ГРИБОЕДОВ Александр Сергеевич

ГРИБОЕДОВ Александр Сергеевич [1795.4. (15).1, Москва-1829.30.1(11.2), Теҳрон, Тбилисида дафн этилган] — рус ёзувчиси, дипломат. Москва ун-тининг фалсафа, тил-адабиёт, ҳуқуқ ва физикаматематика ф-тларида ўқиган (1806-10). Талабалиқ йилларида бўлажак декабрист (Н. М. ваА. 3. Муравьёвлар, И. Д. Якушкин, А. И. Якубович)лар билан алоқада бўлади. Кейинчалик рус мутафаккири ва публицисти П. Я. Чаадаев билан яқиндан танишади. 1812 й. да кўнгилли бўлиб армияга хизматга киради. Россиянинг Эрондаги элчиси бўлиб ишлаётган вақтида мутаассиблар томонидан ваҳшийларча ўлдирилган. Грибоедов дастлаб француз ёзувчиларига тақлидан комедиялар («Ёш келин-куёвлар» 1815; «Талаба», 1817) ёзган. «1812 йил» пьесаси (1824 — 25) ватанпарварлик ва фуқаролик руҳи билан суғорилган. «Ақллилик балоси» (1824) комедияси Грибоедовга катта шуҳрат келтирди. Дастлаб қўлёзма ҳолида тарқалган бу комедия рус адабиёти, рус драматургияси ва рус театрининг ўсишида муҳим босқич бўлди. Грибоедов бу асарда рус жамиятидаги ижтимоий ва маънавий қолоқликни қаттиқ фош қилади, унинг ривожига тўсиқ бўлиб турган зодагонларнинг фаросатсизлиги, калтафаҳмлиги ва худбинлиги устидан кулади. Асар фожиавий руҳда ёзилган. Грибоедовнинг «Ақллилик балоси» комедияси Тошкентдаги рус академик драма театрида саҳналаштирилган.

Ад,: Пиксанов Н. К., А. С. Грибоедов и его творчество, М., 1945; Лебедев А. А., Грибоедов. Факты и гипотезы, М., 1980.