📜 Инструкция по применению Цитобак® Нео
💊 Состав препарата Цитобак® Нео
✅ Применение препарата Цитобак® Нео
📅 Условия хранения Цитобак® Нео
⏳ Срок годности Цитобак® Нео

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

ЦИТОБАК® НЕО

SITOBAC NEO

 

Препаратнинг савдо номи: Цитобак® Нео

Таъсир этувчи моддалар (ХПН): цефоперазон+сульбактам

Дори шакли: инъекцион эритма тайёрлаш учун кукун.

Таркиби:

1 флакон қуйидагиларни сақлайди:

цефоперазон натрийли тузи цефоперазонга қайта ҳисобланганда – 0,5 г; сульбактам натрийли тузи сульбактамга қайта ҳисобланганда – 0,5 г.

Таърифи: оқ ёки деярли оқ рангли кристалл кукун.

Фармакотерапевтик гуруҳи: Антибиотик (цефалоспоринлар гуруҳи).

АТХ коди: J01DD62

Фармакологик хусусиятлари

III авлод цефалоспорини β-лактамазалар ингибитори билан мажмуада.

Цефоперазон – фақат парентерал юбориш учун мўлжалланган кенг таъсир доирасига эга яримсинтетик цефалоспорин антибиотикидир. Сезгир микроорганизмларга уларни фаол кўпайиши даврида, ҳужайра деворининг мукопептидини биосинтезини сусайтириши орқали таъсир қилади.

Сульбактам – пенициллиннинг асосий ядросини ҳосиласидир. Бета-лактамазаларнинг қайтмас ингибиторидир ва фақат парентерал қўллаш учун мўлжалланган. Кимёвий тузилиши бўйича натрий пенициллинат сульфондир. Сульбактам клиник аҳамиятли антибактериал фаолликка эга эмас (Neisseriaceae ва Acinetobacter бундан мустасно). Ҳужайраларни сақламайдиган бактериал тизимлар ёрдамида ўтказилган биокимёвий тадқиқотларда, уни бета-лактамаз антибиотикларга чидамли микроорганизмлар ишлаб чиқарадиган, кўпчилик асосий бета-лактамазаларнинг қайтмас ингибитори эканлиги кўрсатилган.

Препарат цефоперазонга сезгир барча микроорганизмларга нисбатан фаолдир. Бундан ташқари, турли микроорганизмларга нисбатан синергизмга эга, биринчи навбатда қуйидагиларга нисбатан: Haemophilus influenza, Bacteroides spp., Staphylococcus spp., Acinetobacter calcoaceticus, Enterobacter aerogenes, Escherichia coli, Proteus mirabilis, Klebsiella pneumoniae, Morganella morganii, Citrobacter freundii, Enterobacter cloacae, Citrobacter diversus.

Цефоперазон/сульбактам in vitro шароитларда клиник аҳамиятли микроорганизмларнинг кенг доирасига нисбатан фаолдир.

Граммусбат микроорганизмлар: пенициллиназа ишлаб чиқарадиган ва ишлаб чиқармайдиган Staphylococcus aureus, Staphylococcus epidermidis, Streptococcus pneumoniae, Streptococcus pyogenes (А гуруҳи бета-гемолитик стрептококки), Streptococcus agalactiae (В гуруҳи бета-гемолитик стрептококки), бета-гемолитик стрептококкларнинг кўпчилик бошқа штаммлари, Streptococcus faecalis (энтерококк) нинг кўпчилик штаммлари.

Грамманфий микроорганизмлар: Escherichia coli, Klebsiella spp., Enterobacter spp., Citrobacter spp., Haemophilus influenzae, Proteus mirabilis, Proteus vulgaris, Morganella morganii (эски номи Proteus morganii), Providencia rettgeri (эски номи Proteus rettgeri), Providencia species, Serratia spp. (шу жумладан, S. marcescens), Salmonella ва Shigella spp., Pseudomonas aeruginosa ва айрим бошқа Pseudomonas spp., Acinetobacter calcoaceticus, Neisseria gonorrhoeae, Neisseria meningitidis, Bordetella pertussis, Yersinia enterocolitica. Анаэроб микроорганизмлар: грамманфий таёқчалар (шу жумладан, Bacteroides fragilis, бошқа Bacteroides spp. ва Fusobacterium spp.); граммусбат ва грамманфий кокклар: (шу жумладан, Peptococcus, Peptostreptococcus ва Veilonella species); граммусбат таёқчалар (шу жумладан, Clostridium, Eubacterium ва Lactobacillus spp.).

Фармакокинетикаси

Цитобак Нео препарати юборилганида цефоперазоннинг дозасини тахминан 25% ва сульбактамнинг дозасини 84% буйраклар орқали чиқарилади. Цефоперазоннинг катта қисми сафро билан чиқарилади. Цефоперазон/сульбактам юборилганидан сўнг цефоперазоннинг ўртача ярим яшаш муддати 1,7 соатни, сульбактамники эса – 1 соатни ташкил этади. Плазмадаги концентрацияси юборилган дозасига пропорционалдир. 2 г цефоперазон/сульбактам вена ичига 5 минут давомида юборилганидан сўнг цефоперазон ва сульбактамнинг максимал концентрацияларини ўртача қиймати мувофиқ равишда 236,8 ва 130,2 мкг/мл ни ташкил этади. Бу сульбактамнинг тақсимланиш ҳажмини (Vα=18,0-27,6 л) цефоперазоннинг тақсимланиш ҳажмига нисбатан (Vα = 10,2-11,3 л) катта эканлигидан далолат беради.

Цефоперазон ҳам, сульбактам ҳам организмнинг тўқималари ва суюқликларига, жумладан сафро, ўт пуфаги, тери, апендикс, фалопий найлари, тухумдонлар, бачадон ва бошқаларга жадал равишда тақсимланади.

Болаларда цефоперазоннинг ўртача ярим яшаш муддати тахминан 1,44 соатдан 1,88 соатгача, сульбактамники эса – 0,91 соатдан 1,42 соатгача бўлади.

Цефоперазон ва сульбактам комплекс препарат шаклида бирга қўлланганида уларнинг ўртасида фармакокинетик ўзаро таъсири юзасидан маълумотлар мавжуд эмас.

Кўп марта юборилганидан сўнг цефоперазон/сульбактамнинг компонентларини фармакокинетикасида бирон-бир аҳамиятли ўзгаришлар ва ҳар 8-12 соатда қўлланганида уларни организмда тўпланиши аниқланмаган.

Қўлланилиши

Препаратга сезгир микроорганизмлар чақирган инфекцион-яллиғланиш касалликлари:

  • юқори ва қуйи нафас йўлларининг инфекциялари;
  • сийдик чиқариш йўлларининг юқори ва пастки бўлимларини инфекциялари;
  • интраабдоминал инфекциялар (шу жумладан, перитонит, холецистит, холангит);
  • септицемия;
  • менингит;
  • тери ва юмшоқ тўқималарнинг инфекциялари;
  • суяклар ва бўғимларнинг инфекциялари;
  • кичик чаноқ аъзоларининг яллиғланиш касалликлари;
  • эндометрит;
  • гонорея.

Цитобак Нео препаратини кенг таъсир доирасига эга эканлигини ҳисобга олиб, кўпчилик инфекцияларда ушбу препарат билан монотерапия ўтказиш самарали бўлади. Бироқ зарурат бўлганида, Цитобак Нео препаратини бошқа антибиотиклар билан мажмуада қўллаш мумкин (аминогликозидлар билан бир вақтда қўлланганида буйраклар фаолиятини назорат қилиш керак).

Қўллаш усули ва дозалари

Катталарда Цитобак Нео препаратини 2,0-4,0 г суткалик дозада қўллаш тавсия этилади. Суткалик дозани тенг қисмларга бўлиш ва ҳар 12 соатда юбориш керак.

Оғир даражадаги ёки рефрактер инфекцияларда Цитобак Нео препаратининг суткалик дозаси компонентларнинг 1:1 нисбатида 8 г гача оширилиши мумкин (яъни 4 г цефоперазон ва 4 г сульбактам). Цефоперазон/сульбактамни 1:1 нисбатда олаётган беморларга, цефоперазонни қўшимча равишда юбориш талаб этилиши мумкин. Дозани тенг қисмларга бўлиш ва ҳар 12 соатда юбориш керак.

Сульбактамнинг тавсия этилган максимал суткалик дозаси 4 г ни ташкил этади.

Болаларда Цитобак Нео препаратини суткада 40-80 мг/кг дозада қўллаш тавсия этилади. Дозани тенг қисмларга бўлиш ва ҳар 6-12 соатларда юбориш керак.

Жиддий ва даволашга рефрактер инфекцияларда дозалар, компонентларни 1:1 нисбатида суткада 160 мг/кг гача оширилиши мумкин. Суткалик доза 2-4 тенг қисмларга бўлинади.

Янги туғилган чақалоқларда ҳаётининг биринчи ҳафтаси давомида препаратни ҳар 12 соатда юбориш керак. Болаларда сульбактамнинг максимал суткалик дозаси суткада 80 мг/кгдан ошмаслиги керак.

Яққол буйрак етишмовчилиги бўлган (КК минутига 30 мл дан кам) беморларда Цитобак Нео препаратининг дозаси, препаратнинг таркибига кирувчи сульбактамнинг клиренсини пасайишини компенсация қилиш учун, ўзгартирилади.

КК минутига 15-30 мл бўлган беморларда сульбактамнинг максимал дозаси 1 г ташкил этади, ҳар 12 соатда юборилади (сульбактамнинг максимал суткалик дозаси 2 г), КК минутига <15 мл бўлган беморларда эса сульбактамнинг максимал дозаси 500 мг ташкил этади, ҳар 12 соатда юборилади (сульбактамнинг максимал суткалик дозаси 1 г).

Оғир даражадаги инфекцияларда цефоперазонни қўшимча равишда юбориш талаб этилиши мумкин.

Гемодиализда сульбактамнинг фармакокинетикаси аҳамиятли даражада ўзгариши ва цефоперазонни қон зардобидан ярим чиқарилиш даври (Т1/2) бироз пасайиши туфайли, Цитобак Нео препаратини юборишни диализдан кейин режалаштириш керак.

Вена ичига юбориш учун эритмани тайёрлаш ва қўллаш тартиби

Такрорий инфузиялар учун ҳар бир Цитобак Нео флаконининг ичидагиси 5% декстроза эритмаси, 0,9% натрий хлорид эритмаси ва/ёки инъекция учун стерил сувнинг адекват ҳажмида эритилади, сўнгра эса шу эритувчи билан 20 мл гача суюлтирилади. Инфузия 15-20 минут давомида ўтказилади.

Вена ичига инфузия қилишга эритма тайёрлаш учун Рингер лактат эритмаси ишлатилиши мумкин, бироқ уни бошланғич эритиш учун қўллаш мумкин эмас.

Вена ичига инъекция қилиш учун ҳар бир флакон ичидагисини юқорида кўрсатилганидек эритиш ва камида 3 минут давомида юбориш керак.

Мушак ичига юбориш учун эритма тайёрлаш тартиби

Мушак ичига юборишга эритма тайёрлаш учун 2% лидокаин эритмасини ишлатиш мумкин, бироқ уни бошланғич эритиш учун қўллаш мумкин эмас.

Умумий доза (г) Цефоперазон + сульбактам эквивалент дозалари (г) Эритувчининг ҳажми (мл) Охирги максимал концентрация (мг/мл)
2,0 1,0 + 1,0 6,7 125 + 125

Цитобак Нео инъекция учун сув, 5% декстроза эритмаси, физиологик эритма, 5% декстроза эритмаси 0,225% натрий хлорид эритмасида ва 5% декстроза эритмаси физиологик эритмада, 10 мг/мл дан цефаперазон ва 10 мг/мл дан сульбактам, 250мг/мл гача цефоперазон ва 250 мг/мл гача сульбактам концентрацияларида тўғри келади.

Рингер лактат эритмасида суюлтирилганида эритма 2 босқичда тайёрланади: аввал инъекция учун стерил сув ишлатилади, сўнгра олинган эритма Рингер лактат эритмасида сульбактамнинг концентрацияси 5 мг/мл бўлгунигача суюлтирилади (2 мл бошланғич эритма 50 мл Рингер лактат эритмасида суюлтирилади ёки 4 мл 100 мл Рингер лактат эритмасида суюлтирилади).

Ножўя таъсирлари

Овқат ҳазм қилиш тизими томонидан: Цитобак Нео препарати билан даволанишда, бошқа антибиотиклардаги каби ҳаммадан кўпроқ меъда-ичак йўллари фаолиятининг бузилиши аниқланган. Энг кўп диарея, камроқ даражада кўнгил айнаши ва қусиш кузатилган.

Аллергик реакциялар: барча пенициллинлар ва цефалоспоринлар билан даволашда бўлгани каби макуло-папулёз тошма, эшакеми кузатилган. Анамнезида аллергик реакциялари (айниқса пенициллинга) бўлган беморларда уларнинг ривожланиш хавфи юқори бўлади.

Бутун организм томонидан: бош оғриғи, иситма, инъекцияда оғриқлар, этни увишиши.

Лаборатор кўрсатгичлар томонидан: жигар фаолиятининг кўрсатгичлари– АСТ, АЛТ, ЩФ, билирубинни ўткинчи ошиши.

Маҳаллий реакциялар: баъзида мушак ичига инъекция қилингандан сўнг ўткинчи оғриқ кузатилади. Цитобак Нео препарати катетер ёрдамида вена ичига юборилганида (бошқа цефалоспоринлар ва пенициллинлар каби) инфузия жойида флебит ривожланиши мумкин.

Препаратни постмаркетинг қўллаш вақтида қўшимча қуйидаги ножўя самаралари қайд этилган:

Аллергик реакциялар: анафилактоид реакциялар (шу жумладан, шок), Стивенс-Джонсон синдроми.

Юрак-томир тизими томонидан: артериал гипотензия, васкулит.

Овқат ҳазм қилиш тизими томонидан: сохта мембраноз колит.

Қон яратиш тизими томонидан: лейкопения.

Дерматологик реакциялар: қичишиш.

Сийдик чиқариш тизими томонидан: гематурия.

Цитобак Нео одатда яхши ўзлаштирилади, кўпчилик ножўя таъсирлари енгил ва ўртача намоён бўлади ва даволаш давомида ўтиб кетади.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Пенициллинлар, сульбактам, цефоперазон ёки ҳар қандай бошқа цефалоспоринларга юқори сезувчанликда қўллаш мумкин эмас.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Цитобак Нео ва таркибида спирт сақловчи препаратларни бир вақтда қўллаш ёки Цитобак Нео препарати билан даволаш вақтида ёки тугаганидан сўнг 5 кун давомида алкоголни бир вақтда қўллаш дисульфирам (тетурам) нинг таъсирига ўҳшаш самаралар: қоринда спазм, кўнгил айниши, қусиш, бош оғриғи, юрак уришини ҳис этиш, ҳансираш, юзни қизаришига олиб келиши мумкин. Бу самаралар алкоголь истеъмол қилингандан сўнг 15-30 минут давомида кузатилади ва бир неча соатдан кейин ўз-ўзидан ўтиб кетади. Бу цефоперазон молекуласининг структурасида N-метилтиотетразол ён занжирини борлиги билан боғлиқ бўлиб, у ацетальдегиддегидрогеназа ферментининг фаоллигини сусайтиради, бу қонда, юқорида санаб ўтилган ножўя самараларни чақирадиган ацетальдегидни тўпланишига олиб келади.

Антикоагулянтлар (кумарин ёки индандионнинг ҳосилалари), гепарин ёки бирон-бир тромболитиклар билан бир вақтда қўллаш қон кетиш ҳавфини оширади.

Цитобак Нео препарати қўлланганида сийдикда глюкозанинг миқдорини аниқлашда ёки Кумбс реакцияси қўйилганида сохта мусбат натижалар кузатилиши мумкин.

Фармацевтик ўзаро таъсири

Цитобак Нео ва аминогликазидларнинг эритмаларини, улар ўртасида физик номутаносибликни ҳисобга олиб, тўғридан-тўғри аралаштириш мумкин эмас. Агар Цитобак Нео препарати ва аминогликазидлар билан мажмуавий даволаш ўтказиладиган бўлса, у ҳолда иккала препарат алоҳида иккиламчи катетерлар ёрдамида кетма-кет инфузиялар йўли билан юборилади, бирламчи катетерни эса препаратларнинг дозаларини юбориш орасида адекват эритма билан ювилади. Цитобак Нео препарати ва аминогликозидларни юборишлар орасидаги интерваллар кун давомида иложи борича катта бўлиши керак.

Кукунни бирламчи эритиш учун Рингер лактат эритмасини, бу аралашмани номутаносиб эканлигини ҳисобга олиб, ишлатиш мумкин эмас. Бироқ, эритмани икки босқичда тайёрлаш йўли билан мутаносибликка эришиш мумкин – дастлаб кукун инъекция учун сувда эритилади, сўнгра эса Рингер лактат эритмасида суюлтирилади.

Кукунни бирламчи эритиш учун лидокаин гидрохлоридининг 2% эритмасини, уларнинг номутаносиб эканлигини ҳисобга олиб, қўллаш тавсия этилмайди. Бироқ, эритмани икки босқичда тайёрлаш йўли билан мутаносибликка эришиш мумкин – дастлаб кукун инъекция учун сувда эритилади, сўнгра эса лидокаин гидрохлоридининг 2% эритмасида суюлтирилади.

Махсус кўрсатмалар

Шифокорга ўзингизни касаллик тарихингиз ҳақида маълумот беринг, айниқса қуйидагилар ҳақида: буйрак ва жигар билан боғлиқ бўлган муаммолар, меъда билан боғлиқ бўлган муаммолар, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, аллергия (айниқса пенициллинларга, цефалоспоринларга ёки бошқа препаратларга аллергия). Ушбу дори воситасини узоқ вақт давомида ёки такрорий даврларда қўллаш иккиламчи инфекциялар (масалан, оғиз бўшлиғи, сийдик-таносил тизими ёки қинни замбуруғлии инфекциялари) га олиб келиши мумкин.

Баъзи беморларда, цефоперазон билан даволаш, бошқа антибиотиклар билан бўлгани каби, организмда К витаминининг танқислигига олиб келиши мумкин, бу эҳтимол, ичакда ушбу витаминни ишлаб чиқарадиган микрофлорани сусайиши билан боғлиқ. Бундай ҳавфга кучсизланган пациентлар, овқатланиши чекланган пациентлар, муковисцидоз бўлган беморлар, шунингдек узоқ вақт давомида парентерал озиқлантиришда бўлган пациентлар кўпроқ мойил бўладилар. Бундай ҳолларда протромбиннинг даражасини назорат қилиш ва зарурат бўлганида К витамини препаратларини буюриш керак. Шундай назорат антикоагулянтлар билан даволанаётган пациентларда ҳам амалга оширилиши керак.

Цитобак Нео препаратини узоқ вақт давомида қўллаш чидамли микроорганизмларни ўсишини кучайишига олиб келиши мумкин, шунинг учун беморнинг аҳволини синчиклаб назорат қилиш керак. Буйрак, жигар ва қон яратиш тизимининг фаолиятини вақти-вақти билан бузилишига тайёр бўлиш керак. Бу айниқса, янги туғилган чақалоқларда, ҳусусан чала туғилган чақалоқларда, шунингдек бошқа гўдакларда жуда муҳим.

Буйрак фаолиятини бузилишларида қўлланиши. Буйрак фаолиятини турли даражада бузилишлари бўлган пациентларга Цитобак Нео препарати қўлланганида сульбактамнинг умумий клиренси аниқланган креатинин клиренси билан мос келади. Буйрак фаолиятини оғир даражадаги бузилишлари бўлган пациентларда сульбактамнинг ярим яшаш муддатини аҳамиятли даражада ошиши кузатилади. Гемодиализ сульбактамнинг ярим яшаш муддати, умумий клиренси ва тақсимланиш ҳажмига аҳамиятли даражада таъсир қилади. Буйрак етишмовчилиги бўлган беморларда цефоперазоннинг фармакокинетикасида бирон-бир ўзгаришлар аниқланмаган.

Жигар фаолиятини бузилишларида қўлланиши. Цефоперазон сафро билан аҳамиятли даражада ажралиб чиқади. Жигар касалликлари ва/ёки ўт чиқариш йўлларини обструкцияси бўлган беморларда плазмада цефоперазоннинг ярим яшаш даври узаяди, сийдик билан чиқарилиши эса ошади. Ҳатто жигар фаолиятини оғир даражадаги бузилишларида сафрода цефоперазон тераевтик концентрацияларда аниқланади, плазмада ярим яшаш даври эса 2-4 марта ошади.

Ҳомиладорлик ва лактация даврида қўлланиши

Цефоперазон ва сульбактам йўлдош тўсиғи орқали ўтади. Шунинг учун Цитобак Нео препаратини ҳомиладорлик ва лактация даврида, она учун кутилаётган фойда ҳомила ёки бола учун потенциал хавфдан устун  бўлган ҳолдагина қўллаш мумкин.

Цефоперазон ва сульбактам кўкрак сути билан жуда кам миқдорда ажралиб чиқади, шунинг учун лактация даврида Цитобак Нео препарати қўлланганида эмизишни тўхтатиш масаласини ҳал қилиш керак.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати тугаганидан сўнг ишлатилмасин.

Дозани ошириб юборилиши

Цитобак Нео препаратини одамдаги ўткир токсиклиги юзасидан маълумотлар чекланган.

Симптомлари: препаратнинг дозаси ошириб юборилганида, препарат қўлланганида қайд этилган нохуш самаралар пайдо бўлишини кутиш мумкин. Орқа мия суюқлигида бета-лактам антибиотикларининг концентрациясини юқори бўлиши неврологик бузилишларга, шу жумладан тиришишларга олиб келиши мумкинлигини инобатга олиш керак.

Даволаш: Цефоперазон ҳам, сульбактам ҳам гемодиализда қондан йўқотилади, шунинг учун буйрак фаолиятини бузилишлари бўлган беморларда дозани ошириб юборилиши, даволашнинг шу усули организмдан препаратни чиқарилишига ёрдам бериши мумкин.

Чиқарилиш шакли

Инъекция учун эритма тайёрлаш учун кукун 1,0 г дан флаконларда.

Сақлаш шароити

Қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган жойда, хона ҳароратида сақлансин.

Яроқлилик муддати

2 йил.

 

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича

ИМЕЮТСЯ ПРОТИВОКАЗАНИЯ. НЕОБХОДИМО ОЗНАКОМИТЬСЯ С ИНСТРУКЦИЕЙ
ПО ПРИМЕНЕНИЮ ИЛИ ПОЛУЧИТЬ КОНСУЛЬТАЦИЮ СПЕЦИАЛИСТА

Лекарственные средства, информация о которых представлена на сайте, могут иметь противопоказания к их применению и использованию. Перед использованием необходимо ознакомиться с инструкцией по применению или получить консультацию у специалистов.