ГИДРОБИОЛОГИЯ

ГИДРОБИОЛОГИЯ (гидро… ва биология) — биол. нинг бир бўлими, сувда яшайдиган организмлар ва уларнинг яшаш шароити билан ўзаро муносабатларини ҳамда сув қавзаларининг биологик маҳсуддорлигини ўрганади. Гидробиология — экология фани. Сув муҳитидаги яшаш шароити сув ҳавзасининг физик-географик хусусиятлари билан боғлиқ. Мас, сувнинг кимёвий таркиби, хусусан биоген элементлар ва сувда эриган газларнинг таркиби ҳамда уларнинг миқдори, сув туби ётқизиқлари (чўкиндилари), сувнинг тиниқлиги ва б. хусусиятлар сувда яшайдиган организмлар фаолияти билан боғлиқ. Гидробиология ҳаёт жараёнларини география фанлари — лимнология ва океанология билан бирга ўрганади.

Сув муҳитининг биологик ресуреларидан тўғри фойдаланишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш Гидробиологияда муҳим ўрин тутади, чунки бу масалалар денгизларда балиқ овлаш, шолипояларда балиқ етиштириш, ҳовуз балиқчилиги, шунингдек сув ҳайвонларини кўпайтириш ва овлаш тадбирлари билан бевосита боғлиқ. Аҳолини ва саноатни тоза сув билан таъминлаш, табиий сувларни ифлосланишдан сақлаш, ифлосланган сувларнинг ўз-ўзидан тозаланиш жараёнлари ҳамда оқар сувларни биологик тозалаш усуллари (санитария Г. си) каби биологик масалалар ҳам Гидробиологиянинг муҳим йўналишидир. Сувнинг ифлосланганлик даражаси Гидробиология методлари б-н аниқланади (сув сифатини биологик анализ қилиш). Сув билан таъминлаш ва кемалар қатновига халақит берадиган биологик сабаблар (кемаларнинг корпуси, ҳар хил аппаратлари ва гидротехник курилмаларида, иссиқлик электрстанцияларининг трубаларида микро-организмларнинг кўпайиб кетиши, сув ҳавзаларининг сув ўсимликлари билан ифлосланиши) муаммолари техник Гидробиологияга киради. Гидроакустикаларга доир маълумотлар — товушнинг тарқалиши ва ютилишида планктоннинг таъсирини аниқлаш ҳам Гидробиологиянинг вазифасидир. Флотдан фойдаланишга халақит берадиган биологик сабабларни, шунингдек биолюминесценцияни навигация Г. си, шолипоялар ўғитланганида шу ердаги сувларда шоли етиштириш б-н бир вақтда балиқ урчитишда гидробионтлар ролини қ. х. Г. си ўрганади. Табиий сувларни тасниф қилиш, уларнинг биологик маҳсуддорлигини ўрганиш, сув муҳитидаги, моддаларнинг биологик айланиши ва сувдаги энергия оқимини сув ҳавзаларида кечадиган биологик жараёнларни тадқиқ қилиш ҳам Гидробиологиянинг вазифасига киради. Гидробиологик билимлар ва методлардан сув ҳавзалари озиқ базасини баҳолашда, балиқчиликда кенг фойдаланилади.

Ўзбекистон сув ҳавзаларини ўрганишни 19-а. ўрталарида рус тадқиқотчилари А. Лемон (1814—42), Ф. Базинер (1842), А. И. Бутаков (1848-49) бошлаб берган. Дастлаб тадқиқотлар Орол денгизида балиқ овлаш билан боғлиқ бўлган эди. 20й. бошларида Орол денгизи фаунасини ўрганишда С. А. Зернов, Л. С. Бергларнинг ихтиология ва Гидробиология соҳасида олиб борган тадқиқотлари алоҳида аҳамиятга эга. 1920 й. га келиб Ўрта Осиё давлат ун-ти ва Орол балиқчилик ст-ясининг ташкил этилиши ихтиологик ва гидробиологик тадқиқотларнинг анча ривожланишига сабаб бўлди. Бу даврда ўтказилган гидробиологик тадқиқотларда ички сув ҳавзаларидан овланадиган балиқлар ва шу сув ҳавзаларининг гидробиологик режими ўрганидди. Сув ҳавзалари ва шолипояларни гидробиологик тадқиқ қилиш ва уларда балиқ ўстириш юзасидан илмий тадқиқот ишлари бошлаб юборилди (А. М. Муҳаммадиев). Гидробиологик тадқиқотлар айниқса 20-а. ўрталарида Ўзбекистон ФА Зоология ин-ти ва гидробиология лаб. ташкил этилиши билан авж олиб кетди. Айнан шу даврда Каттақўрғон, Қўйимозор, Тўдакўл сув омборларида балиқчиликни ривожлантириш борасида бир қатор тадқиқотлар ўтказилди (М. О. Абдуллаев, Ғ. К. Комилов, Л. К. Сибирцева). 1967—79 й. ларда сув омборларининг гидробиологик режими, уларнинг озиқ базасини аниқлаш, шунингдек сунъий ҳовузларда ўстирилаётган балиқларнинг маҳсулдорлигини ошириш устида илмий изланишлар олиб борилди (А. Омонов, М. О. Абдуллаев ва б.).

1979—81 й. ларда сув ҳавзаларининг биологик режими, сувнинг ифлосланиши, сув ҳайвонларининг экологияси, шунингдек балиқлар фаунасининг шаклланиши ва балиқ ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича и. т. ишлари амалга оширилди (А. М. Муҳаммадиев, Д. Мансурова, А. Л. Шикидзе ва б.), 20-а. нинг сўнгги йилларида сув ҳавзалари ҳайвонот дунёсининг биологик хилма-хиллигини сақлаш борасида и. т. лар олиб борилди (К. Сатторов, Б. Комилов, Э. Тогаев, В. Хегай, Ю. Голубенко, Т. Солиҳов, У. Мирзаев, Г. Раҳматуллаева, А. Кузметов ва б.). Г. соҳасидаги ишлар Ўзбекистон ФА Зоология ин-ти, «Ўзбалиқ» корпорациясига тегишли аквакультура ин-ти, ЎзМУнинг биол.

тупроқшунослик ф-тида ва б. бир қанча илмий муассасаларда олиб борилади.

Улуғбек Мирзаев.