ГЁТЕ

ГЁТЕ (Goethe) Йоханн Вольфганг (1749.28.8, Франкфуртмайн — 1832.22.3, Веймар) — немис ёзувчиси ва мутафаккири. Янги давр немис адабиётининг асосчиси. Ижоди 18-а. нинг 70—80-й.

лари Германияда мавжуд бўлган «Бўрон ва ҳужум» адабий ҳаракатида иштирок этишдан бошланган. Шу даврда Гёте «Гец фон Берлихинген» (1773), «Прометей» (1773) каби драмалар ва лирик шеърлар яратди. Гёте адабий фаолиятининг илк даврига мансуб «Ёш Вертернинг изтироблари» (1774) романи ўша давр немис адабиётида катта воқеа бўлди. Асарда илғор немис ёшлар авлодининг ижтимоий фожиаси ўз аксини топган. 1786—88 й. ларда Г. Италияга сафар қилади. Шу даврда у «Ифигения Тавридда» (1779 — 81), «Эгмонт» (1788), «Торквато Тассо» (1780— 89) каби драмалар ёзади. «Шеърият ва ҳақиқат» автобиографик китоби (1811— 33), «Вильхельм Майстернинг ўқиш йиллари» (1793—96), «Вильхельм Майстернинг дарбадарлик йиллари» (1821— 29) романларида инсон билан жамият ўртасидаги муносабат масаласи акс этган.

Гёте Шарқ мамлакатлари тарихи, маданияти, адабиётини чуқур ўрганади, Фирдавсий, Фаридиддин Аттор, Румий, Низомий, Саъдий, Ҳофиз, Жомий каби шоирлар ижоди билан танишади. Бу пайтда Ибн Сино, Улуғбек, Алишер Навоий ижодларидан намуналар немис тилига таржима қилинган эди. Гёте «Мағрибу машриқ девони»ни (1814—19) Шарқ шеъриятидан илҳомланиб ёзган. Девон «Муғаннийнома», «Ҳофизнома», «Ишқнома», «Тафриқнома», «Ранжнома», «Ҳикматнома», «Зулайхонома», «Темурнома», «Соқийнома», «Маталнома», «Форсийнома», «Хулднома» каби 12 бўлимдан иборат. Девонда «булбул», «ҳур», «фатво», «муғанний», «муфти», «тилсим», «мирзо», «дарвеш» каби сўзларни аслиятда қўллайди. Гётенинг «Фауст» фожиаси (1768—1832) жаҳон адабиётидаги шоҳ асарлардан ҳисобланади. Бу асар Г. нинг бутун ижодий фаолияти давомидаги изланишларининг самараси бўлди.

Гёте фалсафа, ҳуқуқшунослик, ботаника, геол., геодезия соҳаларига оид асарлар ҳам яратган.

Гёте шеърларини ўзбек тилига таржима қилиш 20-а. нинг йигирманчи йилларидан бошланган (Чўлпон, Ойбек, Шайх-зода ва б.). Кейинчалик Гётенинг «Фауст» (Эркин Вохидов таржимаси, 1972—75), «Мағрибу машриқ девони» (С. Салим Бухорий таржимаси, 1985—90), «Ёш Вертернинг изтироблари» (Я. Эгамова таржимаси, 1975) каби асарлари ўзбек тилида нашр этилган.

Гёте ижоди ҳақида ўзбек адабиётшунос ва танқидчилари (В. Зоҳидов, И. Ғафуров, О. Оллоберганов, Я. Эгамова, Пошали Усмон угли ва б.) адабий-танқидий макрлалар ёзишган. Германиянинг маърифий-маданий тадқиқотлар олиб борувчи нуфузли маркази Гёте номи билан аталади. Гёте ин-тининг филиаллари жаҳоннинг 78 мамлакатида, шу жумладан Тошкентда ҳам фаолият кўрсатмоқда (1998 й. дан).

Ас: Фауст, 1 — 2-китоб, Т., 1972—1975; Ёш Вертернинг изтироблари (роман), Т., 1975; «Мағрибу машриқ девони», Т., 1998.