ГЕТЕРОГОНИЯ (гетеро… ва юн. gone, goneia — туғилиш, авлод қолдириш) — ҳайвонларда насл алмашиниш шаклларидан бири. Гетерогония фақат жинсий наслнинг бир-бири билан алмашинувидан иборат бўлиб, жинсий ва жинссиз насл алмашинуви — метагенездан фарқ қилади. Гетерогония фақат умуртқасиз ҳайвонлар (ясси чувалчанглар, тўгарак чувалчанглар, бош айлангичлилар, қисқичбақасимонлар, ҳашаротлар) учун хос. Гетерогониянинг 3 хил шакли мавжуд:
1) айрим жинсли наслнинг гермафродит насл билан алмашинуви (мас, тўгарак чувалчанглар);
2) айрим жинсли наслнинг партеногенетик (уруғланмаган тухумдан кўпаядиган) насл билан алмашинуви. Ўсимлик шираларида бир неча партеногенетик тирик туғувчи наслидан сўнг кузда 2 жинсли (урғочи ва эркак) насли пайдо бўлади. Бу насл уруғланган, қишлаб қоладиган тухум беради. Баҳорда бундай тухумлардан яна партеногенетик тирик тугиб кўпаядиган ҳашаротлар чиқади;
3) тузилиши билан фарқ қиладиган жинсий наслларнинг галланиши (мас., бир-биридан мавсумий ранги билан фар к, қиладиган капалаклар пайдо бўлиши).