ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА
ЦИНЕПАР®
CINEPAR®
Препаратнинг савдо номи: Цинепар®
Таъсир этувчи моддалар (ХПН): парацетамол, диклофенак натрий
Дори шакли: таблеткалар.
Таркиби
Қобиқ билан қопланмаган ҳар бир таблетка қуйидагиларни сақлайди:
фаол моддалар: парацетамол – 500 мг; диклофенак натрий – 50 мг; (энтеросолюбиал қобиқли гранулада)
ёрдамчи моддалар: крахмал, гипромеллоза, тозаланган тальк, магний стеарати, сувсиз коллоид кремний диоксиди, натрий кроскармеллоза, натрий лаурил сульфати, стеарин кислотаси, изопропил спирти, тозаланган сув.
Таърифи: оқ рангли, думалоқ, ясси, қобиқ билан қопланмаган, бир томони рискали таблеткалар.
Фармакотерапевтик гуруҳи: анальгетик-антипиретик.
АТХ коди: M01AB55
Фармакологик хусусиятлари
Цинепар® таблеткалари – оғриқни қолдирувчи, иситмани туширувчи ва яллиғланишга қарши таъсир кўрсатади.
Парацетамол оғриқни қолдирувчи ва иситмани туширувчи таъсир кўрсатади. Оғриқни қолдирувчи таъсир механизми, асосан гипоталамусдаги терморегуляция марказида жойлашган простагландинлар синтезини ингибиция қилиши билан боғлиқ. Бунинг натижасида томирларнинг кенгайиши ва кучли терлаш туфайли, танадан иссиқликни ажралиб чиқиши кучаяди.
Диклофенак натрий ностероид яллиғланишга қарши воситадир. Унинг таъсир механизми циклооксигеназани носпецифик сусайтириши орқали простагландинлар синтезини ингибиция бўлиши, шунингдек лейкоцитларда эркин арахидонларнинг концентрациясини пасайтириши билан боғлиқ.
Фармакокинетикаси
Парацетамол ичга қабул қилинганида яхши ва тез сўрилади. Плазмадаги чўққи концентрациясига 10-60 минутдан кейин эришилади. Организмнинг деярли барча тўқималарига киради, йўлдошга осон ўтади ва кўкрак сути билан ажралиб чиқади. Жигарда метаболизмга учрайди, метаболитлари фармакологик жиҳатдан фаол эмас, аммо тўпланганида жигар некрозига олиб келиши мумкин. Буйраклар орқали асосан метаболитлар ҳолида чиқарилади. Ярим чиқарилиш даври 1-4 соат оралиғида ўзгаради. Жигар фаолияти бузилганида препаратни организмдан чиқарилиши секинлашади, бу организмда метаболитларни тўпланишига олиб келади.
Диклофенак натрий – ичга бир марта қабул қилинганидан сўнг, ичакдан тез ва тўлиқ сўрилади, фаол модданинг тахминан 50% жигардан биринчи ўтишда метаболизмга учрайди. 50 мг дозада препаратнинг қон плазмасидаги максимал концентрацияси 1-2 соатдан сўнг кузатилади ва 1,5 мкг/мл (5 мкмоль/л) ни ташкил этади. Овқатланиш препаратнинг сўрилиш тезлигини секинлаштиради, аммо сўрилаётган фаол модданинг миқдори ўзгармайди. Плазма оқсиллари билан боғланиши 99,7% ни ташкил этади; бунда препаратнинг кўп қисми (99,4%) альбуминлар билан боғланади. Синовиал суюқлигига бўғим бўшлиғига яхши киради, у ерда фаол модданинг максимал концентрациясига плазмадагига нисбатан 2-4 соат кечроқ эришилади. Синовиал суюқликдан ярим чиқарилиш даври 3-6 соатни ташкил этади.
Плазмада чўққи қийматига эришилганидан сўнг икки соатдан кейин синовиал суюқликда фаол модданинг концентрацияси плазмадагига нисбатан ҳали ҳам юқори бўлади ва 12 соатгача юқори қийматда қолади. Плазмадан ярим чиқарилиш даври 1-2 соатни ташкил этади. Препаратнинг 60% метаболитлари ҳолида буйраклар орқали, қолган қисми сафро орқали чиқарилади. Буйраклар фаолиятини яққол бузилиши бўлган (креатинин клиренси минутига 10 мл дан кам) беморларда, сафро билан чиқариладиган метаболитларининг солиштирма оғирлиги ошади, шунинг учун уларнинг қондаги концентрациясини ошиши кузатилмайди.
Қўлланиши
Оғриқ қолдирувчи, яллиғланишга қарши, иситма тушурувчи таъсир кўрсатади. Яллиғланиш ва оғриқдан ҳалос этади.
Цинепар таблеткалари ревматоид артрит, остеоартрит, ювенил сурункали артрит, остеохондроз, скелет-мушак бузилишлари, масалан, тендинит, тендосиновит, бурсит, пайларни чўзилиши ва суякларни чиқиши каби, шунингдек спортдаги жароҳатларда кўрсатилган; Бехтерев касаллигида оғриқ ва яллиғланишни камайтириш учун; ортопедик, стоматологик ва бошқа кичик хирургик операцияларида, тиш оғриғи, дисменорея ва ҳайз кўриш вақтидаги оғриқлар; танадаги оғриқлар; бош оғриғида, иситмани пасайтириш учун қўлланади.
Қўллаш усули ва дозалари
Таблеткалар ичга бутун ҳолда, чайнамасдан, етарли миқдордаги суюқлик билан қабул қилинади. Препаратни овқатдан сўнг қабул қилиш керак.
Катталар ва 12 ёшдан ошган болаларга 1 таблеткадан суткада 2-3 марта буюрилади. Касалликнинг симптомлари ўртача даражада бўлганида, шунингдек узоқ муддат даволанганда, одатда суткада 2 таблетка – бир таблеткадан эрталаб ва кечқурун қабул қилиш етарлидир. Бундай шароитларда Цинепар® таблеткаларининг максимал суткалик дозаси 3 таблеткадан ошмаслиги керак.
Бирламчи альгодисменореяда препаратнинг бошланғич дозаси – 1 тадан 3 таблеткагача бўлади, аммо зарурат бўлганида бир сутка давомида суткалик дозани 4 таблеткагача ошириш мумкин. Препаратни қўллаш муддати 5-7 кунни ташкил этади ва касаллик симптомларини динамикасига боғлиқ.
12 ёшгача бўлган болаларга фақатгина шифокорнинг кўрсатмаси бўйича ва шифокорнинг назоратида буюрилади. Препарат 6-12 ёшдаги болаларга буюрилганида диклофенакнинг суткалик дозаси тана вазнига 0,5-2 мг/кг дан ошмаслиги кераклигини ҳисобга олиш керак, бу болалар учун максимал доза ҳисобланади. 6 ёшдан ошган болаларни даволашда парацетамолнинг суткалик дозаси 2 г дан ошмаслиги керак.
Ножўя таъсирлари
Меъда-ичак йўллари томонидан: кўнгил айниши, қусиш, анорексия, дискомфорт ҳисси (эпигастрал соҳада оғриқлар ва спазмлар), метероизм, иштаҳани пасайиши. Кам ҳолларда – меъда-ичак йўлларини, қон кетиши, перфорация билан асоратланган, эрозив-ярали шикастланишлари, афтозли стоматит, эзофагит. Айрим ҳолларда – носпецифик ярали колит, Крон касаллиги;
Марказий нерв тизими томонидан: бош айланиши, толиқиш. Кам ҳолларда – ҳис қилиш ёки кўришни бузилиши (жисмларни ноаниқ кўриш, диплопия), қулоқларни шанғиллаши, таъсирчанлик, тиришишлар, уйқуни бузилиши, депрессия, хавотирлик ҳисси;
Дерматологик реакциялар: тери тошмаси, эшакеми. Кам ҳолларда: буллез тошмалар, экзема, эритродермия, сочларни тўкилиши, фотосенсибилизация;
Жигар фаолияти томонидан: гепатит, сариқлик, жигар фаолиятини бузилиши;
Қон яратиш тизими томонидан: айрим ҳолларда – тромбоцитопения, лейкопения, агранулоцитоз, гемолитик анемия, апластик анемия;
Юрак қон-томир тизими томонидан: кам ҳолларда – тахикардия, кўкрак қафаси соҳасида оғриқлар, юрак етишмовчилиги, инфаркт миокарди;
Нафас тизими томонидан: астма (шу жумладан, ҳансираш), эозонофил пневмония;
Сийдик чиқариш тизими томонидан: буйрак етишмовчилиги, ўткир тубуляр некроз, интерстициал нефрит;
Аллергик ва иммунопатологик реакциялар: кам ҳолларда – анафилактик ва анафилактоид реакциялар.
Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар
- препаратнинг компонентларига юқори сезувчанлик;
- ибупрофен, ацетилсалицил кислотаси ёки бошқа ностероид яллиғланишга қарши препаратлар томонидан чақирилган астма, Квинке шиши, эшакеми ёки ўткир ринит;
- меъда-ичак йўлларини, зўрайиш босқичидаги, эрозив-ярали шикастланишлари (шу жумладан пептик яра, Крон касаллиги, носпецифик ярали колит);
- ҳомиладорликнинг III уч ойлиги, лактация;
- 6 ёшгача бўлган болалар;
- оғир даражадаги жигар, буйрак ёки юрак етишмовчилигида қўллаш мумкин эмас.
Дориларнинг ўзаро таъсири
Калийни тежовчи диуретиклар билан бир вақтда қўлланганида, қонда калийнинг миқдори ошиши мумкин. Билвосита антикоагулянтлар билан бир вақтда буюрилганида қон кетиши ривожланиши мумкин. Препарат қонда литий, дигоксин ва циклоспориннинг концентрациясини ошириши мумкин, шунинг учун улар билан бирга қўлланганида, литий, дигоксин ва циклоспориннинг дозаларига тузатиш киритиш керак. Метотрексат билан даволашни бошлашдан 24 соат олдин ёки кейин препарат буюрилганида эҳтиёткорликка риоя қилиш керак, чунки бунда унинг заҳарли таъсирини ривожланиш хавфи ошади.
Фенитоин диклофенак билан бир вақтда ишлатилганида фенитоиннинг таъсири кучайиши мумкинлиги туфайли, плазмада фенитоиннинг концентрациясини мониторинг қилиш керак. Препарат қонда қанднинг миқдорини пасайтирувчи препаратлар ва диуретикларнинг токсиклигини кучайтиради. Бошқа ностероид яллиғланишга қарши препаратлар ва кортикостероидлар билан бирга қўлланганида меъда-ичакдан қон кетишлар ҳавфи ёки яраларни пайдо бўлиш ҳавфи ошиши мумкин.
Махсус кўрсатмалар
Анамнезида меъда-ичак йўлларини эрозив-ярали шикастланишлари бўлган беморларга, шунингдек жигар, буйрак, қон яратиш аъзолари фаолиятини яққол бузилишлари бўлган пациентларга буюрилганида эҳтиёткорликка риоя қилиш лозим.
Юқори дозаларда препарат тромбоцитлар агрегациясини сусайтириши мумкин, шунинг учун гемостазни бузилиши бўлган пациентларни синчиклаб кузатиш керак.
Препаратни кексаларда, сурункали юрак етишмовчилиги, артериал гипертонияси, порфирияси бўлган беморларда, шунингдек бевосита жиддий жарроҳлик аралашувларидан кейин эҳтиёткорлик билан қўллаш керак.
Препарат билан даволаш вақтида жигар, буйраклар фаолиятини ва периферик қон манзарасини назорат қилиш керак. Препаратни қўллаш вақтида препарат гепатотоксик таъсири кучайиши мумкинлиги туфайли, алкоголь истеъмол қилиш мумкин эмас.
Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати тугаганидан сўнг ишлатилмасин.
Ҳомиладорликда ва лактация даврида қўлланиши
Ҳомиладор ва эмизикли аёллар ушбу препаратни қабул қилишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашишлари керак.
Автотранспортни ва бошқа механизмларни бошқариш қобилиятига таъсири
Беморлар, препаратни қабул қилиш вақтида, диққатни жамлаш ва руҳий ҳамда ҳаракат реакцияларининг тезлигини талаб этувчи ишларни бажаришдан (масалан, автомобилни ҳайдаш) сақланишлари керак.
Препарат болалар олаолмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати тугаганидан сўнг ишлатилмасин.
Дозани ошириб юборилиши
Симптомлари: аллергик реакциялар, безовталаниш, бош айланиши. Баъзида жигарни жиддий шикастланиши, ва буйракларни ўткир тубуляр некрозига олиб келади.
Даволаш: меъдани ювиш, симптоматик даволаш ўтказилади.
Чиқарилиш шакли
Бирламчи ўрам: 10 таблеткадан алюмин фольга ва ПВХ плёнка блистерда.
Иккиламчи ўрам: 10 таблеткадан иборат бўлган 10 блистер қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга картон қутида.
10 таблеткадан иборат 100 блистер қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга пластик контейнерда.
Сақлаш шароити
Қоронғи ва қуруқ жойда, 25оС дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.
Яроқлилик муддати
4 йил.
Дорихоналардан бериш тартиби
Рецепт бўйича.