ГИПОФИЗ (юн. hypophysis — ўсиқ) , бош миянинг пастки ортиғи — одам ва умуртқали ҳайвонлар инки секреция безларидан бири; у калла суяги асосидаги турк эгарида жойлашади бўлиб, гипофизар оёқча деб аталган махсус тузилма орқали бош мия билан бириккан. Моддалар алмашинуви, шунингдек, бошқа ички секреция безлари фаолиятини бошкарадиган бир қанча пептид гормонлар ишлаб чиқаради. Вазни 0,5—0,6 г. Г. нинг олдинги, ўрта ва орқа бўлаги бор. Олдинги бўлак бутун безнинг 70% ни ташкил этади, у қон томирлари жуда кўп бўлган зич безсимон тўқимадан иборат. Бу бўлак бошқа безларга қараганда гормонлар ҳосил қилиш жиҳатидан энг фаол ҳисобланади. У 7 хил гормон ажратади; булар орасида организмни ўстирадиган гормон бор, у тўқималарда юз берадиган биокимёвий жараёнларга бевосита таъсир кўрсатади; Г. нинг бошқа гормонлари ички секрециянинг бошқа безлари орқали таъсир этади. Шу боис улар тропгормонлар (юн. тропос — йўналиш) деб номланади. Буларга буйрак ости безлари пўстлоғининг фаолиятини стимулловчи адренокортикотроп; қалқонсимон без фаолиятига таъсир қилувчи тиреотроп; жинсий безларга таъсир қилувчи гонадотроп; сут безлари функциясини стимулловчи пролактин ва б. киради.
Ўрта бўлак тўқималарда меланин пигментининг ҳосил бўлиши ва тақсимланишини, кўзнинг тўр пардасида эса кўрув пурпурини тартибга солиб турадиган гормон ишлаб чиқаради. Орқа бўлак анча кичик ва мия гипофизар оёқчасининг гўё давоми ҳисобланади. Унда безсимон тўқима бўлмайди ва тузилишига кўра нерв тўқимасига жуда ухшаб кетади. Щу сабабли у нейро-гипофиз деб аталади; бу бўлак гормонлар ажратмайди; у гормонларнинг ўзига хос йиғиладиган жойидир; бу ерда вазопрессин ва окситоцин гормонлари тупланиб боради, булар гипоталамус ядроларида ҳосил бўлиб, у ердан Гипофизнинг орқа бўлагига тушади. Гипофиз гормонлари оқсилдан ташкил топган, уларнинг кимёвий тузилиши аниқланган ва кўпчилиги синтез қилинган. Улар эндокрин ва б. касалликларни даволашда қўлланилади. Моддалар алмашинуви, гормонал регуляция ва ўсишни назорат қилишда Гипофизнинг аҳамияти муҳим (қ. Акромегалия, Гигантизм, Паканалик).
Абдураҳимон Мамадалиев.