ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА
ОКТАГРИППИН®
OCTAGRIPPIN®
Препаратнинг савдо номи: Октагриппин®
Таъсир этувчи моддалар (ХПН): парацетамол, фенирамин, аскорбиновая кислота (paracetamol, pheniramine, ascorbic acid)
Дори шакли: ичга қўллаш учун эритма тайёрлаш учун кукун.
Таркиби:
3,0 г кукун қуйидагиларни сақлайди:
фаол моддалар: 325 мг парацетамол, 25 мг фенирамин малеати, 220 мг аскорбин кислотаси,
ёрдамчи моддалар: сувсиз лимон кислотаси, аспартам Е951, хинолин сариғи Е104, лимон мойи, шакар.
Таърифи: оқ рангли, ўзига хос лимон ҳидли кукун.
Пакет ичидагиси 100 мл янги қайтатилган ва совутилган сувда эритилганда тиниқ ёки бироз товланувчи оч-сариқдан сариқ ранглигача, ўзига хос лимон ҳидли эритма ҳосил бўлади.
Фармакотерапевтик гуруҳи: анальгетик-антипиретиклар.
АТХ коди: N02BE51.
Фармакологик хусусиятлари
Фармакодинамикаси
Мажмуавий дори воситасидир, ринореяни, кўз ёши оқишини, аксиришни камайтириш ва бурун орқали нафас олишни тикланиши билан кечувчи антиаллергик, бронхолитик, яллиғланишга қарши, иситмани туширувчи, оғриқ қолдирувчи, антиоксидант таъсир кўрсатади. Дори воситасининг таъсири унинг таркибига кирувчи компонентларнинг самаралари билан боғлиқ. Фенирамин – гистамин Н1-рецепторларининг блокаторидир. Аллергияга қарши таъсир кўрсатади, бронхларнинг силлиқ мушаклари тонусини пасайтиради, микроциркуляцияни нормаллаштиради, капиллярларнинг қон томир деворлари ўтказувчанлигини камайтиради, шу орқали тўқималар шиши ва экссудация кўринишларини камайтиради ёки уларни олдини олади (бурун орқали нафас олишни тиклаш, ринореяни, кўз ёши оқишини бартараф этиш). Парацетамол простагландинлар синтезини ингибиция қилади ва гипоталамусдаги терморегуляция маркази қўзғалувчанлигини пасайтиради, шу орқали унинг оғриқни қолдирувчи ва иситмани туширувчи таъсири боғлиқ. Тана ҳарорати нормал бўлганида иситмани туширувчи таъсири намоён бўлмайди. Аскорбин кислотаси кучли антиоксидант ҳисобланади, яққол тикловчи хусусиятларга эга. Оксидланиш-қайтарилиш жараёнлари, углеводлар алмашинуви, тўқималар регенерациясини бошқаради. Коллаген ва проколлаген синтезида иштирок этади, шу орқали ҳам капиллярларнинг ўтказувчанлигини нормаллашиши, тўқималар шиши ва экссудациясини камайишига олиб келади. Касаллик даврида С витаминига бўлган эҳтиёж ҳаддан ташқари ошади.
Фармакокинетикаси
Фенирамин малеати меъда-ичак йўлларидан яхши сўрилади. Плазмадан ярим чиқарилиш даври 1,5-2 соатни ташкил қилади. Дори воситаси тўқималарга юқори яқинликка эга. Организмдан жигар йўли орқали чиқарилади.
Парацетамол: ичак орқали сўрилиши тез ва деярли тўлиқ амалга ошади. Организмнинг суюқ муҳитларида тез тақсимланади. Плазмадаги максимал концентрациясига 30-60 минутдан кейин эришилади. Қон плазмаси оқсиллари билан кучсиз боғланади. Плазмадан ярим чиқарилиш даври тахминан 2 соатни ташкил қилади. Жигардаги метаболизми 2 асосий йўл билан амалга ошади: дори воситаси глюкурон билан боғланган ва сульфат билан боғланган кўринишда ва фақатгина 5% – ўзгармаган кўринишда чиқарилади. Дори воситасининг оз қисми (4% дан камроғи) – цитохром Р450 иштирокида глютатион билан бирикма ҳосил қиладиган метаболит ҳосил қилади. Интоксикацияда бу метаболитнинг миқдори ошади.
Аскорбин кислотаси меъда-ичак йўлларидан яхши сўрилади, унинг ортиқча миқдори сийдик билан чиқарилади.
Қўлланилиши
Катталар ва болаларда қуйидагилар билан кечувчи шамоллаш, гриппсимон ҳолатларни симптоматик даволашда:
- бош оғриғи ва/ёки иситма;
- аксириш;
- бурундан тиниқ ажралма ажралиши ва кўз ёши оқишида қўлланади.
Қўллаш усули ва дозалари
Қўллашдан олдин пакет ичидагиси 100 мл янги қайтатилган ва совутилган сувда эритилади. Тайёр бўлган эритма ичга қабул қилинади.
Дори воситаси катталарга 1 пакетчадан суткада 2-3 марта буюрилади.
Қабул қилишлар орасида камида 4 соатлик интервалга риоя қилиш керак. Буйрак етишмовчилиги бўлган ҳолларда дори воситасини қабул қилиш орасидаги интервал камида 8 соат бўлиши керак.
Дори воситасини қабул қилиш давомийлиги 5 кундан ошмаслиги керак.
Ножўя таъсирлари
Парацетамол билан боғлиқ
Бу реакцияларнинг тез-тезлиги аниқланмаган, лекин улар кам ҳолларда пайдо бўлади:
- тромбоцитопения;
- анафилаксия;
- ўта юқори сезувчанликнинг тери реакциялари, шу жумладан тери тошмаси, Квинке шиши ва Стивенс-Джонсон синдроми;
- аспирин ва бошқа НЯҚВ ларга сезувчанлиги бўлган пациентларда бронхоспазм;
- жигар дисфункцияси.
Фенирамин билан боғлиқ
Нейровегетатив самаралар:
- седатив самара ёки уйқучанлик, айниқса даволашнинг бошида;
- шиллиқ қаватларни қуриши, қабзият, аккомодацияни бузилиши, мидриаз, кучли юрак уриши, сийдик тутилиши хавфи;
- ортостатик гипотензия;
- мувозанатни бузилиши, вертиго, хотира ёки диққатни жамлашни сусайиши, бу кўпинча кекса одамларда учрайди;
- ҳаракат координациясини бузилиши, қалтираш;
- онгни чалкашиши, галлюцинациялар;
- камроқ ҳолатларда – қўзғалиш типидаги самаралар: тажавузкорлик, асабийлик, уйқусизлик.
Юқори сезувчанлик реакциялари (кам ҳолларда):
- эритрема, қичишиш, экзема, эшакеми;
- шиш, камроқ ҳолларда – Квинке шиши;
- анафилактик шок.
Гематологик самаралар:
- лейкопения, нейтропения;
- тромбоцитопения;
- гемолитик анемия.
Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар
- препаратнинг компонентларига юқори сезувчанлик;
- жигар ва/ёки буйрак фаолиятини оғир бузилишлари;
- глаукома;
- простата бези фаолиятини бузилиши билан боғлиқ сийдикни тутилиши;
- алкоголизм;
- фенилкетонурия;
- зўрайиш босқичидаги меъда ва ўн икки бармоқ ичак яра касаллиги;
- қандли диабетнинг оғир шакллари;
- препаратда сахароза мавжудлиги туфайли фруктозани ўзлаштираолмаслик, глюкоза-галактоза мальабсорбция синдроми ёки сахароза-изомальтоза етишмовчилиги;
- 15 ёшгача бўлган болалар;
- ҳомиладорлик, лактация даврида қўллаш мумкин эмас.
Дориларнинг ўзаро таъсири
Парацетамол билан медикаментоз ўзаро таъсирлар аҳамиятсиз, лекин ёндош дори воситалари антикоагулянтлар (варфарин ва кумарин) ва паст терапевтик индексга эга тиришишга қарши дори воситалари бўлганда кучайиши мумкин. Парацетамолни НЯҚП лар билан бир вақтда қўллаш уларнинг нефротоксиклигини ошириши мумкин. Кофеин, опиатлар каби оғриқни қолдирувчи бошқа препаратлар билан фармакодинамик ўзаро таъсир бўлиши мумкин; барбитуратлар иситмани туширувчи самарани камайтиради. Пробенецид, холестирамин парацетамол метаболизмини сусайтиради. Туберкулёзга қарши дори воситалари (рифампицин, изониазид) парацетамолнинг гепатотоксиклигини оширади. Тутқаноққа қарши воситалар (фенобарбитал, фенитоин, карбазепин) гепатотоксик таъсир хавфини оширмайди.
Фенирамин марказий нерв тизимини сусайтирувчи дори воситалари (масалан, антипаркинсон ва антипсихотик воситалар), шунингдек алкоголнинг таъсирини кучайтиради, антикоагулянтлар таъсирини сусайтиради ва прогестерон, резерпин, тиазид диуретиклар билан ўзаро таъсирлашади. Перорал контрацептивлар антигистамин воситаларнинг самарадорлигини камайишига олиб келиши мумкин.
Махсус кўрсатмалар
Тавсия этилган дозани ошириш ёки препаратни кетма-кет 5 кундан ортиқ қабул қилиш мумкин эмас.
Шифокор билан маслаҳатлашиш керак, агар симптомлар:
- 5 кун давомида яхшиланмаса;
- 3 кундан ортиқ сақланиб турувчи иситма билан кечса;
- иситма, бош оғриғи, тошмалар, кўнгил айниши ёки қусиш билан кечувчи 3 кундан ортиқ сақланиб турувчи томоқда оғриқни ўз ичига олса.
Буйрак патологияси бўлган пациентларга ва ушбу дори воситаси таркибида жигарнинг парацетамол билан боғлиқ шикастланишлари хавфини оширувчи парацетамол ва фенирамин бўлганлиги туфайли жигар етишмовчилиги бўлган пациентларга дори воситасини буюрганда эҳтиёткорликка риоя қилиш керак.
Алкоголли ичимликларни ёки седатив воситаларни қабул қилиш (хусусан, барбитуратларни) антигистамин воситаларнинг седатив самарасини кучайтиради, шунинг учун даволаш вақтида уларни қабул қилишдан сақланиш керак.
Ҳар бир пакет қанд сақлайди, бу қандли диабети бўлган беморларда ва қанд миқдори паст бўлган парҳезга риоя қилганда суткада истеъмол қилинган сахарозанинг умумий миқдорини ҳисобга олиш керак.
Тана вазни 50 кг дан юқори бўлган катталар учун парацетамолнинг умумий дозаси кунига 4 г дан ошмаслиги керак.
Ҳомиладорлик ва лактация даврида қўлланиши
Препаратни ҳомиладорлик ва лактацияда мустақил қабул қилиш мумкин эмас, шифокор билан маслаҳатлашиш керак.
Автомобилни бошқариш ва механизмлар билан ишлаш қобилиятига таъсири
Даволаш вақтида автотранспортни бошқариш ва диққатни юқори жамлаш ва психомотор реакцияларнинг тезлигини талаб этувчи мураккаб механизмлар билан ишлаш тавсия этилмайди. Антихолинергик хусусиятлари туфайли фенирамин айрим пациентларда уйқучанлик, бош айланиши, кўришни хиралашиши ва психомотор бузилишларни чақириши мумкин, бу автомобилни бошқариш ва техникадан фойдаланиш қобилиятига жиддий таъсир қилиши мумкин. Седатив воситалар, транквилизаторлар ёки алкоголь билан бир вақтда қўлланилганида уйқучанлик кучайиши мумкин.
Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.
Дозани ошириб юборилиши
Парацетамол билан боғлиқ:
10 г ва ундан кўпроқ парацетамол қабул қилган катталарда жигарни шикастланиши хавфи мавжуд. Агар пациентда қуйидаги хавф омиллари бўлса, 5 г ва ундан кўпроқ парацетамолни қабул қилиш жигарни шикастланишига олиб келиши мумкин:
- карбамазепин, фенобарбитал, фенитоин, примидон, рифампицин, далачой ва жигар ферментларини индукция қилувчи бошқа препаратлар билан узоқ вақт даволаганда;
- тавсия этилган даражадан юқори миқдорда этанолни мунтазам қабул қилиш;
- холсизланган (ОИТВ-инфекция, муковисцедоз, очлик).
Симптомлари: одатда биринчи суткада намоён бўлувчи кўнгил айниши, қусиш, анорексия, қоринда оғриқ. Жигарни шикастланиши қабул қилингандан 12 соатдан 48 соатгача намоён бўлиши мумкин. Оғир заҳарланишларда жигар етишмовчилиги энцефалопатия, қон кетиши, гипогликемия, бош мия шиши ва ўлимгача олиб келиши мумкин. Ўткир некроз, белда оғриқ, гематурия ва протеинурия билан кечувчи ўткир буйрак етишмовчилиги ҳатто жигарнинг жиддий шикастланишлари бўлмаганида ҳам ривожланиши мумкин.
Даволаш: заҳарланиш симптомлари пайдо бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат этинг. Парацетамол қабул қилингандан 24 соат давомида плазмада парацетамол даражасини аниқлаш учун қон таҳлили, меъдани ювиш, антидоти N-ацетилцитеинни (вена ичига ёки ичга) юбориш тавсия этилади, симптоматик даволаш.
Фенирамин билан боғлиқ
Дозани ошириб юборилиши тиришишлар, онгни бузилиши, ҳулқ-атворни бузилиши, дистоник реакциялар, юрак-қон томир етишмовчилиги, брадикардия, уйқучанлик, кўришни бузилиши, депрессия, атропинсимон “психоз” чақириши мумкин.
Чиқарилиш шакли
3,0 г дан истеъмолчилар учун илова-варақа билан картон қутига жойланган термо-ёпиштирилган пакетларда №10.
Сақлаш шароити
Ёруғликдан ҳимояланган жойда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.
Яроқлилик муддати
2 йил.
Дорихоналардан бериш тартиби
Шифокор рецептисиз.