ГОЛАРКТИКА

ГОЛАРКТИКА (юн. holos — ҳамма, барча ва arktikos — шимолий) — қуруқликдаги флора дунёси ва зоогеография (Арктогея) области. Шим. ярим шарнинг тропик минтақадан ташқари ҳамма қисмини ўз ичига олади. Ҳоз. Голарктика флорасида 30 дан ортиқ эндемик оилалар бор. Флоранинг шаклланиши Шим. Американинг Лавразия ҳудудида мавжуд бўлган қад. палеоген-неоген ва учламчи давр флораси билан боғланган. Қад. Тетис денгизи Лавразияни тропика флорасидан ажратиб турган. Палеоген охирида иқлимнинг совиб кетиши билан Голарктика флораси ҳам ўзгарган. Қад. флоранинг намуналари жан. қисмда (Шарқий Осиё, қисман Шим. Америкада) сақланиб қолган. Голарктиканинг асосий биомлари (тундра, ўрмон, чўл ва б.) ўсимликлар қопламида кўпроқ мураккабгулдошлар (қоқидошлар), ҳилолдошлар, дуккакдошлар, айиқтовондошлар, пиёздошлар, карамдошлар, чиннигулдошлар, раънодошлар, зирадошлар, сигирқуйруқдошлар, лабгулдошлар ва б. оилаларнинг вакиллари учрайди. Дарахтлардан қайин, тол, ёнғоқ, раънодошлар ва айрим бошқа оилалар, нинабарглилардан таксодиялар (ҳоз. камайиб кетган) ва айниқса қарағай кенг тарқалган. Голарктиканинг флора дунёси 3 кичик дунёга ва 9 областга бўлинади.

Бореал кичик дунёси Европа (Ўрта денгиздан ташқари), Осиё (тропикадан ташқари) ва Шим. Американи ўз ичига олади. У флорага жуда бой бўлиб, кўп эндемик оилалар (жумладан, магнолиясимонлар)га эга. Ўрта денгиз кичик дунёси Шим. Африка, Европанинг жануби, Олд ва Ўрта Осиёни эгаллайди. Флораси бореал ва тропик флора таъсирида ривожланган (лавр, пальма ва б.). Мадреан кичик дунёси Шим. Американинг жан. ва ғарби, Мексиканинг тоғли минтақасини ўз ичига олади. Флораси бир қанча эндемик оилалар, туркумлар (10% га яқин), турлардан (40%) иборат.

Голарктика зоогеография области (Арктогея) ҳайвонот дунёси турларга унча бой эмас. Бунга асосий сабаб ландшафтининг нисбатан бир хилдалиги, иқлимининг ноқулайлиги, фаунасининг анча ёш бўлишидир. Сут эмизувчилардан бобрсимонлар, қўшоёқсимонлар, сув каламушлари, аплодонтсимонлар, айришохлилар, пишчухасимонлар, селевинсимонлар; қушлардан гагаралар, қурлар; сувда ва қуруқликда яшовчилардан бурчактишлар, амбистомасимонлар, яширинжабралилар, амфиумалар, протейлар, сиренлар; балиқлардан антиканбалиқлар, осётрсимонлар, куракбурунлилар, совутли чўртанлар, лососсимонлар, хариуссимонлар, чўртансимонлар, окунсимонлар ва б. эндемик оилалар учрайди. Шим. Америка ва Евросиё фаунаси ўртасидаги ўхшашлик плиоцен ва тўртламчи даврда Осиё ва Америка қитъалари Аляска ва Чукотка я. о. оркали туташганлигини ва улар ўртасида фауна алмашиниб турганлигини кўрсатади. Ана шу йўл билан Евросиёдан Америкага тоғ қўйлари, лослар, қўнғир айиқлар ва ҳоз. Америкада қирилиб битган мамонтлар, яклар; Америкадан Евросиёга шимол буғуси, қўйҳўкиз ва б. ўтиб қолган.

Голарктика зоогеографик области Палеарктика ва Неоарктика кичик областларига бўлинади. Палеарктика Евросиё ва Шим. Африканинг мўътадил ва совуқ иқлимли қисмини ўз ичига олади. Ҳайвонот дунёси Евросиёнинг қад. тропик фаунасидан иборат, лекин учламчи ва тўртламчи даврда иқлимнинг қуруқлашиши таъсирида кескин ўзгарган. Неоарктика Шим. Американинг тропик қисмидан шим. роқдаги ҳудудларни ва Тинч хамда Атлантика океанидаги бир қанча оролларни эгаллайди.