📜 Инструкция по применению Синдранол
💊 Состав препарата Синдранол
✅ Применение препарата Синдранол
📅 Условия хранения Синдранол
⏳ Срок годности Синдранол

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

(пациентлар учун маълумот)

Синдранол

таъсири узайтирилган, қобиқ билан қопланган таблеткалар

2 мг, 3 мг, 4 мг, 8 мг

Ропинирол

 

Препаратни қабул қилишни бошлашдан олдин, ушбу йўриқномани диққат билан ўқиб чиқинг.

  • Ушбу илова-варақани сақланг. Эҳтимол, Сизга уни яна бир марта ўқиб чиқиш талаб қилиниши мумкин.
  • Агар Сизда қўшимча саволлар пайдо бўлса, шифокорга ёки фармацевтга мурожаат қилинг.
  • Бу дори воситаси Сизга буюрилган. Уни бошқаларга берманг. Бу уларга зарар етказиши мумкин, хатто агарда уларда касалликнинг ўша симптомлари бўлса ҳам.
  • Оғир ножўя самаралари аниқланганида ёки ушбу йўриқномада эслатиб ўтилмаган ножўя самаралари пайдо бўлганида, илтимос, шифокорингизга ёки фармацевтга мурожаат қилинг.

 

Йўриқноманинг мазмуни:

  1. Синдранол ўзи нима ва у нима учун қўлланади
  2. Синдранолни қабул қилишни бошлашдан олдин
  3. Синдранолни қандай қабул қилиш керак
  4. Мумкин бўлган ножўя таъсири
  5. Синдранолни қандай сақлаш керак
  6. Қўшимча маълумотлар

  1. СИНДРАНОЛ ЎЗИ НИМА ВА У НИМА УЧУН ҚЎЛЛАНАДИ

Синдранол Паркинсон касаллигини даволаш учун қўлланади. Синдранол препаратининг таъсир қилувчи моддаси рапинирол бўлиб, у допамин агонистлари препаратлари гуруҳига киради. Допамин агонистларининг бош мияга таъсири, табиий допаминларнинг унга кўрсатган таъсири билан ўхшашдир.

Паркинсон касаллигида миянинг баъзи қисмларида допаминнинг даражаси пасаяди. Ропинирол табиий допаминга ўхшаш таъсир кўрсатади, ва шундай қилиб, Паркинсон касаллигининг симптомларини камайтиришга ёрдам беради.

  1. СИНДРАНОЛ ҚАБУЛ ҚИЛИШНИ БОШЛАШДАН ОЛДИН

Қуйидаги ҳолларда Синдранолни қабул қилманг

  • ропинирол ёки Синдранолнинг таркибига кирувчи бошқа компонентларга аллергия (ўта юқори сезувчанлик) бўлганида (6 бўлимга қаранг);
  • ҳомиладорлик ёки ҳомиладорликка гумон қилинганида;
  • эмизиш вақтида.

Санаб ўтилган қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлардан ҳатто биронтаси пайдо бўлганида албатта бу ҳақида шифокорингизга хабар беринг.

Синдранол қабул қилишдаги  алоҳида эҳтиёткорлик чоралари

Агар Сизда қуйидагилар бўлса, Синдранол қабул қилишни бошлашдан олдин, шифокорингизни хабардор қилиш керак:

  • буйраклар фаолиятини жиддий бузилишлари;
  • жигар касалликлари;
  • юракнинг жиддий касалликлари;
  • руҳий бузилишлар;
  • касаллик тарихида аномал ҳохишлар ёки ҳатти-ҳаракатлар (масалан, турли ўйинларга қарамлик ёки юқори жинсий мойиллик) борлигида;
  • қандларнинг баъзи турларини (масалан, лактозани) ўзлаштираолмаслик.

Агарда Сиз, юқорида санаб ўтилган касалликлардан биронтаси Сизга тааллуқли деб ҳисобласангиз, бу ҳақида албатта шифокорингизга хабар беринг. Эҳтимол, шифокорингиз Синдранолни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади, ёки препаратни қабул қилиш вақтида доимий тиббий кузатувда бўлишни буюради.

Бошқа дори препаратларини  қабул қилиш

Сиз қабул қилаётган ёки яқинда қабул қилган препаратлар, шу жумладан рецептсиз бериладиган дори воситалар ҳақида, илтимос шифокорингизга ёки фармацевтга хабар беринг:

  • антидепрессант флувоксамин;
  • ГЎБД (гормонларнинг ўрнини босувчи даволаш);
  • антибактериал синтетик восита – ципрофлоксацин;
  • бошқа руҳий муаммоларни даволаш учун қўлланадиган препаратлар, масалан, сульпирид;
  • овқат ҳазм бўлишини бузилишларида буюриладиган метоклопрамид;
  • меъда ярасида буюриладиган циметидин;
  • астма, бронхит ёки аъзо ёки ўпка тўқимасини ҳаводан кенгайииши (эмфизема) да буюриладиган теофиллин;
  • Паркинсон касаллигини даволаш учун бошқа ҳар қандай препарат.

Ҳомиладорлик ва эмизиш даврида қўллашдаги огоҳлантиришлар

Ҳар қандай препаратни қабул қилишни бошлашдан олдин албатта шифокор билан маслаҳатлашинг.

Ҳомиладорлик ва эмизиш вақтида Синдранол қабул қилиш мумкин эмас.

Агарда Сиз:

  • ҳомиладор бўлсангиз ёки ҳомиладорликни гумон қилаётган бўлсангиз, шунингдек агарда фарзанд кўришни режалаштираётган бўлсангиз;
  • эмизаётган ёки эмизишни режалаштираётган бўлсангиз дарҳол шифокорингизга хабар беринг.

Бундай ҳолда шифокорингиз Сизга Синдранол қабул қилишни тўхтатишни тавсия қилади. Синдранол қабул қилиш вақтида аёллар самарали контрацептив воситалардан фойдаланишлари керак.

Транспорт воситалари ва бошқа механизмларни бошқариш қобилияти

Синдранол қабул қилиш вақтида автомобилни бошқаришдан сақланиш тавсия қилинади, чунки препарат уйқучанликни чақиради. Препарат қабул қилгандан сўнг кучли уйқу келади, ва одам тўсатдан ухлаб қолиши мумкин.

Асбоблардан фойдаланиш ва механизмларни бошқаришдан сақланинг. Уйқучанлик ёки уйқу жиддий шикастланишлар хавфини юзага келтириши ёки хаётингиз (ёки бошқа одамларнинг ҳаёти) учун хавф туғдириши мумкин бўлган вазиятларга йўл қўйманг. Синдранолнинг таъсири остида бўлган вақтингизда шунга ўхшаш фаолиятларни бажарманг.

Синдранолни овқат ёки ичимликлар билан мутаносиблиги

Таблеткалар бир стакан сув билан, бутунлигича ютилади, овқат вақтида қабул қилиш афзал. Синдранолни овқат билан қабул қилиш кўнгил айниши ва қусиш эҳтимолини пасайтиради.

Синдранол қабул қилиш вақтида алкоголь истеъмол қилишдан воз кечинг.

Агарда Синдранол қабул қилиш вақтида Сиз чекишни бошлаган ёки ташлаган бўлсангиз, бу ҳақида шифокорингизга хабар беринг. Препаратнинг дозасини тўғрилаш талаб қилиниши мумкин.

Синдранолнинг таркибига кирувчи баъзи ингредиентлари ҳақида муҳим маълумотлар

Синдранол лактоза сақлайди. Агарда шифокор Сизда қандларнинг баъзи турларини ўзлаштираолмаслик борлиги ҳақида Сизни огоҳлантирган бўлса, препаратни қабул қилишдан олдин шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.

Синдранол 3 мг ва 4 мг таблеткаларининг қобиғи аллергик реакцияларни чақириши мумкин бўлган сариқ қуёш ботиши бўёвчисини сақлайди.

  1. СИНДРАНОЛНИ ҚАНДАЙ ҚАБУЛ ҚИЛИШ КЕРАК

Синдранолни доимо шифокорингизнинг кўрсатмасига мувофиқ қабул қилинг. Агарда Сизда препаратни қабул қилиш бўйича ишончсизлик пайдо бўлса, шифокорингиз ёки фармацевт билан маслаҳатлашинг.

Синдранол Сизга алоҳида ҳолда ёки Паркинсон касаллигининг симптомларини даволаш учун L–допа (леводопа) деб номланган бошқа препарат билан бирга буюрилиши мумкин. Агарда Сиз, аллақачон бир қанча вақт давомида L–допа препаратини қабул қилаётган ва Синдранол қабул қилишни бошлаётган бўлсангиз, у ҳолда уни биринчи марта қабул қилинганда, Сизда назорат қилиб бўлмайдиган харакатлар (дискинезиялар) ривожланиши мумкин. Агарда бу кузатилса, шифокорингизга хабар беринг, у Сиз қабул қилаётган препаратларнинг дозаларини тўғрилаши мумкин.

Агарда Синдранол қабул қилишни бошлашдан олдин, Сиз ёки Сизнинг оила аъзоларингиз Сизда одатда кузатилмайдиган ҳатти-ҳаракатларни (масалан, қимор ўйинларига ҳаддан ташқари қизиқиш, жинсий мойиллик ва/ёки ҳатти-ҳаракатларни ошиши) сезишса, шифокорингизга хабар беринг. Сизга препаратнинг дозасини тўғрилаш ёки бекор қилиш талаб қилиниши мумкин.

Сизга Синдранолнинг қандай дозаси керак?

Сизга Синдранолнинг қандай дозаси энг тўғри келадиганини аниқлаш учун, маълум вақт талаб қилинади. Препаратнинг қайси дозаси Сизга яхшироқ тўғри келишини аниқланмагунича шифокор ҳар ҳафта дозани ошириб беради. Баъзи пациентлар Синдранолни 8 мг дан кунига 3 марта (яъни суткада 24 мг) қабул қиладилар.

Шифокорингиз тавсия қилган Синдранолнинг дозасини мустақил равишда оширманг. Синдранолнинг даволовчи самараси бир неча ҳафтадан сўнг намоён бўлиши мумкин.

Агарда Сиз Синдранолни керагидан ортиқ қабул қилган бўлсангиз

Бу ҳақида шифокор ёки фармацевтга дарҳол хабар беринг. Агарда имкони бўлса, уларга Синдранолнинг ўрамини кўрсатинг.

Дозани ошириб юбориш симптомларига руҳий бузилишлар ва юрак-томир тизими томонидан нохуш кўринишлар кириши мумкин

Агарда Сиз Синдранол қабул қилишни унутган бўлсангиз

Сиз унутган дозани компенсация қилиш учун иккиланган дозани қабул қилманг. Бу дозани ўтказиб юборинг ва навбатдаги дозани одатдагидек қабул қилинг.

Агарда Сиз Синдранолни  бир неча кун кетма-кет қабул қилмаган бўлсангиз, шифокорга маслаҳат учун мурожаат қилинг. У Сизга Синдранол қабул қилишни қачон бошлаш яхшилигини тушунтириб беради.

Агарда Сиз Синдранол қабул қилишни тўхтатишни ҳоҳласангиз

Шифокор билан маслаҳатлашмасдан Синдранол қабул қилишни тўхтатманг.

Шифокорингиз Синдранолни қанча вақтга буюрган бўлса, шунча вақт қабул қилинг. Шифокорингиз рухсат бермагунича Синдранол қабул қилишни тўхтатманг.

Препаратни қабул қилиш бирдан тўхтатилганида Паркинсон касаллигининг симптомлари аҳамиятли даражада зўрайиши мумкин.

Агарда Сизда Синдранол қабул қилишни тўхтатишнинг зарурати бўлса, шифокорингиз унинг дозасини аста-секин пасайтиришни тавсия қилади.

Агарда Сизда ушбу маҳсулотни қўллаш бўйича қўшимча саволлар пайдо бўлса, шифокорга ёки фармацевтга мурожаат қилинг.

  1. МУМКИН БЎЛГАН НОЖЎЯ САМАРАЛАРИ

Барча дори воситалари каби, Синдранол ҳам гарчи улар фақат баъзи пациентларда пайдо бўлсада, ножўя самаралар чақириши мумкин.

Агарда Сизни ножўя самаралари ҳақидаги масала безовта қилса, уни шифокорингиз билан муҳокама қилинг.

Жуда кенг тарқалган ножўя самаралари (10 тадан 1 пациентда):

  • уйқучанлик;
  • кўнгил айниши.

Кенг тарқалган ножўя самаралари (100 тадан 1-10 пациентларда):

  • ҳушдан кетиш, ҳушдан кетиш ҳолати, бош айланиши, айниқса турганда кузатилади (артериал босимни тўсатдан пасайиши билан боғлиқ);
  • галлюцинациялар (ҳақиқатга тўғри келмайдиган туйғулар);
  • кўнгил айниши (қусиш);
  • бош айланиши (барча жисмлар Сизнинг атрофингизда айланаётгани хисси);
  • жиғилдон қайнаши;
  • меъдада оғриқлар;
  • оёқларни шиши.

Кенг тарқалмаган ножўя самаралари (1000 тадан 1-10 пациентларда):

  • жинсий мойилликни ошиши;
  • бутун кун давомида уйқучанлик;
  • олдиндан уйқучанлик ҳисси бўлмасдан, тўсатдан ухлаб қолиш (тўсатдан ухлаб қолиш эпизодлари);
  • ақлий бузилишлар: алаҳсираш ҳолати (онгни чалкашиши), алаҳсираш (мужмал ғоялар) ёки паранойя (асосланмаган гумонсираш).

Жуда кам кузатиладиган ножўя самаралари (10 000 тадан 1 пациентлардан камроқда):

  • жигар фаолиятининг қон таҳлилида аниқланадиган ўзгариши;
  • аллергик реакциялар: терида қичишиш (эшакеми) билан кечувчи қизғиш шишлар, юз, лаблар, оғиз, тил ёки ҳиқилдоқни шиши, улар ютиш ёки нафасни қийинлашиши, тошма ёки кучли қичишишга сабаб бўлиши мумкин.

Агарда Сиз ёки оилангиз аъзолари Сизда қимор ўйинларига аномал қизиқиш ёки юқори жинсий мойилликни сезсангиз, албатта шифокорингизга хабар беринг.

Агарда Сиз Синдранолни L-допа (Паркинсон касаллигини даволаш учун) препарати билан параллел қабул қилаётган бўлсангиз

Синдранол ва L-допа препаратларини бир вақтда қабул қилаётган пациентларда, вақт ўтиши билан бошқа ножўя самаралар ҳам ривожланиши мумкин:

  • назорат қилиб бўлмайдиган ҳаракатлар (дискинезиялар) жуда кенг тарқалган ножўя самараси ҳисобланади. Агарда бу ҳолат кузатилса, шифокорингизга хабар беринг, у Сиз қабул қилаётган препаратларнинг дозасини тўғрилаши мумкин;
  • саросималик ҳисси кенг тарқалган ножўя самара ҳисобланади.

Агарда ножўя самаралардан бири Сизда оғир шаклда намоён бўлса, ёки ўзингизда ушбу илова-варақада санаб ўтилмаган ножўя самараларни қайд қилсангиз, илтимос бу ҳақида шифокорингиз ёки фармацевтга хабар беринг.

  1. СИНДРАНОЛНИ ҚАНДАЙ САҚЛАШ КЕРАК

Ўрамида кўрсатилган яроқлилик муддати ўтгач Синдранолни қўллаш мумкин эмас. Препарат ўрамида кўрсатилган ойнинг охирги санасигача (охирги куни ҳам киради) яроқли ҳисобланади.

Дори препаратларини маиший чиқиндилар ёки оқава  сувга ташлаш мумкин эмас. Дори препаратини утилизация  қилиш масаласини фармацевт билан ҳал қилиш керак. Утилизация қилиш қоидаларига  риоя қилиш атроф-муҳитни ҳимоя қилишга ёрдам беради.

  1. ҚЎШИМЧА МАЪЛУМОТ

Синдранол препарати нима сақлайди

Синдранолнинг таркибидаги таъсир қилувчи модда ропиниролдир.

Таъсири узайтирилган хар бир таблетка 2 мг; 3 мг; 4 мг ёки 8 мг ропиниролга эквивалент ропинирол гидрохлоридини сақлайди.

Бошқа ингредиентлари:

  • таблетканинг ядроси: аммоний метакрилати сополимери (В тури), гидроксипропилметилцеллюлоза, натрий лаурилсульфати, коповидон, магний стеарати.
  • плёнка қобиғи:
2 мг Лактоза моногидрати, гидроксипропилметилцеллюлоза, титан диоксиди (Е171), триацетин, темир III оксиди (Е172)
3 мг Лактоза моногидрати, титан диоксиди (Е171), гидроксипропилметилцеллюлоза, полиэтиленгликоль 4000, полиэтиленгликоль 400, кармин (Е120), индигокармин алюмин лаки (Е132), сариқ қуёш ботиши алюмин лаки (Е110)
4 мг Титан диоксиди, гидроксипропилметилцеллюлоза, полиэтиленгликоль 400, индигокармин алюмин лаки (Е132), сариқ қуёш ботиши алюмин лаки (Е110)
8 мг Титан диоксиди, гидроксипропилметилцеллюлоза, полиэтиленгликоль 400, темир III оксиди (Е172), темир II,III оксиди (Е172), темир II оксиди (Е172)

Синдранолнинг ташқи кўриниши ва ўрамининг ичидагиси

Синдранол қобиқ билан қопланган, таъсири узайтирилган таблеткалар, 2 мг: пушти рангли, думалоқ, икки томони қабариқ, қобиқ билан қопланган таблеткалар.

Синдранол қобиқ билан қопланган, таъсири узайтирилган таблеткалар, 3 мг: тўқ қизил рангли, думалоқ, икки томони қабариқ, қобиқ билан қопланган таблеткалар.

Синдранол қобиқ билан қопланган, таъсири узайтирилган таблеткалар, 4 мг: оч жигарранг рангли, узунчоқ, икки томони қабариқ, қобиқ билан қопланган таблеткалар.

Синдранол қобиқ билан қопланган, таъсири узайтирилган таблеткалар, 8 мг: қизғиш жигарранг рангли, узунчоқ, икки томони қабариқ, қобиқ билан қопланган таблеткалар.

Синдранол дори препарати савдо айланмаcига 14 тадан таблетка сақловчи ПВХ/ПТФХЭ –алюмин фольга, оқ, тиниқ бўлмаган блистер ўрамларда келади. 2, 4 ёки 6 блистер  қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга картон қутига жойланган.

 

САҚЛАШ ШАРОИТИ

25ºC дан юқори бўлмаган хароратда сақлансин

Болалар олаолмайдиган жойда сақлансин.

 

ДОРИХОНАЛАРДАН БЕРИШ ТАРТИБИ

Шифокор рецепти билан берилади.

ИМЕЮТСЯ ПРОТИВОКАЗАНИЯ. НЕОБХОДИМО ОЗНАКОМИТЬСЯ С ИНСТРУКЦИЕЙ
ПО ПРИМЕНЕНИЮ ИЛИ ПОЛУЧИТЬ КОНСУЛЬТАЦИЮ СПЕЦИАЛИСТА

Лекарственные средства, информация о которых представлена на сайте, могут иметь противопоказания к их применению и использованию. Перед использованием необходимо ознакомиться с инструкцией по применению или получить консультацию у специалистов.