан ўзлаштиришни яхшилаши мумкин.

Гепато-билиар тизим томонидан: жигар кўрсаткичлаир томонидан бузилишлар, гепатит. Метформин бекор қилингандан кейин нохуш кўринишлар одатда тўлиқ ўтиб кетади.

Аллергик реакциялар: жуда кам ҳолларда – эритема, тери қичишиши, тошма, эшакеми.

Моддалар алмашинуви томонидан: жуда кам ҳолларда – лактоацидоз (препаратни бекор қилишни талаб этади).

Бошқалар: жуда кам ҳолларда – узоқ вақт қўллаганда В12 гиповитаминози (шу жумладан мегалобласт анемия) ва фолат кислотаси етишмовчилиги (сўрилишни бузилиши) ривожланади.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

  • гликлазид, метформин ёки препаратнинг ёрдамчи моддаларидан биронтасига, сульфонилмочевинанинг бошқа ҳосилаларига, сульфаниламидларга юқори сезувчанлик;
  • қандли диабетнинг 1 типи;
  • диабетик кетоацидоз, диабетик прекома, диабетик кома;
  • миконазолни қабул қилиш;
  • ҳомиладорлик ва лактация даври;
  • 18 ёшгача бўлган болалар.
  • буйрак етишмовчилиги ёки буйрак функциясини бузилиши (креатинин клиренси (КК) минутига 60 мл дан кам);
  • буйрак функциясини булишини ривожланиши хавфи билан кечувчи ўткир ҳолатлар:
  • дегидратация (диареяда, қусишда), иситма, оғир инфекцион касалликлар,
  • гипоксия ҳолатлари (шок, сепсис, буйрак инфекциялари, бронх-ўпка касалликлари);
  • тўқима гипоксияси ривожланишига олиб келиши мумкин бўлган ўткир ва сурункали касалликларнинг клиник жиҳатдан яққол намоён бўлиши (шу жумладан, юрак ёки нафас етишмовчилиги, ўткир миокард инфаркти);
  • инсулинотерапия ўтказилиши кўрсатилган катта жаррохлик операциялари ва жароҳатлар (“Махсус кўрсатмалар” бўлимига қаранг);
  • жигар етишмовчилиги, жигар функциясини бузилиши;
  • сурункали алкоголизм, алкоголь билан ўткир заҳарланиш;
  • лактоацидоз (шу жумладан анамнезда);
  • йод сақловчи контраст модда юбориш билан радиоизотоп ёки рентгенологик текширувлардан олдин камида 48 соат олдин ва текширувлардан кейин 48 соат давомида қабул қилиш (“Дориларнинг ўзаро таъсири” бўлимига қаранг);
  • умумий наркоз, орқа мия ёки перидурал анестезия остида жаррохлик операцияларидан 48 соат олдин ва ўтказилгандан кейинги 48 соат давомидаги давр;
  • гипокалория парҳезга (суткада 1000 ккал дан кам) риоя қилганда қўллаш мумкин эмас.

Препаратни фенилбутазон ёки даназол билан бир вақтда мажмуада қўллаш тавсия этилмайди.

Кексалар, номунтазам ва/ёки мувофиқлаштирилмаган овқатланиш, юрак-қон томир тизимининг оғир касалликлари (шу жумладан ЮИК, атеросклероз), гипотиреоз, буйрак усти бези ёки гипофизар етишмовчилик, гипопитуитаризм, буйрак ва/ёки жигар етишмовчилиги, глюкокортикостероид (ГКС) лар билан узоқ вақт даволаш, глюкозо-6-фосфатдегидрогеназа етишмовчилигида эҳтиёткорлик билан қўлланади.

Дориларнинг ўзаро таъсири

  • Гликлазиднинг таъсирини кучайтирувчи препаратлар (гипогликемия ривожланиши хавфини ошиши)

Қўллаш мумкин бўлмаган мажмуалар

Миконазол (тизимли юбориш): гликлазиднинг гипогликемик таъсирини кучайтради (ҳатто коматоз ҳолатгача гипогликемия ривожланиши мумкин).

Тавсия этилмайдиган мажмуалар

Фенилбутазон (тизимли юбориш) сульфонилмочевина ҳосилаларининг гипогликемик самарасини кучайтиради (уларни плазма оқсиллари билан боғидан сиқиб чиқаради ва/ёки уларни организмдан чиқарилишини секинлаштиради).

Яллиғланишга қарши бошқа препаратни қўллаган афзал.

Алкоголь: компенсатор реакцияларни ингибиция қилиб, гипогликемияни кучайтиради, гипогликемик кома ривожланишига олиб келиши мумкин.

Алкоголни истеъмол қилиш ва таркибига алкоголь кирувчи дори воситаларини қабул қилишдан воз кечиш керак.

Алоҳида эҳтиёткорликларни талаб этувчи мажмуалар

Бета-адреноблокаторлар: Барча бета-адреноблокаторларнинг таъсири юрак уриб кетиши ва тахикардия каби гипогликемиянинг айрим симптомларни ниқоблайди. Кўпгина носелектив бета-адреноблокаторлар гипогликемия юзага келиши тез-тезлиги ва яққоллигини оширади.

Флуконазол: Сульфонилмочевина ҳосилаларининг ярим чиқарилиш даври давомийлигини узайтиради ва гипогликемия ривожланиши хавфини оширади.

Ангиотензинга айлантирувчи фермент (ААФ) ингибиторлари (масалан, каптоприл, эналаприл): ААФ ингибиторларини қабул қилиш қандли диабети бўлган беморларда сульфонилмочевина ҳосилаларининг гипогликемик самарасини чуқурлаштириши мумкин. Гипогликемик реакциялар кам ҳолларда аниқланади. Ушбу самарани тушунтирувчи гипотезалардан бири глюкозага толерентликни яхшиланиши ва кейинчалик инсулинга эҳтиэжни пасайишини тахмин қилади.

Бошқа гипогликемик дори воситалари (инсулин, акарбоза, бигуанидлар), Н2-гистамин рецепторлари блокаторлари (циметидин), моноаминооксидаза ингибиторлари, сульфаниламидлар, кларитромицин ва ностероид яллиғланишга қарши препаратлар (НЯҚП) билан бир вақтда қабул қилинганда – гипогликемик самара ва гипогликемия хавфи кучаяди.

  • Гликлазиднинг таъсирини сусайтирувчи препаратлар:

Тавсия этилмайдиган мажмуалар

Диназол: диназолнинг диабетоген самараси кузатилади.

 

 

Алоҳида эҳтиёткорликларни талаб этувчи мажмуалар.

Хлорпромазин: юқори дозаларда (кунига 100 мг дан юқори) инсулин секрециясини пасайтириб, қонда глюкоза концентрациясини оширади.

Глюкокортикостероидлар (тизимли ва маҳаллий қўллаш: бўғим ичига, сиртга ва ректал юбориш) ва тетракозактид кетоацидоз ривожланиши эҳтимоли билан кечувчи қонда глюкоза концентрациясини оширади (глюкокортистероидлар томонидан глюкозага толерантликни пасайиши).

Прогестагенлар: простагенларнинг юқори дозаларининг диабетоген самараси кузатилади.

Β2-адреностимуляторлар – ритодрин, сальбутамол, тербуталин: (тизимли қўллаш): қонда глюкоза концентрациясини ошиши кузатилади. Қонда глюкозани назорат қилиш ва зарурати бўлганида – пациентни инсулин билан даволашга ўтказиш тавсия этилади.

Этанол лактоацидоз ривожланиши эҳтимолини оширади.

Метформин фуросемиднинг қондаги максимал концентрациясини (Сmax) ва Т1/2 ни мувофиқ равишда 31% ва 42,3% га камайтиради.

Фуросемид метформиннинг Сmax ни 22% га оширади.

Нифедипин метформиннинг сўрилиши, Сmax ни оширади, чиқарилишини секинлаштиради.

Каналчаларда секрецияланадиган катион дори воситалари (амилорид, дигоксин, морфин, прокаинамид, хинидин, хинин, ранитидин, триамтерен ва ванкомицин) тубуляр транспорт тизимлари учун рақобатлашади ва узоқ вақт даволаганда метформиннинг Сmax ни 60% га ошириши мумкин.

Йод сақловчи контраст моддалар: йод сақловчи контраст моддаларни вена ичига юбориш буйрак етишмовчилиги ривожланишига олиб келиши мумкин, бу ўз навбатида препаратни организмда тўпланиши ва лактоацидоз ривожланишига олиб келади.

Суяк кўмигида қон яратилишини сусайтирувчи дори воситалари билан бир вақтда қўллаганда миелосупрессия хавфи ошади.

Махсус кўрсатмалар

Сульфонилмочевина ҳосилалари, шу жумладан гликлазидни қабул қилганда гипогликемия ривожланиши мумкин, бунда айрим ҳолларда – госпитализацияни ва декстроза эритмасини вена ичига юборишни талаб этувчи оғир ва узоқ давом этувчи шаклди. Гипогликемия ривожланишидан сақланиш учун дозани синчковлик билан индивидуал равишда танлаш, шунингдек тавсия этилаётган даволаш ҳақида пациентга тўлиқ маълумот тақдим этиш керак. Айниқса кекса ёшдаги пациентлар, мувозанатланган овқат қабул қилмаётган шахслар, умумий ҳолати кучсизланган, шунингдек буйрак усти бези ёки гипофизар етишмовчилиги бўлган беморлар гипогликемик препаратларнинг таъсирига берилувчан бўлади. Пациентларни алкоголь, НЯҚП қабул қилганда, оч қолганда гипогликемия юзага келиши хавфи юқори эканлиги ҳақида огоҳлантириш керак.

Бета-адреноблокаторлар, клонидин, резерпин, гуанетидин гипогликемиянинг клиник кўринишларини ниқоблаши мумкин.

Баъзида кекса ёшдаги шахсларда гипогликемия ривожланганлигини аниқлаш қийин бўлади. Кекса ёшдаги пациентларда Зидеформ препарати буюрилганда қонда глюкоза концентрациясини синчковлик билан мониторингини ўтказиш керак. Препаратни буюриш аста-секин амалга оширилиши керак ва даволашнинг биринчи кунларида оч қоринга ва овқатлангандан кейин қонда глюкоза концентрациясини назорат қилиш керак.

Препарат фақат овқатланиши мунтазам бўлган пациентларгагина буюрилиши мумкин.

Углеводларни етарли даражада тушишини тутиб туриш жуда муҳим, чунки мунтазам овқатланмаганда ёки углеводларга бой бўлмаган овқат истеъмол қилганда гипогликемия ривожланиши хавфи ошади. Гипогликемия кўпинча паст калорияли парҳезда, давомли ва жадал жисмоний машқлардан кейин, алкоголь истеъмол қилгандан кейин ёки бир неча гипогликемик препаратларни бир вақтда қабул қилгандан кейин ривожланади.

Оғир буйрак ёки жигар етишмовчилиги гликлазидни организмда тақсимланишига таъсир кўрсатиши мумкин. Жигар етишмовчилиги ҳам глюконеогенезнинг жадаллигини пасайишига олиб келиши мумкин. Кўрсатилган самаралар гипогликемик ҳолатлар ривожланиши хавфини оширади.

Алкоголь қабул қилинган ҳолларда дисульфирамсимон синдром (қоринда оғриқ, кўнгил айниши, қусиш, бош оғриғи) ривожланиши мумкин.

Препарат билан даволаш даврида алкоголни истеъмол қилишдан сақланиш керак.

Қонда глюкоза концентрациясини етарли даражада назорат қилинмаслиги

Гипогликемик воситаларни қабул қилаётган пациентларда қонда глюкоза концентрациясини назорати қуйидаги ҳолатларда сусайиши мумкин: тана ҳароратини ошиши, жароҳатлар, инфекцион касалликлар ёки жаррохлик аралашувлари. Ушбу ҳолатларда Зидеформ препарати билан даволашни тўхтатиш ва инсулинотерапияни буюриш зарурати юзага келиши мумкин.

Айрим пациентларда бирон-бир перорал гипогликемик препаратларнинг самарадорлиги узоқ вақт даволагандан кейин пасайишга мойил. Ушбу самара касалликни авж олиши билан ёки препаратга жавобни пасайиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Бу феномен иккиламчи дорига резистентлик сифатида маълум, уни дори препаратини ҳатто биринчи марта буюрилганда кутилган самарани бермайдиган бирламчи дорига резистентликдан фарқлаш керак. Пациентда иккиламчи дорига резистентликни диагностика қилишдан олдин, дозанинг адекватлигини ва пациент томонидан буюрилган парҳезга риоя қилишини баҳолаш керак.

Лаборатор тестлар

Қонда глюкоза концентрациясини ва глюкоза молекуласи билан бириккан гемоглобинни мунтазам аниқлаш керак.

Буйрак ва жигар етишмовчилиги

Жигар ва/ёки оғир буйрак етишмовчилигида гликлазиднинг фармакокинетик ва/ёки фармакодинамик хусусиятлари ўзгариши мумкин. Бундай беморларда ривожланадиган гипогликемия ҳолатлари узоқ вақт давом этиши мумкин, бундай ҳолларда дарҳол тегишли даволашни ўтказиш керак.

Қусиш, қоринда оғриқ, мушак оғриқлари, умумий ҳолсизлик ва кучли лоҳаслик пайдо бўлган ҳолларда препаратни қабул қилишни тўхтатиш ва шифокорга мурожаат этиш зарурлиги ҳақида пациентларни огоҳлантириш керак. Ушбу симптомлар бошланаётган лактоацидознинг белгилари бўлиши мумкин.

Рентгенконтраст воситаларни қўллаш билан ўтказиладиган рентгенологик текширувларни (шу жумладан урография, вена ичига ангиография) ўтказишдан 48 соат олдин ва ўтказилгандан кейин 48 соат давомида Зидеформни бекор қилиш керак.

Умумий наркоз, орқа мия ёки перидурал анестезия билан ўтказилувчи жаррохлик аралашувларидан 48 соат олдин ва ўтказилгандан кейин 48 соат давомида Зидеформни бекор қилиш керак.

Метформин буйраклар орқали чиқарилганлиги туфайли, даволашин бошлашдан олдин ва кейинчалик мунтазам равишда креатинин концентрациясини аниқлаш керак; буйрак функциясини сақланган пациентларда йилига 1 марта; КК пасайган ва кекса ёшдаги пациентларда – йилига 2-4 марта.

Буйрак функциясини бузилишида, масалан антигипертензив препаратлар, диуретиклар, НЯҚП лар билан даволашни бошида алоҳида эҳтиёткорликка риоя қилиш керак.

Бронх-ўпка инфекциялари ёки сийдик-таносил аъзоларининг инфекцион касалликлари симптомлари пайдо бўлганда шифокорга хабар бериш зарурлиги ҳақида пациентларни огоҳлантириш керак.

Метформинни қабул қилганда В12 гиповитаминози сўрилишни бузилиши билан боғлиқ ва қайтувчан характерга эга. Метформин бекор қилинганда В12 гиповитаминозининг белгилари тез бартараф этилади.

Гликлазид мансуб бўлган сульфонилмочевина ҳосилалари билан даволаш гемолитик анемия ривожланишига олиб келиши мумкин, шунинг учун глюкозо-6-фосфатдегидрогеназа етишмовчилиги бўлган пациентларда препаратни буюрганда алоҳида эҳтиёткорликка риоя қилиш керак ва сульфонилмочевина ҳосиласи бўлмаган гипогликемик препаратларни қабул қилган афзал.

Даволаш даврида жигар функцияси ва периферик қон манзарасини (айниқса лейкоцитлар ва тромбоцитлар миқдорини) мунтазам назорат қилиш керак.

Стресс ҳолатларида (масалан жароҳатларда, жаррохлик аралашувларида, иситма билан кечувчи инфекцион касалликларда) пациентни вақтинча инсулинотерапияга ўтказиш зарурати юзага келиши мумкин.

Пациентлар учун маълумот

Пациентни ва унинг оила аъзларини гипогликемия ривожланиши хавфи, унинг симптомлари ва уни ривожланишига олиб келувчи шароитлар ҳақида огоҳлантириш керак. Шунингдек бирламчи ва иккиламчи дорига резистентлик нима эканлигини тушунтириш керак. Беморга тавсия этилаётган даволашнинг потенциал хавфи ва афзалликлари ҳақида хабар бериш, даволашнинг бошқа турлари ҳақида маълумот бериш керак. Беморга парҳезга риоя қилиш муҳимлиги ва кетма-кетлиги, мунтазам жисмоний машқлар ва қонда глюкоза концентрациясини назорат қилиниши зарурлигини тушунтириш керак.

Препаратни фенилбутазон ва диназол билан мажмуада қабул қилиш тавсия этилмайди (“Дориларнинг ўзаро таъсири” бўлимига қаранг).

Ҳомиладорлик ва эмизиш даврида қўлланиши

Препаратни ҳомиладорлик вақтида қўллаш тажрибаси йўқ.

Ҳомиладорлик вақтида сульфонилмочевинанинг бошқа ҳосилаларини ва метформинни қўллаш ҳақидаги маълумотлар чекланган.

Ҳомиладорлик режалаштирилганда, шунингдек Зидеформ препаратини қабул қилиш даврида ҳомиладорлик юз берганда, у бекор қилишини ва инсулин билан даволаш буюрилиши керак. Эмизиш даврида Зидеформни қўллаш мумкин эмас, чунки гликлазидни кўкрак сутига ўтиши ва неонатал гипогликемия ривожланиши хавфи ҳақида маълумотлар йўқ. Эмизиш даврида инсулинотерапияга ўтиш ёки эмизишни тўхтатиш керак.

Автотранспорт воситалари ва механизмларни бошқариш қобилиятига таъсири

Даволаш даврида транспорт воситаларини бошқарганда ва диққатни юқори жамлаш ва психомотор реакцияларнинг тезлигини талаб этувчи потенциал хавфли бошқа фаолият турлари билан шуғулланганда эҳтиёткорликка риоя қилиш керак.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.

Дозани ошириб юборилиши

Дозани ошириб юборилиши ёки хавф омилларини мавжудлиги лактоацидоз ривожланишига олиб келиши мумкин, чунки препаратнинг таркибига метформин киради. Лактоацидоз шошилинч тиббий ёрдамни талаб этувчи ҳолат ҳисобланади; лактоацидозни даволаш стационарда ўтказилиши керак. Энг самарали усул бўлиб гемодиализ ҳисобланади.

Препаратнинг таркибида гликлазид бўлганлиги туфайли, дозани ошириб юборилиши шунингдек гипогликемия ривожланишига ҳам олиб келиши мумкин. Гипогликемия симптомлари: очлик ҳисси, кўп терлаш, ҳолсизлик, юрак уришини ҳис қилиш, тери қопламаларини оқариши, оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати парестезияси, тремор, умумий безовталик, бош оғриғи, патологик уйқучанлик, уйқуни бузилиши, қўрқув ҳисси, ҳаракат координациясини бузилиши, ўтувчан неврологик бузилишлар. Гипогликемия авж олганда бемор ўз-ўзини назорат қилишни йўқотиши ва ҳушдан кетиши мумкин.

Енгил ёки ўртача даражадаги гипогликемияда глюкоза ёки қанд эритмаси ичга қабул қилинади. Оғир гипогликемия ҳолатида (ҳушдан кетганда) вена ичига 40% ли дексроза (глюкоза) эритмаси ёки глюкагон вена ичига, мушак ичига, тери остига юборилади. Бемор ҳушига келгандан кейин гипогликемия такроран ривожланишидан сақланиш учун углеводларга бой овқат берилади.

Чиқарилиш шакли

15 таблеткадан алюмин блистерда. 2 блистердан қўллаш бўйича йўриқномаси билан картон қутида.

Сақлаш шароити

Қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган жойда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

Яроқлилик муддати

3 йил.

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича берилади.

ИМЕЮТСЯ ПРОТИВОКАЗАНИЯ. НЕОБХОДИМО ОЗНАКОМИТЬСЯ С ИНСТРУКЦИЕЙ
ПО ПРИМЕНЕНИЮ ИЛИ ПОЛУЧИТЬ КОНСУЛЬТАЦИЮ СПЕЦИАЛИСТА

Лекарственные средства, информация о которых представлена на сайте, могут иметь противопоказания к их применению и использованию. Перед использованием необходимо ознакомиться с инструкцией по применению или получить консультацию у специалистов.