ГИДРОПОНИКА (гидро… ва юн. ponos — меҳнат, ишлаш) — ўсимликни тупроқсиз, сунъий муҳитда ўстириш. Гидропониканинг бир неча усули бор. Ўсимликни майда шағал ёки қумда ўстириш усули кўпроқ қўлланилади. Шағал ёки қум солиш учун чуқ. 25—30 см, эни 80 см ва уз. 240 см ли ясси охур тайёрланади, ичига озиқ моддалар аралаштирилган сув келиб туриши учун тешикли қувурчалар ўрнатилади. Қувурчаларнинг тешиклари беркилиб қолмаслиги учун усти сим тўр б-н қопланади. Охур шагал ёки тоза қум б-н тўлдирилади. Уруғ кумга экилади. Кейин йилнинг фаслига, ўсимликнинг ёши ва хилига, эритманинг хусусиятига қараб кунига 1—5 марта озиқ аралашмаси берилади. Аралашмани бериш 30—50 дақиқа давом этади. Аралашма концентрацияси вақт-вақти билан текширилиб, янгилаб турилади. Шағал ва қум бир неча йилгача алмаштирилмайди. Гидропоника усулида, асосан, сабзавот, гул, резавор мева, чорва моллари ва паррандалар учун сервитамин кўкатлар ўстирилади. Бу йўл билан йилига 4—5 марта ҳосил олиш мумкин. Озиқ аралашмасида ўсимлик учун зарур ҳамма моддалар (азот, фосфор, калий, кальций, магний, олтингугурт, темир, марганец, бор, мис, рух, молибден, кобальт ва б.) бўлиши шарт. Уларнинг нисбати йилнинг фаслига, ўсимлик хили ва ёшига қараб ўзгартириб турилади.
Рихсивой Жўраев.