ГОЛДЕН ДЕЛИШЕС

ГОЛДЕН ДЕЛИШЕС — кечпишар олма нави. 1890 й. да Шарқий Виргиния штати (АҚШ)дан келтирилган. P. P. Шредер номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик и. т. ин-тининг Самарканд филиалида навга илмий тавсиф берилган. Америка ва Европа давлатлари (Франция, Италия, Голландия, Австрия, Болгария, Руминия ва б.) боғдорчилигида етакчи навлардан ҳисобланади. Дарахти кучли усади, кенг шох-шаббали, кўпроқ пальмасимон шакл олади, новдалари сарғимтир-кўкиш. Барги ўртача, бандидан учига томон ўткирлашиб боради. Гуллари ўртача, қирмизи рангда. Апр. да гуллайди (11 — 14 кун). Унга Тошкент боровинкаси, Симиренко, Жонатан каби навлар яхши чанглатувчи ҳисобланади. Меваси йирик (130—150 г), силлиқ, сариқ-тилларанг, мевабанди узун, эти ширин, мулойим, серсув ва хушбўй, сент. бошларида териб олинади. Ҳар йили ҳосил қилади. Кўчати экилгандан сўнг пакана пайвандтагларда 3—4 йили, кучли ўсадиганларида 5—6 йили ҳосилга киради. Совуққа чидамли. Ўзбекистонда илиқ иқлимли тоғли ҳудудларда саноатбоп нав сифатида кўплаб экилади (яна қ. Олма).