ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА
БАРБОВАЛ
BARBOVAL
Препаратнинг савдо номи: Барбовал
Таъсир этувчи моддалар: α-бромизовалериан кислотасининг этил эфири, изовалериан кислотасининг ментил эфиридаги ментол эритмаси, фенобарбитал.
Дори шакли: қаттиқ капсулалар.
Таркиби:
1 капсула қуйидагиларни сақлайди:
фаол моддалар: α-бромизовалериан кислотасининг этил эфири – 10 мг, изовалериан кислотасининг ментил эфиридаги ментол эритмаси – 46 мг, фенобарбитал – 9,8 мг;
ёрдамчи моддалар: канакунжут мойи, лактоза моногидрати (200), микрокристалл целлюлоза 102, кросповидон, кальций стеарати, сувсиз коллоид кремний диоксиди.
Таърифи: қопқоқчаси кўк рангли, корпуси оқ рангли капалак тасвири туширилган ёки туширилмаган №0 қаттиқ желатин капсулалар.
Капсула ичидагиси – оқ ёки деярли оқ рангли бир хил кукун.
Фармакотерапевтик гуруҳи: Ухлатувчи ва седатив препаратлар. Барбитуратларнинг мажмуавий препаратлари.
АТХ коди: N05CB02.
Фармакологик хусусиятлари
Фармакодинамикаси
Барбовал – терапевтик таъсири унинг таркибига кирувчи компонентларнинг фармакологик хусусиятлари билан боғлиқ мажмуавий дори воситасидир.
α-бромизовалериан кислотасининг этил эфири нерв тизимининг марказий бўлимларида рефлектор қўзғалувчанликни пасайиши ва бош мия пўстлоғи ва пўстлоқ ости структураларидаги нейронларда тормозланиш жараёнларини кучайиши, шунингдек марказий қон томирларни ҳаракатлантирувчи марказларнинг фаоллигини пасайиши ва силлиқ мушакларга бевосита спазмолитик таъсир билан боғлиқ рефлектор, тинчлантирувчи ва спазмолитик таъсир кўрсатади.
Фенобарбитал ўрта ва узунчоқ миянинг ретикуляр формацияси марказларининг катта ярим шарларнинг пўстлоқ қисмига фаоллаштирувчи таъсирини сусайтиради, шу орқали бош мия пўстлоғи ва пўстлоқ ости структураларига қўзғатувчи таъсир оқимини камайтиради. Фаоллаштирувчи таъсирни камайиши дозага қараб тинчлантирувчи, транквилизация қилувчи ва ухлатувчи самара кўрсатади. Барбовал умумий артериал босимни пасайтириб, қон томирлар, айниқса юракнинг қон томирларининг спазмларини бартараф этиб ва олдини олиб, қон томирларни ҳаракатлантирувчи марказларга, коронар ва периферик қон томирларга қўзғатувчи таъсирни камайтиради.
Изовалериан кислотасининг ментил эфиридаги ментол эритмаси марказий нерв тизимига тинчлантирувчи таъсир кўрсатади, меъда ва ичакнинг перистальтикасини секинлаштиради, метеоризмни камайтиради, шунингдек ўртача рефлектор қон томирларни кенгайтирувчи ва спазмолитик таъсир кўрсатади.
Қўлланилиши
Юқори қўзғалувчанлик, уйқусизлик билан кечувчи неврозлар; истерия; стенокардиянинг енгил хуружлари, бошланғич босқичдари артериал гипертензия; функционал генезли тахикардия; меъда ва ичак спазмлари, метеоризмда қўлланади.
Қўллаш усули ва дозалари
Барбовал ичга қабул қилинади. Катталарга одатда 1-2 капсуладан суткада 2-3 марта 10-15 кун давомида буюрилади. Препаратни овқатланишдан 20-30 минут олдин қабул қилган афзал. 10-15 кун танаффусдан кейин даволаш курсини такрорлаш мумкин. Максимал суткалик доза – 6 капсула.
Ножўя таъсирлари
Препарат одатда яхши ўзлаштирилади. Қуйидаги ножўя реакциялар ривожланиши мумкин:
овқат ҳазм қилиш тизими томонидан: қабзият, эпигастрал соҳада оғирлик ҳисси, узоқ вақт қўлланилганда – жигар фаолиятини бузилиши, кўнгил айниши, қусиш;
нерв тизими томонидан: ҳолсизлик, атаксия, ҳаракат координациясини бузилиши, нистагм, галлюцинациялар, парадоксал қўзғалиш, диққатни жамлашни пасайиши, толиқиш, реакцияларни секинлашиши, бош оғриғи, когнитив бузилишлар, онгни чалкашиши, уйқучанлик, енгил бош айланиши;
қон яратиш аъзолари томонидан: анемия, тромбоцитопения, агранулоцитоз;
юрак-қон томир тизими томонидан: артериал гипотензия, брадикардия;
иммун тизими томонидан: ўта юқори сезувчанлик реакциялари, шу жумладан ангионевротик шиш, аллергик реакциялар, шу жумладан тери тошмаси, қичишиш, эшакеми;
тери ва шиллиқ қаватлар томонидан: Стивенс-Джонсон синдроми, токсик эпидермал некролиз;
таянч-ҳаракат аппарати томонидан: фенобарбитал сақловчи воситаларни узоқ вақт қўллаганда остеогенезни бузилиши хавфи мавжуд;
бошқалар: нафас олишни қийинлашиши.
Бром сақловчи препаратларни узоқ вақт қўллаш бром билан заҳарланишга олиб келиши мумкин, у қуйидаги симптомлар билан характерланади: марказий нерв тизимини бостирилиши, депрессив кайфият, онгни чалкашиши, атаксия, апатия, конъюнктивит, ринит, кўз ёши оқиши, акне ёки пурпура.
Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар
Препаратнинг бирон-бир компонентларига юқори сезувчанлик, жигар ва буйрак етишмовчилиги, жигар порфирияси, яққол артериал гипотензия, ўткир миокард инфаркти, оғир юрак етишмовчилиги, қандли диабет, депрессия, миастения, алкоголизм, наркотик ва медикаментоз қарамлик, ҳансираш билан кечувчи респиратор касалликлар, обструктив синдромда қўллаш мумкин эмас. Препаратни болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларда қўллаш мумкин эмас.
Дориларнинг ўзаро таъсири
Нейролептиклар ва транквилизаторлар билан бир вақтда қўллаганда препаратнинг ҳар бир компонентини потенция қилади, марказий нерв тизимини рағбатлантирувчилар билан эса – таъсирини сусайтиради. Ўзининг таркибида барбитурат кислотасининг ҳосиласини сақловчи Барбовал маҳаллий оғриқсизлантирувчи, оғриқ қолдирувчи ва ухлатувчи воситаларнинг самараларини кучайтиради. Алкоголь препаратнинг самарасини кучайтиради ва унинг токсиклигини ошириши мумкин. Вальпроат кислотасининг препаратларини қўллаш фонида препаратнинг таъсири кучаяди. Барбовалнинг таркибида фенобарбитални мавжудлиги жигар ферментларини индукция қилиши мумкин ва жигарда метаболизмга учрайдиган медикаментлар (кумарин ҳосилалари – билвосита антикоагулянтлар, гризеофульвин, глюкокортикоидлар, перорал ҳомиладорликка қарши воситалар, юрак гликозидлари, микробларга қарши, вирусларга қарши, замбуруғларга, тутқаноққа қарши, тиришишга қарши, психотроп, перорал қанд даражасини пасайтирувчи, гормонал, иммуносупрессив, цитосатик, антиаритмик, антигипертензив дори воситалари) билан бир вақтда қўллаш номаъқул ҳисобланади, чунки метаболизмнинг юқори даражаси натижасида уларнинг самарадорлиги пасаяди.
МАО ингибиторлари фенобарбиталнинг самарасини узайтиради. Рифампицин фенобарбиталнинг самарасини пасайтириши мумкин.
Фенобарбитални олтин препаратлари билан бир вақтда қўллаганда буйракларни шикастланиши хавфи ошади.
Фенобарбитални ностероид яллиғланишга қарши препаратлар билан узоқ вақт бирга қўллаганда меъда яраси ва қон кетиши пайдо бўлиши хавфи мавжуд.
Фенобарбитални зидовудин билан бир вақтда қўллаш иккала препаратларнинг токсиклигини кучайтиради.
Препарат метотрексатнинг токсиклигини оширади. Препаратни қабул қилиш вақтида спиртли ичимликларни қабул қилишдан сақланиш керак.
Махсус кўрсатмалар
Дори воситасининг таркибида фенобарбитални мавжудлиги Стивенс-Джонсон ва Лайелл синдромини ривожланиш хавфига олиб келиши мумкин, бунинг эҳтимоли даволашнинг биринчи хафтасида юқори. Медикаментоз қарамлик ривожланиши, организмда бромни тўпланиши ва бром билан заҳарланиш ривожланиши мумкинлиги туфайли, узоқ вақт қўллаш тавсия этилмайди. Препаратни қабул қилгандан кейин юрак соҳасидаги оғриқ ўтиб кетмаган ҳолларда ўткир коронар синдромни инкор этиш учун шифокорга мурожаат этиш керак. Препаратни декомпенсацияланган юрак еишмовчилиги, артериал гипотензия, гиперкинезлар, гипертиреоз, буйрак усти бези гипофункцияси, ўткир ва доимий оғриқлар, дори воситалари билан ўткир интоксикацияларда эҳтиёткорлик билан буюриш керак.
Препаратнинг таркибига кирувчи канакунжут мойи меъда томонидан бузилиш ва диарея чақириши мумкин.
Препарат лактоза сақлайди, шунинг учун галактозани ўзлаштираолмасликнинг кам учрайдиган наслий шакллари, лактаза етишмовчилиги ёки глюкозо-галактоз мальабсорбцияси синдроми бўлган пациентларда препаратни қўллаш мумкин эмас.
Ҳомиладорлик ёки эмизиш даврида қўлланиши
Препаратни ҳомиладорлик ва эмизиш давридаги аёлларда қўллаш мумкин эмас.
Болалар
Болаларда қўллаш тажрибаси йўқ, шунинг учун уни педиатрик амалиётда қўлланилмайди.
Автотранспортни ёки бошқа механизмларни бошқарганда реакция тезлигига таъсир қилиш қобилияти
Препарат уйқучанлик ва бош айланиши чақириши мумкин, шунинг учун даволаш даврида пациентларга хавфли механизмлар билан ишлаш ва транспорт воситаларини бошқариш тавсия этилмайди.
Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва ўрамида кўрсатилган яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.
Дозани ошириб юборилиши
Узоқ вақт ёки тез-тез қўлланилганда препарат тўпланиши мумкин, бу дозани ошириб юборилишининг клиник кўринишларига олиб келиши мумкин, хусусан:
- МНТ рағбатлантирувчилари (кофеин, кордиамин) ни қўллаш билан бартараф этиладиган марказий нерв тизимини сусайиши;
- нистагм, атаксия, артериал босимни пасайиши, қон формуласидаги оғишлар.
Бром билан сурункали заҳарланишнинг кўринишлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади: депрессия, апатия, ринит, конъюнктивит, геморрагик диатез, ҳаракат координациясини бузилиши. Мазкур кўринишларни бартараф этиш учун симптоматик даволаш буюрилади.
Препаратни узоқ вақт доимий қўллаш кўникиб қолиш, медикаментоз қарамлик, абстинент синдромни, қўллашни тўсатдан тўхтатиш эса – бекор қилиш синдромини чақириши мумкин. Препаратни узоқ вақт қўллаш айрим ҳолларда кутилаётган седация ўрнига психодинамик фаолликни кучайиши билан кечади.
Дозани ошириб юборилишининг симптомлари: нафасни ҳатто тўхташигача сусайиши; марказий нерв тизимини ҳатто комагача бостирилиши; юрак-қон томир тизимини сусайиши, шу жумладан ритмни бузилишлари, артериал босимни ҳатто коллаптоид ҳолатгача пасайиши; кўнгил айниши, ҳолсизлик, тана ҳароратини пасайиши, диурезни камайиши.
Даволаш: симптоматик.
Ўрами
10 капсуладан рангсиз поливинилхлорид плёнка ва босма алюмин фольгали блистерда.
1 ёки 3 блистердан қўллаш бўйича йўриқномаси билан картон қутига жойланади.
Яроқлилик муддати
3 йил.
Сақлаш шароити
25° дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.
Дорихоналардан бериш тартиби
Рецепт бўйича.