ГРИМ

ГРИМ (франц. grime, итал. grumo — ажинли) — 1) актёрлик санъатида қиёфа (асосан юз)ни ижро этиладиган ролга мослаб (махсус бўёқ билан бўяб, сунъий соч-соқол ёпиштириб, сочни ролга мослаб тараш ва ш. к.) ўзгартириш санъати. Образ яратишда муҳим воситалардан бири. Пьеса ёки сценарийнинг бадиий хусусиятлари, безаклари, қаҳрамоннинг феъл-атвори, актёр ва реж. нинг ижодий мақсадига қараб қар хил бўлади.

Театр да Грим тарихи қад. халқ сайиллари ва ўйинларига бориб тақалади. Хитой, Ҳиндистон, Япония ва б. Шарқ, мамлакатларида ҳам Гримдан фойдаланилган. Актёр юзига чизилган расмлар кўриниш жиҳатидан ниқобга яқин бўлиб, баъзан унинг ўрнини босган. Лекин Грим ниқобга нисбатан характерлироқ бўлгани сабабли актёрлар фақат Гримдан фойдаланганлар. 18 — 19-а. ларда кўпгина рус актёрлари Гримга образ яратишда миллий ва тарихий характеристика воситаси деб қарашган. К. Станиславский ҳам Гримни қаҳрамон психологиясини очишга ёрдам берувчи энг зарур восита деб билган. Грим реж. ғоясини амалга оширишда энг муҳим таркибий қисмлардан бўлгани сабабли театр реж. и ва рассомнинг энг яқин ёрдамчиси бўлиб Грим чи-рассом вазифаси юзага келди.

Кинода Грим ўзига хос хусусиятга эга. Грим оператор техникаси талабига (плёнканинг ранг ёки ёруғликка таъсирчанлигига қараб) мос бўлиши лозим. Грим қилишда салгина сохталик, сунъийликка йўл қўйилиши фильмга нуқсон бўлиб тушади. Грим қилиш мураккаб жараён бўлиб, у сценарийчи, реж. фикри ва оператор иши б-н боғлиқ. Грим чи-рассом суратга олиш жараёни ва кинотехника имкониятларини билиши лозим. Агар актёрнинг юзи катта ўзгаришларни талаб қилса, у ҳолда пластик Грим ёпиштирилади, енгил, юмшок, резина қўлланилади. Пластик Грим эгилувчан, эластик бўлиб, у киши юзига жуда қулай жойлашади. Бу услубни биринчи марта 1930 й. да санкт-петербурглик рассом Р. Раугул қўллаган. Рангли фильмларнинг такомиллашиб бориши Грим чи-рассомлар олдига янги вазифалар қўймоқда, улар Гримни кийимнинг ўзига хос хусусиятлари билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилиб, Гримдан фойдаланиш усулларини мунтазам ўзгартириб бормоқдалар.

Циркда масхарабозларнинг чиқишларида ва характерли роллари бор йирик томошаларда қўлланилади. Цирк юзага келган даврдан бошлаб масхарабозлар юзларига оқ нарсалар суриб томоша кўрсатишган. 19-а. охири 20-а. бошларида Грим масхарабозликда муҳим омиллардан бирига айланди. Замонавий циркда ҳаётий Грим кўпроқ қўлланилмоқда. Ўзбек халқ масхарабоз ва қизиқчилари — Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Ака Бухор, Акром Юсупов кабилар ўз ижодларида Гримдан кўп фойдаланишган.

2) Грим учун зарур бўлган бўёқ ва буюмлар. Грим бўёқлари махсус рецепт асосида тайёрланиб, турли хил ранглар билан аралаштирилади.

Моҳина Аширова.