ГИЗЛАР

ГИЗЛАР (Guise) Франциядаги аристократлар уруғи, Лотарингия герцоглари хонадонининг ён тармоғи. Асосий вакиллари: Франсуа Гиз (1519 — 63) — Мецни император Карл V қўшинларидан мудофаа қилишда (1552), инглизлардан Калени олишда (1558) шухрат қозонган, диний урушларнинг бошланғич даврида католиклар қўшини қўмондони; Генрих Гиз (1550—88), Франсуа Гизнинг ўғли — Варфоломей туни (1572) ташкилотчиларидан бири, Генрих III ни ағдариб, тахтга Гизларни ўтқазишга интилган Католиклар лигаси бошлиғи. Генрих III фармонига кўра қатл этилган. Диний урушлар тугаши билан Гизлар мавқеи пасайган. 17-а. охирига келиб эса Гизлар хонадонидан ҳеч ким қолмаган.