📜 Инструкция по применению L-Тироксин 100 Берлин-Хеми
💊 Состав препарата L-Тироксин 100 Берлин-Хеми
✅ Применение препарата L-Тироксин 100 Берлин-Хеми
📅 Условия хранения L-Тироксин 100 Берлин-Хеми
⏳ Срок годности L-Тироксин 100 Берлин-Хеми

Илова-варақа: пациент учун маълумот

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми

100 микрограмм, таблеткалар

Таъсир этувчи модда: левотироксин-натрий x H2O

Ушбу дори воситасини қабул қилишдан олдин ушбу илова-варақани ҳаммасини диққат билан ўқиб чиқинг, чунки унда Сиз учун муҳим ахборот сақланади.

  • Ушбу илова-варақани сақлаб қўйинг. Эҳтимол, Сизга уни яна бир бор ўқиб чиқиш талаб қилиниши мумкин.
  • Агар Сизда қўшимча саволлар пайдо бўлса, даволовчи шифокорга ёки дорихона ходимига мурожаат қилинг.
  • Ушбу дори препарати фақат Сиз учун буюрилган. Уни бошқа шахсларга берманг. Бу, ҳатто улардаги касалликлар симптомлари Сизникига мос келса ҳам, уларга зиён келтириши мумкин.
  • Ҳар қандай ножўя таъсирлар пайдо бўлганида бу ҳақида шифокор ёки дорихона ходимига хабар беринг. Бу мазкур илова-варақада баён қилинмаган ҳар қандай ножўя таъсирларга тааллуқлидир. 4-бўлимга қаранг.

 

Мазкур илова-варақанинг мазмуни:

  1. L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препарати ўзи нима ва у нима учун қўлланилади
  2. L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини қўллашдан олдин нималарни билиш керак
  3. L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини қандай қўллаш керак
  4. Бўлиши мумкин бўлган ножўя таъсирлар
  5. L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини қандай сақлаш керак
  6. Ўрам таркиби ва қўшимча маълумот

 

  1. L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препарати ўзи нима ва у нима учун қўлланилади

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми – таъсир этувчи моддаси тиреоид гормон левотироксин бўлган препаратдир. У табиий гормон каби таъсирга эга. L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини мавжуд бўлмаган тиреоид гормони ўрнини босиш ва/ёки қалқонсимон безга тушадиган юкламани камайтириш учун қабул қилинади.

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препарати кўлланилади:

  • қалқонсимон без гипофункциясининг барча шаклларида мавжуд бўлмаган гормоннинг ўрнини босувчи сифатида;
  • бўқоқни олиб ташлаш бўйича ўтказилган жарроҳлик операциясидан кейин қалқонсимон без функциясини нормал бўлганида бўқоқ қайталанишини (қалқонсимон безни катталашишини) олдини олиш учун;
  • қалқонсимон без функцияси нормал бўлганида хавфсиз бўқоқни даволаш учун;
  • қалқонсимон безнинг ортиқча функциясини тиреостатиклар (қалқонсимон безнинг ортиқча функциясини сусайтирувчи дори воситалари) билан даволаш фонида метаболизмнинг нормал ҳолатига эришилганидан кейин ёрдамчи (қўшимча, бирга қўлланувчи) даволаш сифатида;
  • қалқонсимон безнинг хавфли ўсмасида, асосан, жарроҳлик операциясидан кейин, ўсманинг қайталанишини сусайтириш ва мавжуд бўлмаган тиреоид гормони ўрнини босиш учун;
  • қалқонсимон без функциясини текшириш учун (қалқонсимон без супрессияси билан ўтказиладиган тест) қўлланилади.

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми барча ёш гуруҳларида қўлланилади.

 

  1. L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини қўллашдан олдин нималарни билиш керак

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини қуйидаги ҳолларда қўллаш мумкин эмас:

  • натрий левотироксинга ёки препаратнинг бошқа компонентларига (6-бўлимда келтирилган) аллергия (юқори сезувчанлик) мавжуд бўлганида;
  • қуйидаги касалликлар ёки ҳолатлар мавжуд бўлганида:
  • қалқонсимон безнинг даволанмаган гиперфункцияси;
  • даволанмаган адренокортикал етишмовчилиги;
  • даволанмаган гипофиз етишмовчилиги, агар у даволашни талаб қиладиган адренокортикал етишмовчилигига олиб келган бўлса;
  • яқин орада ўтказилган миокард инфаркти;
  • юрак мушагини ўткир яллиғланиши (миокардит);
  • юрак девори барча қатламларини ўткир яллиғланиши (панкардит).

Ҳомиладорлик мавжуд бўлганида ва қалқонсимон без гиперфункциясини даволаш учун дори препаратлари (тиреостатиклар) бир вақтда қабул қилинганида L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини қабул қилиш мумкин эмас (шунингдек «Ҳомиладорлик ва эмизиш даври» бўлимига қаранг).

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини қабул қилиш бошланишидан олдин қуйидаги касалликлар ёки ҳолатлар мавжудлигини истисно қилиш ёки уларни даволаш лозим:

  • юракнинг ишемик касаллиги;
  • юрак соҳасида оғриқ ва кўкракда сиқилиш ҳисси (стенокардия);
  • юқори артериал босим;
  • гипофиз ва/ёки буйрак усти бези пўстлоқ қаватларининг етишмовчилиги;
  • қалқонсимон безда тиреоид гормонини назоратсиз тарзда ишлаб чиқувчи зоналарнинг мавжудлиги (қалқонсимон без автономияси).

Қалқонсимон безнинг супрессияси билан тест ўтказилишидан олдин унинг функциясини текшириш учун мазкур касалликлар ёки ҳолатлар мавжудлигини истисно қилиш ёки уларни даволаш зарур. Бироқ қалқонсимон без автономияси мавжудлигини истисно қилиш талаб қилинмайди, чунки бошқалардан ташқари тест уни аниқлашга ҳам хизмат қилади.

Огоҳлантиришлар ва эҳтиёт чоралари

  • Агар Сиз миокард инфарктини бошдан кечирган бўлсангиз ёки Сизда юракнинг ишемик касаллиги, юрак мушагининг заифлиги, ритм бузилиши (тахикардия), юрак етишмовчилиги, зўраймаган ҳолда юрак мушагини яллиғланиши ёки узоқ муддат давомида қалқонсимон без гипофункцияси мавжуд бўлса, у ҳолда қонда гормонларнинг ўта юқори даражасидан сақланиш лозим. Шу сабабли қалқонсимон без гормонлари даражасини анча тез-тез текшириш зарур. L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини қабул қилиш билан боғлиқ бўлган қалқонсимон без гиперфункциясининг сезиларли бўлмаган белгилари пайдо бўлганида, бу ҳақида даволовчи шифокорга хабар бериш лозим («4. Бўлиши мумкин бўлган ножўя таъсирлар» бўлимига қаранг).
  • Агар қалқонсимон без гипофункцияси гипофиз касаллигидан келиб чиққан бўлса. Эҳтимол, бу ҳолат буйрак усти бези пўстлоқ қаватларининг етишмовчилиги билан кечиши мумкин ва у тиреоид гормон билан даволаш (гидрокортизон билан даволаш) бошланишига қадар бартараф қилиниши керак.
  • Агар қалқонсимон безда тиреоид гормонини назоратсиз тарзда ишлаб чиқувчи зоналарнинг мавжудлигига шубҳа бўлса, даволаш бошланишига қадар қалқонсимон без функциясини текширувдан ўтказиш лозим.
  • Менопауза юзага келганидан кейин остеопороз ривожланиши хавфи юқори бўлган аёлларда қонда тиреоид гормони даражаси ошишини олдини олиш учун қалқонсимон без функциясини тез-тез текшириш лозим.
  • Агар Сиз диабетдан азият чекаётган ёки маълум бир антикоагулянтларни (масалан, дикумаролни) қабул қилаётган бўлсангиз, «Бошқа дори препаратларни қабул қилиш/қўллаш» бўлимига ътиборингизни қаратиш лозим.
  • Агар Сизга диализ муолажасини олаётган пациент сифатида масалан, қонда фосфатлар даражаси юқорилиги юзасидан «Севеламер» препарати буюрилган бўлса, у ҳолда даволовчи шифокор эҳтимол, левотироксин қўлланилиши самарадорлигини аниқлаш мақсадида қоннинг маълум бир кўрсаткичларини назорат қилишни зарур деб топиши мумкин (шунингдек «Бошқа дори препаратларни қабул қилиш/қўллаш» бўлимига қаранг).

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини қабул қилишдан олдин даволовчи шифокор ёки дорихона ходимига мурожаат қилинг.

Нотўғри қўлланилиши

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини тана вазнини камайтириш мақсадида қабул қилиш мумкин эмас. Агар Сизнинг қонингизда тиреоид гормонлари даражаси нормал бўлса, тиреоид гормонларини қўшимча равишда қабул қилиниши тана вазнини камайишига олиб келмайди. Қўшимча равишда, айниқса тана вазнини камайтириш учун айрим препаратлар билан бирга қабул қилиниши жиддий ёки ҳатто ҳаёт учун хавф туғдирувчи ножўя таъсирлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Даволашни ўзгартириш

Агар Сиз L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини қабул қилаётган бўлсангиз, мазкур препаратни тиреоид гормонларни сақловчи бошқа дори препаратига алмаштириш фақат шифокор кузатуви остида ва қон кўрсаткичларини назорат қилиш фонида амалга оширилиши керак.

Кекса ёшдаги пациентларда

Кекса ёшдаги пациентлар учун препаратни дозалаш эҳтиёткорлик билан (айниқса юрак касалликлари мавжуд бўлганида) ва тез-тез шифокор назорати остида амалга оширилиши зарур.

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препарати ва бошқа дори препаратларини қабул қилиш

Агар Сиз бошқа дори препаратларини қабул қилаётган/қўллаётган ёки яқин орада қабул қилган/қўллаган бўлсангиз ёки қабул қилишингиз/қўллашингиз мумкин бўлса, даволовчи шифокор ёки дорихона ходимига мурожаат қилинг.

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препарати қуйидаги дори моддалари ёки препаратлар гуруҳларининг самарасига таъсир кўрсатади:

  • Диабетга қарши препаратлар (қонда қанд даражасини пасайтирувчи дори препаратлари)

Агар Сизда диабет бўлса, қонда қанд даражасини мунтазам равишда, асосан тиреоид гормонлар билан даволаш бошланишида, текшириш лозим. Даволовчи шифокор томонидан қонда қанд даражасини пасайтирувчи дори препаратлари дозасига тузатиш киритиш зарурати юзага келиши мумкин, чунки левотироксин мазкур препаратлар таъсирини пасайтириши мумкин.

  • Кумарин ҳосилалари (антикоагулянтлар):

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препарати ва кумарин ҳосилалари (масалан, дикумарол) бирга қабул қилинганида қон ивиши кўрсаткичларини мунтазам назорат қилиш лозим. Даволовчи шифокор томонидан антикоагулянтлар дозасини пасайтириш зарурати юзага келиши мумкин, чунки левотироксин мазкур препаратлар таъсирини кучайтириши мумкин.

 

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препарати таъсирига қуйидаги дори препаратлари таъсир кўрсатади:

  • қонда липидлар миқдорини пасайтирувчи препаратлар, қонда калий концентрациясини пасайтириш учун препаратлар (ионалмашинувчи қатронлар):

Қонда липидлар миқдорини пасайтириш учун препаратларни (масалан, колестирамин, колестипол ва колесевелам) ёки қонда калий концентрациясини пасайтириш учун препаратларни (полистирен сульфон кислотасининг кальцийли ва натрийли тузлари) L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препарати қабул қилинганидан кейин 4 соатдан 5 соатгача вақт ўтгач қабул қилиш лозим. Мазкур дори препаратлари левотироксинни ичакдан келиб тушишини сўндиради ва шу тарзда унинг самарадорлигини пасайтиради.

  • Севеламер ва лантан карбонати:

Севеламер ва лантан карбонати (диализда бўлган пациентларда қонда фосфатлар даражасини пасайтириш учун препаратлар) левотироксин сўрилишини ва самарадорлигини пасайтириши мумкин. Даволовчи шифокор қалқонсимон без функциясини одатдагидан кўра тез-тез текшириши керак (шунингдек «L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини қабул қилишда махсус эҳтиёткорлик чоралари» бўлимига қаранг).

  • Алюминий сақловчи антацид препаратлари, шунингдек темир сақловчи ва кальций сақловчи препаратлар:

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини алюминий сақловчи антацид препаратлари (антацидлар, сукральфат), шунингдек темир сақловчи ва кальций сақловчи препаратлар қабул қилинишига қадар энг камида 2 соат олдин қабул қилиш лозим. Мазкур дори препаратлари левотироксинни ичакдан келиб тушишини сўндиради ва шу тарзда унинг самарадорлигини пасайтиради.

  • Пропилтиоурацил, глюкокортикоидлар, бета-блокаторлар:

Пропилтиоурацил (қалқонсимон безнинг гиперфункциясини даволаш учун препарат), глюкокортикоидлар (буйрак усти бези пўстлоғи гормонлари, «кортизон») ва β-блокаторлар (юрак қисқаришлари тез-тезлигини камайтирувчи ва артериал босимни пасайтирувчи препаратлар) левотироксинни унинг янада самаралироқ шаклига – лиотиронинга айланишини сўндириши ва шу тарзда L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препарати самарадорлигини пасайтириши мумкин.

  • Амиодарон, йодланган рентгеноконтраст моддалар:

Амиодарон (юрак ритми бузилишларини даволаш учун препарат) ва йодланган рентгенконтраст моддалар (рентгенологик ташҳис қўйиш учун маълум бир препаратлар) йод миқдори юқори бўлиши оқибатида қалқонсимон без фаоллиги ошишини ҳам, пасайишини ҳам келтириб чиқариши мумкин. Қалқонсимон безда тиреоид гормонларини назоратсиз ҳосил қилувчи эҳтимол аниқланмаган зоналари (автономия) бўлган тугунсимон бўқоқда эҳтиёткорликка риоя қилиш лозим. Зарурат бўлганида даволовчи шифокор L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препарати дозасига тузатиш киритади.

  • Қуйидаги дори препаратлари L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препарати таъсирини кучайтириши мумкин:
  • салицилатлар (иситмани туширувчи ва оғриқсизлантирувчи препаратлар);
  • дикумарол (қонда тромблар ҳосил бўлишини сўндирувчи препарат);
  • фуросемиднинг (сийдик ҳайдовчи восита) юқори дозалари (250 мг);
  • клофибрат (қонда липидлар даражасини пасайтириш учун препарат);
  • фенитоин (тиришишларда ва юрак ритми бузилишларида даволаш учун препарат).
  • Контрацептивлар ёки ўрнини босувчи гормонал терапия учун препаратлар:

Контрацептив гормонал препаратлар («пилюлалар») қабул қилинганида ёки менопауза юзага келганидан кейинги даврда ўрнини босувчи гормонал терапия даврида левотироксинга эҳтиёж ошиши мумкин.

  • Сертралин, хлорокин/прогуанил:

Сертралин (депрессияларни даволаш учун препарат) ва хлорокин/прогуанил (безгак ва ревматоид касалликларни даволаш учун препаратлар) левотироксин самарадорлигини пасайтиради.

  • Барбитуратлар, рифампицин, карбамазепин:

Барбитуратлар (тиришишларни даволаш, анестезия учун препаратлар, ухлатувчи препаратларнинг маълум тури), рифампицин (антибиотик) ва карбамазепин (тиришишларни даволаш учун препарат) левотироксин таъсирини сусайтириши мумкин.

  • Протеаза ингибиторлари (ОИТВ-инфекциясини даволаш учун препаратлар):

Левотироксин ва протеаза ингибиторлари (лопинавир, ритонавир) бирга қабул қилинганида даволовчи шифокор касаллик симптомларини синчковлик билан кузатиши ва қалқонсимон без функциясини назорат қилиши керак. Лопинавир/ритонавир бирга қабул қилинганида левотироксин таъсири пасайиши мумкин.

  • Тирозинкиназа ингибиторлари (иматиниб ва сунитиниб):

Иматиниб ва сунитиниб (сурункали миелоид лейкозни даволаш учун препаратлар) билан даволаш гипотиреозли пациентларда левотироксинга бўлган эҳтиёжни ошишига олиб келади.

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини овқат ва ичимликлар билан бирга қабул қилиш

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини айниқса кальцийга бой бўлган озиқ-овқат (масалан сут ва сутли маҳсулотлар) билан қабул қилиш мумкин эмас, чунки бу левотироксиннинг сўрилишини сезиларли равишда камайтириши мумкин.

Агар Сиз таркибида соя бўлган маҳсулотларни истеъмол қилсангиз, даволовчи шифокор қонда тиреоид гормонлар даражасини янада тез-тез назорат қилиши керак. Сояли парҳез қўлланилиши даврида ва парҳез якунида препарат дозасига тузатиш киритиш талаб қилиниши мумкин (ноодатий юқори дозалар талаб қилиниши мумкин), чунки таркибида соя бўлган маҳсулотлар левотироксинни ичакда сўрилишини бузиши ва шу тарзда унинг самарадорлигини пасайтириши мумкин.

Ҳомиладорлик, эмизиш ва фертиллик

Агар Сиз ҳомиладор ёки эмизсангиз, ҳомиладор бўлганингизни тахмин қилсангиз ёки ҳомиладор бўлишни режалаштираётган бўлсангиз, мазкур дори препаратини қўллашдан олдин даволовчи шифокорга ёки дорихона ходимига маслаҳат олиш учун мурожаат қилиш лозим.

Ҳомиладорлик ва лактация даврида тиреоид гормонлари билан тегишли даволаш айниқса муҳим. Шу сабабли уни даволовчи шифокор кузатуви остида узлуксиз давом эттириш зарур. Препаратни ҳомиладорлик даврида кенг қўлланилишига қарамай, левотироксиннинг ҳомиладорликни кечишига ва ҳомила ёки янги туғилган чақалоқ саломатлигига нохуш таъсири ҳозирги вақтга қадар аниқланмаган.

Қалқонсимон без функциясини ҳомиладорлик вақтида ҳам, ундан кейин ҳам назорат қилиш лозим. Қонда эстроген (аёллар жинсий гормони) даражаси юқори бўлганлиги сабабли ҳомиладорлик даврида тиреоид гормонига эҳтиёж ошиши мумкин, бу даволовчи шифокор томонидан дозага тузатиш киритишни талаб қилиши мумкин.

Ҳомиладорлик даврида L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини қалқонсимон без гиперфункциясини даволаш учун препаратлар (тиреостатиклар) билан бир вақтда қабул қилиш мумкин эмас, чунки бу тиреостатикларнинг анча юқори дозалари қўлланилиши заруратига олиб келади. Тиреостатиклар (левотироксиндан фарқли равишда) йўлдош орқали ҳомила қон оқимига ўтиши ва ҳомилада қалқонсимон без гипофункциясига олиб келиши мумкин. Шу сабабли ҳомиладорлик даврида қалқонсимон без гиперфункциясини тиреостатикларнинг фақат паст дозалари билан даволаш лозим.

Кўкрак сутига ажраладиган тушадиган тиреоид гормонининг миқдори ҳатто левотироксиннинг юқори дозалари билан даволанганда ҳам жуда кам бўлади ва демак, препарат хавфли эмас.

Ҳомиладорлик ва лактация даврида шифокор қалқонсимон без супрессияси билан ўтказиладиган тестни амалга оширмаслиги керак.

Эркаклар ёки аёлларда фертилликни бузилишлари ҳақидаги илмий далиллар мавжуд эмас. Бу ҳақидаги бирон-бир шубҳалар ёки кўрсатмалар йўқ.

Транспорт воситаларини бошқариш ва механизмлар билан ишлаш қобилиятига таъсири

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини транспорт воситаларини бошқариш ва механизмлар билан ишлаш қобилиятига таъсири ҳақидаги тадқиқотлар ўтказилмаган.

  1. L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини қандай қўллаш керак

Мазкур дори препаратини шифокорнинг тавсияларига қатъий мувофиқ қўллаш лозим. Агар Сизда шубҳалар мавжуд бўлса, даволовчи шифокор ёки дорихона ходими билан маслаҳатлашинг.

Индивидуал суткалик доза тадқиқот натижалари бўйича даволовчи шифокор томонидан аниқланиши керак.

Дозалаш

Индивидуал равишда даволаниш учун таъсир этувчи моддаси миқдори турлича бўлган масалан, даволашни бошлаш, катталарда дозани ошириш, шунингдек болларни даволаш учун бўлинадиган таблеткалар мавжуд.

Мавжуд симптоматикага боғлиқ равишда даволовчи шифокор қуйидаги тавсияларга амал қилади:

  • Қалқонсимон без гипофункциясини даволаш учун катта ёшдагилар аввал бошида суткада 25–50 мкг натрий левотироксинни қабул қилиши керак. Шифокор кўрсатмаси бўйича ушбу доза 2-4 ҳафталик интерваллар билан натрий левотироксиннинг 25–50 мкг дан 100–200 мкг (L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратининг 1–2 таблеткасига мос келади) суткалик дозасигача оширилиши мумкин.
  • Бўқоқни олиб ташлаш бўйича ўтказилган жарроҳлик операциясидан кейин бўқоқ қайталанишини олдини олиш ва хавфсиз бўқоқни даволаш учун суткада 75–200 мкг натрий левотироксинни (L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратининг 2 таблеткасигача) қабул қилиш лозим;
  • Қалқонсимон безнинг юқори функциясини даволаш фонида тиреостатиклар билан ёрдамчи (қўшимча, бирга) даволаш сифатида суткада 50–100 мкг натрий левотироксинни (L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратининг ½–1 таблеткасига мос келади) қабул қилинади.
  • Қалқонсимон безнинг хавфли ўсмаси юзасидан ўтказилган жарроҳлик аралашувидан кейин суткада 150–300 мкг натрий левотироксинни (L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратининг 1½–3 таблеткасига мос келади) қабул қилиш лозим.
  • Қалқонсимон без супрессияси билан ўтказиладиган тест ёрдамида қалқонсимон без функцияси ўрганилганида радиологик тадқиқот (сцинтиграфия) ўтказилишига қадар 14 кун давомида суткада 200 мкг натрий левотироксинни (L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратининг 2 таблеткасига мос келади) қабул қилиш зарур.

Тиреоид гормонининг анча паст дозаларини қўллаш шунингдек етарлича бўлиши мумкин.

Қалқонсимон без функцияси пасайган (туғма ва орттирилган гипотиреоз) болаларда

  • Қалқонсимон без функциясини пасайишини (туғма ва орттирилган гипотиреозни) узоқ муддат давомида даволанганда самарани бир маромда ушлаб турувчи доза одатда суткада тана юзасининг квадрат метрига 100–150 мкг левотироксинни ташкил этади.
  • Нормал руҳий ва жисмоний ривожланиши учун организмда левотироксинни ўрнини тезда тўлдириш муҳим аҳамиятга эга бўлган янги туғилган чақалоқлар ва қалқонсимон без функциясини туғма пасайиши бўлган чақалоқлар учун тавсия этиладиган бошланғич доза дастлабки 3 ой давомида суткада тана вазнининг ҳар килограммига 10–15 мкг левотироксинни ташкил этади. Сўнгра шифокор дозани индивидуал равишда – клиник маълумотларига (айниқса қонда қалқонсимон без гормонининг даражасига) боғлиқ равишда танлаши керак.
  • Қалқонсимон без функциясининг орттирилган пасайиши бўлган болалар учун тавсия этиладиган бошланғич доза суткада 12,5–50мкглевотироксинни ташкил этади. Ҳар 2–4 ҳафтада шифокор ушбу дозани гормон ўрнини тўлдириш тўлиқ бўладиган тўлиқ дозага эришилгунча босқичма-босқич ошириб бориши керак. Бунда шифокор учун қонда қалқонсимон без гормонининг даражаси алоҳида аҳамиятга эга бўлади.

Кекса пациентлар, юрак ишемик касаллиги бўлган пациентлар ва қалқонсимон без гипофункцияси бўлган пациентларда

Қалқонсимон без гормонлари билан даволашни кекса пациентлар, юрак ишемик касаллиги бўлган пациентлар ва қалқонсимон безнинг оғир ёки узоқ муддатли гипофункцияси бўлган пациентларда ўта эҳтиёткорлик билан бошлаш лозим. Бу препаратни энг кам дозадан бошлаш ва уни аста-секин, катта вақт интерваллари билан, қалқонсимон без гормонлари юзасидан тез-тез назоратни амалга оширган ҳолда ошириб бориш лозимлигини англатади.

Тана вазни паст бўлган пациентлар ва катта ўлчамдаги тугунсимон бўқоғи бўлган пациентларда

Тўпланган тажриба шуни кўрсатадики, тана вазни паст бўлганида ва катта ўлчамдаги тугунсимон бўқоқ мавжуд бўлганида препаратнинг пастроқ дозаси ҳам етарлича бўлади.

Таблеткани бўлиш бўйича изоҳ

Таблеткаларни иккита тенг бўлакка ажратиш мумкин.

Таблеткани бўлиниш чизиғи юқорига қараган ҳолда қаттиқ текис юзага жойлаштиринг. Бармоқ билан таблеткага босганингиздан кейин у иккита бўлакчага ажралади.

Қўллаш усули

Тўлиқ суткалик дозани кўп миқдордаги суюқлик, имкон қадар бир стакан сув билан ичиш лозим. Препаратни оч қоринга, нонуштадан камида ярим соат олдин қабул қилиш лозим.

Препаратни овқатдан олдин ёки кейин қабул қилгандан кўра оч қоринга қабул қилган афзалроқ.

Чақалоқларга тўлиқ суткалик дозани биринчи овқатланишдан энг камида ярим соат олдин бериш лозим. Таблеткани кўп бўлмаган миқдордаги (10–15 мл) сувда эритиш ва ҳосил қилинган суспензияни (ҳар гал у янги тайёрланган бўлиши керак!) қўшимча миқдордаги (5–10 мл) суюқлик билан чақалоққа берилиши лозим.

Қўллаш давомийлиги

Қалқонсимон без гипофункциясида ва қалқонсимон безда унинг хавфли ўсмаси юзасидан ўтказилган жарроҳлик аралашувидан кейин L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препарати одатда бутун умр давомида қабул қилинади. Хавфсиз бўқоқда ва бўқоқнинг қайталанишини олдини олишда бир неча ой ёки йилдан то бутун умрга қадар давомида қабул қилинади. Қалқонсимон безнинг юқори функциясини даволаш фонида ёрдамчи (қўшимча, бирга) даволаш сифатида L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препарати тиреостатиклар (қалқонсимон безнинг юқори функциясини сўндирувчи дори воситалари) қабул қилиниши якунламагунча қабул қилинади. Қалқонсимон без функцияси нормал бўлганида хавфсиз бўқоқни даволаш учун 6 ойдан икки йилгача бўлган даволаш даври зарур бўлади. Агар L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препарати билан даволаш ушбу вақт давомида кутилган натижани бермаса, даволовчи шифокор бошқа даволаш усулидан фойдаланиш эҳтимолини кўриб чиқиши лозим.

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми дори препарати дозаси ошириб юборилганида нима қилиш керак

Дозани ошириб юборилиши белгилари «Кузатилиши мумкин бўлган ножўя таъсирлар» 4-бўлимида таърифланган. Бундай симптомлар юзага келганида даволовчи шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Агар Сиз L-Тироксин 100 Берлин-Хеми дори препаратини қабул қилишни унутган бўлсангиз

Агар Сиз препаратнинг жуда кам дозасини қабул қилган бўлсангиз ёки препарат қабул қилинишини ўтказиб юборган бўлсангиз, ўтказиб юборилган дозани ўрнини қоплаш учун икки баробар дозани қабул қилманг. Кейинги таблеткани одатдаги вақтда, белгиланган қабул қилиш даврийлигига риоя қилган ҳолда қабул қилиш лозим.

Агар Сиз L-Тироксин 100 Берлин-Хеми дори препаратини қабул қилишни тўхтатган бўлсангиз

Даволаш муваффақиятли бўлиши учун L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини буюрилган дозаларда мунтазам қабул қилиш лозим. Даволашни ўз ҳохишингизча ҳар қандай вазиятларда ҳам ўзгартириш, тўхтатиб қўйиш ёки якунлаш мумкин эмас, чунки касаллик симптомлари қайта бошланиши мумкин.

Ушбу препаратни қўллаш бўйича қўшимча саволлар юзага келганида, даволовчи шифокорга ёки дорихона ходимига мурожаат қилиш лозим.

  1. Бўлиши мумкин бўлган ножўя таъсирлар

Барча дори препаратлари каби мазкур препарат, гарчи ҳамма пациентларда ривожланмаса ҳам, ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин.

Доза даражаси таъсирини ўзлаштираолмаслик, дозани ошириб юборилиши

Агар айрим ҳолларда доза даражаси таъсири пациент томонидан ўзлаштираолинмаса ёки дозани ошириб юборилиши юзага келса, у ҳолда айниқса даволаш бошланишида доза ўта тез ошиб кетган тақдирда, қалқонсимон без юқори фаоллигининг типик белгилари юзага келиши мумкин:

  • юракни тез уриб кетиши;
  • юрак ритмини бузилиши, айниқса юрак қисқаришлари тез-тезлигини ошиши (тахикардия);
  • кўкракда сиқилиш ҳисси билан кечувчи оғриқ (стенокардия);
  • мушак заифлиги ва мушак тиришишлари;
  • қизиб кетиш ҳисси, кўп терлаш;
  • титроқ (тремор);
  • безовталик, уйқусизлик;
  • диарея, тана вазнини камайиши;
  • бош оғриғи;
  • ҳайз бузилишлари.

Иситма, қусиш, шунингдек бош мия ички босимини ошиши (айниқса болаларда) каби хос бўлмаган белгилар ҳам кузатилиши мумкин.

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратининг таъсир этувчи моддасига ёки бошқа компонентларига юқори сезувчанлик

Левотироксин ёки L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратининг ҳар қандай бошқа компонентига юқори сезувчанлик мавжуд бўлганида, тери аллергик реакциялари ёки нафас йўллари томонидан аллергик реакциялар юзага келиши мумкин. Юқори сезувчанлик реакциялари юзага келганида препарат қабул қилинишини тўхтатиш ва дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Ножўя таъсирлар юзага келганида бу ҳақида даволовчи шифокорга хабар беринг. У суткалик доза пасайтирилиши керак-керакмаслигини белгилайди ёки таблеткаларни қабул қилиш бир неча кунга тўхтатиб турилиши керак. Ножўя таъсир бартараф этилгандан кейин дарҳол препарат дозасини эҳтиёткорлик билан танланган ҳолда даволашни қайта бошлаш тавсия этилади.

Ножўя таъсирлар юзага келиши ҳақидаги хабар

Ҳар қандай ножўя таъсирлар юзага келганида бу ҳақида шифокор ёки дорихона ходимига хабар қилинг. Бу ушбу илова-варақада кўрсатилмаган ҳар қандай ножўя таъсирларга тааллуқлидир. Сиз шунингдек ножўя таъсирлар ҳақида «Берлин-Хеми АГ» компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига, Тошкент шаҳар, 100015, Афросиёб кўчаси, 12-уй (бизнес-марказ) манзили бўйича бевосита хабар қилишингиз мумкин. Ножўя таъсирлар ҳақида хабар берган ҳолда, Сиз мазкур дори препаратининг хавфсизлиги ҳақида кўпроқ ахборот тўплашга ёрдам беришингиз мумкин.

  1. L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратини қандай сақлаш керак

Ушбу препаратни болалар ололмайдиган жойда сақланг.

Мазкур препаратдан блистерда ва картон қутида кўрсатилган яроқлилик муддати тугаганидан кейин фойдаланилмасин. Яроқлилик муддати кўрсатилган ойнинг охирги куни тугайди.

 

Яроқлилик муддати

2 йил.

25°C дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

Ҳеч қандай дори препаратларини оқава сувларга ташламанг. Керак бўлмайдиган дори препаратини қандай қилиб утилизация қилиш хусусида дорихона ходими билан маслаҳатлашинг. Ушбу чоралар атроф-муҳитни ҳимоя қилишга ёрдам беради.

  1. Ўрам ичидагиси ва қўшимча маълумот

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми дори препаратининг таркиби:

Таъсир этувчи модда: натрий левотироксини x H2O.

Битта таблеткада 106,4–113,6 микрограмм натрий левотироксини x H2O (100 микрограмм натрий левотироксинига мос келади).

Бошқа компонентлар:

кальций гидрофосфати дигидрати, микрокристалл целлюлоза, крахмал гликолятининг натрийли тузи (A типдаги), декстрин, узун занжирли парциал глицеридлар.

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми препаратининг ташқи кўриниши ва ўрам ичидагиси

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми бир томонида бўлиниш чизиғи бўлган ва иккинчи томонида «100» босма ёзуви туширилган деярли оқ рангдан то оч сарғиш ранггача, диаметри 6 мм бўлган думалоқ, бир оз қавариқ таблеткалардан иборат.

Таблеткани тенг дозали икки қисмга бўлиш мумкин.

Бирламчи ўрами алюминий ламинацияланган фольгадан [ОПА (йўналтирилган полиамид) 25 мкм/алюминий 45 мкм/ПВХ (поливинилхлорид) 60 мкм] ва герметизацияловчи қопламали қаттиқ алюмин фольгадан (20 мкм) иборат.

L-Тироксин 100 Берлин-Хеми савдога 25, 50 ва 100 таблеткали оригинал ўрамларда келади.

Бозорда барча ўлчамдаги ўрамлар мавжуд бўлавермаслиги мумкин.

Рецепт бўйича берилади.

 

ИМЕЮТСЯ ПРОТИВОКАЗАНИЯ. НЕОБХОДИМО ОЗНАКОМИТЬСЯ С ИНСТРУКЦИЕЙ
ПО ПРИМЕНЕНИЮ ИЛИ ПОЛУЧИТЬ КОНСУЛЬТАЦИЮ СПЕЦИАЛИСТА

Лекарственные средства, информация о которых представлена на сайте, могут иметь противопоказания к их применению и использованию. Перед использованием необходимо ознакомиться с инструкцией по применению или получить консультацию у специалистов.