ГААГА КОНВЕНЦИЯЛАРИ

ГААГА КОНВЕНЦИЯЛАРИ — 1) Гаага ш. да ўтказилган 1 – ва 2 – тинчлик конференцияларида (1899 ва 1907) уруш олиб бориш қонун-қоидалари тўғрисидаги халқаро конвенциялар. 1-Гаага конференциясида (1899) Буюк Британия, АҚШ, Германия, Франция, Италия, Япония, Скандинавия мамлакатлари, жами 27 давлат вакиллари қатнашиб, жумладан халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, уруш пайтида тинч аҳолини ҳимоя қилишга, ҳарбий асирлар, ярадорлар ва беморларни жойлаштиришга оид қоидалар ишлаб чиқилган. 2-Гаага конференциясида (1907) 44 давлат вакиллари бетараф давлатларнинг бурч ва ҳуқуқлари, ҳарбий ҳаракатларни бошлаш ва урушда денгиз кучлари томонидан душман ҳудудини бомбардимон қилиш тартиблари, заҳарлайдиган газларни ишлатмаслик ва б. тўғрисида келишиб олинган;

2) ҳарбий тўқнашув рўй берган ҳолатда маданий бойликларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги 1954 й. конвенцияси; 3) халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича 1902— 05, 1954, 1955, 1956, 1961 й. ларда тузилган ва б. конвенциялар.