ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА
ПСОРАЛЕН
PSORALENUM
Препаратнинг савдо номи: Псорален
Таъсир этувчи модда (ХПН): псорален
Дори шакли: 0,1% эритма
Таркиби:
фаол модда: псорален – 1 г;
ёрдамчи моддалар: 96% ректификатланган этил спирти, тозаланган сув.
Таърифи: тиниқ суюқлик.
Фармакотерапевтик гуруҳи: Фотосенсибилизация қилувчи восита.
АТХ коди: D05АХ
Фармакологик хусусиятлари
Псорален – дуккаклилар оиласига кирувчи данакли оққурай (псоралея костянковая) ўсимлигининг мевалари ва илдизидан олинадиган фурокумаринларни икки хил табиий изомери: псорален (I) ва изопсорален (II) ларнинг кристалл шаклидаги аралашмаси.
Фурокумарин препаратлари таъсирига ўхшаш фотосенсибилизацияловчи таъсирга эга. Терапевтик дозаларида баъзи фермент тизимларини фаоллаштириб, тери пигменти ҳосил бўлиши ва соч ўсишини рағбатлантиради.
Қўлланилиши
Витилиго ва сочнинг уя-уя бўлиб тўкилишини даволашда қўлланади.
Қўллаш усули ва дозалари
Ичиш учун ва сиртга қўлланади. Ичга кунига 2-3 марта 0,01 г ёки 0,02 г дан овқатланишдан 30 минут олдин қабул қилинади. Ичга қабул қилиш билан бир вақтда ҳар куни ёки 2 кунда бир марта уйқуга ётиш ёки кварц лампаси билан нурланишдан 2 соат олдин соч тушиб кетган ёки депигментланган жойга препаратнинг 0,1%-ли эритмаси суртилади. Ёз вақтида кварц лампаси ўрнига қуёш инсоляциясидан фойдаланиш мумкин. Экспозиция вақти 1-2 минутдан бошлаб, аста-секин ультрабинафша нурларига шахсий сезувчанликка қараб 10-15 минутгача етказилади. Ўта юқори реакция (ўткир эритема) бўлганда вақтинча нур билан даволаш тўхтатилади. Кўз атрофи ёки қовоқда депигментланган жой бўлганда псорален эритмасини суртиш мумкин эмас. Витилигога учраган жойларда терапевтик самара пайдо бўлганлиги 3-6 ҳафтада, баъзан ундан ҳам кечроқ пигментация пайдо бўлиши билан намоён бўлади. Даволаш курси 3-3,5 ой давом этади. Керак бўлганда 1-1,5 ойлик оралиқ билан қайта даволаш курслари белгиланади. Умумий даволаш курси пигментация ва соч ўсиб чиқиши билан белгиланиб, 10-12 ойни ташкил этиши мумкин. Асосан касалланганига узоқ муддат бўлмаган ёш болалар ва ўсмирлар 2-3 даволаш курси ўтказилганда, соч тўкилишидан халос бўладилар. 5 ёшгача бўлган болаларга псорален 0,005 г суткалик дозада тавсия этилади; 5-10 ёшлиларга – 0,01 г; 10-13 ёшлиларга – 0,015 г; 13-16 ёшлиларга 0,02 г; катталарга 0,04-0,06 г дан тавсия этилади.
Ножўя таъсирлари
Айрим беморларда кўнгил айниши, меъда ва юракда оғриқ, шунингдек, нерв қўзғалиши (уйқусизлик, тажанглик) бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда препаратни оғиз орқали қабул қилиш тўхтатилади ва 5-6 кундан сўнг препарат камайтирилган дозаларда тавсия этилади ёки фақат маҳаллий даволаш ўтказилади. Сезувчан беморларда узоқ вақт инсоляция (кварц лампаси ёрдамида нурланиш) қилинганда, псорален эритмаси суртилган терида ўткир дерматит (II даражали куйишгача эритема) пайдо бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда препаратни маҳаллий ишлатиш тўхтатилади, псораленни фақат оғиз орқали қабул қилиш тавсия этилади.
Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар
Препаратга шахсий юқори сезувчанлик, ўткир меъда-ичак касалликлари, диабет, кахексия, ҳомиладорлик.
Махсус кўрсатмалар
Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач ишлатилмасин.
Чиқарилиш шакли
0,1% эритма 50 мл, 100 мл дан флаконларда.
Сақлаш шароити
Салқин, ёруғликдан ҳимояланган жойда сақлансин.
Яроқлилик муддати
2 йил.
Дорихоналардан бериш тартиби
Рецепт бўйича.