ГРАММАТИК МАКТАБ — 1) Қад. Афинада 7—12 ёшдаги ўғил болалар учун ташкил қилинган бошланғич мактаб. Ўқиш, ёзув ва ҳисоб ўргатилган. Грамматик мактабда ҳарфларни қўшиб сўз ясаш усули қўлланилган, яъни болалар ҳарфларни уларнинг номлари (альфа, бета, гамма ва ҳ. к.) билан ёд олишган. Сўнг улардан сўзлар ясашган. Ёзувга ўргатишда жадвалларга ингичка таёқчалар билан ҳарфлар ёзилган. Саноқни бармоқлар ва тошчалар ёрдамида ўрганганлар.
2)Қад. Римда патрицийлар (Қад. Римдаги дастлабки туб жой аҳолиси) фарзандлари ва чавандозлар учун юқори даражадаги бошланғич мактаб; грамматика, Рим адабиёти ва юнон тили ўқитилган.
3) Ҳоз. Буюк Британия ва айрим Британия Ҳамдўстлиги таркибидаги мамлакатларда ун-тга киришга тайёрловчи ўрта умумтаълим мактаблари.
4)Россияда 17-а. да айрим монастирларда юнон ва лотин грамматикаси, кад. дунё адабиётини ўрганиш учун ташкил этилган мактаб.