ГОЛЛИВУД

ГОЛЛИВУД (Hollywood) — америка кинематографиясининг маркази. Калифорния штатининг Лос Анжелес ш. да жойлашган. Фильмларни суратга олишни 1908 й. бошлаган. 1913—15й. ларэса АҚШ кино саноати марказига айланган. 20-й. лардан «Метро-Голдвинмайер», «20 аср — Фокс», «Парамаунт», «Уорнер бразерс», «Коламбия», «РКО-радио» кино компаниялари фаолият кўрсата бошлади. Голливудда америка кинематографиясининг асосий ўзига хос томонлари шаклланди: «киноюлдуз» тизимини яратиш, кинодраматургияни стандартлаштириш, фильмларни конвейер усулида ишлаб чиқариш ва б. Г. да турли даврларда Ч. Чаплин, Э. Штрогейм, К. Видор, Ж. Форд, У. Уайлер, Ф. Капра каби кино дарғалари ишлаган. Кинокомпаниянинг жаҳолатпарастликка берилиши, кинопрокат харажатларининг кўпайиб кетиши, фильмларнинг бадиий жиҳатдан саёзлашуви, телевидение ҳамда Нью-Йоркда мустақил ишлаётган кино арбоблар рақобати Голливудни инқирозга олиб келди (айниқса 50—60й. лар). 70-й. лардан Голливуд яна ўз қаддини тиклай бошлади. 80-й. лардан эса яна жаҳондаги энг йирик кино марказига айланди. Ўз фаолиятини фаоллаштириб, қизиқарли бадиий фильмлар ишлади.

«Гладиатор» (реж. Р. Скотт, 2000), «Кема ҳалокатидан жабр кўрган» (Р. Земекис, 2000), «Аёллар нима хохлайди» (Н. Мейерс, 2000), «Тиғиз пайт» (Р. Ратнер, 2001), «Бошқалар» (А. Аменабар, 2001) кабилар Голливуднинг сўнгги йиллар яратган энг яхши фильмларидир. Рассел Кроу, Хоакин Феникс, Жим Кэрри, Майкл Дуглас, Энтони Хопкинс, Ричард Харис, Мэл Гибсон, Камерон Диаз, Люси Лу, Жеки Чан, Крис Такер, Стивер Сейбл, Лаура Дер ва б. Г. нинг энг машҳур актёрларидир.