📜 Инструкция по применению Незоврин НЕО
💊 Состав препарата Незоврин НЕО
✅ Применение препарата Незоврин НЕО
📅 Условия хранения Незоврин НЕО
⏳ Срок годности Незоврин НЕО

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙУРИҚНОМА

НЕЗОВРИН НЕО

NEZOVRIN NEO

Препаратнинг савдо номи: Незоврин НЕО

Таъсир этувчи моддалар (ХПН): Тиамин гидрохлориди (В1 витамини), пиридоксин гидрохлориди (В6 витамини), цианокобаламин (В12 витамини).

Дори шакли: Мушак ичига юбориладиган инъекция учун эритма.

Таркиби:

Ҳар бир ампула (2 мл) куйидагиларни сақлайди:

Фаол моддалар: Тиамин гидрохлориди (В1витамини) – 150 мг; пиридоксин гидрохлориди (В6 витамини) – 100 мг; цианокобаламин (В12 витамини) -1 мг.

Ёрдамчи моддалар: бензил спирти, натрий эдетати, инъекция учун сув, натрий гидроксиди, натрий гидроксиди 1 N эритмаси.

Таърифи: Қизил рангли, тиниқ эритма.

Фармакотерапевтик гуруҳи: Витаминлар (В гуруҳи мажмуаси).

АТХ коди: A11A

 

Фармакологик хусусиятлари

Незоврин НЕО мажмуавий препаратдир. Незоврин НЕО препаратининг фармакологик хусусиятлари унинг таркибига кирувчи 3 та В гуруҳ витаминларининг биологик самараси билан изоҳланади. В гуруҳ витаминлари оқсил, ёғ ва углевод алмашинувини бошқарувчи тизимлар компоненти ҳисобланади. Ҳар бир витамин маълум бир биологик аҳамиятга эга. Уларнинг мувозанатли миқдорда организмга кириши метаболик жараёнларнинг нормал кечиши учун муҳим.

Одам организмидаги тиамин гидрохлориди (В1 витамини) фосфат кислотасини қолдиғини қўшилиш жараёнлари натижасида кўпгина ферментатив реакцияларнииг коферменти ҳисобланган кокарбоксилазага айланади. Тиамин организмдаги оқсил, ёғ ва углевод алмашинувида муҳим ўринни эгаллайди. Нерв тизими, юрак, мушаклар тўқималаридаги ва қоннинг шаклли элементларидаги барча метаболик жараёнларида, синапслардаги нерв импульси ўтказилиши жараёнларида иштирок этади.

Пиридоксин гидрохлориди (В6 витамини) марказий ва периферик нерв тизимининг нормал фаолиятини мувозанатда ушлаб туриш учун зарур. Пиридоксин организм томонидан тўйинмаган ёғ кислоталарининг ўзлаштирилишини яхшилайди, нерв тизими, жигар, қон яратилиш фаолиятларига ижобий таъсир кўрсатади. Фосфат кислотаси қолдиғини органик моддалар молекуласига қўшилиши (фосфат кислотасини қолдиғини қўшилиш) шаклида аминокислоталар метаболизмида кофермент ҳисобланади. Пиридоксин нерв-мушак ўтказувчанлигини, мушаклар қисқаришини нормаллаштирувчи, тиришишлар ривожланишига тўсқинлик қилувчи олтингугурт сақлаган аминокислоталар – тауриннинг (метионин ва цистеиндан) синтезига ёрдам беради. Нейромедиаторлар биосинтезида иштирок этади: допамин, норадреналин, адреналин, серотонин, гистамин ва GABA. Липид алмашинувини нормаллашишига ёрдам беради.

Цианокобаламин (В12 витамини) меъёрий қон яратилиши ва эритроцитлар ҳосил бўлиши учун зарур. У шунингдек, бир қатор биокимёвий реакцияларда иштирок этади, организмдаги метил гуруҳи ташилишида, нуклеин кислоталар, оқсиллар синтези фаолиятига, аминокислоталар, углевод, липидлар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади. Цианокобаламин нерв тизимидаги метаболик жараёнларига (РНК, ДНК, миелиннинг синтезига, цереброзидлар ва фосфолипидларнинг липидли таркибига) таъсир кўрсатади. Цианокобаламин унинг периферик қисмининг зарарланишларига боғлик бўлган оғриқларни камайтиради .

Цианокобаламин, метил кобаламин ва аденозилкобаламиннинг кофермент шакллари ҳужайралар ўсиши ва репликацияси учун зарурдир. Қондаги холестерин миқдорини камайтиради. Жигар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Тўқималарнинг регенерация хусусиятини оширади.

 

Фармакокинетика

В1 витамини. Мушак ичига инъекция юборилгандан сўнг қонга тез ўтади. Жигарда фосфат кислотасини қолдиғини қўшилиш жараёнига учрайди. Жигар, юрак, бош мия, буйрак, талоқда тўпланади, бироқ уларнинг организмдаги заҳиралари кам. Йўлдош тўсиғидан ўтади ва кўкрак сутида аниқланади. Ичак ва буйрак орқали чиқарилади.

В6 витамини. Жигарда фармакологик фаол метаболитлар (пиридоксал – фосфат ва пиридоксаминофосфат) ҳосил қилиш билан метаболизмга учрайди. Пиридоксал фосфат плазма оқсиллари билан 90% боғланади. Барча тўқималарга яхши ўтади; кўпроқ қисми жигарда, камроқ эса мушаклар ва марказий нерв тизимида тўпланади. Йўлдош орқали ўтади, кўкрак сути билан ажралади. Т½ – 15-20 кун. Буйраклар орқали, шунингдек гемодиализ ўтказишда чиқарилади.

В12 витамини. Мушак ичига юборилганда плазма концентрациясининг чўққисига 60 минутдан сўнг эришилади. Қонда, уни тўқималарга ташувчи махсус оқсиллар транскобаламинлар билан боғланади. Асосан жигарда тўпланади. Буйрак фаолияти нормал бўлганида 7–10% буйрак орқали, тахминан 50% ахлат массалари билан, буйрак фаолияти сусайганда 0-7% буйраклар орқали, 70-100% ахлат массалари билан чиқарилади. Йўлдош тўсиғидан ўтади ва кўкрак сутида аниқланади.

Қўлланилиши

Турли сабабли нерв тизимининг касалликларини симптоматик даволаш:

  • Невритлар, невралгия, миалгия, ишиалгия, периферик парез ва фалажлар, ретробульбар неврит, юз нервининг парезларида, люмбаго, плекситлар, ковурғалараро невралгия, уч шохли нерв невралгияси, ён томонлама амиотрофик склерози, тарқалган склероз, болаларнинг церебрал фалажи, марказий ва периферик нерв тизимининг шикастланишлари;
  • В1, В6, В12 ларининг гипо- ва авитаминозлари;
  • Диабетик полинейропатия;
  • В1, В 6, В12 витаминларининг танқислиги билан боғлиқ тизимли касалликлар;
  • Бирмер касаллиги (пернициоз анемия);
  • Бери-Бери касаллиги (қуруқ ва нам).
  • Герпетик шикастланишлар (ўраб олувчи темиратки ва бошқалар);
  • Энцефалопатиялар (диабетик, алкогол ва бошқалар);
  • Бўғимлар касалликлари: артрит, остеоартроз, остеохондроз, ревматизм, ревматоид артрит;
  • Витаминлар метаболизмини кучайтирувчи (антибиотиклар, изониазид қатори туберкулёзга қарши препаратлар, тутқаноққа қарши препаратлар ва бошқалар) препаратлар билан даволашда чақирилган, тегишли витаминларнинг танқислиги;
  • Чегараланган парҳезларга риоя қилганда озиқланиш дисбаланси, иситмада, сурункали касалликларда, жадал жисмоний юкламаларда ва юқори толиқишда, операциядан кейинги даврдаги витаминлар танқислиги;
  • Атеросклероз, юракнинг ишемик касаллиги, гепатит, холецистит, қандли диабетнинг мажмуавий даволаш таркибида;
  • Офтальмологияда (катаракта, кўз қорачиғи яраси, ирит, кератит, гемералопия, конъюнктивит) қўлланади.

Қўллаш усули ва дозаси

Незоврин НЕО препаратини қўллаш давомийлиги ва дозалаш тартиби шифокор томонидан аниқланади. Незоврин НЕО ни парентерал усулда, 1 ампуладан мушак ичига суткада 1 марта юборилади. Инъекция учун эритма мушак ичига чуқур юборилади. Айрим ҳолатларда Незоврин НЕО ни 1 инъекциядан 2-3 кунда буюрилади. Даволаш курси бемор ҳолатига қараб ўзгартирилади.

 

Ножўя таъсирлари

Алоҳида ҳолатларда – юқори сезувчанлик реакциялари (тери тошмаси, нафаснинг бузилишлари, Квинке шиши). Бош айланиши, кўнгил айниши, аритмиялар, тиришишлар кўринишидаги тизимли реакцияларнинг ривожланиши, жуда тез парентерал юборилганда ёки дозаси ошириб юборилган ҳолатларда кузатилиши мумкин.

 

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Препарат компонентларига нисбатан юқори сезувчанлик. Ҳомиладорлик ва лактация даври. Сурункали юрак етишмовчилигининг оғир ва ўткир шакллари, 10 ёшгача бўлган болаларда қўллаш мумкин эмас.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Незоврин НЕО ни левадопани қабул қилаётган беморларга буюриш мумкин эмас, чунки В6 витамини паркинсонизмни даволаш учун препаратнинг таъсирини сусайтиради. Пиридоксин шунингдек, қондаги тиришишга қарши препаратларнинг (фенитоин, фенобарбитал ва бошқалар) концентрациясини пасайтириши мумкин. Алкоголни истеъмол қилиш, контрацептив воситалар, сийдик ҳайдовчи препаратларни қўллаш тиамин даражасини пасайтириши мумкин. Магний сақловчи препаратларнинг кўшимча қабул қилиш мақсадга мувофик, чунки магний тиаминни унинг фаол шаклига айланиши учун зарурдир. Алкогол, азот оксиди, умумий анестетиклар, тутқаноққа қарши воситалар қондаги В12 витаминининг даражасини пасайтириши мумкин. Цианокобаламин oғиp металлар тузлари билан ўзаро номутаносиб.

Махсуc кўрсатмалар

Незоврин НЕО ни орқа миянинг ўткир дегенерациясининг яширин симптомлари кузатилмагунига қадар, ташҳисни аниқламасдан буюрмаслик зарур. Юрак етишмовчилиги бўлган беморларга Незоврин НЕО, бемор холатига қараб шахсий равишда буюрилади.

Автотранспортни ҳайдаш ва механизмларни бошқариш қобилиятига таъсири.

Препарат пациентнинг психофизик ҳолатига таъсир қилмайди, автотранспортни бошқариш ва механизмлар билан ишлаш қобилиятини бузмайди.

Ҳомиладорлик ва эмизиш даврида қўлланилиши.

Незоврин НЕО ни ҳомиладорлик ва эмизиш даврида қўллаш мумкин эмас.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтганидан кейин ишлатилмасин.

Дозанинг ошириб юборилиши

В гуруҳи витаминларини қўлланганда дозанинг ошириб юборилиши жуда кам ҳолларда кузатилади, чунки улар сувда эрувчан ва уларнинг ортиқча миқдори сийдик билан чиқарилади. Симптомлари: ножўя таъсирларнинг кучайиши мумкин (дозасини камайтириш ёки препарат қўлланишини тўхтатиш керак).Даволаш: симптоматик.

 

Чиқарилиш шакли

Мушак ичига юбориладиган инъекция учун эритма, 2 мл дан ампулаларда. Ўрамда 3 ёки 5 тадан ампулалар.

Сақлаш шароити

Қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган жойда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

Яроқлилик муддати

2 йил.

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича.

ИМЕЮТСЯ ПРОТИВОКАЗАНИЯ. НЕОБХОДИМО ОЗНАКОМИТЬСЯ С ИНСТРУКЦИЕЙ
ПО ПРИМЕНЕНИЮ ИЛИ ПОЛУЧИТЬ КОНСУЛЬТАЦИЮ СПЕЦИАЛИСТА

Лекарственные средства, информация о которых представлена на сайте, могут иметь противопоказания к их применению и использованию. Перед использованием необходимо ознакомиться с инструкцией по применению или получить консультацию у специалистов.