ГЎЗАЛЛИК

ГЎЗАЛЛИК — эстетика тушунчаси. Табиат ва жамиятдаги нарса ва ҳодисаларнинг, инсон фаолиятининг кишида меҳр-муҳаббат, қувонч, завқ, эркинлик туйғулари ҳосил қилишга қодир бўлган хусусиятларини ифодалайди. Хунукликнинг акси.

Ислом таълимотида Гўзалликнинг ўзи ҳам, тимсоли ҳам Аллоҳ жамолидандир. Инсон гўзаллиги унинг яхшилик қилишида, сабр-тоқатида; булар инсон гўзаллигини белгиловчи мезон сифатида қаралади. Гўзаллик инсоннинг Аллоҳ кароматини тушуниб етиши ва унга эргашиши, маънавийахлоқий покланиш сари интилишидир.

Ўрта Осиё мутафаккирлари Гўзалликни ислом ақидалари руҳида идрок этсаларда, Гўзалликнинг мураккаб маънавий жараён эканлигини таъкидлашга ҳаракат қилганлар. Форобий таълимотига кўра, Гўзаллик — инсоннинг жисмоний, маънавий ва ахлоқий чиройининг ифодасидир. Алишер Навоий барча Гўзаллик ҳаёт ва инсонда, айни вақтда, барча хунуклик ва нопоклик ҳам инсонда деб билди, шунинг учун у инсон тарбиясига катта аҳамият берди.

Гўзаллик ҳақида жуда кўп назариялар, қарашлар, таълимотлар мавжуд. Уларда Гўзалликнинг қайсидир бир томони, белгиси, аҳамияти қайд этилади. Сократ фикрича, инсон учун фойдали ва керакли нарсалар гўзалдир. Платон тасаввурича, инсон Гўзалликни аллақандай эстетик-руҳий кайфият чоғидагина идрок эта олади. Унинг таълимотига кўра, Гўзаллик нарса ва предметларга хос бўлмай, инсоннинг воқеликка маънавий-эстетик муносабати натижасида туғиладиган ғоя, тушунчадир. Аристотель, Дидро фикрига кўра, нарса ва ҳодисалардаги уйғунлик, мутаносиблик Гўзалликни ташкил этади. Инсон нарса ва ҳодисаларнинг гўзал ёки хунуклигини белгилашда меъёр вазифасини ўтайди. Инсоний меъёр Гўзалликнинг асосидир. Кант Г. асосига кишининг нарса ва ҳодисалардан беғараз завқ олишини қўяди. Маърифатпарварлар Гўзаллик деб, инсоннинг ҳаётда уйғун ижтимоий алоқалар ўрнатишга бўлган интилишини тушунганлар. Гегель фикрига кўра, табиатдаги Гўзалликдан санъат гўзаллиги мукаммалроқ, чунки унда тимсол ва ғоя ўзининг мутлақ уйғунлигини топади. Чернишевский таъкидлашича, ҳаёт — Г. дир, инсон ҳаёти, эхтиёжи ва мақсадига мос тушувчи нарсалар гўзалдир.

19—20-а. жаҳон эстетикасидаги турли фалсафий йўналишлар вакиллари илгари сурган ғояга кўра, Гўзаллик инсон руҳияти, қалби ва маънавияти билан боғлиқ тушунчадир. Гўзаллик манбаи — шахс қалбидадир.

Гўзаллик — инсон ва ҳодисаларни умуминсоний ва миллий қадрият сифатида белгиловчи ижтимоий, ижобий ва ижодий тушунчадир. Гўзалликни идрок этиш шахснинг жамиятда тутган ўрни, онги, диди, дунёқараши ва б. омилларга боғлиқ. Ўзбек тилидаги «чиройли» сўзи эстетик баҳо сифатида алоҳида буюм, нарса ва шахсни, кўпинча ташқи белгилар ва шаклларнинг мутаносиблиги, уйгунлигини назарда тутса, Гўзаллик сўзи инсон онгидаги тушунчани, тасаввурни, идеални ифодалайди. Тарихий тараққиёт натижасида хар бир халқ ўзининг Гўзаллик идеали ва тушунчасига эга бўлади. Бу тушунчалардаги муштарак инсониймаънавий жиҳатлар умумбашарий Гўзаллик ҳақидаги тасаввурни шакллантиради. Гўзаллик табиат, жамият ва инсонга хос муштарак хусусиятларни қамраб олган ҳолда муайян шароит ва ҳодисалар б-н боғлиқ тарихий, ижтимоий, миллий ва ўзига хос жиҳатларга эга бўлади.

Табиатдаги Гўзаллик кўпроқ мутаносиблик, уйгунлик, ранг-баранглик сингари зоҳирий белгилар, сифатлар меъёри билан баҳоланади; ижтимоий ҳаётдаги Гўзаллик жамиятнинг инсон учун яратган эркин ва демократик тамойиллари даражаси билан ўлчанади; адабиёт ва санъатдаги Гўзаллик ижодкорнинг оригинал образлар, ғоялар кашфиёти, бадиий махррати билан белгиланади.

Барча нарса ва ҳодисаларнинг гўзаллигини ифодаловчи асосий омил — унинг кишига завқ бағишлаши. Санъат асарлари Гўзалликни ёрқин ва умумлаштириб акс эттиргани учун улар хар бир шахсда завқ уйғотади, Гўзаллик туйғусини тарбиялайди.

Ад.: Маҳмудов Т., Гўзаллик ва хаёт, Т., 1977; Умаров Э., Эстетика, Т., 1992; Абдуллаев М., Йўлдошев А., Эстетика тарихи, Фарғона, 1996; Маҳмудов Т., Мустақиллик ва маънавият, Т., 2001.

Тилаб Маҳмудов.