ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА
MR ЭРИТРОМИЦИН
MR ERITROMYCIN
Препаратнинг савдо номи: MR Эритромицин
Таъсир этувчи модда (ХПН): Эритромицин
Дори шакли: Кўз суртмаси
Таркиби:
1 г суртмада қуйидагилар сақланади:
Фаол модда: Эритромицин – 10 минг ТБ.
Ёрдамчи моддалар: ланолин (сувсиз ланолин) – 0,4 г, натрий дисульфити (натрий метасульфити, натрий пиросульфити) – 0,0001 г, “кўз суртмалари учун” вазелин – 1 г гача.
Таърифи: Оч-сариқдан қўнғир-сариқ ранглигача бўлган суртма.
Фармакотерапевтик гуруҳи: Антибиотик (макролидлар гуруҳи).
АТХ коди: S01AA17
Фармакологик хусусиятлари
Эритромицин – Streptomyces erythreus томонидан ишлаб чиқарилувчи, макролидлар гуруҳига мансуб антибиотикдир. Маҳаллий қўлланилганида антибактериал таъсир кўрсатади. Рибосомаларнинг 50S суббирлиги билан қайтувчан боғланади, бу аминокислоталарнинг молекулалари орасида пептид боғларини ҳосил бўлишини бузади ва микроорганизмларнинг оқсил синтезини блоклайди (нуклеин кислоталари синтезига таъсир кўрсатмайди). Юқори дозаларда қўлланганда қўзғатувчининг турига боғлиқ ҳолда бактерицид таъсир кўрсатиши мумкин. Конъюнктива, кўзнинг шох пардасини юза кўз инфекцияларини чақирувчи сезгир микроорганизмлар, шу жумладан Neisseria gonorrhoeae, Chlamydia trachomatis га нисбатан самарали.
Фармакокинетикаси
Кўзнинг шох пардаси ва кўз суюқлигига сўрилади. Маҳаллий қўлланганда тизимли сўрилиши паст. Биокираолишлиги 30-65% ни ташкил қилади. Организмнинг кўпгина тўқималари ва суюқликларида тақсимланади. Плазма оқсиллари билан боғланиши 70-90% ни ташкил қилади. Фаол бўлмаган метаболитларини қисман ҳосил қилиб, жигарда метаболизмга учрайди. Ярим чиқарилиш даври – 1,4-2 соат. Ичак ва буйраклар орқали чиқарилади.
Қўлланилиши
Сезгир микроорганизмлар чақирган кўз инфекциялари: конъюнктивит (шу жумладан янги туғилган чақалоқларда), бактериал блефарит, блефароконъюнктивит, мейбомит; бактериал кератит, хламидиялар чақирган конъюнктивитлар, блефароконъюнктивитлар, трахомани мажмуавий даволашда; янги туғилган чақалоқларда бленнореяни олдини олишда қўлланилади.
Қўллаш усули ва дозалари
Суртмани пастки қовоқ ортига 1-1,3 см узунликдаги тизимча кўринишида олиб кунига 3 марта қўйилади.
Янги туғилган чақалоқлар офтальмияси, бактериал конъюнктивит, блефарит, блефароконъюнктивит, мейбомит, кератитни мажмуавий даволашда даволаш давомийлиги касалликнинг шакли ва оғирлик даражасига боғлиқ, аммо 14 кундан ошмаслиги керак.
Травхомани даволашда – кунига 4-5 марта қўйилади, даволашни фолликулани очиш билан бирга олиб бориш керак. Яллиғланиш жараёни бартараф қилинганидан кейин препарат кунига 2-3 марта қўлланилади. Трахомани даволаш давомийлиги 4 ойгача.
Хламидиялар чақирган конъюнктивитни даволашда суртмани кунига 4-5 марта конъюнктива бўшлиғига қўйилади, даволаш давомийлиги касалликнинг оғирлик даражасига боғлиқ, 3 ойгача.
Янги туғилган чақалоқларда бленнореяни олдини олиш учун 0,5-1 см узунликдаги суртма тизимчасини пастки қовоқ ортига бир марта қўйилади.
Ножўя таъсирлари
Маҳалий реакциялар: гиперемия, кўз шиллиқ қаватини таъсирланиши, кўришни ноаниқлиги, аллергик реакциялар.
Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар
Препарат компонентларига шахсий юқори сезувчанлик, жигар ва буйрак фаолиятини оғир бузилишлари, анамнезида сариқлик бўлган пациентларда.
Эҳтиёткорлик билан.
Кексаларда, буйрак ва жигар фаолиятини бузилишларида.
Дориларнинг ўзаро таъсири
Препарат линкомицин, клиндамицин, хлорамфеникол билан номутаносиб (антагонизм). Бета-лактам антибиотикларининг (пенициллинлар, цефалоспоринлар, карбопенемлар) бактерицид таъсирини сусайтиради.
Аминогликозидлар билан фармацевтик жиҳатдан номутаносиб. Кортикостероидлар билан қўллашда уларнинг самарасини кучайишига олиб келади.
Махсус кўрсатмалар
Янги туғилган чақалоқлар офтальмиясини олдини олишда эритромицин кўз суртмасини кўздан ювиб ташлаш мумкин эмас.
Онасида клиник яққол намоён бўлган гонореяси бўлган болаларда эритромицин офтальмологик дори воситаси сифатида парентерал қўллаш учун пенициллин G нинг сувли эритмаси билан бир вақтда қўлланилади.
Туба очилганидан кейин 1 ой давомида ишлатиш керак.
Ҳомиладорликда ва эмизиш даврида қўлланилиши
Ҳомиладорликда фақат жуда зарур бўлган ҳолдагина, она учун бўлиши мумкин бўлган фойда, ҳомила учун хавфдан устун бўлгандагина қўллаш мумкин.
Эмизиш даврида препаратни буюриш зарурати туғилганда, эмизишни тўхтатиш керак.
Транспорт воситасини бошқариш, машиналар ва механизмларга хизмат кўрсатиш қобилиятига таъсири
Даволаш вақтида транспорт воситаларини бошқариш ва қўллашдан кейиноқ кўришнинг аниқлигини талаб қилувчи машиналар ва механизмларга хизмат кўрсатишдан сақланиш керак.
Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.
Дозани ошириб юборилиши
Препаратнинг дозасини ошириб юборилиши ҳақида маълумотлар йўқ.
Чиқарилиш шакли
Кўз суртмаси 10 минг ТБ/г.
10 г дан алюмин тубаларда.
Ҳар бир туба қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга картон қутига жойланади.
Сақлаш шароити
Қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган жойда, 5°С дан 15°С гача бўлган хароратда сақлансин.
Яроқлилик муддати
3 йил.
Дорихоналардан бериш тартиби
Рецепт бўйича.