ГЛИНКА Михаил Иванович

ГЛИНКА Михаил Иванович [1804.20.5(1.6), Новоспасское қишлоғи, Смоленск вилояти — 1857.3(15).2, Берлин; Санкт-Петербургда дафн этилган] — композитор, рус мумтоз мусикасининг бошловчиси. 1817 й. дан Санкт-Петербургда яшаб, мусиқа ижрочилигидан сабок, олган. 1820-й. ларда пианиночи ва хонанда сифатида танилган. Композиция бўйича Берлинда 3. Ден таълимини олган (1833-34). Бир неча марта чет эл (Италия ш. лари, Берлин, Париж, Варшава, Испания ва б.)да бўлиб, турли халқ куйлари ва профессионал мусиқа маданияти билан танишган.

Глинка ижодида халқ (рус, итальян, испан ва б.) мусиқаси бойликлари билан композиторлик услуби ютуқлари уйғунлашган. Шакли мукаммал, куйлари аниқ ва нафис, гармонияси ҳамда оркестр бўёқлари ширадор ва ёрқин бўлган Глинка асарлари ҳаётбахш, қувонч руҳи билан суғорилган.

Глинканинг ватанпарварлик мавзуидаги «Иван Сусанин» (аслида «Подшо учун жон фидо», 1836) ҳамда «Руслан ва Людмила» (1842) асарлари рус операсида 2 оқим — халқ мусиқали драмаси ва эртак достон операсини бошлаб берди. Шунингдек, «Вальс-фантазия» (1845), «Камаринская» (1848) каби симфоник асарлари билан рус симфонизмига асос солди. Глинка романслари рус вокал лирикаси тарихида янги давр очган. Уларнинг бир қисми ўзбек тилида нашр этилган. Глинканинг опера, симфоник ва камер асарлари Ўзбекистонда мунтазам ижро этилади. 1960 й. дан Глинка номидаги опера хонандалар танлови таъсис этилган. Танлов ғолиблари орасида ўзбек хонандалари (мас, И. Жалилов) ҳам бор.