ГУЛХАНИЙ (тахаллуси; асл исми Муҳаммад Шариф) (тахм. 18-а. нинг охири — Қўқон — 19-а. нинг 20-й. лари) — ўзбек мумтоз шоири, масалнавис. Ҳаёти ва ижоди ҳақида «Мажмуаи шоирон» (Фазлий Намангоний), «Туҳфат ул-ахбоб» (Қори Раҳматуллоҳ Возеҳ), «Сабот ул-башар ва тарихи муҳожирон» (Дилшод Отин) каби асарларда айрим маълумотлар келтирилган. Фазлий Гулханийнинг «Кўҳистон мулкидан» эканлигини таъкидласа, Возеҳ уни наманганлик, дейди. Гулханий Наманган ва Қўқонда яшаган, оз вақт ҳаммомда ўт ёқувчи — гўлах вазифасида ишлаган (тахаллуси шундан). Қўқон хони Амир Олимхон навкарлари сафида хизматда бўлган (1801 — 10). Мустақил мутолаа йўли билан мумтоз адабиётни ўрганган. Олимхон вафотидан (1811) сўнг тахтга ўтирган Амир Умархон (Амирий) Г. ни сарой шоирлари даврасига жалб этган. Шоир хонни мақтаган, унинг ғазалларига назиралар битган. Умархон вафотидан сўнг ватанига қайтиб, кўпроқ оддий инсонларга манзур бўлувчи шеърлар ёза бошлади. Ўтли ҳажвлар яратди.
Гулханий ўзбек ва тожик тилларида ижод қилган. Бизгача бир неча ғазали, ҳажвиялари ҳамда «Зарбулмасал» («Япалоққуш» ҳикояси) насрий асари етиб келган. Ғазалларида лирик қаҳрамоннинг руҳий кечинмалари, баҳор, реал ҳаётий манзаралар ўз ифодасини топган («Бармоғим», «Эй тўти», «Лола кўксидек бағрим…»). «Бидеҳ» (бергил, бер менга) радифли ғазалида шоир навкарлик давридаги ҳаётини тасвирлаган. Бу ғазалга чуқурроқ назар ташланса, муаллиф катта ижтимоий масала — ўз даврининг ҳарбий тартиби, расм-русумлари ҳақида фикр юритганлигини кузатиш мумкин. Ғазалида лирик қаҳрамоннинг образи умумлашма образ даражасига кўтарилган. Гулханий ўзининг зўр истеъдоди, тажрибаси, турмушга ҳаққоний қарай билиши туфайли халқчил ижодкор сифатида кўринган. Шоирнинг бизга маълум ғазалларининг айримлари Амирий шеърларига назира тарзида яратилган бўлиб, улар оддий тақлидчилик доирасида қолмай, баркамол мустақил бадиий асар даражасига кўтарилган. Гулханийнинг шеърий ижоди, гарчанд, ҳажман катта бўлмасада, 19-а. ўзбек миллий адабиёти ривожига самарали таъсир кўрсатди.
«Зарбулмасал» нафақат ўзбек мумтоз адабиёти, балки бутун Шарқ адабиётининг ҳам нодир намунасидир. Гулханий унда халқ мақоллари (400 га яқин мақол), сажлар (қофияли наср), масал ва ривоятлардан самарали фойдаланган. Бу масал ва ривоятлар тематик жиҳатдан бир-бирига боғланиб, ягона бир сюжетни ташкил этган. Асарда Япалоққуш билан Бойўғлининг қуда-анда бўлиши саргузаштлари мажозий, ўткир ҳажвия тарзида тасвирланган. Гулханий қушларнинг ўзаро мураккаб муносабатлари асосида ўз даври ижтимоий ҳаётининг танқидий манзарасини яратган.
Гулханий ижодини М. Салье, Фитрат, Б. Каримов, Р. Муқимов, Ҳ. Ёқубов, Ф. Исҳоқов каби олимлар тадқиқ этганлар.
Ас: Танланган асарлар, Т., 1951. Зарбулмасал ва ғазаллар, Т., 1960.
Ад.: Муқимов Р., Гулханийнинг ҳаёти ва адабий фаолияти, Самарқанд, 1955; Зоҳидов В., Ўзбек адабиёти тарихидан, Т., 1961; Исҳоқов Ф., Гулханий ва унинг адабий мероси, Т., 1974.
Абдурашид Абдуғафуров.