ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА
РЫБИЙ ЖИР ВИТАМИНИЗИРОВАННЫЙ
OLEI JECORIS VITAMINISATUS
Препаратнинг савдо номи: Витаминлаштирилган балиқ мойи
Таъсир этувчи модда (ХПН):Витаминлаштирилган балиқ мойи
Дори шакли: Капсула.
Таркиби:
Хар бир капсула сақлайди:
500 мг витаминлаштирилган балиқ мойини (бу 500 ХБ ретинол ацетати (А витамини) ва 50 ХБ эргокальциферолга (Д2 витамини) мос келади).
Таърифи: Овал шаклли, чокли, таранг, тиниқ, оч-сариқ рангли юмшоқ желатин капсулалар.
Фармакотерапевтик гуруҳи: Витаминлар.
Код АТХ: А11CВ
Фармакологик хусусиятлари
Келиб чиқиши ҳайвондан бўлган дори воситаси бўлиб, унинг таъсири таркибига кирувчи А ва Д витаминлари, ҳамда тўйинмаган ёғ кислоталарининг самаралари билан белгиланади.
А витамини – ёғда эрийдиган витамин, оксидланиш-қайтарилиш жараёнларида муҳим роль ўйнайди, мукополисахаридларнинг оқсилларнинг, липидларнинг синтезида иштирок этади. Нормал оқшом ва рангли кўриш учун зарур бўлган пигментларнинг шаклланишида иштирок этади; эпителиал тўқималарнинг бутунлигини таъминлайди, суякларнинг ўсишини бошқаради.
Д витамини – ичакда кальций ва фосфорнинг сўрилишини, буйракларда кальций ва фосфорнинг қайта сўрилишини, ҳужайра мембранаси орқали кальцийнинг ташилишини стимуллайди, суяклар структурасининг қурилиши жараёнини бошқаради. Шунингдек иммун тизимининг ривожланишига, ҳужайраларнинг пролиферацияси ва дифференциациясига, липидларнинг ва қатор гормонларнинг синтезига, юрак-томир тизими ва меъда-ичак йўлларининг функционал фаоллигига ижобий таъсир кўрсатади, қондаги паратиреоид гормонининг даражасини пасайтиради. У қалқонсимон бези олди безларининг меъёрий фаолият кўрсатиши учун керак, АТФ синтезида иштирок этади.
Тўйинмаган ёғ кислоталари арахидон кислотаси, лейкотриенлар ва простагландинларнинг синтезида иштирок этади, қон плазмасида холестерин ва триглицеридларнинг концентрациясини пасайтиради.
Қўлланилиши
Препаратни:
- А ва Д гипо- ва авитаминозларида (тез-тез респиратор касалликлар, суякларнинг ўсишини бузилиши, кўришни пасайиши, тери, соч, тирноқлар, тишларнинг структурасини бузилиши, рахит, реконвалесценция даврида);
- турли генезли остеопатияларни олдини олиш ва даволаш: остеомаляция, остеопороз, синишларни секинлашган консолидацияси кўринишлари билан бўлган «сохта» бўғимлар бўйича оператив аралашувлардан кейинги тикланиш даври, суяк қадоғини ҳосил бўлишини рағбатлантириш;
- атеросклероз ва унинг томирли асоратларини олдини олиш;
- гиперлипидемияда;
- кўз касалликларини: пигментли ретинит, ксерофтальмия, кератомаляция, конъюнктивит, қовоқларнинг экзематоз шикастланишини мажмуавий даволашда қўлланади.
Қўллаш усули ва дозалари
1-2 капсуладан суткада 3 марта, овқатдан кейин, совуқ ёки бироз илиқ сув билан бирга қабул қилинади. Капсулаларни кўп миқдордаги сув билан бирданига ютиш тавсия этилади, уларни узоқ вақт давомида оғизда ушлаб туриш мумкин эмас, чунки капсула қобиғининг таркибига кирувчи желатин уни ёпишқоқ қилиб қўяди, бу эса ютишни қийинлаштиради.
Тавсия қилинадиган доза: 7 ёшдан катта болаларга – суткада 3-4 капсуладан. Катталар учун – суткада 2-3 қабулга бўлинган 6-8 капсула.
Конкрет дозани патологиянинг характерига қараб даволовчи шифокор буюриши керак.
Даволаш курси – 2-3 ой. Кейинчалик умумий қон таҳлилини ўтказиш ва натижаларга қараб препаратни қабул қилишни давом этиш тавсия қилинади.
Ножўя таъсирлари
Дори воситаси тавсия қилинган дозаларда қўлланганида одатда ножўя кўринишлари кузатилмайди. Баъзида аллергик реакциялар бўлиши мумкин.
Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар
Препаратнинг компонентларига юқори сезувчанлик, идиопатик гиперкальциемия, гиперкальциурия, ўпка туберкулёзининг фаол шакллари, жигар ва буйракларнинг ўткир ва сурункали касалликлари, нефроуролитиаз, сурункали панкреатит (касалликнинг зўрайиши мумкин), Д гипервитаминози, саркоидоз, узоқ муддатли иммобилизация (катта дозаларда),
тиреотоксикоз (ўта юқори сезувчанлик эҳтимоли), бир вақтда фибратларни, перорал антикоагулянтларни бир вақтда қабул қилиш, оғир жароҳатлар, жарроҳлик операциялари (қон кетиш вақтини ошиши хавфи туфайли), ҳомиладорлик, лактация даври, 7 ёшгача бўлган болаларда қўлланмайди.
Дориларнинг ўзаро таъсири
Д витаминининг фаоллиги, бир вақтда тиришишга қарши воситалар ёки барбитуратлар билан қўлланганида пасайиши мумкин.
Эстрогенлар билан бир вақтда қўлланганида А гипервитаминозининг хавфи ошади.
А витамини глюкокортикоидларнинг яллиғланишига қарши таъсирини пасайтиради.
Махсус кўрсатмалар
Препаратни бошқа А ва Д витаминларини сақловчи витамин препаратлари билан бирга, ушбу витаминларнинг дозасини ошириб юборилишидан сақлаш учун қўллаш тавсия қилинмайди. Дори воситасини ҳомиладорлик ва эмизиш даврида фақат шифокор билан келишилгандан кейин қўллаш мумкин.
Юракнинг шикастланишларида, буйраклар, жигар ва меъда-ичак йўлларининг ўткир ва сурункали касалликларида, меъда ва ўн икки бармоқ ичак яра касаллигида, гипотиреозда, кексалик ёшида эҳтиёткорлик билан қўллаш керак.
Автомобилни ҳайдаш ва техника билан ишлаш қобилиятига таъсир қилмайди.
Препаратни болалар ололмайдиган жойда сақлаш ва уни яроқлилик муддати ўтгач ишлатмаслик лозим.
Дозани ошириб юборилиши
Симптомлари: катталарда – уйқучанлик, бўшашиш, бош оғриғи; болаларда – ҳароратнинг ошиши, уйқучанлик, кўп терлаш, қусиш, тери тошмалари.
Даволаш: симптоматик, препаратни бекор қилиш, кальцийни овқат билан организмга тушишини кескин чеклаш.
Чиқарилиш шакли
Юмшоқ желатин капсулалар, 10 капсуладан контур уяли ўрамда, 5 контур уяли ўрамдан қўллаш бўйича йурикномаси билан қутида.
Сақлаш шароити
Қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган жойда, 15°С дан 25ºС гача бўлган ҳароратда сақлансин.
Яроқлилик муддати
2 йил.
Дорихоналардан бериш тартиби
Рецептсиз.