ГЕВЕЯ

ГЕВЕЯ (Hevea brasiliensis) — сутламадошлар оиласига мансуб каучукли дарахт. Табиий каучук манбаларидан бири. Буйи 20—40 м, танасининг диаметри 50 см, барги этль, мураккаб. Гуллари майда, оқимтир-сарғиш, бир жинсли ва бир уйли, руваксимон тупгул ҳосил қилади. Меваси кусакча. Уруғи қаттиқ пустли, каучук олиш учун Гевея пўстлоғи тилинади, оқиб чиққан сутсимон шира (латекс) қуюқлашиб, каучукка айланади. Бразилия ўрмонларида Гевея ёввойи ҳолда ўсади. Малайя, Индонезия, Шри Ланка ва қисман Африканинг тропик ҳудудларида ҳамда Жан. Америкада экилади. 5—6 ёшидан 25—30 ёшгача каучук беради. Гевеянинг гектаридан йилига ўртача 500 кг каучук йиғилади.