ГЛИПТИКА (юн. qlypho — кесаман) — қимматбаҳо, ярим қимматбаҳо тошларга нақш ёки тасвир ўйиш санъати; амалий безак санъати тури. Глиптика асари гемма қадимдан муҳр (эгалик белгиси), тумор ва тақинчоқ вазифасини ўтаган. Мил. ав. 4-минг йилликда Месопотамия, Қад. Миср, Ғарбий Осиёда вужудга келган, Юнонистон, Қад. Римда юксак тараққий этган. Гемма тасвирлари (ҳайвон ва қушлар, худо ва қаҳрамонлар қиёфаси, афсонавий саҳналар) ихчам композицияси билан ажралиб туради.
Ўрта асрларда Глиптика асосан Шарқда ривожланган. Византияда қад. анъаналар сақлангани ҳолда текис юзали, кейинчалик услублаштирилган шаклларга айланган нафис чизмага мойиллик хос.
Мусулмон Шарқида ёзувли гемма (инталия)лар кенг тарқалган; ҳуснихатли нозик матнлар хитой муҳрларини безаган. Европада Уйғониш даврида Глиптика янада ривожланади, кад. Глиптикадан нусха кўчириш билан бирга Глиптикада замондошларнинг портретлари ҳам яратилади, етакчи ўринда Италия усталари туради (В. Белли, Ж. Бернарди ва б.).
Ўрта Осиёдан топилган археологик топилмалар (Ўзбекистон халқлари тарихи музейида сақланаётган Глиптика намуналари) да ҳукмдорларнинг тасвирлари, шунингдек, ўсимлик, ҳайвонларнинг шакллари ишланган тамғалар бўлиб, юнон Глиптика сига таклидан тайёрланган. Бундай Глиптика асарлари Кавказ, Эрон, Афғонистон, Шим. Ҳиндистондан ҳам топилган. Ислом дини тарқалганидан кейин тасвирлар ўрнини нақш ва ёзувлар эгаллаган. Ўзбекистан ҳудудидан узук кўзи ёки мунчоқ сифатида ишланган қад. Глиптика намуналари (Афросиёб, мил. ав. 6—5-а. лар, жумладан тож кийган эркак тасвири) топилган.