ГИПЕРИНФЛЯЦИЯ

ГИПЕРИНФЛЯЦИЯ (юн. гипер… ва лот. infl atio — кўтарилиш) — товарлар нархининг шиддат билан кутарилиши, муомаладаги пул массасининг кўпайиши; пул бирлиги қадрининг кескин пасайишига, тўлов муомаласининг издан чиқишига, одатдаги хўжалик алоқаларининг узилишига олиб келади. Одатда нархнинг ўсиш даражаси ойига 1,5 баробар ёки 50% га етганда Гиперинфляция жараёни бошланган ҳисобланади. Гиперинфляция билан инфляция ўртасидаги чегарасини аниқлаш жуда қийин. Гиперинфляциянинг яна бир муҳим белгиси — корхона, ташкилотлар ва аҳоли нима қилиб бўлса ҳам пулни товарга айлантиришга уринади, товар сотиб олиш мумкин бўлган, қадри юқори пул — валюта йиға бошлайди. Гиперинфляция шароитида нарх-навони мутлақо тартибга солиб бўлмайди, бартер авж олади, пул ўз вазифаларини бажармай қўяди. Гиперинфляция иқтисодий танглик белгисидир. Гиперинфляция аксарият ҳолларда ўта тасодифий сиёсий ва иқтисодий омиллар — урушлар, иқтисодий таназзул, хукумат сиёсати туфайли аҳолининг пулга ишончсизлиги ва б. натижасида келиб чиқади. 20-а. нинг 20-й. лари бошида Германияда ва Иккинчи жаҳон уруши даврида Хитойда яққол кузатилган. Гиперинфляциянинг олдини олиш учун шошилинч ҳолда инфляцияга қарши чоралар кўрилади.