📜 Инструкция по применению Роферон-A
💊 Состав препарата Роферон-A
✅ Применение препарата Роферон-A
📅 Условия хранения Роферон-A
⏳ Срок годности Роферон-A

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

РОФЕРОН®A

Препаратнинг савдо номи:  Роферон®

Таъсир этувчи модда (ХПН): интерферон альфа-2а

Дори шакли: тери остига юбориш учун эритма

Таркиби:

Тери остига юбориш учун эритмали бир шприц-тюбик (0,5 мл) қуйидагиларни сақлайди:

фаол модда: интерферон альфа-2а – 3 млн ХБ, 4,5 млн ХБ, 6 млн ХБ, 9 млн ХБ (11,1 мкг, 16,7 мкг, 22,2 мкг, 33,3 мкг га эквивалент);

ёрдамчи моддалар: натрий хлориди – 3,605 мг, аммоний ацетати – 0,385 мг, бензил спирти – 5,0 мг, полисорбат 80 – 0,1 мг, 99,8% ли сирка кислотаси рН 5,0 гача (0,075-0,15 мг) ёки натрий гидроксиди рН 5,0 гача (0-7,5 мкг), инъекция учун сув 0,5 мл гача (тахминан 492,75 мг).

Таърифи: тиниқ, рангсиз ёки оч-сариқ рангли суюқлик.

Фармакотерапевтик гуруҳи: ТИБП (тиббий иммунобиологик препаратлар) – вирусларга қарши ва ўсмаларга қарши восита.

АТХ коди: L03AВ04.

 

Фармакологик хусусиятлари

Интерферон альфа-2а – бу молекуляр массаси тахминан 19000 дальтон бўлган, таркибида 165 аминокислоталарни сақловчи юқори тозаланган оқсилдир. Уни рекомбинант ДНК технологияси бўйича, ДНКси одамнинг ушбу оқсили синтезини кодлайдиган E.coli нинг ген-инженерлик штаммини ишлатиш йўли билан олинади.

Роферон®-А хужайраларда вирусли инфекцияларга резистентлик ҳолатини индукциялаб ва вирусларни нейтрализациясига ёки улар билан инфекцияланган хужайраларни йўқ қилишга қаратилган иммун тизимнинг жавоб реакциясини модуляция қилиб, вирусларга қарши таъсир кўрсатади. Роферон®in vitro шароитларида одамнинг қатор ўсмаларига нисбатан антипролифератив таъсирга эга ва тимуссиз сичқонларда nude мутацияси билан одамнинг баъзи ксенотрансплантат ўсмаларининг ўсишини сусайтиради.

Клиник самарадорлиги

Одамнинг Роферон®-А билан ишлов берилган ўсма ҳужайраларида (НТ29 ҳужайраларда) ДНК, РНК ва оқсилнинг синтези ишончли камаяди. Иммун етишмовчилиги бўлган тимуссиз сичқонларда in vivo шароитларида етиштирилган одамнинг ўсма ҳужайра қаторларининг чекланган сони Роферон®-А препаратининг таъсирига нисбатан сезгирлиги синовдан ўтказилган. In vivo шароитларида Роферон-А препаратининг антипролифератив фаоллиги сут безининг мукоид карциномаси ва кўр ҳамда кўндаланг чамбар ичакнинг, шунингдек простата безининг аденокарциномаси каби ўсмаларда ўрганилган. Антипролифератив фаоллигининг даражаси ўзгариб туради.

Роферон®-А Капоши саркомаси бўлган ОИТС билан хасталанган беморларда ва тукли хужайрали лейкоз бўлган пациентларда касалликнинг барқарорлашиши ёки ўсмани клиник жиҳатдан аҳамиятли регрессиясига олиб келади. Шунингдек Роферон®-А миелома касаллиги бўлган пациентларни даволаш учун самаралидир. Роферон®-А одатдаги даволашга сезгир бўлмаган ёки тўғри келмайдиган, терини зўрайиб борувчи Т-хужайрали лимфомаси бўлган пациентларда фаолликка эга.

Роферон®-А Ph-мусбат сурункали миелолейкози (СМЛ) бўлган пацентларни даволаш учун самаралидир. Роферон®-А СМЛ нинг сурункали босқичида, олдинги даволашдан қатъий назар, 60% беморларда гематологик ремиссияга олиб келади. Тўлиқ гематологик ремиссия текширилган беморларнинг учдан икки қисмида даволаш бошланганидан сўнг 18 ойдан кейин ҳам сақланиб туради. Цитотоксик кимёвий даволашдан фарқли равишда, интерферон альфа-2а 40 ойдан кўпроқ давом этувчи турғун цитогенетик ремиссияга олиб келиши мумкин. Роферон®-А кимёвий даволашнинг танаффусли курслари билан мажмуада умумий яшовчанликни оширади ва фақат кимёвий даволашга нисбатан касалликни авж олиб боришини тормозлайди.

Роферон®-А сурункали миелолейкоз ва бошқа миелопролифератив касалликларда тромбоцитозни даволаш учун самаралидир. Роферон®-А бир неча кунда тромбоцитлар сонини камайтиради, йўлдош тромбогеморрагик асоратларнинг ривожланиш тез-тезлигини камайтиради ва лейкозоген потенциалга эга эмас.

Хавфли ўсма даражаси паст ноходжкин лимфомаси бўлган беморларда кимёвий даволаш (нур билан ёки нурсиз даволаш) га қўшимча равишда буюрилганида, Роферон®-А касалликни қайталанишсиз яшовчанликни ва авж олиб боришсиз яшовчанликни узайтиради.

Тарқалган буйрак-хужайрали карциномаси бўлган беморларга Роферон®-А катта дозаларда (суткада 36 млн ХБ) монотерапия сифатида буюрилганида ёки Роферон®-А ўртача дозаларда (18 млн ХБ дан ҳафтада 3 марта) винбластин билан мажмуада буюрилганида, Роферон®-А препарати ўртача дозаларда монотерапия сифатида ҳафтада 3 марта буюрилгандагига нисбатан, энг яхши терапевтик самара кузатилган. Роферон®-А препарати унча катта бўлмаган дозаларда (суткада 2 млн ХБ/м2) беморларда даволаш самараси кузатилмаган. Роферон®-А препаратини винбластин билан бирга қўллаш енгил ва ўртача лейкопения ва гранулоцитопения частотасини монотерапияга нисбатан бироз ошишига олиб келади. Роферон®-А препарати билан монотерапияда ва Роферон®-А + винбластин билан мажмуавий даволашда пациентнинг жавоб реакциясини давомийлиги ва яшовчанлик бир хилдир. Роферон®-А препаратини винбластин билан мажмуада қўлланганида яшовчанлик кўрсаткичи фақат кимёвий даволашга нисбатан самаралидир. Тарқалган хавфли мелономаси бўлган беморларни Роферон®-А препарати билан даволаш уларда тери ва висцерал жойлашган ўсмаларнинг объектив регрессиясига олиб келган. Шунингдек, Роферон®-А препарати меланомани (ўсманинг қалинлиги > 1,5 мм) резекциясидан сўнг ўсмадан узоқда жойлашган метастазлари бўлмаган ва лимфа тугунлари шикастланмаган беморларда касалликни қайталанишисиз бўлган вақт давомийлигини узайтиради.

Тарқоқ ва/ёки метастазли буйрак ҳужайрали карциномаси бўлган беморларда Роферон®-А препаратини биринчи қатор даволаш сифатида қўлланадиган Авастин препарати билан мажмуада қўллаш, Роферон®-А препарати ва плацебо мажмуасига нисбатан касалликни зўрайиб боришисиз яшовчанликни (ЗБЯ) ва объектив жавоб тез-тезлигини аҳамиятли даражада оширади.

Авастин препарати билан мажмуада қўлланганида интерферон альфа-2а нинг дозасини ҳафтада 3 марта 9 млн ХБ дан 6 млн ёки 3 млн ХБ гача камайтириш патологик ҳолатларсиз яшовчанлик кўрсаткичларига мувофиқ мажмуавий даволаш самарадорлигини пасайишига олиб келмаган (шунингдек Авастин препаратини қўллаш бўйича йўриқномасига қаранг).

Роферон®-А препарати тасдиқланган компенсацияланган В ва С гепатити бўлган (жигар декомпенсация белгиларисиз) пациентларни даволаш учун самаралидир.

Роферон®-А препарати ўткир учли кондиломаси бўлган пациентларни даволаш учун самаралидир.

Фармакокинетикаси

Сўрилиши

Тери остига ёки мушак ичига юборилганидан сўнг биокираолишлиги 80% дан ошади.
36 млн ХБ дозаси тери остига юборилганидан сўнг зардобдаги максимал концентрациясига (1250 дан 2320 пг/мл гача (ўртача 1730 пг/мл)) ўртача 7,3 соатдан кейин эришилган. 36 млн ХБ дозаси мушак ичига юборилганидан сўнг зардобдаги максимал концентрациясига (1500-2580 пг/мл (ўртача 2020 пг/мл)) ўртача 3,8 соатдан кейин эришилган.

Тақсимланиши

Одамда Роферон®-А препаратининг фармакокинетикаси 3 млн ХБ дан 198 млн ХБ гача дозаларда юборилганида тўғри чизиқли характерга эга. Соғлом кўнгиллиларга 36 млн ХБ доза вена ичига инфузия қилинганидан сўнг мувозанатли ҳолатда тақсимланиш ҳажми 0,22 л/кг дан 0,75 л/кг гача (ўртача 0,40 л/кг) ўзгариб турган. Соғлом кўнгиллилар каби диссеминацияланган раки бўлган беморларда ҳам зардобда интерферон альфа-2а нинг концентрациясини катта индивидуал тебранишлари кузатилади.

Метаболизми ва чиқарилиши

Интерферон альфанинг асосий чиқарилиш йўли буйрак катаболизмидир.

Жигар метаболизми ва сафро билан чиқарилиши камроқ аҳамиятли элиминация йўли ҳисобланади. Соғлом шахсларда интерферон альфа-2а нинг ярим чиқарилиш даври 36 млн ХБ дозаси вена ичига инфузия қилинганидан сўнг 3,7-8,5 соатни (ўртача 5,1 соат), умумий клиренси эса 2,14-3,62 мл/мин/кг (ўртача 2,79 мл/мин/кг) ни ташкил этади.

Айрим пациентлар гуруҳида препаратнинг фармакокинетикаси

Диссеминацияланган рак ва сурункали В гепатити бўлган беморларга интерферон альфа-2а мушак ичига бир марта юборилганидан сўнг унинг фармакокинетик кўрсаткичлари соғлом кўнгиллиларники билан ўхшаш бўлади. 198 млн ХБ дозаси бир марта юборилганидан сўнг қон зардобида интерферон альфа-2а нинг концентрациясини дозасига боғлиқ равишда ошиши кузатилади. Интерферон альфа-2а суткада 2 марта (0,5-36 млн ХБ), суткада бир марта (1-54 млн ХБ) ёки ҳафтада 3 марта (1-136 млн ХБ) 28 кунгача вақт давомида юборилганида уни тақсимланиши ва чиқарилиши ўзгармайди.

Диссеминацияланган раки бўлган баъзи беморларда интерферон альфа-2а ни мушак ичига суткада бир ёки бир неча марта 28 кунгача бўлган вақт давомида юбориш, қон зардобида максимал концентрациясини бир марта юборилгандан кейинги максимал концентрациясига нисбатан 2-4 марта ошишига олиб келган. Бироқ, препаратнинг ҳозирги вақтгача ўрганилган ҳар қандай дозалаш тартибига мувофиқ кўп марта юбориш препаратнинг тақсимланиш ва чиқарилиш кўрсаткичларини ўзгартирмаган.

Қўлланилиши

Лимфа тизими ва қон яратиш тизимининг ўсмалари:

тукли хужайрали лейкоз, миелома касаллиги, Т-хужайрали тери лимфомаси, Ph-мусбат сурункали миелолейкоз, миелопролифератив касалликлардаги тромбоцитоз, хавфлилик даражаси паст ноходжкин лимфомаси (кимёвий даволашга адъювант даволаш (нур билан/нурсиз даволаш) кўринишида).

Солид ўсмалар:

ОИТС билан хасталанган беморларда анамнезида оппортунистик инфекциялар бўлмаган Капоши саркомаси, тарқоқ буйрак-хужайрали карцинома, метастазли хавфли меланома, лимфа тугунларининг шикастланиш ва ўсмадан узоқда жойлашган метастазлари бўлмаганида жарроҳлик резекциясидан кейинги меланома.

Вирусли касалликлар:

  • вирусли репликациянинг маркерларига эга бўлган, яъни HBV-ДНК, ДНК-полимераза ёки HBeAg бўйича мусбат ва жигар декомпенсацияси белгиларисиз аланинаминотрансфераза (АлАТ) фаоллигини ошиши (Чайлд-Пью бўйича А синф) бўлган беморларда сурункали фаол В гепатити;
  • зардобда HCV РНК ёки вирусли С гепатитига антителолар мавжуд бўлган ва жигар декомпенсациясининг белгиларисиз аланинаминотрансфераза (АлАТ) нинг фаоллигини ошиши (Чайлд-Пью бўйича А синф) бўлган катталарда сурункали фаол С гепатити; сурункали С гепатитини даволашда Роферон®-А ва рибавирин препаратларининг мажмуаси оптимал ҳисобланади; Роферон®-А препаратини рибавирин билан мажмуаси илгари даволанмаган пациентларга ҳам, илгари интерферон-альфа билан даволашга жавоб берган ва сўнгра даволаш бекор қилинганидан кейин касалликни қайталаниши мавжуд бўлган беморларда ҳам қўллаш учун кўрсатилган;
  • ўткир учли кондиломаларни даволаш учун қўлланади.

Қўллаш усули ва дозалари

Роферон®-А тери остига (т/о) юборилади.

Тукли хужайрали лейкоз

Бошланғич доза: 3 млн ХБ 16-24 ҳафта давомида ҳар куни юборилади. Препарат ўзлаштира олинмаганида суткалик доза 1,5 млн ХБ гача камайтирилади ёки юборишлар сони ҳафтада 3 мартагача камайтирилади.

Самарани тутиб турувчи доза: 3 млн ХБ ҳафтада 3 марта юборилади. Препарат ўзлаштира олинмаганида доза 1,5 млн ХБ гача камайтирилади, ҳафтада 3 марта юборилади.

Даволаш давомийлиги: 6 ойдан кейин ижобий самара кузатилмаганида даволаш тўхтатилади, самара бўлганида эса даволаш давом эттирилади. Максимал даволаш давомийлиги 20 ойни ташкил қилган.

Миелома касаллиги

Бошланғич доза: 3 млн ХБ ҳафтада 3 марта юборилади.

Самарани сақлаб турувчи доза: индивидуал ўзлаштира олинишига қараб, дозани максимал ўзлаштира олинадиган дозага эришилгунича (9-18 млн ХБ) ҳафтада уч марта ҳар ҳафта ошириш мумкин.

Даволаш давомийлиги: касалликни авж олиши ва препаратни яққол ўзлаштира олмаслик бўлмаганида даволаш ушбу схема бўйича узоқ муддат давомида давом эттирилади.

Т-хужайрали тери лимфомаси (ТХТЛ) (18 ёшдан)

Бошланғич доза: суткада 3 млн ХБ, дозаси қуйидаги схема бўйича 12 ҳафта давомида суткада 18 млн ХБ гача ошириб борилади:

1-3 кун – суткада 3 млн ХБ ҳар куни;

4-6 кун – суткада 9 млн ХБ ҳар куни;

7-84 кун – суткада 18 млн ХБ ҳар куни юборилади.

Самарани сақлаб турувчи доза: максимал ўзлаштира олинувчи доза (аммо 18 млн ХБ дан ошмайди), ҳафтада 3 марта юборилади.

Даволаш давомийлиги: даволаш давомийлиги даволашга нисбатан реакция баҳолангунича камида 8 ҳафтани ташкил этиши керак, 12 ҳафта – бўлгани афзал; ижобий самара кузатилганида даволаш давом эттирилади, кузатилмаганидан эса – тўхтатилади. Максимал даволаш давомийлиги 40 ойни ташкил қилган. Тўлиқ ремиссияга эришиш эҳтимолини максимал даражада ошириш ва давомли ремиссия эҳтимолини ошириш учун, даволашга ижобий реакция кузатиладиган беморларда камида 12 ой давом эттириш керак.

Баъзида энг яхши самарага эришиш учун 12 ой даволаш талаб қилинсада, қисман ремиссия одатда тахминан 3 ой давомида даволашда, тўлиқ ремиссия эса – тахминан 6 ойда кузатилади.

Сурункали миелолейкоз

Сурункали миелолейкоз билан боғлиқ бўлган тромбоцитоз (18 ёш ва ундан катталар)

Бошланғич доза: суткада 3 млн ХБ дозаси қуйидаги схема бўйича 8-12 ҳафта давомида суткада 9 млн ХБ гача аста-секин ошириб борилади:

1-3 кун – суткада 3 млн ХБ ҳар куни;

4-6 кун – суткада 6 млн ХБ ҳар куни;

7-84 кун – суткада 9 млн ХБ ҳар куни юборилади.

Даволаш давомийлиги: камида 8 ҳафта, 12 ҳафта бўлгани афзал; самара кузатилганида – даволаш тўлиқ гематологик ремиссияга эришилгунича давом эттирилади, аммо 18 ойдан ошмаслиги керак. Гематологик кўрсаткичларнинг динамикаси бўлмаганида даволаш тўхтатилади. Тўлиқ гематологик ремиссияда даволаш суткада 9 млн ХБ (оптимал доза) да давом эттирилади, ҳар куни юборилади, ёки максимал қисқа муддатда цитогенетик ремиссияга эришилгунича 9 млн ХБ ҳафтада 3 марта (минимал доза) юборилади. Даволаш бошланганидан сўнг давомийлиги 2 йил бўлган цитогенетик ремиссия кузатилган.

СМЛ бўлган болалар учун Роферон-А нинг самарадорлиги, хавфсизлиги ва оптимал дозалари аниқланмаган.

Миелопролифератив касалликлар (сурункали миелолейкоздан ташқари) билан боғлиқ бўлган тромбоцитоз

1-3 кун – суткада 3 млн ХБ ҳар куни;

4-30 кун – суткада 6 млн ХБ ҳар куни юборилади.

Тромбоцитлар сонини миқдорини нормал чегараларда сақлаб туриш учун ҳафтада 2-3 марта суткада 1-3 млн ХБ доза етарли ҳисобланади ва яхши ўзлаштирилади. Ҳар бир беморга максимал ўзлаштира олинадиган доза индивидуал равишда танланади.

Хавфли ўсма даражаси паст бўлган ноходжкин лимфомаси

Стандарт кимётерапия (нур билан ёки нурсиз даволаш) дан сўнг самарани сақлаб турувчи даволаш сифатида: 3 млн ХБ ҳафтада 3 марта камида 12 ой давомида юборилади. Кимётерапия ва нур билан даволашдан сўнг одатда 4-6 ҳафтадан кейин беморнинг ҳолати яхшиланганида, даволашни иложи борича эртароқ бошлаш керак. Анъанавий кимётерапия схемалари билан мажмуада (масалан, циклофосфамид, преднизолон, винкристин ва доксорубициннинг мажмуалари билан) – 6 млн ХБ/м2 ҳар 28 кунлик циклнинг 22 кунидан 26 кунигача юборилади. Бу ҳолда Роферон®-А препарати билан даволашни кимётерапия билан бир вақтда бошлаш мумкин.

ОИТС билан хасталанган беморлардаги Капоши саркомаси

Роферон®-А препарати анамнезида оппортунистик инфекциялар кузатилмаган ОИТС билан хасталанган беморларда Капоши саркомасини даволаш учун қўлланилади.

Бошланғич доза (18 ёш ва ундан катталар): суткада 3 млн ХБ, ҳар куни юборилади, дозаси қуйидаги схема бўйича 10-12 ҳафта давомида суткада 18 млн ХБ гача, иложи бўлса суткада 36 млн ХБ гача, аста-секин оширилади:

1-3 кун – суткада 3 млн ХБ ҳар куни;

4-6 кун – суткада 9 млн ХБ ҳар куни;

7-9 кун – суткада 18 млн ХБ, ҳар куни юборилади.

Препарат ўзлаштира олинганида: 10-84 кун – суткада 36 млн ХБ гача дозада ҳар куни юборилади.

Самарани сақлаб турувчи доза: максимал ўзлаштира олинувчи, аммо 36 млн ХБ дан ошмайдиган доза ҳафтада 3 марта юборилади.

Даволаш давомийлиги: даволашга нисбатан реакцияни аниқлаш мақсадида ўсмани ўзгариш динамикасини баҳолаш ва хужжатлаштириш керак. Даволаш давомийлиги даволашга нисбатан реакция баҳолангунича камида 10 ҳафтани ташкил қилиши керак; 12 ҳафта бўлгани афзал. Ижобий самара бўлганида даволаш давом эттирилади, бўлмаганида эса – тўхтатилади. Одатда самараси 3 ой давомида даволашдан кейин намоён бўла бошлайди. Максимал даволаш давомийлиги 20 ойни ташкил қилади. Самара бўлганида даволашни камида ўсма йўқолгунича давом эттириш керак.

Изоҳ: Роферон®-А препарати билан даволаш тўхтатилганидан кейин Капоши саркомаси кўпинча қайта пайдо бўлади.

Тарқоқ буйрак хужайрали карцинома

а) Роферон®-А препарати билан монотерапия

Бошланғич доза: суткада 3 млн ХБ, дозаси қуйидаги схема бўйича 8-12 ҳафта давомида дозани суткада 18 млн ХБ гача, имкони бўлганида эса – суткада 36 млн ХБ гача аста-секин оширилади:

1-3 кун – суткада 3 млн ХБ ҳар куни;

4-6 кун – суткада 9 млн ХБ, ҳар куни;

7-9 кун – суткада – 18 млн ХБ, ҳар куни юборилади;

препарат ўзлаштира олинганида 10-84 куни доза суткада 36 млн ХБ гача оширилади.

Самарани сақлаб турувчи доза: максимал ўзлаштира олинувчи, аммо 36 млн ХБ дан ошмайдиган дозада, ҳафтада 3 марта юборилади.

Даволаш давомийлиги: камида 8 ҳафта, камида 12 ҳафта – бўлгани авзал. Самара бўлганида даволаш давом эттирилади, бўлмаганида эса – тўхтатилади. Максимал даволаш давомийлиги 16 ойни ташкил қилган.

б) Роферон®-А + винбластин

Биринчи ҳафтада Роферон®-А препарати 3 млн ХБ дозада ҳафтада 3 марта, иккинчи ҳафтада – 9 млн ХБ ҳафтада 3 марта, сўнгра – 18 млн ХБ ҳафтада 3 марта буюрилади (препарат ўзлаштира олинмаганида дозани 9 млн ХБ гача камайтириш мумкин, ҳафтада 3 марта юборилади). Бу давр давомида винбластин препаратни қўллаш бўйича йўриқномасига мувофиқ равишда 0,1 мг/кг дозада 3 ҳафтада 1 марта в/и га юборилади.

Даволаш давомийлиги: камида 3 ой, максимум – 12 ойгача ёки касалликни зўрайиши бошлангунича юборилади. Тўлиқ ремиссия бўлганида даволашни у кузатилганидан сўнг 3 ойдан кейин тўхтатиш мумкин.

в) Роферон®-А +Авастин (бевацизумаб)

9 млн ХБ ҳафтада 3 марта 12 ойгача ёки касалликни зўрайиши бошлангунича юборилади. Даволашни 3 млн ёки 6 млн ХБ дозалар билан бошлаш ва биринчи икки ҳафта давомида аста-секин 9 млн ХБ гача (тавсия этилган дозаси) ошириш мумкин (препарат ўзлаштира олинмаганида дозани ҳафтада 3 марта юбориладиган 3 млн ХБ гача камайтириш мумкин).

Роферон®-А препарати Авастин препарати инфузия қилинганидан сўнг (айнан ўша куни ёки 2-3 кунида) юборилади (шунингдек Авастин препаратини қўллаш бўйича йўриқномасига қаранг).

Метастатик меланома

18 млн ХБ ҳафтада 3 марта ёки максимал ўзлаштира олинадиган дозада камида 12 ҳафта давомида юборилади. Даволашнинг самарадорлиги баҳолангунича даволаш давомийлиги – камида 12 ҳафта бўлгани афзал. Самара бўлганида даволаш давом эттирилади, бўлмаганида – тўхтатилади. Максимал даволаш давомийлиги 24 ойни ташкил қилган.

Жарроҳлик резекциясидан кейинги меланома

Роферон®-А препаратининг кичик дозалари билан адъювант даволаш меланомани резекциясидан кейин (ўсманинг қалинлиги > 1,5 мм) лимфа тугунлари шикастланмаган ва ўсмадан узоқда жойлашган метастазлари бўлмаган беморларда касалликни қайталаниши бўлмаган вақт давомийлигини узайтиради. Даволашни операциядан кейин камида 6 ҳафтадан кейин бошлаш керак. Доза: 3 млн ХБ ҳафтада 3 марта. Даволаш давомийлиги – 18 ойни ташкил этади.

Сурункали фаол вирусли В гепатити

Одатда 4,5-9 млн ХБ 4-6 ой давомида ҳафтада 3 марта буюрилади. Кейинчалик препаратни ўзлаштира олинишига қараб, дозасига тузатиш киритилади. Агар 3-4 ойдан кейин яхшиланиш кузатилмаса, даволашни тўхтатиш масаласини кўриб чиқиш керак.

3 ёш ва ундан катта болалар. Роферон®-А препарати 7,5 млн ХБ/м2 дозада хавфсиз ва самаралидир.

Сурункали вирусли С гепатити

Агар интерферон альфа-2а препарати рибавирин билан мажмуада буюрилса, унинг самарадорлиги ошади. Роферон®-А препарати рибавирин ўзлаштира олинмаганида ва/ёки қўллаш мумкин бўлмаганида монотерапия сифатида буюрилиши мумкин.

а) Роферон®-А препарати ва рибавирин билан мажмуавий даволаш

Сурункали С гепатити бўлган илгари даволанмаган беморларни Роферон-А ва рибавирин билан мажмуавий даволаш: 3 млн ХБ ҳафтада 3 марта камида 6 ой давомида буюрилади. Рибавириннинг дозалаш тартиби: юқорига ва рибавиринни тиббиётда қўллаш бўйича йўриқномасига қаранг.

Сурункали С гепатитини қайталанишида Роферон®-А препарати ва рибавирин билан мажмуавий даволаш: 4,5 млн ХБ 6 ой давомида ҳафтада 3 марта юборилади. Сурункали С гепатити бўлган пациентларни стандарт даволаш давомийлиги пациентнинг дастлабки характеристикасига (масалан, вируснинг гепотипига) боғлиқ ва 6-12 ойни ташкил қилади.

Рибавириннинг дозалаш тартиби: рибавиринни тиббиётда қўллаш бўйича мувофиқ йўриқномасига қаранг.

б) Роферон®-А препарати билан монотерапия

3-6 млн ХБ 6-12 ой давомида ҳафтада 3 марта юборилади.

Агар 3 ой давомида даволашдан кейин АлАТ даражаси нормал ҳолатга келмаса, даволашни тўхтатиш керак.

Роферон®-А препарати билан даволашга нисбатан қисман ёки тўлиқ жавоб кузатилганида ва ўзлаштира олинганида, аммо у бекор қилинганидан сўнг касаллик қайта пайдо бўлганида, Роферон®-А препаратини айнан ўша ёки юқорироқ дозаси билан такроран даволашдан самара бўлиши мумкин.

Ўткир учли кондиломалар

1-3 млн ХБ ҳафтада 3 марта, 1-2 ой давомида буюрилади.

Ножўя таъсирлари

Препаратнинг ножўя таъсирлари юзасидан қуйида келтирилган маълумотлар, турли хавфли касалликлари бўлган, айниқса дастлабки даволашга рефрактер ва кечки босқичларда бўлган, шунингдек сурункали В гепатити ҳамда сурункали С гепатити бўлган беморларни даволаш тажрибаларига асосланган.

Клиник тадқиқотлар

Умумий симптомлар. Тез-тез – гриппсимон синдром (ҳолсизлик, тана ҳароратини ошиши, этни увишиши, иштаҳани йўқолиши, мушак ва бош оғриқлари, бўғимларда оғриқ ва терлаш, вазнни йўқолиши). Ўткир ножўя таъсирлари парацетамол бир вақтда буюрилганида сусаяди ёки йўқолади, уларнинг яққоллиги эса Роферон®-А препарати билан даволаш давомида ёки дозаси ўзгартирилганида пасайишга мойил бўлади, лекин даволаш давом эттирилганида уйқучанлик, ҳолсизлик ва ланжлик ривожланиши мумкин.

Меъда-ичак йўллари. Тез-тез – онкологик касалларнинг тахминан учдан икки қисмида – анорексия, ярмида – кўнгил айниши бўлиши мумкин. Жуда тез-тез – қусиш, таъм билиш ҳиссини ўзгариши, оғизни қуриши, диарея, шунингдек қоринда енгил ёки ўртача даражадаги оғриқ. Кам ҳолларда – қабзият, метеоризм, ичаклар ҳаракатини кучайиши ва жиғилдон қайнаши, меъда-ичак яра касаллигини зўрайиши, меъда-ичакдан ҳаёт учун хавфсиз қон кетишлар, панкреатит.

Жигар фаолиятини ўзгариши. Баъзида – АлАТ, ишқорий фосфотаза, ЛДГ ва билирубин даражасини ошиши, одатда препаратнинг дозасига тузатиш киритишни талаб қилмайди. Кам ҳолларда – В гепатитида трансаминазаларнинг фаоллигини ўзгариши одатда беморнинг клиник ҳолатини яхшиланишидан далолат беради.

Марказий нерв тизими. Баъзида – тизимли ва тизимли бўлмаган бош айланиши, рухий ҳолатни ёмонлашиши, паришонхотирлик, депрессия, уйқучанлик, онгни чалкашиши, ҳатти-ҳаракатларни бузилиши (хавотирлик, асабийлик) ва уйқуни бузилиши. Кам ҳолларда – кучли уйқучанлик, тиришишлар, кома, бош мияда қон айланишини бузилиши, вақтинчалик импотенция, шунингдек, суицидал фикрлар, ўз жонига қасд қилишга уриниш ва суицид (суицидал ҳатти-ҳаракатлар).

Кўриш аъзолари. Баъзида – кўришни бузилиши. Кам ҳолларда – ишемик ретинопатия. Жуда кам ҳолларда – ретинопатия, шу жумладан кўзнинг тўр пардасига қон қуйилиши ва пахтали экссудатлар, кўрув нерви дискини шиши, тўр парданинг марказий вена ва артерияларини тромбози, орқа ишемик нейропатия.

Периферик нерв тизими. Баъзида – парестезиялар, оёқ-қўлларни увишиши, нейропатия, қичишиш ва тремор.

Юрак-қон томир ва нафас тизими. Жуда тез-тез – онкологик касалларнинг тахминан бешдан бир қисмида – транзитор артериал гипо- ва гипертензия, шишлар, цианоз, аритмиялар, юрак уришини ҳис этиш ва кўкрак қафасида оғриқ. Кам ҳолларда – йўтал ва енгил ҳансираш, ўпка шиши, пневмония, димланган юрак етишмовчилиги, юрак уришини тўхташи ва нафасни тўхташи, миокард инфаркти. В гепатити билан хасталанган беморларда юрак-қон томир бузилишлари жуда кам ҳолларда кузатилади.

Тери, унинг ҳосилалари ва шиллиқ қаватлар. Жуда тез-тез – беморларнинг бешдан бир қисмида – сочларни, даволаш тўхтатилганидан кейин яна тикланувчи енгил ва ўртача даражадаги тўкилиши. Сочларни кучли тўкилиши бир неча кун давомида давом этиши мумкин. Кам ҳолларда – лабларда герпетик тошмаларни зўрайиши, тошма, қичишиш, тери ва шиллиқ қаватларни қуриши, бурундан ажралмалар ва қон кетишлар.

Буйрак ва сийдик чиқариш йўллари. Кам ҳолларда – буйраклар фаолиятини оғирлашиши, ўткир буйрак етишмовчилиги (асосан, буйрак касалликлари ва/ёки нефротоксик препаратлар билан бир вақтда даволаш каби хавф омиллари бўлган онкологик беморларда), электролитлар мувозанатини бузилиши, айниқса анорексия ёки организмни сувсизланишида кузатилади, протеинурия, сийдик чўкмасида хужайра элементларининг миқдорини ошиши, қон зардобида мочевина, шунингдек креатинин ва сийдик кислотасининг даражасини ошиши.

Қон яратиш тизими. Жуда тез-тез – транзитор лейкопения (кам ҳолларда дозани камайтиришни талаб этади), миелосупрессия ҳолатида бўлган беморларда тромбоцитопения, гемоглобин даражасини пасайиши. Баъзида – миелосупрессияси бўлмаган беморларда тромбоцитопения. Кам ҳолларда – гемоглобин ва гематокрит даражасини камайиши. Оғир даражадаги гематологик бузилишларни дастлабки даражага қайтиши, одатда Роферон®-А препарати билан даволаш тўхтатилганидан сўнг 7-10 кундан кейин кузатилган. Жуда кам ҳолларда идеопатик тромбоцитопеник пурпура кузатилади.

Бошқалар. Кам ҳолларда – гипергликемия, қандли диабет, инъекция жойида реакция, шу жумладан жуда кам ҳолларда – некроз, аутоиммун патология (васкулит, артрит, гемолитик анемия, қалқонсимон без фаолиятини бузилиши, югуриксимон синдром). Жуда кам ҳолларда – симптомсиз кечувчи гипокальциемия, саркоидоз, гипертриглицеридемия/ гиперлипидемия.

Кам ҳолларда интерферон альфа препаратлари, шу жумладан Роферон®-А препаратини рибавирин билан мажмуада даволаш панцитопения билан қўшилади; жуда кам ҳолларда – апластик анемия билан қўшилади.

Интерферонга антитела. Баъзи беморларда таркибида гомологик оқсил сақловчи препаратлар юборилганидан кейин фаол оқсилни нейтраллайдиган антитела ҳосил бўлиши мумкин. Шунинг учун эҳтимол, беморларнинг маълум бир қисмида барча интерферонларга, ҳам табиий, ҳам рекомбинант интерферонларга антителалар аниқланиши мумкин. Баъзи касалликларда (рак, тизимли қизил югурик, ўраб олувчи темиратки) одамнинг лейкоцитар интерферонига антителалар илгари ҳеч қачон интерферон олмаган беморларда бирдан пайдо бўлиши мумкин. Клиник ўзгаришлардан бирон-бири бўлганида бундай антителаларни борлиги, Роферон®-А препаратига нисбатан беморнинг реакциясига салбий таъсир қилиши мумкинлиги бўйича кўрсатмалар мавжуд эмас.

Рибавирин билан мажмуавий даволашни ўтказишда – рибавириннинг ножўя таъсирларига қаранг.

Клиникагача бўлган тадқиқотлар. Препаратнинг клиника учун тавсия этилган дозаларидан анча юқори дозалари буюрилган резус-макакаларда ҳайз кўриш циклининг транзитор бузилишлари, шу жумладан ҳайз кўриш даврини узайиши кузатилган.

Постмаркетинг кузатишлар

Бошқа интерферон альфа препаратлари қўлланганида бўлгани каби, Роферон®-А препаратини олган пациентларда трансплантатни кўчиш ҳоллари кузатилган.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Рекомбинант интерферон альфа-2а га ёки препаратнинг ҳар қандай компонетига юқори сезувчанлик.

Юракнинг мавжуд бўлган ёки ўтказилган оғир касалликлари (препаратнинг бевосита кардиотоксик таъсир қилишига кўрсатмалар йўқ, бироқ ўткир, ўз-ўзидан йўқоладиган, кўпроқ Роферон®-А препарати билан даволашда юз берадиган токсик самаралар (масалан, тана ҳароратини ошиши, эт увишиши) мавжуд бўлган юрак касалликларини зўрайишини чақириш эҳтимоли мавжуд).

Буйрак, жигар фаолиятини оғир даражадаги бузилишлари, қон яратилишининг миелоид бўғинини ўсиши.

Тиришишлар ва/ёки марказий нерв тизими фаолиятини бошқа бузилишлари.

Яққол декомпенсацияланган сурункали гепатит.

Стероидлар билан қисқа муддатли даволашдан ташқари, яқинда иммунодепрессантлар қабул қилган ёки қабул қилаётган беморлардаги сурункали гепатит.

Агар беморда HLA бўйича ўхшаш қариндоши бўлса ва унга яқин келажакда суяк кўмигини аллоген трансплантациясини ўтказиш ёки ўтказилиши мумкин бўлган сурункали миелолейкоз.

3 ёшгача бўлган болалар (консервант сифатида бензил спиртини сақлайди, мавжуд бўлган маълумотларга кўра, у нерв-руҳий ривожланишида жиддий бузилишлар ва полиорган етишмовчилигига олиб келиши мумкин).

Ҳомиладорликда, рибавирин билан мажмуавий даволаш ўтказилганида (шунингдек рибавирин учун тиббиётда қўллаш бўйича йўриқномасига қаранг) қўллаш мумкин эмас.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Альфа интерферонлар цитохром Р450 тизимининг жигар микросомал ферментлари фаоллигини пасайтириб, оксидланиш метаболик жараёнларини бузиши мумкин. Ушбу йўл билан метаболизмга учрайдиган дори воситалари билан бир вақтда буюрилганида буни ҳисобга олиш керак. Альфа интерферонлар бир вақтда буюрилганидан кейин теофиллиннинг клиренсини пасайиши таърифланган.

Интерферонлар, улар билан бир вақтда ёки илгари буюрилган препаратларнинг нейротоксик, гематотоксик ёки кардиотоксик таъсирларини кучайтириши мумкин. Ўзаро таъсири марказий таъсир қилувчи препаратлар бир вақтда буюрилганидан кейин кузатилиши мумкин.

Рибавирин билан мажмуавий даволаш ўтказилганида – рибавирин учун ўзаро таъсирга қаранг.

Авастин (бевацизумаб) интерферон альфа-2а нинг фармакокинетикасига аҳмиятли таъсир кўрсатмайди.

Махсус кўрсатмалар

Пациентнинг тиббий ҳужжатларида препаратнинг савдо номини кўрсатиш керак. Роферон®-А препаратини ҳар қандай биологик препаратга алмаштириш даволовчи шифокор билан келишувни талаб этади. Ушбу йўриқномада келтирилган маълумот фақат Роферон®-А препаратига тегишлидир.

Роферон®-А препаратини мувофиқ кўрсатмалар бўйича даволаш тажрибасига эга бўлган шифокорнинг назорати остида буюриш керак.

Асосий касаллик ва асоратларини тегишли даволашни фақат уларнинг адекват диагностик ва терапевтик имкониятлари мавжуд бўлганидагина ўтказиш мумкин. Буйрак, жигар ёки суяк кўмигининг фаолияти енгил ва ўртача даражада бузилганида, уларнинг функционал ҳолатини синчиклаб назорат қилиш керак.

Жигар фаолиятини ўзгариши. Анамнезида аутоиммун касалликлари билан кечувчи сурункали гепатит бўлган беморларни интерферон альфа билан даволашда эҳтиёткорликка риоя қилиши керак. Роферон®-А препарати билан даволашда жигарнинг функционал синамаларини патологик ўзгариши пайдо бўлган ҳар бир беморни синчиклаб кузатиш ва зарурати бўлганида препаратни бекор қилиш керак. Альфа интерферон билан даволашда жигар фаолиятини оғир даражадаги бузилишлари ва жигар етишмовчилиги кам ҳолларда кузатилган.

Сурункали фаол В гепатити билан хасталанган, шунингдек одам иммун танқислиги вируси (ОИТВ) билан инфекцияланган пациентларда Роферон®-А препарати самарасиз деб топилган.

Психоневрологик ўзгаришлар. Интерферонларни, шу жумладан Роферон®-А препаратини қабул қилаётган беморларда оғир даражадаги рухий ножўя реакциялар кучайиши мумкин. Депрессия, суицидал фикрлари ва ўз жонига қасд қилиш анамнезида рухий касалликлари бўлган ҳам, бўлмаган пациентларда ҳам ривожланиши мумкин.

Аназнезида депрессияси бўлган беморларни Роферон®-А препарати билан даволашда эҳтиёт бўлиш керак. Депрессияни аниқлаш мақсадида Роферон®-А препаратини қабул қилаётган пациентларни синчиклаб кузатиш тавсия этилади. Даволашни бошлашдан олдин депрессия ривожланиши мумкинлиги ҳақида пациентларга ахборот бериш керак, пациентлар эса депрессиянинг ҳар қандай белгилари пайдо бўлганида дарҳол шифокорга хабар беришлари керак; депрессия ривожланганида психиатрнинг маслаҳати ва даволашни бекор қилиш мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги масала ҳал қилиниши керак.

Миелосупрессия. Оғир даражадаги миелосупрессияси бўлган беморларда Роферон®-А препаратини жуда эҳтиёткорлик билан қўллаш керак, чунки интерферон-альфа суяк кўмигининг фаолиятини сусайтириб, лейкоцитлар сонини (айниқса, гранулоцитлар), тромбоцитлар сонини ва кам ҳолларда гемоглобиннинг даражасини пасайтиради. Бу инфекцияланиш ёки қон кетиши хавфини ошишига олиб келади. Роферон®-А препарати билан даволашни бошлашдан олдин ва даволаш жараёнида беморларда бу ўзгаришларни диққат билан кузатиш ва қоннинг кенгайтирилган таҳлилини мунтазам равишда ўтказиш керак.

Инфекциялар. Иситма интерферон билан даволашда тез-тез кузатиладиган гриппсимон синдром билан қўшилиши мумкин. Доимий давом этувчи иситмада, айниқса нейропенияси бўлган пациентларда инфекцияни истисно қилиш керак. Интерферон-альфа, шу жумладан Роферон®-А препарати билан даволаш фонида оғир инфекцияларни (бактериал, вирусли, замбуруғли) ривожланиш ҳоллари қайд этилган. Оғир даражадаги инфекцион асоратлар ривожланганида интерферонни бекор қилиш ва мувофиқ даволашни буюриш керак.

Офтальмологик ўзгаришлар. Бошқа интерферонлар билан даволаш вақтида бўлгани каби, Роферон®-А препарати билан даволашда ретинопатия (тўр пардага қон қуйилиши, пахтали экссудатлар, кўрув нерв дискини шиши, кўзнинг тўр пардаси марказий артерияси ва венасининг тромбози) ва кўришни йўқолишига олиб келиши мумкин бўлган орқа ишемик нейропатияни ривожланиш ҳоллари қайд этилган. Кўриш ўткирлигини ёмонлашиши ёки кўришни йўқолишига шикоятлар пайдо бўлганида бу беморларни офтальмологик текширувдан ўтказиш керак. Қандли диабети, артериал гипертензияси бўлган пациентларга даволашни буюришдан олдин кўз туби патологиясини аниқлаш учун беморларни офтальмологик текширувдан ўтказиш керак. Роферон®-А препарати ёки Роферон®-А/рибавирин препаратлари билан даволашни офтальмологик касалликлар ривожланганида ёки ёмонлашганида бекор қилиш керак.

Ўта юқори сезувчанлик реакциялари. Интерферонлар, шу жумладан интерферон альфа-2а билан даволаш вақтида зудлик билан кечувчи жиддий ўта юқори сезувчанлик реакциялари (эшакеми, ангионевротик шиш, бронхоспазм ва анафилаксия) кузатилади. Роферон®-А препарати ёки Роферон®-А/рибавирин препаратлари билан даволашда бундай реакциялар ривожланганида даволаш бекор қилинади ва дарҳол тегишли медикаментоз даволаш буюрилади. Ўткинчи тошма даволашни бекор қилишни талаб этмайди.

Эндокрин тизими томонидан кузатиладиган ўзгаришлар. Роферон®-А препарати билан даволаш фонида кам ҳолларда гипергликемия кузатилади. Гипергликемиянинг клиник белгилари мавжудлигида қонда глюкозанинг концентрациясини назорат қилиш ва мувофиқ, тарзда кузатиш керак. Қандли диабет билан хасталанган беморларда қанднинг миқдорини пасайтирувчи препаратларнинг дозасига тузатиш киритиш талаб этилиши мумкин.

Аутоиммун бузилишлар: Интерферон-альфа билан даволаш вақтида турли аутоантителаларни ҳосил бўлиш ҳоллари қайд этилган. Интерферонлар билан даволашда аутоиммун касалликларни клиник кечиши, кўпроқ бу касалликлар ривожланишига мойиллиги бўлган беморларда ривожланади.

Интеферон-альфа билан даволаш кам ҳолларда псориазни зўрайиши ёки ривожланиши билан қўшилади. Трансплантациядан кейин (масалан, буйрак ёки суяк кўмиги) беморларда медикаментоз иммуносупрессия камроқ самарали бўлиши мумкин, чунки интерферонлар иммун тизимига рағбатлантирувчи таъсир кўрсатади. Бошқа интерферон-альфалар қўлланганида бўлгани каби, Роферон®-А препаратини олаётган пациентларда трансплантатни кўчиш ҳоллари кузатилган.

Рибавирин билан мажмуавий даволаш ўтказилганида – шунингдек рибавирин учун эҳтиёткорлик чораларига қаранг.

Ҳомиладорлик ва лактация даврида қўлланиши

Ҳомиладорлик

Роферон-А олаётган эркаклар ва аёллар, контрацепциянинг ишончли усулларидан фойдаланишлари керак. Ҳомиладорликда препарат, фақат даволашдан кутиладиган фойда, ҳомила учун мумкин бўлган хавфдан устун бўлган ҳолдагина буюрилиши керак. Гарчи ҳайвонларда ўтказилган тажрибалар препаратнинг тератогенлигидан далолат бермаса ҳам, ҳомиладорлик вақтида уни қўллаш ҳомилага зарар етказиши мумкинлигини истисно қилиб бўлмайди. Макака-резусларга ҳомиладорликнинг эрта ва ўрта муддатларида клиника учун тавсия этилган дозалардан анча юқори дозалар юборилганида, уларда бола ташлашлар сонининг ошиши кузатилган.

Препаратнинг таркибида тўлдирувчи сифатида сақланувчи бензил спирти йўлдош тўсиғи орқали ўтиши мумкин. Роферон®-А препарати бевосита туғишдан ёки кесарев кесиш операциясидан олдин буюрилганида чала туғилган чақалоқларга токсик таъсир қилиши мумкинлигини ёдда тутиш керак.

Ҳомиладор аёллар Роферон®-А препаратини рибавирин билан мажмуада қўллашлари мумкин эмас. Роферон®-А препаратини рибавирин билан мажмуада олаётган туғиш ёшидаги аёллар ва туғиш ёшидаги аёлларнинг шериклари-эркаклар контрацепциянинг ишончли усулларидан фойдаланишлари керак (шунингдек, рибавириннинг қўллаш бўйича йўриқномасига қаранг).

Эмизиш даврида қўлланиши

Роферон®-А препаратини кўкрак сути билан чиқарилиши номаълум. Эмизишни тўхтатиш ёки препаратни бекор қилиш ҳақидаги масала она учун даволашнинг муҳимлигига қараб ҳал қилиниши керак.

Автомобилни ва мураккаб механизмларни бошқариш қобилиятига таъсири

Дозалаш тартиби ва беморнинг индивидуал сезувчанлигига қараб, Роферон®-А препарати реакция тезлигига таъсир кўрсатиб, маълум операцияларни бажариш, масалан, транспорт воситаларини бошқариш, машина ва механизмлар билан ишлашга таъсир кўрсатиши мумкин.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.

Дозани ошириб юборилиши

Дозани ошириб юборилиши юзасидан маълумотлар йўқ, бироқ интерфероннинг катта дозаларини такроран юбориш чуқур летаргия, ҳолсизлик, прострация ва кома билан кечиши мумкин. Бундай беморларни кузатиш ва тегишли сақлаб турувчи даволаш чораларини ўтказиш учун шифохонага ётқизиш керак.

Чиқарилиш шакли

Тери остига юбориш учун эритма 3 млн ХБ/0,5 мл, 4,5 млн ХБ/0,5 мл, 6 млн ХБ/0,5 мл ёки 9 млн ХБ/0,5 мл

Препарат 3 млн ХБ/0,5 мл, 4,5 млн ХБ/0,5 мл, 6 млн ХБ/0,5 мл ёки 9 млн ХБ/0,5 мл дан корпуси шишадан тайёрланган (ЕФ бўйича I гидролитик синф), поршени – пластмассадан тиқини фторполимер билан ламинация қилинган бутилкаучукдан тайёрланган шприц тюбикда. Шприц тюбик бошқа томондан фторполимер билан ламинация қилинган бутилкаучукдан тайёрланган учлик билан беркитилган.

Инъекция учун 1 стерил игна герметик беркитилган полиэтилен контейнерга жойланган.

1 шприц-тюбик контейнер, инъекция учун игна ва қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга картон қутига жойланади.

 

Сақлаш шароити

2-8оС ҳароратда, ёруғликдан ҳимояланган жойда сақлансин.

Музлатилмасин.

Яроқлилик муддати

2 йил.

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича.

ИМЕЮТСЯ ПРОТИВОКАЗАНИЯ. НЕОБХОДИМО ОЗНАКОМИТЬСЯ С ИНСТРУКЦИЕЙ
ПО ПРИМЕНЕНИЮ ИЛИ ПОЛУЧИТЬ КОНСУЛЬТАЦИЮ СПЕЦИАЛИСТА

Лекарственные средства, информация о которых представлена на сайте, могут иметь противопоказания к их применению и использованию. Перед использованием необходимо ознакомиться с инструкцией по применению или получить консультацию у специалистов.