ГЕРАКЛИТ Эфеслик (Herakleitos Ephesios) (мил. ав. тахм. 544—483) — юнон файласуфи, Иония файласуфларидан бири. Олий аристократлар оиласида туғилган. Фалсафа тарихида биринчи бўлиб объектив диалектика тамойилларини кўрсатиб берган. Унинг дунёқарашига Шарқ фалсафаси, хусусан зардуштийлик фалсафаси жиддий таъсир кўрсатган.
Гераклитнинг асарларида зардуштийлик, «Авесто»аа баён этилган ғояларга, қад. ҳинд упанишадларига оид лавҳалар учрайди.
Гераклитнинг «Табиат ҳақида» асаридан бизгача 130 парча (фрагмент) етиб келган. У бу китобни жуда мураккаб тилда, илмнинг мағзини чақа оладиган, фаросатли ва доно китобхонларга мўлжаллаб ёзганлигини айтади.
Гераклит оламни тўхтовсиз алангаланиб ва сўниб турувчи оловдан иборат деб билди. Унинг фикрича, ҳамма нарсалар оловдан пайдо бўлган ва ҳамма нарса оловга айланади. Гераклит оловни оламнинг асосида ётувчи бирламчи элемент, жонли ва ақлли куч деб ҳисоблайди, бошқа нарсалар эса оловнинг турли шаклларига айланган кўринишларидир. Барча нарсалар оловнинг қуюқлашуви ва сийраклашуви оқибатида вужудга келади. Гераклит дунёдаги ҳамма нарса абадий ҳаракат жараёнида, ҳамма нарса табиат қонунияти — «логос»га бўйсуниб, оқиб, ўзгариб туради, дейди (мас, «айни бир дарёга 2 марта тушиб бўлмайди», «биз кўриб турган ҳар кунги Қуёш янги Қуёш», «биз ўзимиз ҳам ҳар бир лаҳзада янгиланамиз»).
Гераклитнинг энг муҳим фалсафий ғояси — қарама-қаршиликларнинг кураши ва уйғунлигидир. Унинг фикрича, ўзгаришлар қарама-қарши кучларнинг таъсири натижасидир, қарамақаршиликлар абадий курашда, ҳамма нарса кураш ва зарурият оқибатида вужудга келади. Гераклит таъкидлашича, уруш — ҳамма нарсанинг отаси ва подшосидир; у айримларга худолар, бошқаларга одамлар сифатида намоён бўлади, айримларни у қулга айлантиради, айримларни эса қулликдан озод қилади. Гераклит фикрича, оламни билишнинг асосида сезгилар ётади. Фақат тафаккургина доноликка олиб боради. Сезгилар билан идрок этиладиган ҳар қандай моҳият ақлдан яширина олмайди. У оламдаги рўй берувчи жараёнларнинг ички моҳиятини стихияли диалектика воситасида чуқур таҳлил этиб бера одди. Гераклит таълимоти юнон фалсафий тафаккурига катта таъсир кўрсатди. Бу таълимотни стоиклар қабул қилиб олдилар ва улар орқали христианлик ва ғарб фалсафасига тарқалди. Янги даврда асосан Гегель, Шлейермахер, Лассаль, Ницше ривожлантирдилар.
Бахтиёр Тўраев.