ГИБРИД ҲИСОБЛАШ МАШИНАСИ

ГИБРИД ҲИСОБЛАШ МАШИНАСИ — рақамли ва аналог ҳисоблаш машиналари (РЭҲМ ва АЭҲМ) асосида ташкил топган қурилма. Гибрид ҳисоблаш машинасида ахборот аналог ва рақамли кўринишда ифодаланади. АЭҲМ ва РЭҲМ лар ҳисоблаш ва бошқарувга оид арифметик ва мантиқий амалларни бажаради ҳамда уларни бир кўринишдан бошқа кўринишга ўтказади, турли масалаларни аниқ ечади, уларнинг иш унумдорлигини оширади.

Гибрид ҳисоблаш машинасида масала 2 қисмга бўлиб ечилади: бир қисми РЭҲМ ёрдамида, иккинчи қисми эса АЭҲМ да ҳал қилинади. РЭҲМ да аниклик даражаси юқори бўладиган масалалар ечилиб, қолган қисми АЭҲМ да ечилади. Чизиқсиз тенгламаларни ҳисоблаш қиймати, бир-бирига яқин катта сонлар айирмасини ҳисоблаш, координаталарни ўзгартириш, вақт бирлигида ўзгарувчан қийматларни интеграллаш каби кўплаб амаллар РЭҲМ да ечилади. Тез ўзгарувчан жараёнларни акс эттирувчи чизиқли дифференциал тенгламаларни ечиш, аниклик даражаси кичик бўлган эмпирик боғланишларни текшириш ва бошқарув жараёнида аниқ объект билан боғланиш учун АЭҲМ ишлатилади (яна қ. Аналог ҳисоблаш машинаси, Рақамли ҳисоблаш машинаси).