ГИСТЕРЕЗИС

ГИСТЕРЕЗИС (юн. hysteresis — орқада қолиш, кечикиш) — ташқи куч таъсирида жисмда пайдо бўладиган «қолдиқ» хосса. Магнит, диэлектрик ва эластик хиллари бўлади. Ташқи магнит майдони таъсирида жисмда магнит хоссаси қолиши магнит Гистерезис дейилади. Агар магнит майдонига жойлаштирилган темир, никель ва б. нинг магнитланиши билан магнит майдон кучланганлиги Н орасидаги боғланиш эгри чизиқ орқали ифодаланса, магнитсизланишда бу боғланиш эгри чизиқ 2 билан ифодаланади. Магнит майдонини +Н дан —# гача ўзгартириб, тажриба такрорланса, эгри чизиқ 3 чизилади; бу чизиқлар Гистерезис япроғини ҳосил қилади. Магнит Гистерезис қолдиқ магнетизм дейилади. Баъзи диэлектрик (сегнетоэлектрик) материалларда ҳам электр Г. ҳодисаси кузатилади (диэлектрик Гистерезис). Диэлектрик (мас, сегнет тузи) ўзгарувчи электр майдонига жойлаштирилганда юз берадиган Гистерезис ҳодисаси электр майдони кучланганлиги Е билан диэлектрикнинг қутбланиши Р орасидаги боғланиш графиги (Г. япроғи) билан ифодаланади. Диэлектриклар ўз-ўзидан қутбланиш хоссасига ва доменларга эга бўлади. Деформация туфайли ҳам Гистерезис япроғи ҳосил бўлади (эластик Гистерезис), бунинг учун эластик қаттиқ жисмга осилган юк аста-секин кўпайтирилиб, сўнг камайтирилади. Кимёвий жараёнларда хам Гистерезис ҳодисаси рўй беради, мас,сорбцион Гистерезис, бунда адсорбция ва десорбция ҳодисалари туфайли кимёвий жараён графиги Гистерезис япроғини ҳосил қилади. Гистерезис ҳодисасидан техникада кенг фойдаланилади (мас, юргизиш реостати, Гистерезис двигатели ва б.).