ГЛОССИТ

ГЛОССИТ (юн. glossa — тил, itis — яллигланиш) — тил тўқималарининг яллиғланиши. Тилнинг шикастланиши: тирналиши, ёрилиши ёки уни тишлаб олиш, кўпинча иссиқ овқат ёки кимёвий моддалардан куйиши натижасида келиб чиқади. Тилнинг яллиғланиши меъдаичак ва б. ички аъзолар ҳамда қон касалликлари, шунингдек, инфекцион касалликлар (грипп, кизамиқ, скарлатина) ва уларнинг алоҳида хиллари (захм, мохов, сил) ёки стоматит, гижжа касалликлари, авитаминоз ва б. белгиларидан бўлиши хам мумкин. Глоссит тўсатдан бошланиб, яллиғланишга хос белгилар билан кечади. Глосситда тил оғрийди, атрофидаги тўқималар б-н бирга шишади, натижада бемор гапириш, чайнаш, ютиниш, баъзан нафас олишга ҳам қийналади, кўп сўлак оқади. Глоссит белгилари пайдо бўлганда дарҳол врачга учрашиш зарур. Даво касаллик белгиларига қараб тайинланади, энг муҳими касалликка сабаб бўлган омил бартараф этилиши лозим. Аччиқ, шўр овқатлардан ўзни тийиш, илиқ, юмшоқ овқат ейиш тавсия этилади.