ГИДРАДЕНИТ

ГИДРАДЕНИТ (юн. hidros — тер ва aden — без) — тер безларининг (кўпинча қўлтиқ ости) йирингли яллиғланиши; стафилококклар қўзғатади – Г. га терининг шикастланиши, бичилиши, диабет ва ҳ. к. сабаб бўлади. Касаллик тери остида кичик тугунча пайдо бўлишидан бошланади. Тугунча усти қизариб, оғриб туради, қўл ёки оёқ қимирлатилганда оғриқ зўраяди, т-ра кўтарилиши мумкин. Баъзан бир неча тугунча бир-бирига қўшилиб, каттагина жойни эгаллайди; бунда Гидраденит анчага чўзилади. Бора-бора тугунча юмшаб ёрилади ва йиринг чиқа бошлайди. Гидраденит ёрилиб битгач, ўрнида чандиқ қолади. Гоҳо касаллик қайталаниши, бир бездан иккинчисига ўтиши ҳам мумкин. Беморни фақат врач даволайди. Антибиотиклар, физиотерапия, иммунотерапия буюрилади, булар ёрдам бермаса, жарроҳлик усули қўлланилади. Гидраденитнинг оддини олиш учун озодаликка риоя қилиш, қўлтиқ остини бот-бот ювиб туриш керак.