ГРАВЮРА

ГРАВЮРА (франц. gravure, graver — ўйиш) — бирор қаттиқ: металл, ёғоч ва б. юзасига ўйиб тасвир ишлаш санъати, графика тури. Шу усулда ишланган асар ва ундан босма усулида кўчирилган нусха ҳам Гравюра деб аталади. Замин тасвирдан махсус асбоблар ёки кимёвий воситалар ёрдамида ўйиб (2—5 мм) чуқурлаштирилади’, шу тарзда бўртма тасвир ҳосил қилинади, бу усул кўпроқ ёғоч (ксилография) ва линолеум (линогравюра)тн фойдаланилганда қўлланилади; тасвир заминдан чуқурлаштирилиб ўйма тасвир ҳосил қилинади, бу усул асосан металл (мис, жез, рух ва б.) пластиналардан фойдаланилганда (Г. нинг бирбиридан фарқ қилувчи акватинта, меццотинто, офорт, қуруқ игна ва б. турларида) қўлланилади. Гравюра бир хил бўёкда, шунингдек, турли рангдаги бўёқларда бўялиши, ундан кўплаб нусха кўчирилиши, ифода имкониятларининг кенглиги билан аҳамиятлидир. Мустақил аҳамиятга эга бўлган дастгоҳ Г. си (эстамп) ва китоб, газета, журналларда безак (иллюстрация) вазифасини ўтайдиган китоб Г. си кенг ривожланган. Гравюранинг вужудга келиши ва ривожи ҳунармандликнинг тараққиёти билан боғлиқ: ёғоч Гравюра матоларни бўяш, гул босишда, металл Гравюра эса заргарликда қадимдан кенг қўлланилган. Дастлаб Хитойда қоғозга Гравюра кўчириш (6—7-а. лар) пайдо бўлган, Европада 14—15-а. ларда ривожланган (қўлда бўялган диний мазмундаги Гравюралар монастирларда сотилган). Россияда 16-а. дан маълум бўлган. Рембрандт, Ф. Гойя, И. Е. Репин ва б. машҳур санъаткорлар Гравюранинг ажойиб намуналарини яратган.

Ўзбекистонда В. Кайдалов, К. Башаров, А. Циглинцев, Н. Холикрв ва бошқалар Гравюрада асарлар яратган.