ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА
КАДЕНС ФОРТЕ
KADENSUM FORTE
Препаратнинг савдо номи: Каденс Форте
Таъсир этувчи моддар (ХПН): глюкоза моногидрати, натрий хлориди, калий хлориди.
Дори шакли: инфузия учун эритма.
Таркиби:
фаол моддалар:
Калий хлориди 3,0 г;
Натрий хлориди 4,5 г;
Глюкоза моногидрати 50 г.
ёрдамчи модда: инъекция учун сув 1000 мл гача
Таърифи: тиниқ, рангсиз ёки бир оз сарғиш суюқлик.
Фармакотерапевтик гуруҳи: Парентераль озиқланиш учун восита.
АТХ коди: A12BA51
Фармакологик ҳусусиятлари
Фармакодинамикаси
Препаратнинг асосий фамакологик таъсири сув-электролит мувозанатини бошқариш ҳамда парентерал углеводли озиқлантиришни таъминлашдан иборат. Каденс Форте сув-электролит мувозанатини тиклайди, организмни электролитлар (калий, натрий, хлоридлар) ва калориялар билан тўлдиради, бундан ташкари гидратация учун сув манбаи ҳисобланади.
Калий – асосий ҳужайра ичи катионидир. Нерв ўтказувчанлиги ва мушак қисқарувчанлигини, айниқса юракда бошқаришда муҳим роль ўйнайди. Протеин ва углеводлар алмашинувида иштирок этади. Мушак дистрофияси, миастенияда скелет мушакларининг қисқариш жараёнларини яхшилайди.
Натрий – асосий ҳужайрадан ташқари катиондир. Ҳужайрадан ташқари суюқлигининг хажми унинг концентрациясига боғлиқ. Асосий фаолияти – организмдаги сув, кислота-ишқор мувозанати ва суюқликнинг осмотик босими тақсимланишини бошқариш. Хлор аниони билан бирга гомеостазни тутиб турувчи ўта муҳим элемент ҳисобланади.
Хлорид – ҳужайрадан ташқари бўшлиқнинг энг асосий аниони ҳисобланади. Шунингдек мембрана потенциалига жавобгар, натрий метаболизми билан чамбарчас боғлиқ. Организмдаги кислота-ишқор мувозанатининг ўзгариши, хлоридлар концентрацияси ўзгариши билан боғлиқ.
Глюкоза – сув танқислигини тез тўлдиради, организмдаги моддалар алмашинувининг турли жараёнларида иштирок этади, калория манбаи ҳисобланади, метаболизмга осон учрайди, организмдаги оқсил ва азот йуқотилишини камайтиради, гликогеннинг чўкишига ёрдам беради ва етарлича доза билан таъминланганда кетозни камайтиради ёки бартараф қилади. Организмдаги оксидланиш-қайтарилиш жараёнларини кучайтиради, жигарнинг антитоксик фаолиятини яхшилайди, юрак мушагининг қисқариш фаолиятини кучайтиради, осон ўзлаштирилувчи углеводлар манбаи бўлганлиги туфайли, бир қатор патологик ҳолатларда организмнинг заҳираси ҳисобига сарфланадиган энергетик харжларнинг бир қисмини қоплайди.
Фармакокинетикаси
Препарат қон-томир тизимида қисқа вақт ушлаб турилади ва интерстициал ҳамда ҳужайра ички секторига ўтади.
Калий ҳужайралар ичига жойлашса, натрий ва хлорид асосан ҳужайрадан ташқари бўшлиқда тақсимланади. Калий ҳужайрадан ташқари суюқлик ва ҳужайралараро бўшлиқ орасида мувозанатга эришади. Динамик бўлиб, организмнинг эҳтиёжига қараб, ҳужайра ички ва ташқарисидаги бўшлиқларига ўтади. Глюкоза – организм томонидан бутунлай ўзлаштирилади, буйраклар орқали чиқарилмайди. Глюкозанинг оксидланиш маҳсулотлари ўпка (карбонат ангидрид гази – CO2) ва буйраклар (сув – H2O) орқали чиқарилади. Натрий асосан буйраклар, кам миқдорда ахлат ва тер орқали чиқарилади. Калий асосан буйраклар орқали, шунингдек кам миқдорда тери ва ахлат билан чиқарилади, бунда калийнинг кўп қисми ичак орқали қайта сўрилади. Хлоридлар организмдан асосан сийдик (90%), шунингдек тери ва аҳлат орқали чиқарилади.
Қўлланилиши
- Каденс Форте кучли қусиш ва диареяда хамда дегидратация билан кечувчи бошқа ҳолатларда, сув-электролит мувозанатини тиклаш учун электролитлар (калий, натрий, хлоридлар), калория ва сув манбаи сифатида қўлланилади;
- турли интоксикацияларда (мажмуавий муолажа таркибида) қўлланади.
Қўллаш усули ва дозалари
Вена ичига (в/и), томчилаб юборилади.
Доза касаллик оғирлик даражаси, организмнинг ҳолати, лаборатор текширув кўрсаткичлари, пациентнинг ёши, вазни ва буйраклар фаолиятига қараб аниқланади.
Юборишдан олдин эритмани 36-38°С гача қиздириш керак.
Веноз таъсирланишни камайтириш учун, препаратни кичик диаметрли игна билан йирик переферик веналарга аста-секин юбориш тавсия қилинади.
Инфильтрациядан синчковлик билан сақланиш керак.
Катталар учун доза – 10-20 ммоль калий (0,25-0,5 л), максимал – 40 ммоль гача (1,0 л), 1-3 соат давомида юборилади. Болаларга – соатига 0,3-0,5 ммоль/кг гача. 1 л эритмадаги калийнинг концентрацияси 40 ммоль ни ташкил этишини ҳисобга олиш керак.
Ножўя таъсирлари
Препаратни қўллаганда турли реакциялар пайдо бўлиши мумкин, шу жумладан: фебрил реакциялар (бош оғриғи, тана ҳароратини ошиши), инъекция жойида инфекциялар, инъекция жойидан бошланувчи веноз тромбози ёки флебит; шишлар ва гиперволемия. Бундан ташқари препарат кўнгил айниши, қусиш, қоринда оғриқ ва диарея чақириши мумкин.
Реакциялар пайдо бўлганда юборишни тўхтатиш, пациентнинг ҳолатини баҳолаш, тегишли терапевтик чоралар кўриш, шунингдек зарурати бўлса қолган суюқликни экспертиза учун сақлаш лозим. Гипертоник эритмаларни жуда тез юборилиши маҳаллий оғриқ ва веноз таъсирланишни чақириши мумкин. Юбориш тезлигига препаратни толерантликка қараб тузатиш киритилади.
Ножўя таъсир симптомлари, эритмадаги бир ёки бир неча ионларнинг миқдори кўп ёки камлигига қараб пайдо бўлиши мумкин, шунинг учун электролитлар даражасини мунтазам назорат қилиб туриш лозим.
Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар
Препаратнинг компонентларига юқори сезувчанлик, гиперкалиемия, гипергидратация ҳолати, сурункали буйрак ва юрак етишмовчилиги, ўпка, бош мия шиши хавфи, атриовентрикуляр блокада, кортикостероидларнинг юқори дозалари билан даволашда қўллаш мумкин эмас.
Эҳтиёткорлик билан: жигар фаолиятининг яққол бузилишларида, метаболик ацидозда.
Дориларнинг ўзаро таъсири
Каденс Фортени, гипернатриемия ва/ёки гиперкалиемия пайдо бўлиш хавфи туфайли, таркибида калий ва/ёки натрий сақловчи бошқа дори воситалари билан бир вақтда қўллаш тавсия қилинмайди.
Гиперкалиемия чақириши мумкин бўлган препаратларни: калий хлориди, калий тежовчи диуретиклар, ААФ ингибиторлари, бета-блокаторлар, НЯҚВ, циклоспорин, гепарин ва бошқаларни қабул қилаётган пациентларда эҳтиёткорлик билан қўллаш зарур.
Махсус кўрсатмалар
Каденс Форте эритмаси таркибида натрий ва калий ионлари мавжудлиги туфайли, уни оғир буйрак етишмовчилиги, сийдик чиқариш йўллари обструкцияси, димланган юрак етишмовчилиги, айниқса операциядан кейинги пациентларда ва гиперволемияси бўлган кекса одамларда, шунингдек шиш билан кечувчи натрийнинг тутилиши каби клиник ҳолатларда жуда эҳтиёткорлик билан қўллаш лозим.
Буйрак фаолияти сусайган пациентларда Каденс Фортени қўллаш, организмда калийнинг тўпланишига олиб келиши мумкин.
Каденс Фортени кортикостероид ёки кортикотропин қабул қилаётган, шунингдек гипернатриемияси бўлган пациентларга эҳтиёткорлик билан буюриш лозим.
Каденс Форте эритмаси глюкоза сақлайди, шунинг учун уни яққол ёки субклиник қандли диабети бўлган ёки ҳар қандай генезли глюкозага толерантликни бузилиши бўлган беморларда эҳтиёткорлик билан қўллаш лозим.
Қўшимча муолажа сифатида калий қабул қилаётган пациентларда унинг зардобдаги миқдорини мунтазам аниқлаб туриш тавсия қилинади.
Болаларга, айниқса янги ва чала туғилган чақалоқларга в/и юбориладиган эритманинг дозалари ва юбориш тезлиги, гипергликемия/гипогликемиянинг ривожланиш хавфи юқорилиги туфайли, эҳтиёткорлик билан танланиши керак. Глюкозанинг зардобдаги концентрацияси доимий мониторинги талаб қилинади.
Препарат сақловчи флаконни ҳар гал юборишдан олдин қаттиқ заррачалар борлиги ва ранги ўзгариши юзасидан кўздан кечириш керак. Фақат флакон бутун, эритма тиниқ бўлгандагина ишлатилсин.
Каденс Фортени бошқа препаратлар билан аралаштириш натижасида юзага келиши мумкин бўлган номутаносибликлар хавфини минимал даражага тушириш учун, эритмалар аралаштирилгандан кейиноқ хиралик ёки чўкма борлиги юзасидан юборишдан олдин, шунингдек юборилаётганда вақти-вақти билан текшириб турилиши керак.
Юбориладиган суюқлик, чиқариладиган сийдик миқдори ва электролитларнинг зардобдаги даражасини, глюкозанинг қондаги миқдори ўзгаришини кузатиш лозим.
Узоқ муддатли парентерал даволаш вақтида ва зарур ҳолатларда беморнинг ҳолатига кўра мунтазам клиник баҳолашни амалга ошириш ҳамда суюқлик мувозанати, электролитлар концетрацияси ва кислота-ишқор мувозанати ўзгаришларини кузатиш мақсадида вақти-вақти билан лаборатор текширувлар ўтказиш керак.
Кардиологик касалликлари бўлган беморларда, айниқса ангишвонагул препаратларини қабул қилаётган беморларда гиперкалиемиянинг илк белгиларини аниқлаш учун серияли ЭКГ ўтказиш керак, чунки калийнинг зардобдаги даражаси ҳар доим ҳам унинг тўқимадаги даражасини намоён қилолмайди.
Ҳомиладорлик ва лактация даврида қўлланилиши
Препаратнинг ҳомиладорлик ва лактация даврида қўлланилиши ўрганилмаган.
Хомиладорлик ва лактация даврида, унинг она учун тахмин қилинадиган фойда, ҳомилада учун потенциал хавфдан устун деб топилган ҳоллардагина қўлланади
Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтганидан кейин ишлатилмасин.
Дозанинг ошириб юборилиши
Препарат терапевтик дозалардан анча юқори дозаларда юборилганда гиперкалиемия симптомлари ривожланиши мумкин.
Гиперкалиемия симптомлари қуйидагиларни ўз ичига олади: қўл-оёқлар парестезияси, арефлексия, мушак ва респиратор фалаж, онгни чалкашиши, ҳолсизлик, артериал гипотензия, аритмиялар, юрак блокадаси, электрокардиографик бузилишлар ва юракнинг тўхтаб қолиши.
Даволаш: юборишни дарҳол тўхтатиш, терапевтик даволашни буюриш. Калийнинг дозаси ошириб юборилган ҳолларда калийнинг зардобдаги даражасини пасайтириш учун мувофиқ чораларни кўриш: калий сақловчи препаратларни ёки калий тежовчи диуретиклар беришни бекор қилиш ҳамда ҳалқали диуретиклар, диализ, гемофильтрацияни буюриш билан калийнинг чиқарилишини амалга ошириш лозим.
Чиқарилиш шакли
Инфузия учун эритма 100, 250, 500 мл дан флаконларда.
Сақлаш шароити
Қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган жойда, 25°C дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.
Яроқлилик муддати
2 йил.
Дорихоналардан бериш тартиби
Рецепт бўйича.