ГИДРОМОНИТОР

ГИДРОМОНИТОР (гидро… ва монитор) — катта босимли сув оқими ҳосил қиладиган ва уни зарур жойга йўналтирадиган аппарат. Конларда кўмир ва тoғ жинсларини емириш ва ташиш учун; қ. х. да лавлаги, картошка ва б. ни лойдан тозалаш учун ишлатилади. Катта босимли сув Гидромонитор стволидан отилиб чиққан пайтда тескари куч пайдо бўлмаслиги учун қувурдан келадиган юқори босимли сув икки ёнга баробар ажралиб, сўнгра яна бирлашадиган қувурлар ёрдамида Гидромониторга берилади. Гидромонитор вазифасига кўра, очиқ жойларда, ер остида ишлатиладиган ва махсус; иш тарзига қараб, ўядиган ва ювадиган хилларга; вужудга келтирадиган босими бўйича юқори босимли ва паст босимли аппаратларга бўлинади. Гидромониторлар қўл ёрдамида ва узокдан бошқариладиган гидравлик узатмали қилиб ишлаб чиқарилади. Узокдан бошқариладиган ўзиюрар Гидромонитор айниқса кенг қўлланилади.