ГРАФИКА

ГРАФИКА (юн. graphike, grapho — ёзаман, чизаман) — тасвирий санъат тури. Расм ва расм санъатига асосланган, лекин ўз тасвир ва ифода воситаларига эга бўлган босма бадиий асарлар. «Графика» термини дастлаб хат ва хаттотлик санъати маъносида қўлланган. 19-а. охири — 20-а. бошларидан янги маъно касб этди, полиграфия саноатининг ривожи, фотомеханиканинг вужудга келиши билан Графика тасвирий санъат турига айланади. Асосий турлари: дастгоҳли Графика (амалий аҳамиятга эга бўлмаган, мустақил расм, эстамп, лубок), китоб, газета-журнал Графикаси (иллюстрация, босма маҳсулотларни безаш, уларни шакллантириш), амалий графика (саноат Г. си, почта маркалари, экслибрис), плакат. Ифода воситалари: контур чизиқ, штрих, дог (қора, рангдор), варақ замини (кўпинча оқ қоғоз). Г. нинг услубий воситалари турли-туман: натурага қараб тез чизиладиган хомаки чизгилар, этюд, эскизлардан тортиб, то пухта ўйлаб, мулоҳаза юритиб ишланадиган композициялар (бирор хрлат, манзара тасвирланган; безак мақсадига хизмат қиладиган; шрифт композициялари)гача. Графика асарлари, маҳсулотлари тез тайёрлаш имкони, цикл ва туркумлар яратиш мумкинлиги, ташвиқот ва тарғиботга мослиги ва б. Уни тасвирий санъатнинг энг оммавий муҳим соҳасига айлантирди. Техникаси жиҳатидан Графика 2 турга ажратилади: қўлда чизиладиган расм ва матбаада чоп қилинадиган, кўп нусхада нашр этиладиган босма маҳсулотлар (гравюра, литография, монотипия ва ш. к.). Рангтасвир билан Графика чегарасидаги акварель, гуашь, пастель ранг-тасвирга ҳам, Графикага ҳам мансуб бўлиши мумкин. Биринчисининг тарихи жуда қад. бўлиб ибтидоий одамлар ғор деворларига, қоятошларга чизиб қолдирган ибтидоий санъат намуналаридан бошланади. Иккинчиси, асосан, полиграфия ривожи билан боғлиқ, лекин полиграфия саноати вужудга келишидан анча олдин ҳам Хитойда 6—7-а. лар (Европада 14—15-а. лар)да гравюра ишланган. Литография эса 19-а. дагина вужудга келди.

Графика ишлатиладиган асосий соҳалардан бири китоб бўлиб, ўрта асрларда вужудга келган хаттотлик ва китоб яратиш ишининг санъатга айланиши, қўлёзма китобларни ёзиш ва безаш санъат тури сифатида ривожланиши оқибатида миниатюра санъати ривожланган, унинг турли-туман мактаблари вужудга келган. Жаҳоннинг энг йирик музейларида жозибадор безатилган қўлёзма китоб намуналари сакланади. Рассомнинг китоб яратиш жараёнидаги меҳнати, айниқса, полиграфия саноати вужудга келганидан кейин катта аҳамият касб этди, китоб мазмунини китобхон кўз ўнгида гавдалантиришда хизмат қиладиган расмларни энди фотография имкониятларидан фойдаланиб кўплаб нусхаларда нашр қилиш имкони туғилди. Шундай килиб, китоб Графикаси ва плакат кишиларга маънавий таъсир кўрсатишнинг кучли қуролига айланди. Рассом расмдан ташкари китобнинг муқоваси, сарварағини бе-зайди, турли безак унсурларини яратади, китобнинг шрифтини белгилаб беради. Саноатнинг барча тармоқларининг ривожи маҳсулотлар рекламасидан тортиб ёрлиқ, маҳсулот жойланадиган безакли қутичалар, ўров материаллари ва ш. к. ни яратишни тақозо этди, график рассомларнинг Графика турлари бўйича ихтисослашувларини талаб қилди.

Китоб Графикаси ва у билан боғлиқ дастгоҳли Графика жадал ривожланди. Бу соҳада йирик рассомлар ижод қилган: Германияда А. Дюрер, Л. Кранах, Г. Гольбейн Кичкина, К. Кольвиц; Италияда Ж. Пиранези; Нидерландияда Л. Лейденский; Голландияда Рембрандт; Фландрияда П. П. Рубенс; ФранциядаЖ. Калло, О. Домье; Испанияда Ф. Гойя; Россияда А. Зубов, А. Венецианов, О. Кипренский, И. Шишкин, В. Серов ва б.

20-а. жаҳон Графика сининг етук намояндалари: П. Пикассо, Ж. Эффель (Франция); Р. Гуттузо, Г. Мукчи (Италия); Ф. Мазерель (Бельгия); X. Бидструп (Дания); Р. Кент (АҚШ); Г. ва Л. Грундинг, О. Нагель. В. Клемке (Германия); Т. Кулисевич, Ю. Мрошчик (Польша); Д. Моор, В. Дени, В. Фаворский, А. ОстроумоваЛебедева, Кукриникслар (Россия) ва б.

Ўзбекистонда Графика 20-а. да шаклланди ва ривожланди. Рассомлар И. Икромов, В. Кайдалов, Л. Абдуллаев, Т. Муҳамедов, К. Назаровлар китоб безаклари, Қ. Башаров илк китоб суратлари ва ажойиб линогравюра асарлари билан ўзбек тасвирий санъати тараққиётига катта ҳисса қўшдилар ва ўзбек Графикаси мактабининг вужудга келишига замин яратдилар.

20-а. нинг охирги чорагида ижодкорлар сафига М. Кагаров, Л. Иброҳимов, М. Содикрв, А. Мамажонов, А. Бобров, В. Апухтин, Ф. Башарова, А. Ли, Г. Ли каби рассомларнинг келиб қўшилиши Графикани ҳам бадиий маҳорат, х. ам мавзу жиҳатдан бойишини таъминлади. Ўзбек графикачилари Графиканинг барча соҳалари (акварель, литография, ксилография ва б.)да самарали ижод қилиб, мавзу жиҳатдан ранг-баранг (тарих, замонавийлик, экология ва б.) асарлар яратмоқдалар, жаҳон ва ўзбек мумтоз адабиётига, Шарқнинг буюк арбоблари, ёзувчи ва олимлари сиимоларига мурожаат қилмоқдалар.

Турсунали Қўзиев.