ГИДРОЛОКАТОР

ГИДРОЛОКАТОР (гидро… ва лот. loco — жойлаштираман) — сув остидаги объектларнинг вазиятини товуш сигналлари ёрдамида аниқлайдиган гидроакустик ст-я (асбоб). Г. ёрдамида сув остидаги объект (мас, чўккан кема) гача бўлган масофа, қия узоқлик бўйича сувга ботиш чуқурлиги, вертикал текислик бўйича объект томонга йўналиш бурчаги аниқланади. Гидролокаторнинг ишлаш тарзи қуйидагича: генератор ишлаб чиқарадиган электр кучланишлар импульси «қабул қилиш — узатиш» узибулагичи орқали электракустик вибраторга боради. Вибратор акустик импульсларни муайян бурчак остида ёки ҳамма йўналишларда сувга тарқатади. Объектга тегиб қайтган импульсли сигналлар махсус асбоблар (рекордер, радиокарнай, телефон, электроннурли трубка) да қайд қилинади ва ишлов берилади ҳамда тегишли кўрсаткичлар аниқланади.

Гидролокатор объектни қидириш усулига кўра, одимли қидириш, секторли қидириш ва доиравий кузатув хилларига бўлинади.