ГИДРОМОДУЛЬ БЎЙИЧА РАЙОНЛАШТИРИШ — суғориладиган ерлар майдонини қ. х. экинлари сув талаблиги, механик таркиби, сизот сувлари сатҳи чуқурлигига қараб минтақаларга ажратиш. Гидромодуль бўйича районлаштириш суғориш каналларининг ҳисоб-китоблари ва сувдан фойдаланишни режалаштириш ва бошқариш учун зарур. Барча суғориш ва сув бериш нормалари, сув бериш оралиғидаги давр, яъни гидромодуль ординаталари эгат билан суғориш учун белгиланади. Тупроқнинг механик таркиби енгил, грунт сувлари чуқур бўлса, суғориш нормаси каттароқ белгиланади, сув бериш нормаси эса кичик, аммо сони кўпроқ (сув бериш даври чўзилган) бўлади. Тупроқ механик таркибининг оғирлашувчи ва грунт сувларининг кўтарилиши билан суғориш нормаси камаяди ва сув бериш нормаси ортади. Ҳар бир зонада тупроқ механик таркибига қараб енгил (қумли, қумлоқи), ўрта (енгил ва ўртача қумоқли) ва оғир (оғир қумоқли, гилли ва қатламли) турларга бўлинади. Ўрта Осиёнинг суғорма деҳқончилик минтақалари ҳар бир тупроқ тури тарқалган майдонлар, сизот сувлари сатҳининг чуқурлигига қараб қуйидаги гидромодуль р-нлари ажратилади: грунт сувлари сатҳи 3 м дан чуқур; 2—3 м, 1—2 м ва 1 м дан кам бўлган р-нлар. Грунт сувлари сатҳи чуқурлигига кўра енгил тупроқларда 1, II, III; ўртача тупроқдарда IV, V, ва VI, оғир тупроқдарда VII, VIII ва IX гидромодуль р-нлари белгиланган. Грунт сувлари чуқ. 1 м ва ундан юза бўлган ҳолларда тупроқнинг ҳамма турлари X гидромодуль р-нга киритилади.
Суғориладиган майдонларнинг кенгайиши натижасида тупроқ қатлами ва сувфизик ва кимёвий таркиби турлича бўлган ерлар экинзорларга айланмоқда. Бундай ерларда экинларни ўстириш тупроқнинг шўрланиш даражаси ва типига, суғориш сувининг сифати ва тупроқ қатламининг тузилишига кўра турли миқдорда сув талаб қилади. Шунинг учун илмий ва лойиҳа ташкилотлари агроландшафт Гидромодуль бўйича районлаштириш, мелиоратив ва шўр ювиш режимини ҳисобга олувчи Гидромодуль бўйича районлаштириш, грунт сувлари ҳосил бўлиши ва суғоришнинг шўр ювиш режими шароитларини ҳисобга олувчи Гидромодуль бўйича районлаштириш усулларини яратиш йўналишида илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Ад.: Шредер В. Р. и др., Расчетные значения оросительных норм сельскохозяйственных культур в бассейне рек Сырдарьи и Амударьи, Т., 1970; Аҳмедов X. А., Суғориш мелиорацияси, Т., 1977.
Машарип Бақоев.